Оддий аскар Боқижонни топиш: Жерси лагеридан қочган совет аскарининг сири - (Видео)

Сурат манбаси, Alderney Heritage
Би-би-си Иккинчи жаҳон уруши йилларида Жерси оролида бир оила томонидан ҳаёти сақлаб қолинган ўзбекистонлик совет аскарининг узоқ йиллар сирли бўлиб келган ҳикоясини ёритди.
Иккинчи жаҳон уруши даврида Жерси оролида яшаган Ле Бретонлар оиласи немислар томонидан ташкил этилган ҳарбий асирлар лагеридан қочган совет аскари - Боқижон исмли ўзбекистонлик йигитни икки йил давомида яшириб келган.
Орол 1945-йилда озод этилгандан сўнг, Боқижон бошқа совет асирлари каби СССРга жўнатилган. У оилага хат ёзиб туришга ваъда берган, аммо тез орада алоқа узилган. Орадан ўнлаб йиллар ўтибгина Би-би-си унинг ким бўлгани ва урушдан кейинги тақдири қандай кечганини аниқлашга муваффақ бўлди.
1940-йилда немис қўшинлари Жерси оролини босиб олган ва Буюк Британияга қарши кейинги ҳарбий ҳаракатлар режасининг бир қисми сифатида у ерда қудратли ҳарбий мустаҳкам иншоотлар қуришни бошлаган. Бу Иккинчи жаҳон уруши тарихининг кам маълум бўлган саҳифаларидан бири ҳисобланади. 1940-йилнинг ёзида оролнинг 6,5 минг аҳолиси Буюк Британияга эвакуация қилинган бўлса-да, яна қарийб 40 минг киши нацистлар оккупацияси остида оролда қолиб кетган эди.
1941-йил охиридан эътиборан оролга совет ҳарбий асирлари ва бошқа мамлакатлардан олиб келинган мажбурий ишчилар жойлаштирилган. Улар энг оғир ва хавфли ишларга - тош конларида, қирғоқ мудофаа иншоотлари ва ер ости тунелларини қуришга жалб қилинган.

Омон қолганларнинг гувоҳликларига кўра, лагерлардаги шароитлар ниҳоятда шафқатсиз бўлган: маҳбуслар очликка маҳкум этилган, мунтазам равишда калтакланган ва қийноқларга солинган.
Лагер маҳбусларидан бири Боқижон эди. Би-би-си олиб борган суриштирувлар натижасида унинг Ўзбекистон ҳудудидаги Наманган шаҳрида туғилган Боқижон Акрамов экани аниқланди.

У 1941-йилдан урушга кетган, Украина ҳудудида асирга тушган ва кейинчалик тахминан 2000 нафар бошқа совет ҳарбий асирлари билан бирга Жерси оролига олиб келинган.
"Энг кичик айб учун ҳам бизни аёвсиз калтаклашарди. Аслида эса, бизни доим уришарди. Агар ишлашга қодир бўлмасак, оч қолдиришар, кейин яна калтаклашарди - улар ҳеч қачон касал эканимизга ишонмасди", деб ёзади Боқижон ўз кундалигида. "Уч ой ичида 44 кишидан иборат гуруҳимиздан 20 нафардан ортиғи очликдан ҳалок бўлди".
"Биз эрталаб 6 дан кечқурун 6 гача тош конларида ишлардик", деб ёзади Боқижон. "Тушликка фақат шўрва ва устида заррадек сариёғ суртилган жуда кичик нон бўлаги бериларди, нонушта эса умуман йўқ эди. Немислар ҳатто қишда ҳам бизга иссиқ сув, совун ёки қўшимча кийим беришмасди".
Маҳбусларнинг баъзилари ўзларига қарағай тахтаси, эски гилам парчаси ва симлардан иборат қўлбола пойабзал ясаб олишган эди. "Энг кичик айб учун ҳам бизни аёвсиз калтаклашарди", деб ёзади у.

