Минтақадаги тарқоқлик ва тотувлик: гап фақат Каримовда эдими? (Видео)

Коллаж: Ислом Каримов, Эмомали Раҳмон ва Садир Жапаровнинг суратлари Марказий Осиё давлатлари байроқлари фонида.
Сурат тагсўзи, Каримов президентлиги даврида Ўзбекистон Қирғизистон ва Тожикистон билан чегараларини бир неча бор ёпган.
    • Author, Санжар Эралиев
    • Role, bbc.com/uzbek
    • Reporting from, Бишкек
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 8 дақ

Ўзбекистонни Ислом Каримов бошқарган даврида Марказий Осиё давлатлари нега бир-биридан узоқлашди? Нима ўзгардики, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, қўшнилар билан муносабатлар илиқлаша бошлади?

Бу ўзгариш фақат сиёсий ирода самарасими? Ёки сув, энергетика, савдо ва транспорт каби умумий манфаатлар ҳам минтақани яқинлаштирмоқдами? Ва энг муҳим савол: бу яқинлашув мустаҳкам асосга эгами ёки шахсларга боғлиқ жараёнми?

Саёҳатчи ўқитувчи

Фарғоналик 40 ёшли ўқитувчи Азизбек Акрамов 2024 йилдан бери қўшни давлатларга, асосан Қирғизистонга саёҳат қилишни одатга айлантирди. Ўн йил аввал бундай сафарлар анча мушкул эди.

Азизбек Қирғизистон билан чегарадош ҳудудда туғилиб ўсган. Шунга қарамай, ўттиз ёшдан ошгунига қадар қўшни мамлакат ҳақида деярли ҳеч нарса билмаган. Чегаранинг нариги томонидаги ҳаёт ҳақидаги тасаввурлари кўпроқ эшитган гапларига асосланган эди.

2017 йилгача Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидан ўтишда кўплаб чекловлар мавжуд бўлган. Кейинчалик икки давлат ўртасида чегара пунктлари фаолияти ва борди-келди тартиби сезиларли даражада енгиллаштирилди. Шу ўзгаришлардан кейин Азизбек илк бор Қирғизистонга сафар қилди.

"Дастлаб Қирғизистонга борганимизда қирғизларга нисбатан, улар бизга нисбатан бироз бегонасираб қараган бўлса, ҳозир халқлар ўртасидаги муносабат анча илиқлашди", - дейди у.

Ўзбекистонлик ўқитувчи Азизбек Акрамов Бишкек яқинидаги «Ата-Бейит» миллий тарихий-мемориал мажмуаси дарвозаси ёнида турибди.
Сурат тагсўзи, Азизбек Акрамов Бишкек яқинидаги «Ата-Бейит» миллий тарихий-мемориал мажмуасида. 2024 йил, 15 август.

Суҳбатдошимиз айтишича, қўшни давлат ҳақидаги тасаввурлари сафардан кейин тубдан ўзгарган.

"Бориб кўрганимиздан кейин тилимиз, динимиз, урф-одатларимиз, яшаш тарзимиз бир-бирига жуда ўхшашлигини ҳис қиляпмиз. Гаплашганингизда, улар ҳам ўзимизга ўхшаган оддий одамлар эканини кўрасиз. Шу тариқа кўпчилиги билан дўст бўлиб кетдик".

Тошкент ва Бишкекнинг расмий маълумотларига кўра, жорий йилнинг январ–август ойларида икки мамлакат ўртасида сайёҳлик мақсадида сафар қилганлар сони ҳар икки томонда жами 2,5 миллион нафарга етган.

Яқинлашув фақат саёҳат эмас

Skip podcast promotion and continue reading
BBC News O'zbek Obuna bo'ling!
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида чегарадан ўтиш осонлашди, савдо ва маданий алоқалар кенгайди. Бу жараён фақат икки давлат билан чекланмайди. Расмий учрашувлар ва баёнотларга қараганда, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорлик ҳам сезиларли даражада фаоллашган.

