Шакирадан Лопесгача: Марказий Осиё суперюлдузлар учун янги бозорга айландими?

Шакира ва Женнифер Лопес расмларидан иборат коллаж.
Сурат тагсўзи, Расмийлар жаҳон юлдузларининг концертларини туризмни ривожлантиришдаги муҳим майдон сифатида кўрадилар.
    • Author, Санжар Эралиев
    • Role, bbc.com/uzbek
    • Reporting from, Бишкек
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Марказий Осиё жаҳон поп юлдузларидан бири Шакирани кутмоқда. Айни дамда хонандага тўланадиган гонорар ва бу концерт Қирғизистон иқтисодига қанча даромад келтириши ҳақида муҳокамалар авжида.

Бир йил аввал минтақада шунга ўхшаш баҳсларга америкалик хонанда Женнифер Лопеснинг концертлари сабаб бўлганди.

Миллионлаб долларлик гонорарлар, минглаб хорижлик меҳмонлар ва туризмдан кутилаётган даромад ҳақидаги рақамлар бу каби тадбирларга қизиқишни янада оширмоқда.

Аммо бундай концертлар мамлакат иқтисодиётига ҳақиқатан ҳам фойда келтирадими? Марказий Осиё давлатлари нега жаҳон юлдузларини таклиф қилмоқда? Бу туризмни ривожлантиришнинг самарали йўлими ёки мамлакат имижини тарғиб қилиш воситасими?

30 миллион $ даромад?

18 октябр куни Бишкекда колумбиялик машҳуп хонанда Шакира Марказий Осиёдаги илк концертини бериши кутилмоқда. Қирғизистон пойтахтида концертга тайёргарлик аллақачон шаҳар манзарасининг бир қисмига айланди. Реклама лавҳаларини йирик экранлардан тортиб, кўча баннерларида ва ҳатто айрим хизмат кўрсатиш шохобчаларида ҳам кўриш мумкин.

Расмийлар бу концертга мамлакатнинг туризм имкониятларини намойиш қилиш учун муҳим майдон сифатида ҳам қарайди.

"Бишкек Аренага 60 минг мухлис келиши кутилмоқда. Уларнинг 30 минги хорижлик меҳмонлар бўлади. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳар бир хорижлик меҳмон ўртача 940 доллар сарфлайди. Бу маблағга билет, транспорт, йўл ва меҳмонхона харажатлари киради. Тасаввур қилинг, 30 минг меҳмон бир кунда қарийб 30 миллион доллар сарфлайди. Бу эса мамлакат иқтисодиётига жиддий ҳиссадир", — дейди Қирғизистон Туризмни ривожлантириш давлат агентлиги раҳбари Эдуард Қубатов.

Bishkek Arena майдонининг ташқи кўриниши.
Сурат тагсўзи, Шакиранинг концерти ўтадиган Bishkek Arena 51 минг мухлисга мўлжалланган.

Бироқ бу рақамлар ҳозирча тахмин сифатида қаралмоқда. Концертнинг иқтисодий самараси ҳақида аниқ хулоса чиқариш учун тадбирдан кейинги маълумотлар талаб этилади. Бишкеклик жамоат фаоли Жаннат Тўқтўсунова эса расмий ҳисоб-китобларга эҳтиёткорлик билан ёндашиш зарурлигини таъкидлайди:

"Эдуард Қубатов айтган 30 миллион доллар аниқ ҳисоб-китобми ёки шунчаки тахминми, номаълум. Чет элликларнинг авиачипта пули асосан хорижий авиакомпанияларга тушади, Қирғизистон авиакомпанияларининг парвозлари эса чекланган. Меҳмонхона ва овқатланиш харажатларини ҳисобга олганда ҳам, бу рақамни камида икки баравар камайтириш керак. Бундан ташқари, концерт куни йўлларнинг ёпилиши ва ҳаракатга қўйиладиган чекловлар Бишкек иқтисодига қанча зарар келтиришини ҳам ҳисоблаш лозим".

51 минг кишилик «Бишкек Арена»да ўтказилиши режалаштирилган концерт чипталари 12 минг сомдан 180 минг сомгача, яъни тахминан 137 доллардан 2058 долларгача белгиланган. Айрим банклар эса чипта сотиб олиш учун мижозларга бўлиб тўлаш шарти билан қарз таклиф қилмоқда.