Аммо бир куни немис аскари уни уриш учун таёқ кўтарганда, Боқижон ғазаб билан белкуракни кўтариб: "Олдин мен сени ўлдираман, кейин сен мени ўлдиришинг мумкин", деб бақирган, шундан сўнг назоратчи уни бошқа уришга журъат эта олмаган.
1943-йил 27-апрел куни ўзини ўлимга жуда яқин ҳис қилган Боқижон таваккал қилиб лагердан қочади. У уч ой давомида далаларда яшириниб, картошка пўчоқлари ва хом сабзавотлар билан озиқланади. У қалам қолдиғи билан қоғозга инглиз сўзларини ёзиб, шу вақт ичида қарийб 3000 та сўзни ўрганиб олади.
Очликдан ҳолдан тойган Боқижон маҳаллий фермерлар - Жон ва Фелисс Ле Бретонлар хонадонининг эшигини тақиллатади ва улардан омборда тунашга рухсат сўрайди.
Ўша вақтда Боқижон 33 ёшда, фермер Жон Ле Бретон эса 39 ёшда бўлган. Жуда катта хавф-хатарларга қарамай, Ле Бретонлар уни уйида яширишга қарор қилади. Хавфсизлик нуқтаи назаридан улар уни "Том амаки" деб аташган.
"Ота-онам доимо Худога ишонган одамлар эди. Улар "агар у бизнинг эшигимизга келган бўлса, демак бу Худонинг иродаси", деб ишонган. Шу сабабли барча хавфларга қарамай, Том амаки бизнинг уйимизда қолишига қарор қилишган", дейди Би-би-сига Жон ва Фелисснинг қизи Дулси Ле Бретон. У Боқижонни шахсан яқиндан таниган ва ҳали ҳам уни яхши эслайди.

Жерсининг яна бир аҳолиси Луиза Гулд, худди шу каби инсонийлик кўрсатгани учун ҳаётидан айрилган. Қўшнилари немисларга унинг совет ҳарбий асирини яшираётгани ҳақида хабар беришган. Луиза ҳибсга олинган ва Равенсбрюк концлагерига жўнатилиб, у ерда ҳалок бўлган.
Нацист қўшинлари исталган пайтда текширув билан келиши мумкин бўлган шароитда Ле Бретонлар Боқижон Акрамовни уч йил давомида ўз уйида яшириб келишган. Шу вақт ичида у инглиз тилини ўрганган ва оиланинг тўрт нафар фарзанди, жумладан Дулси билан жуда яқин қариндошдек бўлиб кетган.
1945-йилда Жерси ороли озод этилгандан сўнг, Боқижон бошқа тирик қолган совет асирлари билан бирга СССРга юборилади. Жўнаб кетишдан олдин Жон Ле Бретон "Том"га ўзининг энг яхши костюмини кийгизиб, маҳаллий ателеда суратга туширади - бу сурат ҳозиргача Дулсининг ошхонасида сақланади.

Сурат манбаси, Family archives
Боқижон эса Ле Бретонларга эсдалик сифатида қўлбола узуклар ясаб беради. У Ле Бретонларга ҳеч қачон уларни унутмаслигини ва албатта хат ёзишини айтади. 1945 йил июн ойида, у ҳали Европа ҳудудида бўлган пайтида, оила ундан учта хат олади. Шундан кейин алоқа бутунлай узилади. Боқижон хатларда ўзини "Боқижон Акрам" деб имзолагани сабабли, кейинчалик оила уни топа олмаган.