Аммо бу яқинлашув қанчалик мустаҳкам? У шахсларга боғлиқми ёки барқарор институтларга таянганми? Журналист Ўктам Каримовнинг фикрича, бу савол ҳалигача очиқ қолмоқда.

"Умид бордек. Давлатлараро институтлар ташкил этилмоқда. Чунки, мана 35 йиллик тарих кўрсатиб турибдики, бу у ёки бу давлат раҳбарининг ҳохиш истагига, унинг сиёсий иродасига боғлиқ бўлиб қоляпти. Кафолат йўқ. Масалан, айтайлик, Қирғизистонми, Тожикистонми ёки Ўзбекистонми, президентинг эртага кайфияти бузилиб, ҳамкорликдан воз кечиб юбормаслигига. Ёки, давлат раҳбари ўзгариб, у бошқача сиёсат юритмаслигига кафолат йўқда. Жамоатчиликнинг, давлат бошқарув органларининг бу масалага таъсири деярли йўқда. Бу бир кишига боғлиқ бўлиб қоляпти".

Журналист Ўктам Каримов саволларга жавоб беряпти.
Сурат тагсўзи, "Умид бор, кафолат йўқ", - Ўктам Каримов, журналист.

Бу фикр Марказий Осиёнинг сўнгги 35 йиллик тарихи билан ҳамоҳанг. Мустақилликдан кейин минтақадаги беш давлат ўз миллий давлатчилигини барпо қилди, ҳар бири ўз иқтисодий ва сиёсий йўлини танлади. Бироқ шу жараён қўшни давлатларнинг ўзаро узоқлашувига ҳам сабаб бўлгани айтилади.

"Биз бир-биримиз билан гаплашганда Марказий Осиё деган тушунча билан эмас, фақатгина муаммолар тилида сўзлашдик. 1991 йилдан 2000 йилгача фуқаролар турмушини изга солиш, давлатчиликни барпо этиш, мустақилликни сақлаб қолиш керак эди. Илгари биз дуч келмаган экстремизм, хавфсизлик каби масалаларни ҳал қилиш зарур эди. Шу сабабли ҳар бир мамлакат ўз йўлидан кетган".

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, бу даврни фақат давлатлар бир-биридан юз ўгиргани билан изоҳлаш тўғри эмас. Мустақилликнинг дастлабки йилларида ҳар бир мамлакат олдида миллий валюта, чегара, иқтисодиёт, армия ва давлат бошқарув тизимини шакллантириш каби улкан вазифалар турган. Шу билан бирга, хавфсизлик билан боғлиқ янги таҳдидлар ҳам пайдо бўлган.

Натижада миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш минтақавий ҳамкорликдан устун қўйилди.

Бу сиёсатнинг оқибатлари ҳам сезилди. Чегараларда назорат кучайтирилди, айрим жойларда чегаралар ёпилди, савдо-сотиқ қисқарди, транспорт алоқалари узилди. Сув ва энергетика масалаларида келишмовчиликлар кучайди. Айрим ҳолларда эса чегара ҳудудларида қурбонлар билан тугаган можаролар ҳам кузатилди.

Ўзбекистоннинг ўрни ва баҳсли қарорлар

Минтақада энг кўп аҳолига эга ва географик жиҳатдан марказда жойлашган давлат сифатида Ўзбекистон ҳар доим алоҳида аҳамият касб этган. Шу боис Тошкентнинг сиёсий қарорлари қўшни мамлакатлар билан муносабатларга ҳам бевосита таъсир кўрсатган.

Журналист Ўктам Каримов бунинг мисоли сифатида Роғун ГЭСи атрофидаги сиёсатни эслайди.