Журналист Сабир Абдумўмунов BBC саволларига жавоб бермоқда.
Сурат тагсўзи, Сабир Абдумўмунов.
Skip podcast promotion and continue reading
BBC News O'zbek Obuna bo'ling!
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Қирғизистон Президенти иш бошқармаси раҳбари ҳам тарғиб қилаётган концерт учун Шакирага қанча гонорар тўланиши ҳақида расмий маълумот очиқланмаган. Тадбирни хусусий компания ташкил қилаётгани, хонандага тўланадиган маблағ эса давлат бюджети эмас, ҳомийлар ҳисобидан қопланиши айтилмоқда. Бироқ ҳомийлар ва ташкилотчи компаниянинг номи ошкор қилинмаган.

Ахборот воситаларининг ёзишича, расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Шакиранинг гонорари 6–7 миллион доллар атрофида бўлиши мумкин.

"Марказий Осиёда охирги пайтларда ташкиллаштирилаётган машҳур жаҳон суперюлдузларининг концертларига икки томонлама қараш мумкин. Биринчиси, ушбу мамлакатлар туризм соҳасига катта эътибор қаратаётгани ва концертлар орқали ўз юртини дунёга танитишни мақсад қилганида. Иккинчи томони эса сиёсий. Албатта, мамлакат раҳбарияти буни очиқ айтмайди ва жаҳон юлдузларининг концертларига умуман алоқаси йўқдек кўрсатишга ҳаракат қилади. Бирок шу билан бир вақтда, машҳур юлдузларнинг келиши ўша давлатнинг ҳамда мамлакат раҳбариятининг имижи юксалишига хизмат қилади", — дейди журналист Сабир Абдумўмунов.

Лопес концертлари нимани кўрсатди?

Марказий Осиёда суперюлдузларнинг гонорари ва концертлардан олинадиган даромад ҳақидаги баҳслар янги эмас. 2025 йилда америкалик хонанда Женнифер Лопеснинг минтақадаги гастроллари ҳам шундай саволларни кун тартибига олиб чиққанди.

Лопес Тошкент, Остона ва Олмаотада концерт берган. Унинг ҳар бир шаҳардаги чиқиши учун гонорари қарийб 7 миллион доллар бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган эди, аммо бу рақамлар расман тасдиқланмаган.

"Бу жараён ўзининг табиий оқими билан давом этмоқда. Қачондир Марказий Осиёга ҳам дунё миқёсидаги юлдузлар келиши керак эди. Демак, бу борада ижобий ривожланиш бор. Буни кўпроқ давлат обрў-эътибори учун қилинган деб ҳисобламайман. Бунда сиёсий сабабларни кўрмайман. Асосий ўринда туризм туради", — дейди тошкентлик продюсер Сардор Комилов.

Продюсерлар жаҳон юлдузларининг концертларини ижобий баҳолайдилар.
Сурат тагсўзи, Продюсерлар жаҳон юлдузларининг концертларини ижобий баҳолайдилар.

Маҳаллий ахборот воситалари Тошкентдаги концертда 31 мингдан ортиқ томошабин қатнашгани ва уларнинг ярми хорижлик меҳмонлар бўлганини ёзган. Концерт билан боғлиқ солиқ тушумлари 42,5 миллиард сўмни ташкил этгани айтилган.

Олмаотада эса тахминан 27 минг томошабин йиғилган бўлиб, уларнинг 7 мингтаси чет элдан келган. У ердаги солиқ тушумлари 600 миллион тенге атрофида баҳоланган.

Қиммат чипталар ва маҳаллий аҳоли имконияти

Йирик концертларнинг иқтисодий самараси ҳақидаги баҳслар чипта нархлари билан ҳам бевосита боғлиқ. Марказий Осиё мамлакатларида аҳолининг даромади ва харид қобилияти бир хил эмас.

Жаҳон банки ва миллий статистика маълумотларига кўра, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртадан паст даромадли давлатлар қаторига киради. Ҳар икки мамлакатда ҳам қишлоқ жойларда яшовчи аҳоли салмоқли улушни ташкил этади.

Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасидаги Чотқол туманида яшовчи Одина Шералиева Шакира концерти чипталарини жуда қиммат деб ҳисоблайди:

"Шакиранинг концертига энг арзон чипта 12 минг сом экан, бу пулга мен 30 қоп кўмир сотиб оламан. Энг қиммат чипта 180 минг сом экан. Бу пул оддий одамларнинг деярли бир йилда ишлаб топган даромади".