Орадан ўнлаб йиллар ўтиб, Би-би-си рус ва ўзбек хизматлари ҳамда Жерси ороллик тарихчи Крис Эдди ҳамкорлигида унинг шахси аниқланди. Тадқиқот жараёнида оила хотиралари, архив ҳужжатлари, Боқижоннинг шахсий кундаликлари ҳамда унинг ҳарбий хизматини ва давлат мукофоти билан тақдирланганини тасдиқловчи совет расмий ҳужжатлари солиштириб ўрганилди. Натижада 1985 йилда Боқижон Акрамов "Ватан уруши" ордени билан тақдирлангани ҳақидаги ҳужжат топилди.
Би-би-си ўзбек хизмати журналисти Луиза Искандарий Боқижон Акрамов Наманганда бир вақтлар яшаган уйни излашга бел боғлайди.
Мукофот ҳужжатларида кўрсатилган манзилга боради ва у ерда Боқижоннинг набираси Шамсиддин Охунбоев билан учрашaди. У Жерси оролида Ле Бретонлар оиласи асраб келган суратдаги инсонни бобоси эканлигини дарҳол тасдиқлади.
Ota-onam bu ishni shunchaki to‘g‘ri deb bilgani uchun qilgan. Va ular Jersida sovet askarlariga yordam bergan yagona odamlar emas edi. Bunday hikoyalar o‘nlab bo‘lgan.
Шу тариқа "Том амаки" 1910-йилда Наманган шаҳрида туғилган, ўзбекистонлик Боқижон Акрамов бўлгани аниқланди. У узоқ умр кўрган ва 1996-йилда вафот этган. Унинг набиралари ҳозир ҳам яшаб келмоқда.
Оила аъзоларининг айтишича, Боқижон нега уруш ҳақида гапиришдан қочгани ва нега малакали ишларга қабул қилинмагани илгари уларга тушунарсиз бўлган. Эндиликда бу ҳолат немис асирлигида бўлган совет фуқароларига йиллар давомида ишончсиз шахс сифатида қараб келингани билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилиш мумкин.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Урушдан кейин собиқ ҳарбий асирлар НКВДнинг махсус филтрация лагерларида текширув ва сўроқлардан ўтказилган. Кўп ҳолларда асрга тушганликнинг ўзиёқ давлатга содиқликка шубҳа туғдирган. Айримлар оддий ҳаётга қайтган бўлса-да, кўплаб собиқ асирлар касбий чекловлар, ишончсизлик ва таъқибларга дуч келган, баъзилари эса яна лагерларга жўнатилган. Ҳатто Сталин вафотидан кейин ҳам бу шубҳа изи дарҳол йўқолмаган, кўплаб одамлар учун у йиллар давомида сақланиб қолган.
Шу сабабли жуда ақлли ва қобилиятли бўлишига қарамай, Боқижонга малакали ва масъулиятли ишлар берилмаган; у кўп йиллар давомида Намангандаги заводлардан бирида боғбон бўлиб ишлаган. У умумий ҳаммомларга боришдан қочган, чунки оёқларида Жерсидаги тош конларининг машаққатли меҳнатидан қолган чуқур чандиқлари бор эди. Боқижон 1996-йилда, 86 ёшида вафот этган.

"Азиз Дулси, сизнинг оилангиз жасорати ва меҳрибонлиги учун чексиз миннатдормиз. Бобомиз урушдан омон чиқиб, бизга ҳаёт бахш этишига фақат сизлар сабабчисиз. Сизни топганимиздан ниҳоятда бахтиёрмиз. Сизни Ўзбекистонга таклиф қиламиз ва доим уйимизда кутиб қоламиз", деди Боқижон Акрамовнинг набираси Шамсиддин кўзларида ёш билан.
"Ота-онам бу ишни шунчаки тўғри деб билгани учун қилган. Ва улар Жерсида совет аскарларига ёрдам берган ягона одамлар эмас эди. Бундай ҳикоялар ўнлаб бўлган. Мен одамлар уларнинг барчасини билишини ва ёдда сақлашини жуда истайман", деди Дулси Ле Бретон.
Боқижон Акрамов ҳаёт ҳикоясидан Ўзбекистон ҳукумати Би-би-си орқали хабардор бўлди.Ўзбекистон Президенти 2026-йил 1-май куни Жон ва Фелисс Ле Бретонларни Иккинчи жаҳон уруши йилларида кўрсатган жасорати ва юксак инсонпарварлиги учун вафотидан сўнг "Дўстлик" ордени билан тақдирлаш тўғрисида фармон имзолади.
Орден Ўзбекистон элчиси томонидан Жерси оролида бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида Дулси ва унинг укаси Ален Ле Бретонга топширилди.

Би-би-си суриштируви ва икки оила учрашуви ҳақидаги фильмни YouTube каналимизда томоша қилинг.