"Ислом Каримов даврида Ўзбекистон ҳукумати Тожикистондаги Роғун ГЭСининг қурилишига қаттиқ қаршилик қилди. Бу Ўзбекистон учун зарар деди. Экспертлар президентнинг бу фикрини тасдиқлади, қанча қанча мақолалар ёзилди, балки китоблар ёзишга улгуришгандир. Жуда кўп чиқишлар қилинди. Лекин президент алмашди. Адашмасам, 2018 йили президент Мирзиёев Роғунни бирга қурамиз деди. Бўларканку. Бу афсуски, бу масалаларни ҳал қилишда жамоатчилик институтларининг роли кўринмади. Бу масалалар фақат давлат раҳбарларининг сиёсий иродасига боғлиқ бўлиб қоляпти. Ўзбекча айтганда, шунисига ҳам шукр".

Бироқ Ислом Каримов даври сиёсатига муносабат бир хил эмас. Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Акаев Exclusive KG берган интервюсида Каримовнинг нисбатан ёпиқ иқтисодий сиёсати қирғиз ва қозоқ тадбиркорлари учун муайян имкониятлар яратганини айтган:

"Мен қирғизлар бозор механизмларини ўзлаштириб кета оладими, ўзбеклар билан рақобатлаша оламизми, деб кўп ўйланар эдим. Чунки менинг назаримда бозор иқтисодиётига ўтишимиз билан ўзбек биродарлар бутун Марказий Осиёни эгаллаб, бошқарадигандек эди. Сабаби улар Совет давридаёқ бунга тайёр эди. Аммо биз барчамиз Ислом Каримовдан миннатдор бўлишимиз керак. У киши ўзбекларни Ўзбекистонда дунёдан ажратиб қўйди. Шу билан у қирғиз ва қозоқларга имконият яратиб берди. Мен шу учун Қирғизистонда Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатган бўлардим. У бизга йўл очиб бергани учун қирғизлар бозор механизмларини ўзлаштириб олди".

2016 йилдан кейин нима ўзгарди?

2016 йилда Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, қўшни давлатлар билан муносабатлар Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эълон қилинди.

Тошкент ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг ташқи воситачиларсиз мунтазам маслаҳат учрашувлари йўлга қўйилди. Илк саммит 2018 йилда Қозоғистонда ўтказилди ва бу формат ҳозиргача давом этмоқда.

Натижада чегараларни делимитация қилиш, транспорт алоқаларини тиклаш ва савдони кенгайтириш бўйича салмоқли натижаларга эришилди. Энергетика соҳасида эса рақобат ўрнини Қамбарота-1 ГЭСи каби қўшма лойиҳалар эгаллай бошлади.

Бироқ мутахассислар бу жараённи фақат сиёсий ирода билан изоҳлаб бўлмаслигини айтишади.

Марказий Осиёда сув ва энергетика тизимлари ўзаро чамбарчас боғланган. Ҳамкорликнинг кучайиши йиллар давомида йиғилиб қолган иқтисодий заруратнинг ҳам натижаси сифатида кўрилмоқда.

Қирғиз миллий кийимидаги қизлар рақсга тушяпти. Ортдаги мониторда Шавкат Мирзиёевнинг расми турипти.
Сурат тагсўзи, Ўзбекистон президиденти Шавкат Мирзиёевни Қирғизистонда рақслар билан кутиб олишмоқда. Август, 2026 йил.

Сув, иқлим ва демография босими

Давлат бошқаруви бўйича эксперт Азиза Умарованинг таъкидлашича, минтақанинг келажаги кўп жиҳатдан сув ресурсларини қандай бошқаришига боғлиқ.

"Сув ресурсларини бошқариш ва минтақавий ҳамкорликни кучайтирмасдан туриб, иқлим ва сув билан боғлиқ таъсирлар 2050-йилгача минтақа ялпи ички маҳсулотини 11 фоизгача қисқартириши мумкин. Чегаралараро ҳамкорликнинг етарли эмаслиги эса аллақачон йилига қарийб 4,5 миллиард доллар иқтисодий зарар келтирмоқда. Минтақа энергия талабининг ўсиши ва жаҳон бозорларининг кам углеродли тизимларга ўтиши фонида муҳим энергетик трансформацияни ҳам бошдан кечирмоқда".

