"Рус Старлинки" қандай яратилмоқда ва у нима учун керак?

“Союз-2.1б” ракетаси Плесецк космодромидан учириляпти.
Сурат тагсўзи, "Союз-2.1б" ракетасининг Плесецк космодромидан учирилиши. "Рассвет" сунъий йўлдошлари ҳам худди шундай ракета орқали космосга олиб чиқилган.
    • Author, BBC Рус хизмати
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Россия сўнгги йилларда "Рассвет" деб номланган паст орбитали сунъий йўлдош интернет тизимини яратиш устида ишламоқда. Лойиҳа архитектураси жиҳатидан америкалик Starlink тармоғига ўхшагани учун уни "Рус Старлинки" деб атамоқдалар. Бироқ унинг кўлами ва имкониятлари Starlink'дан анча кичик бўлиши кутилмоқда.

Лойиҳани "Бюро 1440" хусусий компанияси амалга оширмоқда. Расман у фуқаролик мақсадларига хизмат қилувчи интернет тармоғи сифатида тақдим этилмоқда. Аммо мутахассислар ва кузатувчилар унинг аҳамияти биринчи навбатда ҳарбий соҳада намоён бўлишини таъкидлашяпти.

Нега "Рассвет"га эҳтиёж пайдо бўлди?

Иқтибос

Украинадаги уруш сунъий йўлдош интернетининг аҳамиятини янада оширди. Фронт шароитида дронларни бошқариш, бўлинмалар ўртасида тезкор алоқа ўрнатиш ва разведка маълумотларини узатиш учун барқарор интернет зарур ҳисобланади.

2026 йил бошида SpaceX Украина мурожаатидан кейин Россия ҳарбийлари фойдаланиши мумкин бўлган Starlink терминалларини блоклади. Натижада Россия қўшинларининг айрим бўлинмалари сунъий йўлдош интернетисиз қолди. Ҳарбий блогерлар бу ҳолат фронтда бошқарув ва алоқа билан боғлиқ жиддий муаммоларни келтириб чиқарганини таъкидладилар.

Шундан кейин Россия учун ўзининг мустақил спутник интернет тизимини яратиш масаласи янада долзарб аҳамият касб этди.

Лойиҳа қай даражада амалга оширилди?

2026 йил март ойида "Рассвет" тизимининг биринчи 16 та сунъий йўлдоши орбитага чиқарилди. Июл ойида яна 16 та аппарат учирилди. Ҳозирча орбитада жами 32 та спутник бор.

Бу сон тўлиқ ишлайдиган тизим учун етарли эмас. Россия режаларига кўра, 2026 йил охирига қадар орбитада 156 та аппарат бўлиши керак. 2027 йилда эса тўлиқ ишга тушириладиган дастлабки гуруҳ қарийб 300 та сунъий йўлдошдан ташкил топиши кўзланган.

Узоқ муддатли режага кўра, 2035 йилга бориб "Рассвет" тизимидаги спутниклар сони 900 тадан ошиши мумкин.

Starlink дастлаб тижорат интернет тармоғи сифатида яратилган. Кейинчалик унинг ҳарбий эҳтиёжлар учун мўлжалланган Starshield версияси ҳам ишлаб чиқилди.

"Рассвет" ҳам расман фуқаролик лойиҳаси ҳисобланади. Компания келажакда уни поездлар, самолётлар ва чекка ҳудудларда интернет хизматлари учун қўллашни режалаштирмоқда. Бироқ лойиҳа ҳақидаги муҳокамаларнинг катта қисми ҳарбий имкониятлар билан боғланган.

Икки тизимнинг кўлами ўртасида ҳам катта фарқ мавжуд. Starlink ҳозирда орбитада ўн бир мингдан ортиқ спутникка эга. "Рассвет" учун эса келажакда максимал 900 та аппарат режалаштирилган.

Арктикага алоҳида эътибор

"Рассвет"нинг муҳим хусусиятларидан бири унинг Арктика минтақасини қамраб олишга мўлжалланганидир.

Спутниклар шундай орбиталар бўйлаб ҳаракатланадики, улар Россиянинг шимолий ҳудудлари устидан мунтазам ўтиб туради. Бу Арктика учун муҳим ҳисобланади. Чунки минтақа орқали Шимолий денгиз йўли ўтади, шунингдек, Россиянинг муҳим ҳарбий объектлари ҳам шу ерда жойлашган.

Мутахассислар фикрича, лойиҳанинг асосий вазифаларидан бири айнан шу стратегик ҳудудларда ишончли алоқа яратишдир.

Спутниклар ер сайёрасини айланиб жойлашгани тасвирланган сурат.
Сурат тагсўзи, Спутниклар тахминан 82 даража оғиш бурчагига эга икки орбитада жойлашган. FindRassvet.ru сайтидан олинган скриншот.

