Сув ортиқ иқлим муаммоси эмас, Марказий Осиё учун хавфсизлик масаласи

Сурат манбаси, BBC.com/uzbek
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган сув форуми экспертлари огоҳлантиришларича, сув бундан буён Марказий Осиё минтақаси учун ёлғиз иқлим муаммоси эмас, балки хавфсизлик масаласига айланади, сувни асрашга ёндашув ёмонлиги оқибатида минтақанинг йиллик йўқотиши 2 миллиард АҚШ доллларигача етаяпти деб кўрилади.
Минтақа аҳолисининг сони 2050 йилга бориб 100 миллион кишидан ортади, Марказий Осиёни сув билан таъминлайдиган тоғ музликлари эса охирги 50 йилда учдан бирига эриб кетди.
Бунинг устига, иқлим ўзгариши кузатувчилари Марказий Осиё минтақаси дунёнинг бошқа қисмларига нисбатан ҳам кучли қизиб бораётганидан огоҳлантирмоқдалар.
Тошкентда 25-26 март кунлари бўлиб ўтган муҳокамада таҳлилчилар, халқаро тадқиқотчилар, шунингдек, юқори мансабдаги Афғонистон расмийлари иштирок этганлар.
Марказий Осиёда ерости сувлари қочиши, деҳқончиликка яроқли бўлган ерларнинг саҳролашиши ҳам кузатилаяпти, агар вазият шу суръатда давом этса, 2050 йилга бориб ҳосилдорлик бугунги кунга солиштирганда 40 фоиз тушиб кетиши мумкинлиги айтилди Тошкент сув форумида.
Ўзбекистондаги Илғор ислоҳотлар маркази ижрочи директори Миршоҳид Асланов айтишича, сувдан самарасиз фойдаланиш оқибатлари аллақачон глобал миқёс касб этган.
«Орол денгизи тубидаги туз ҳатто Шимолий қутбда ҳам қайд этилган. Бу умумий муаммоларга нисбатан ягона ёндашувни ишлаб чиқиш қанчалик муҳимлигини кўрсатади», — деди Миршоҳид Асланов.
Миршоҳид Асланов айтишича, бутун минтақа, шу жумладан, Афғонистон ҳам сув тақсимотининг тахминий ҳисоб-китобидан воз кечмоғи лозим.
Бунинг ўрнига, "реал маълумотларга асосланган шаффоф ёндашув зарур", — деди эксперт.
Миршоҳид Асланов сўзларига кўра, Афғонистон Ўзбекистон йўл қўйган Орол денгизи қуришига етаклаган "хатоларни такрорламаслиги учун" Ўзбекистон ёрдам беришга тайёр.
"Биз Афғонистонга ўзимиз йўл қўйган хатолардан қочишга ёрдам беришга тайёрмиз. Тажрибамиз шуни кўрсатадики, сув етарли бўлган тақдирда ҳам, уни асраш керак", — деди у.
"Қўштепа бўйича мулоқот бор"

Сурат манбаси, ARIANA NEWS/YOUTUBE
Афғонистондаги Толибон ҳокимияти томонидан 2022 йили бошланган Қўштепа йирик суғориш лойиҳаси қуйи оқимда жойлашган Марказий Осиё давлатлари, айниқса Ўзбекистон учун хавотир манбаи бўлиб келмоқда.
Канал Амударёдан сув олади, Афғонистон Марказий Осиё қўшнилари билан сув тақсимоти бўйича ҳеч ҳам битим имзоламаган.
Бироқ Ўзбекистон Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳузуридаги Минтақавий тадқиқотлар маркази раҳбари Мурод Узоқовнинг Тошкентдаги форумда айтишича, мазкур масала юзасидан Кобул билан муносабатлар сезиларли даражада яхшиланган.
«Қўштепа канали қурилиши масаласидаги ҳамкорлигимиз тизимли экспертлар мулоқоти форматига ўтди. Доимий фаолият юритувчи қўшма ишчи гуруҳи тузилди, бу эса муҳокамаларни сиёсий текисликдан соф профессионал даражага ўтказиш имконини берди», — дея Мурод Узоқовдан иқтибос келтирди Gazeta.uz

Узоқов минтақа дуч келаётган сув муаммосининг кенгроқ кўламини ҳам қайд этди.
Марказий Осиё аҳолиси «сўнгги 25 йил ичида деярли икки баробарга кўпайди ва 2050 йилга бориб 100 миллиондан ошиши мумкин».
Унинг айтишича, айрим ҳудудларда «эскирган инфратузилма ортидан сув йўқотишлари 40–50% гача етади".
Сув ресурсларининг тахминан 90%и суғорма деҳқончиликка сарфланади, бу кўрсаткич дунё бўйича ўртача 30% атрофида.
"Сув ва иқлим масалалари экологик муаммо тоифасидан чиқиб, миллий ва минтақавий хавфсизлик масаласига айланди. У иқтисодий ривожланишга, энергетика ва озиқ-овқат барқарорлигига таъсир қилади», — деди Узоқов.
Унинг таъкидлашича, Амударё ва Сирдарё ҳавзаларининг оқими 2050 йилга бориб 5–13% гача камайиши мумкин.
Сув танқислиги ва қишлоқ хўжалиги даромадларининг тушиб кетиши ички иқлим миграциясини келтириб чиқариши, аҳолининг оммавий равишда босим остидаги шаҳарларга кўчишига сабаб бўлиши мумкин.
"Толибон қўшниларининг сув ҳуқуқларини ҳурмат қилади"
Халқаро сув бошқаруви институтининг Марказий Осиё идораси тадқиқотчиси Искандар Абдуллаев айтишича, минтақа "қатъий сув тежаш иқтисодиётига ўтиши зарур".
"Иқлим ўзгариши фақат сув танқислиги эмас. Бу — ортиб бораётган ноаниқликдир. Ойлар ва йиллар олдиндан анъанавий режалаштиришга таяна оладиган давр ортда қолди. Бугун вазият кескин ўзгариб бормоқда", — деди Искандар Абдуллаев.
У ҳукуматларни табиий экотизимларни ёддан чиқармасликка чақирди.
«Биз ўзимизнинг яшил тизимларимизни унутиб қўйдик. Улардан фойдаланиш мураккаб инфратузилмага бўлган эҳтиёжни камайтиради, иқлим хавфларини пасайтиради ва катта ресурсларни тежашга имкон беради», — деди Абдуллаев.
Афғонистон Толибон ҳукуматининг сув масалалари бўйича ўринбосар вазири, Мужибур Раҳмон Умар Охундзода ҳам Тошкент форумда иштирок этди ва ҳукумати қўшни давлатларнинг сув ҳуқуқларига риоя қилишга содиқ эканини таъкидлади.
У адолатли сув тақсимоти, сув дипломатиясини кучайтириш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича қўшма ҳамкорликка чақирди.
Охундзода шунингдек Ўзбекистон сув ресурслари вазири Шавкат Ҳамроев билан икки томонлама учрашув ўтказиб, ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Форум Ўзбекистон–Афғонистон алоқалари фаоллашаётган бир пайтга тўғри келди — 28 март куни Кобулга юқори даражадаги савдо делегацияси ташриф буюриб, умумий қиймати 514,8 миллион долларлик англашув меморандумларини имзолади.





