Минтақада сув ресурслари ва эҳтиёжининг тақсимоти турлича. Қирғизистон ва Тожикистон катта сув-энергетика салоҳиятига эга бўлса, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистонда сувга бўлган талаб анча юқори.

Шу боис бир мамлакатда қабул қилинган қарор бутун минтақага таъсир кўрсатиши мумкин. Бундан ташқари, иқлим ўзгариши ва аҳоли сонининг ўсиши бу ўзаро боғлиқликни янада кучайтирмоқда.

Азиза Умарова
Сурат тагсўзи, "Марказий Осиё аҳолиси 2050-йилга бориб 110 миллиондан ошиши прогноз қилинмоқда". - Азиза Умарова, Давлат бошқаруви бўйича эксперт.

"Марказий Осиё кенг кўламли демографик ўзгаришлар даврига кирмоқда. Минтақа аҳолиси бугунги 80 миллиондан 2050-йилга бориб 110 миллиондан ошиши прогноз қилинмоқда. Меҳнатга лаёқатли аҳоли сони эса 50 миллиондан 71 миллионгача кўпайиши мумкин. Ҳозирда аҳолининг 60 фоиздан ортиғи 35 ёшдан кичик. Бу демографик салоҳиятни иқтисодий дивидендга айлантиришда инсон капитали, таълим, кўникмалар ва бандлик масалаларини ҳал қилувчи омилларга айлантиради", - дейди Умарова.

Демак, минтақавий яқинлашувнинг асосида нафақат сиёсий қарорлар, балки сув, энергия, демография ва иқтисодиёт билан боғлиқ объектив эҳтиёжлар ҳам ётибди.

Катта лойиҳалар ва умумий манфаатлар

Аҳоли кўпайган сари янги иш ўринларига эҳтиёж ортиб боради. Янги иш ўринлари учун эса йирик бозорлар, транспорт йўлаклари, энергетика тармоқлари ва фаол савдо муносабатлари зарур.

Таҳлилчи Алишер Илҳомовнинг фикрича, бугун айнан шундай мегалойиҳалар ҳақида жиддий муҳокамалар кетмоқда:

"Баъзи энг йирик мегалойиҳалар ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлмоқда. Жумладан, Эмомали Раҳмон Россиядан ёнилғи етказиб беришга қарам бўлиб қолмаслик учун катта нефтни қайта ишлаш заводи ҳақида баёнот берди. Қирғизистон раҳбари хорижий туристларни жалб қилиш учун ягона виза ҳудудини яратишни таклиф қилмоқда. Бу каби ташаббусларни Ўзбекистон томони хайрихоҳлик билан кутиб олмоқда. Ўзбекистоннинг ўзи ҳам шунга ўхшаш ташаббусларни илгари сурмоқда. Бу минтақа мамлакатлари ўртасида йўлга қўйилган ва кейинчалик ҳам режалаштирилаётган энг катта ҳамкорликдир".

Бу жараёнда Туркманистоннинг ўрни ҳам муҳим ҳисобланади. Газ захиралари, энергетика имкониятлари ҳамда транспорт салоҳияти туфайли мамлакат минтақада режалаштирилаётган кўплаб иқтисодий лойиҳалар учун муҳим бўғин бўлиб қолмоқда.

Skip Ижтимоий тармоқларда бизни кузатиб боринг and continue readingИжтимоий тармоқларда бизни кузатиб боринг

End of Ижтимоий тармоқларда бизни кузатиб боринг

Ташқи кучлар фонида минтақа манфаатлари

Ҳозир АҚШ, Европа Иттифоқи, Хитой ва Россия Марказий Осиё давлатлари билан турли "C5+1" форматларида ҳамкорлик қилмоқда.

Бироқ муҳим савол сақланиб қолмоқда: минтақа давлатлари бу йирик геосиёсий ўйинчилар қаршисида ўз умумий манфаатларини ҳимоя қила оладими?