Лазер технологиясига таяниш

Starlink бутун дунё бўйлаб жойлашган кўплаб ер усти станцияларидан фойдаланади. Россия эса халқаро чекловлар сабаб бундай инфратузилмани осон ташкил эта олмайди.

Шунинг учун "Бюро 1440" маълумотларни сунъий йўлдошлар орасида лазер нури орқали узатиш технологиясига катта эътибор қаратмоқда. Бу усул ташқи инфратузилмага қарамликни камайтиради ва хавфсизликни оширади.

Бироқ бундай технология техник жиҳатдан анча мураккаб ҳисобланади ва қўшимча ресурслар талаб қилади.

Техник қийинчиликлар сақланиб қолмоқда

Октябр ҳолатига кўра, учирилган 32 та спутникнинг ҳеч бири режалаштирилган ишчи орбитага чиқмаган. Улар ҳали тайёрлов босқичидаги орбиталарда ҳаракатланмоқда.

Космосга ихтисослашган кузатувчилар бу ҳолатни лойиҳадаги эҳтимолий техник муаммолар билан боғламоқда. Айрим маълумотларга кўра, биринчи партиядаги бир спутник йўқотилган. Иккинчи партиядаги яна икки аппарат билан ҳам муаммолар кузатилган бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, лойиҳага яқин манбаларнинг таъкидлашича, қолган аппаратлар режадаги орбитал манёврларни амалга оширмоқда ва ўз ўринларини эгаллаш жараёни давом этмоқда.

Санкциялар таъсири

Ғарб давлатларининг Россияга қарши жорий этган санкциялари космик саноатга ҳам таъсир қилмоқда. Айниқса, замонавий электроника ва икки мақсадли технологияларни сотиб олиш анча қийинлашган.

Мутахассислар фикрича, "Бюро 1440" зарур қисмларни қисман Хитойдан, қисман эса билвосита таъминот каналлари орқали олишда давом этмоқда. Аммо бу жараён кўпроқ вақт ва маблағ талаб қилади.

Шунингдек, айрим муҳим бутловчи қисмлар, жумладан антенналар, бошқарув тизимлари ёки двигателлар бўйича ҳам қийинчиликлар бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Давлат иштирокисиз мумкин эмас

"Бюро 1440" расман хусусий компания бўлса-да, лойиҳа давлат ёрдамисиз амалга оширилмаяпти.

Компания сунъий йўлдошларни давлатга қарашли "Союз-2" ракеталари орқали учирмоқда. Бундан ташқари, 2026-2030 йиллар давомида унга катта ҳажмда давлат кредитлари ажратилиши режалаштирилган.

Шу сабабли кўплаб таҳлилчилар "Рассвет"ни расман хусусий, аммо амалда давлат қўллаб-қувватлаётган лойиҳа деб баҳолайди.

Ҳужумлар ҳам лойиҳага таъсир қилмоқда

2026 йилда Украина Самара шаҳридаги "Прогресс" заводига зарба берди. Мазкур корхона "Союз" ракеталарини ишлаб чиқаради.

Шунингдек, "Рассвет" спутниклари учириладиган Плесецк космодроми ҳам бир неча марта дрон ҳужумлари ҳақидаги хабарларда тилга олинди.

Зарар даражаси тўлиқ маълум эмас. Аммо мутахассислар бундай воқеалар ракета ишлаб чиқариш ёки учириш суръатига таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Skip Ижтимоий тармоқларда бизни кузатиб боринг and continue readingИжтимоий тармоқларда бизни кузатиб боринг

End of Ижтимоий тармоқларда бизни кузатиб боринг

Келажак қандай?

"Бюро 1440" келажакда поездлар ва самолётларда сунъий йўлдош интернетини жорий қилишни режалаштирмоқда. Бу мақсадда компания "Аэрофлот" ва Россия темир йўллари билан ҳамкорлик келишувларини имзолаган.

Бироқ ҳозирча лойиҳанинг келажаги ҳақида аниқ хулоса чиқариш қийин. Компания фаолияти тўлиқ очиқ эмас. Спутникларнинг ҳақиқий ҳолати, ишлаб чиқариш суръати ва техник имкониятлари ҳақида маълумотлар чекланган.

Шунга қарамай, бир нарса аниқ: замонавий ҳарбий ҳаракатларда сунъий йўлдош интернети муҳим ўрин тутади. Шу сабабли Россия техник қийинчиликлар, санкциялар ва бошқа тўсиқларга қарамай, ўзининг мустақил спутник интернет тармоғини яратиш ҳаракатларини давом эттириши кутилмоқда.

Мақоланинг рус тилидаги тўлиқ матнини бу ерда ўқишингиз мумкин.