Мирзиёев минтақани қандай кучайтирмоқчи?

Сурат манбаси, Rasmiy
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатларини сув ресурслари танқислиги, иқлим ўзгариши ва экологик муаммоларга қарши яқинроқ ҳамкорлик қилишга чақирди.
Туркманистоннинг Аваза шаҳрида ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида сўзлаган Мирзиёев, сув тақчиллиги минтақа тараққиёти учун тобора каттароқ хавфга айланаётганини таъкидлади.
"Иқлим ўзгармоқда, аҳоли сони ўсмоқда, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилмага тушаётган босим ортмоқда. Сув ресурслари тақчиллиги Марказий Осиё тараққиёти учун жиддий тўсиққа айланмоқда", деди у.
Унинг айтишича, минтақа давлатлари сув ресурслари қанча экани ва улардан қандай фойдаланилаётганини аниқроқ баҳолаши зарур. Бунинг учун рақамли мониторинг тизимларини жорий этиш, ирригация тармоқларини модернизация қилиш ва сув тежовчи технологиялардан кенгроқ фойдаланиш таклиф этилди.
Президент, шунингдек, Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича қўшма ташаббусларни амалга ошириш муҳимлигини айтди.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Афғонистон билан мулоқот
Мирзиёев нутқида Афғонистон билан сув ресурсларидан фойдаланиш масалалари бўйича доимий мулоқот олиб бориш зарурлигини ҳам таъкидлади.
"Бу мулоқот доимий ва аниқ мазмунга эга бўлиши, минтақадаги барча мамлакатлар манфаатларини ҳисобга олиши шарт", деди у.
Бу баёнот Амударёдан сув олишни кўзда тутувчи Қўштепа канали қурилиши давом этаётган бир пайтда янгради. Айрим таҳлилчилар ва расмийлар мазкур лойиҳа ўзан бўйлаб жойлашган давлатлар, жумладан Ўзбекистон ва Туркманистон сув таъминотига таъсир қилиши мумкинлигини айтмоқда.
Сўнгги йилларда Тошкент Афғонистонни минтақа сув мулоқотининг иштирокчиси сифатида кўриш тарафдори бўлиб келмоқда. Ўзбекистон расмийлари бир неча бор мазкур масала бўйича ҳамкорлик ва маълумот алмашиш механизмларини кучайтириш зарурлигини билдирган.
Suv resurslari taqchilligi Markaziy Osiyo taraqqiyoti uchun tobora jiddiy to‘siqqa aylanmoqda.
Сувдан ташқари қандай ташаббуслар илгари сурилди?
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Авазадаги учрашувда Мирзиёев иқтисодий интеграцияни кучайтириш, қўшма саноат занжирларини шакллантириш ва "Олти иқтисодиёт - битта маҳсулот" тамойили асосида ҳамкорлик қилишни таклиф қилди.
Шунингдек, у Марказий Осиё давлатлари ўртасида сунъий интеллект лойиҳалари учун умумий ҳисоблаш инфратузилмаси ва ўзаро боғланган маълумотлар марказлари тармоғини яратиш ғоясини ҳам илгари сурди.
Энергетика соҳасида эса Ўзбекистон президенти яшил энергетика ва кам углеродли ривожланиш бўйича қўшма концепция тайёрлашни таклиф қилди.
Бундан ташқари, у ҳаво ифлосланишига қарши курашиш мақсадида "Марказий Осиё тоза ҳавоси" халқаро консорциумини ташкил этиш ташаббусини яна бир бор эслатди.
Ўзбекистон президентининг нутқидаги энг муҳим сиёсий сигналлардан бири Афғонистонни сув сиёсати бўйича мулоқотнинг ажралмас қисми сифатида кўриш зарурлиги ҳақидаги чақириқ бўлди. Бу Тошкентнинг қўшни мамлакат билан амалий ҳамкорликка таянган минтақавий ёндашувини акс эттиради.