"Совет ўтмишидан секин-аста халос бўлиб, анча узоқлашганимиздан кейингина бир-биримизни тушуна бошладик. Тарихга назар солсак, ўша 90-йилларданоқ Ўрта Осиё иқтисодий ҳамкорлиги ва иттифоқи тузилган эди. Аммо 2000-йилларда у мутлақо йўққа чиқди. Бошқарувчилар иттифоқ ҳақида ўйлашган, лекин ҳамма ўз суверенитетини қизғонгани учун учинчи мамлакатлар иштирокисиз бир-биримиз билан гаплаша олмабмиз", - дейди таҳлилчи Руслан Ақматбек. Унинг фикрича, минтақа давлатлари яқин қўшнилари бўлган Россия ва Хитой ўртасида, улар юритаётган сиёсатнинг нозик жиҳатларидан келиб чиқиб сиёсат юритишга ҳаракат қилган.

"Россия ва Хитой бизни шартли равишда бўлиб олгандек. Масалан, Россия хавфсизлик учун жавоб берса, Хитой иқтисодиётга ёрдам берадигандек. Лекин қизиғи шундаки, иккаласи ҳам бизни ҳамкор сифатида эмас, таъсир кўрсатиш майдони сифатида кўрибди".

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли ҳам бу ўзгаришларнинг ёрқин мисолларидан бири ҳисобланади. Мутахассислар фикрича, бу лойиҳа оддий инфратузилма эмас, балки минтақанинг ташқи дунё ва янги савдо йўлакларига чиқишга бўлган интилишини ифода этади.

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг айтишича, темир йўл қурилиши масаласи Пекин ва Москва билан олиб борилган музокаралардан кейин амалий босқичга ўтган.

"Владимир Владимирович икковимиз юзма-юз ўтириб, 35–40 дақиқа жуда қаттиқ муҳокама қилдик. Охирида уни ишондирдим. Чунки Хитойнинг позицияси ҳам тўғри эди. Сабаби, булар улкан давлатлар. Дунёда учта йирик держава бўлса, бири Хитой, бири Россия, бири АҚШ. Улар бир-бирининг позицияси билан ҳисоблашади. Шунинг учун мен Владимир Владимировичнинг олдига бордим. "Биз денгизга чиқиш йўли йўқ мамлакатмиз, қийналяпмиз. Бу темир йўл бизга сув ва ҳаводек зарур", дедим ва охир-оқибат унинг розилигини олдим. Шундай қилиб, темир йўл лойиҳаси бошланди" - деган Жапаров MediaHub каналига берган интервюда.

Журналист Ўктам Каримов эса минтақанинг ташқи кучлар билан тенг мулоқот қилиши учун аввало ички бирлик мустаҳкам бўлиши зарурлигини таъкидлайди.

"Афсуски, ҳозирча Марказий Осиё давлатлари катта ўйинчилар билан тенг ўйнаш имкониятига эга эмас. Бунинг учун минтақада тотувлик бўлиши керак. Минтақа, билмайман Европа Иттифоқидек яхлит бир организмга айланиши лозим, ҳар бири алоҳида, лекин манфаатлар уйғунлиги, манфаатлар муштараклигидан келиб чиқиб, қандайдир бир катта бир организмга айланса, ана ўша геосиёсий ўйинчилар таъсиридан қутилиб қолиши мумкин".

Хулоса қандай?

Марказий Осиёнинг сўнгги 35 йиллик тарихи шуни кўрсатадики, беш давлат бир-биридан узоқлашиши ҳам, яқинлашиши ҳам мумкин.

Кузатувчилар таъкидлаганидек, минтақадаги интеграция ҳамон асосан давлат раҳбарларининг сиёсий иродасига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Яъни, агар қайсидир мамлакатда раҳбарият ёки сиёсий курс ўзгарса, ҳамкорлик суръати сустлашиши эҳтимол, деган таҳминлар бор.