'Куф-суф' ва дамсув билан саратонни қандай даволашмоқчи?

Сурат манбаси, BBC via Getty
- Author, Мамун Дурроний
- Role, BBC
- Published
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Афғонистон жанубидаги Қандаҳор шаҳри чеккасида ўнлаб одамлар оддий бир уй олдида тўпланган.
Улар турли саволларга жавоб топиш ва ҳаётларига таҳдид солаётган касалликлардан халос бўлиш илинжида келишган.
Деворлари ранг-баранг безатилган хоналардан бирида касал эркаклар, аёллару болалар ўтирар ёки ётарди.
Лекин бу ердагиларнинг ҳаммаси ҳам оғир аҳволда эмас.

Бир бурчакда Нидо Муҳаммад Қодирий ўтирибди – одамлар унинг олдига келишган.
Оқ салла ўраган, узун қора соқолли бу одам ўзини пир ва табиб, деб атайди.
Қодирий шишадаги сувни ҳўплаб, кейин уни қаршисидаги одамларга пуркайди.
Унинг таъкидлашича, Худонинг мадади билан шу бир оддий ҳаракат саратон ва талассемия – аъзолар етишмовчилигига олиб келиши мумкин бўлган қон касаллиги - билан оғриган кўплаб одамларнинг мушкулини осон қилмоқда.
Қодирийнинг на расмий диний, на тиббий маълумоти бор.
Бир неча йил олдин у ошпаз бўлиб ишлаган, лекин ўшанда ҳам одамлар ундан туморлар сўраганини урғулайди.
Унинг айтишича, мурожаат қилувчиларнинг аҳволи яхшилангани сари, унинг олдига келувчилар сони, айниқса, саратон билан оғриган беморлар сони сезиларли даражада ошган.

Сурат манбаси, Habib Ullah
Қийин аҳволдаги тиббиёт
Menga saraton bilan og‘rigan bemorlar Afg‘onistonning turli burchagidan kelishadi, har kuni 250 yo 300 nafar, ba’zida ularning soni 400 nafarga ham etadi.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Афғонистонда ҳар йили 24 минг нафардан ортиқ одамда саратон касаллиги аниқланади.
Ва ҳар йили 17 минг нафарга яқининсон бу хасталикдан вафот этади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳақиқий рақамлар бундан ҳам юқори бўлиши мумкин, чунки кўплаб беморларга шифохона ва клиникалар етишмаслиги сабабли ҳеч қачон расмий ташхис қўйилмайди.
Афғонистонда одамлар етарли тиббий муассасалар йўқлиги ёки яқинда Кобулда Толибон ҳукумати қурган онкологик шифохона каби ноёб тиббий марказларга кириш харажатлари баландлиги сабабли ҳам табибларга тобора кўпроқ мурожаат қилишмоқда.
Мутахассисларга кўра, турмуш тарзи омиллари, жумладан, тузи кўп шўр овқатлар истеъмол қилиш ва нос чекиш, шунингдек, ифлосланишнинг юқорилиги туфайли Афғонистонда саратонга чалиниш минтақада энг юқоридир.
2021 йилда Толибон мамлакатни эгаллаб олганидан сўнг, хорижий ёрдамлар кескин қисқартирилди. Масалан, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси Қандаҳордаги асосий минтақавий тиббий ёрдам маркази бўлган Мирваис касалхонасини молиявий чекловлар туфайли қўллаб-қувватлашни тўхтатди.

Сурат манбаси, Bilal Guler/Anadolu Agency via Getty Images
End of Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг:
Молиялаш тўхтатилгани сабабли шифохона ҳозирда етарли маблағга эга эмас.
Беморлар ҳатто энг бирламчи дори-дармон ва тиббий ашёларни ҳам ўзлари сотиб олишга мажбурлар.
Бундай етишмовчилик таъсири Покистонга чегара оша осон кириш имконияти боис қисман билинмасди.
Яъни ҳали бир ярим йил олдин ҳам жанубдаги Қандаҳор аҳолиси визасиз бемалол Покистонга ўтиб, ҳатто енгилроқ касалликларни даволаш учун ҳам Покистондаги яхшироқ жиҳозланган шифохоналарга боришлари мумкин эди.
Аммо Афғонистон ва Покистон ўртасидаги тўқнашувлар ортидан ўртадаги чегара ўтиш масканлари бир неча бор ёпилган ва ҳозирги қатъий назоратлар Покистондан олиб кириладиган дори-дармонларни ҳам чекламоқда.
Буларнинг барчаси Афғонистоннинг шундоқ ҳам заиф соғлиқни сақлаш тизимига оғир юк бўлиб тушди.
Сўнгги умид
Назир Аҳмад Майвандвалнинг рафиқаси Шукрия бир йилдан кўпроқ вақт олдин қаттиқ бош оғриғига йўлиққан эди. Улар биргаликда Покистонга сафар қилишди ва у ерда мия ўсмаси ташхиси қўйилганидан кейин жаррҳоник амалиёти қилинди.
"Амалиётдан сўнг рафиқамнинг аҳволи яхшилана бошлади" - дейди Майвандвал - "У бироз тўлишди ва олти ой давомида ҳаммаси яхшидек кўринди. Бироқ аста-секин унинг саломатлиги яна ёмонлаша бошлади".
Умидсизликка тушган эр-хотин шифокорлар маслаҳати билан Покистонга қайтишга қарор қилишади, аммо ўша пайтда чегара бепул сафарлар учун ёпилган эди.
"Мен Покистон визасини олиш учун уч марта ариза топширдим, лекин ҳар сафар рад жавобини олдим" - дейди Майвандвал.
"Кобулга бордим, аммо у ерда ҳам саратон касаллигини даволаш марказида радиотерапия йўқ эди. Уйга ҳафсалам пир бўлиб қайтдим".
Шукрия март ойида вафот этди. У эндигина 24 ёшда эди.
Қандаҳорлик табиб Қодирийнинг айтишича, одамлар унинг уйига келаверишади. Кўпчилик сўнгги умид дарчасини излайди.
"Менга саратон билан оғриган беморлар Афғонистоннинг ҳар бир бурчагидан келади, ҳар куни 250 ё 300 нафар одам келади, баъзида уларнинг сони 400 нафарга ҳам етади" - дейди қандаҳорлик табиб.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Ҳабибуллоҳнинг ўғли Асад улардан бири эди.
Ҳабибуллоҳ ўғлини даволатиш учун қўшни Покистонга боришга муваффақ бўлади, бироқ отага ҳеч қандай чора йўқлигини айтишди.
Унга Асад қолган умрини оиласи даврасида ўтказиши учун уни уйга олиб кетишни маслаҳат беришади.
Умидини узмаган ва қандайдир "кўнгил хотиржамлиги" излаган Ҳабибуллоҳ Афғонистонга қайтиб келади.
У дўстларидан Қодирий саратон билан оғриган кўплаб беморларга шифо берганини эшитгач, ўғли Асадни унинг олдига олиб боради.
Аммо у ерда ҳам нажот топилмайди.
"Улар ўғлимни суратга олишди-да, уни сақлаб қўйишни айтишди. Ўн кундан кейин унинг юзи ўзгариб, ўзини ҳам танимай қоларкан" - дейди Ҳабибуллоҳ.
Аксинча, Асаднинг аҳволи ёмонлашади ва у касалхонага олиб кетилаётганда йўлда вафот этади.
"Мен ўғлимдан айрилдим. Унинг беш нафар фарзанди етима, хотини тул қолди" - дея нола қилади Ҳабибуллоҳ.
"Ўғлимни пуч ваъдалар билан алдашди. У пул ва туморлар таклиф қилди, лекин саратонни даволамади" - дейди ота.
Ҳабибуллоҳнинг даъво қилишича, Қодирий тўлов сифатида бир қўй олганига қарамай, "назр ва йўлкира учун" катта миқдорда пул ҳам талаб қилган.
"Қодирий – фирибгар" - дейди у.