Концертлар атрофидаги муҳокамалар фақат иқтисод билангина чекланмаяпти. Ижтимоий тармоқларда артистларнинг образи ҳақида ҳам баҳслар мавжуд. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда айримлар хонандаларнинг либослари миллий қадриятларга мос эмаслигини танқид қилиб, бошқаларни концертга бормасликка чақирмоқда.

"Мен бундай танқидий фикрларга жиддий қарашни хоҳламайман. Чунки бу хонандалар ундай фикрлар айтиладими-йўқми, эътибор ҳам беришмайди. У буюртма билан келади ва ўз услубида куйлайди, бу унинг имижи. У: "Мен Марказий Осиёга боряпман, энди атлас кўйлак билан дўппи кийиб, мақом айтайин", демайди. У ўз гонорарини олади ва ўзини суперюлдуз қилиб турган услубида куйлаб, кетади. У айнан шуниси билан ҳам суперюлдуздир", — дейди Сабир Абдумўмунов.

Bizga xorijlik yulduzlar kelyapti, ammo o‘zimizning san’at ahlidan kimdir qachon dunyoga tanilarkin? Afsuski, bizning xonandalarning faoliyati to‘y xizmatlariga bog‘langan.
Taqdim
Bizga xorijlik yulduzlar kelyapti, ammo o‘zimizning san’at ahlidan kimdir qachon dunyoga tanilarkin? Afsuski, bizning xonandalarning faoliyati asosan to‘y xizmatlariga bog‘langan.
Sardor Kamilov, prodyuser
Batafsil: bbc.com/uzbek

Бу янги жараёнми?

Аслида, жаҳон поп юлдузларининг Марказий Осиё билан боғлиқ чиқишлари анча олдин бошланган.

2013 йилда Женнифер Лопес Туркманистоннинг ўша пайтдаги президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг туғилган куни муносабати билан Ашхободда ўтказилган хусусий тадбирда қатнашган ва унга "Happy Birthday, Mr. President" қўшиғини куйлаган эди. Халқаро нашрлар бу чиқиш учун Лопесга тахминан бир миллион доллар тўланганини ёзган.

Бироқ кузатувчилар Ашхободдаги хусусий тадбирни Тошкент, Олмаота ёки Бишкекдаги оммавий концертлар билан тенглаштириб бўлмаслигини таъкидлайди. Чунки бу концертлар минглаб томошабинлар учун очиқ ва чипта сотуви орқали молиялаштирилмоқда.

Жаҳон миқёсидаги артистларнинг гастрол сафарлари одатда бир неча ой, баъзан йиллаб тайёргарликни талаб қилади. Музокаралар, майдон тайёрлаш, техник талаблар, хавфсизлик ва логистика, буларнинг бари юзлаб мутахассислар меҳнатини талаб этади. Шу боис таҳлилчилар катта гастролларни шунчаки маданий тадбир эмас, балки йирик бизнес лойиҳаси сифатида кўрадилар.

Skip Ижтимоий тармоқларда бизни кузатинг and continue readingИжтимоий тармоқларда бизни кузатинг

End of Ижтимоий тармоқларда бизни кузатинг

"Бизникилар қачон чиқади?"

Хуллас, Марказий Осиё одатда йирик гастрол хариталарида кам учрайдиган ҳудуддан таниқли артистлар эътибор қаратаётган бозорга айланиб бормоқда.

Лекин муҳим бир савол очиқ қолмоқда: бу концертлар минтақага доимий сайёҳлар оқими ва иқтисодий фойда келтирадиган анъанага айланадими ёки шов-шувдан сўнг тўхтайдиган вақтинчалик жараёнми?

"Фақат бир нарса афсус уйғотади. Бизга хорижлик юлдузлар келяпти, аммо ўзимизнинг санъат аҳлидан кимдир қачон дунёга таниларкин? Бизникилар ҳам фақат тўйлар билан чекланиб қолмай, жаҳон саҳналарини забт этса қани эди. Афсуски, бизнинг хонандаларнинг фаолияти асосан тўй хизматларига боғланиб қолган. Тўлиқ маънодаги ҳақиқий саҳна артистларимиз, тан олиш керак, жуда кам", — дейди продюсер Сардор Комилов.