Туркийлар Россия томонга оғадими, Украина нега Марказий Осиёга яқинлашмоқчи, Ўзбек-Қирғиз чегарасида нима гап?

Turkiy davlatlar rahbarlari Turkistondagi Ahmad Yassaviy maqbarasida.

Сурат манбаси, Rasmiy: akorda.kz

Сурат тагсўзи, Аксар Туркий халқларни нафақат тил, балки дин, маданият ҳамда тарихий яқинлик ҳам бирлаштиради.
Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Россияпараст овозлар Қозоғистон Туркий блокни Россия тарафга оғдирмоқда, дейишмоқда. Бунга сабаб нима?

Қозоғистон президенти Туркистондаги нутқида Туркий Давлатлар Ташкилоти ҳарбий блок эмаслигини айтган.

Кремлпараст таҳлилчилар эса буни Қозоғистоннинг Туркия ҳамда Озарбайжонга қарши қадами ва Россия тарафга оғиш сифатида изоҳлашмоқда.

Хабарларга кўра, Президент Тоқаев Олтойни Туркий халқлар бешиги сифатида таърифлаган ва гўё Туркий Давлатлар Ташкилоти ҳамда Россия ўртасида яқинроқ муноабатларни йўлга қўйишни таклиф этган.

Қатор каналларнинг изоҳлашича, бу "бўзкуртлар" (кўк бўрилар) устидан совуқ сув қуйиб юборилгандек гап ва Туркийлар орасида ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш истагидаги Озарбайжонга қарши ишора ҳамдир.

Айрим каналлар эса Туркиянинг иқтисодий ҳамда маданий кучини эслатишган.

Шунингдек, Туркманистон ва Венгриянинг сўнгги тадбирда иштирок этмаганини Туркийлар орасида ўзаро ички тарқоқлик борлигини кўрсатади, дея изоҳлашган.

Украина + Марказий Осиё?

Andriy Sibiha
Rasmiy
Ukraina va Qozog‘iston tariximizdagi fojiali sahifalarni eslaymiz: til va madaniyat taqiqlanishi, ziyolilarning yo‘q qilinishi... ...qatag‘onlar va ochliklar.
Andriy Sibiha
Ukraina Tashqi ishlar vaziri

Украина бирон воситачисиз Марказий Осиё билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишни истайди.

Хусусан, Киев "Украина+Марказий Осиё" номли янги минтақавий формат барпо этишга қизиқади.

The Times of Central Asia нашрига бу борада гапирган Украина Ташқи ишлар вазири Андрий Сибиҳа бундай формат ҳеч кимга қарши қаратилмаслигини, балки бевосита мулоқотни фаоллаштириш ҳамда ўзаро амалий манфаатларни мақсад қилишини урғулаган.

Украин мулозими бу борада ўз мамлакати транзит-логистика соҳаларига эътибор қаратишини ва Транскаспий халқаро транспорт йўлаги иштирокчиси бўлишни исташини қайд этган.

Унга кўра, Украина ўз Қора Денгиз портларини "Хитой-Марказий Осиё-Каспий - Жанубий Кавказ - Қора Денгиз - Европа Иттифоқи" транспорт йўлагининг ғарбий шохобчаси сифатида кўради.

Бу борада Украина Қозоғистонни муҳим ҳамкор ўлароқ билади.

Украина вазири Марказий Осиё билан ришталари оилавий ҳам эканлигини, отаси Қозоғистонда ишлаганини, ўзи эса қазини жуда яхши кўришини айтган.

Айни пайтда, ҳам Украина ва ҳам Қозоғистон тариихдаги фожиали саҳифаларни эслашларини урғулаган.

Бу ўринда у ўтган даврларда икки халқнинг ҳам миллий тил ва маданиятлари тақиқланганини, зиёлилари йўқ қилинганини, сургунлар, қатағонлар ҳамда очарчиликларни ёдга олган.

Биз бу яна қайтарилишини истамаймиз, деган у.

Ўзбек-Қирғиз чегарасида

Xarita
Сурат тагсўзи, Ўзбекистоннинг Сўх ва Шоҳимардон каби ҳудудлари ҳар тарафдан Қирғизистон билан ўралган.

Ўзбек-Қирғиз чегарасида 16-Май куни содир бўлгани билдирилган ҳодиса қатор ОАВ эътиборини тортган.

Ўзбекистоннинг Сўх эксклавига элтадиган "Риштон-Қайтпас" чегара ўтиш масканидаги воқеа икки давлат чегараларида одамлар ҳали ҳамон муаммоларга дуч келишига оид саволларни яна ўртага чиқарган.

Хабарларга кўра, чегара ўтиш жойидаги тортишув ортидан Қирғизистон чегарачилари Ўзбекистон фуқаросини дўппослашган.

Кейин фуқаро Ўзбекистон ҳудудига олиб ўтилгани ва касалхонага жойлаштирилгани билдирилган.

Воқеа юзасидан тарафлар турлича фикрлар айтишган, бироқ расмийлар тезда муаммони ҳал этишга киришганлар.

Айни пайтда, бу Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматларининг дўстликни кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари ва илиқ муносабатларига қарамай, чегара нуқталаридаги вазият ҳар доим ҳам силлиқ эмаслигини кўрсатади.

Ўзбекистоннинг Сўх тумани, Шоҳимардон бўлгаси ва Чўнгара қишлоғи ҳар тарафдан Қирғизистон билан ўралган.

Бу дегани, айни ҳудудларда яшовчилар асосий Ўзбекистонга кириб-чиқиш учун Қирғизистондан ўтишлари керак бўлади.

Узоқ йиллар инсонлар чегарадан ўтиш қийинлиги ва турли мауммоларга дуч келишларидан шикоят қилишган.

Ҳали 2020-йили Сўх чегарасидаги "Чашма" булоғи устида ҳам Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари орасида жанжал чиққан ва ҳатто мамлакат Бош вазири Сўхга сафар қилганди.

Кейинчалик, Сўхни ҳаво орқали асосий Ўзбекистон билан боғловчи авиақатновлар йўлга қўйилган.

Президент Мирзиёев даврида Тошкент ўз қўшнилари билан алоқаларни яхшилашга интиларкан, Қирғизистон билан ўртадаги виза тизимини бекор қилишга, чегарадан ўтишда паспорт эмас, шахсни тасдиқловчи гувоҳномаларни ишлатишга эришилди.

Шунингдек, узоқ йиллар ҳал этилмаган чегараларни аниқлаш ва белгилаш жараёнлари ҳам якунланди.

Аммо Шоҳимардонга борадиган сайёҳлар ва ё Сўхга ўтиб-қайтадиган ўзбекистонликлар ҳамон чегараларда баъзан узун навбатлар пайдо бўлишини ва уларга қўпол муносабат қилинишини эътироф этишади.