Исмини ошкор қилишни истамаган қандаҳорлик яна бир киши тери саратонини даволатиш учун кўплаб зиёратгоҳлару табибларга, жумладан, Қодирийга ҳам борганини айтади.
"Қодирий менга Покистонга ёки бошқа бирор жойга бормасликни, битта қўй олиб келишни айтди ва Худо хоҳласа, кўрмагандек бўлиб кетишимни айтди" - эслайди бу бемор.
Унинг қўшимча қилишича, Қодирийнинг олдига етти кун дуо олиш учун қатнаган, шунингдек, унга цефтриаксон уколлари ҳамда ко-амоксиклав ва аугментин хапдорилари берилган.
Булар турли бактериал инфекцияларни даволашда қўлланадиган кучли антибиотиклардир.
"Шунча саъй-ҳаракатга қарамай, аҳволим ўзгармади. Вақтимни йўқотаётганимни билардим, шу сабабли даволаниш учун Покистоннинг Лаҳор шаҳридаги Шавкат Хонум касалхонасига боришга мажбур бўлдим".
У ўша ерда тиббий муолажа олиб, тузалган.
Тиббий чора
Мутахассислар цефтриаксонни томирга юбориш кераклигини айтиб, бу антибиотикларнинг ҳеч бири саратонни даволашда қўлланилмаслигидан огоҳлантирмоқда.
Уларнинг таъкидлашича, мазкур дориларни мутахассис шифокор маслаҳатисиз ўзбошимчалик билан қўллаш хавфли бўлиб, кейин дори таъсир этмаслик каби кўплаб муаммоларга олиб келиши мумкин.
Қодирий ўз хизматлари учун ҳақ сўраганини рад этади, аммо баъзи одамлар миннатдорсилик сифатида пул таклиф қилишларини айтади.
"Одамлардан сўранг" - дейди у.

Сурат манбаси, Hamid Sabawoon/Anadolu via Getty Images
У, шунингдек, "шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда" ўзига мурожаат қилганларга дори ёзиб беришини ва ҳеч қачон ҳеч кимни бошқа жойдан тиббий ёрдам излашдан қайтармаганини айтади.
Афғонистондаги энг чорасиз одамларга бундай хизматларни таклиф қилаётган фақат Қодирий эмас.
Нангарҳор вилоятида яшовчи Муҳаммад Азиз Саидийнинг айтишича, унинг эгизак қизлари талассемия касаллигига чалинган ва фарзандлари тирик қолиш учун ҳар ой қон қуйдиришга муҳтож бўлишган.
Унинг айтишича, баъзи қариндошларининг тавсияси билан қизларини табибларга олиб борган, аммо уларнинг аҳволи оғирлашган.
"Айримлари парҳез буюрди, бошқалари эса дам солинган сув берди" – дейди Саидий – "Аммо ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Кейинроқ тиббий даволанишни бошладик ва ҳозир уларнинг аҳволи анча яхши".
Мутахассислар ибодат ва азайимхонлик сурункали ҳамда ҳаёт учун хавфли касалликлар билан яшаётганларга руҳий далда ва таскин бериши мумкинлигини, бироқ улар тиббий муолажа ўрнини боса олмаслигини таъкидлашади.
Айни пайтда бу - умиди сўнаёзган ва сўнгги нажот сифатида Қандаҳордаги ўша оддий уй олдида табиб олдига кириш учун сабр билан навбат кутаётган беморлар учун оғир маслаҳат.
BBC Global Journalism ҳам мақолага ҳисса қўшган.































