Музей кўчади, деворлардаги ноёб суратлар-чи? Навоий музейи атрофида янги баҳс
Тошкент марказидаги Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи биноси Ёшлар театрига бепул бериб юборилмоқдами?
Ўзбекистон матбуотида ҳукуматнинг шу ҳақдаги қарори қабул қилингани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди.
«Дарё» нашрининг ёзишича, Вазирлар Маҳкамасининг 29 сентябрдаги қарорида музей бошқа жойга кўчирилгач, унинг биносини Ёшлар театрига бепул бериш кўзда тутилган.
Бу хабарлар Адабиёт музейи атрофидаги баҳсларни яна жонлантирди.
Муассасанинг илмий ходимлари тарихий бино, ундаги ноёб деворий суратлар ва қўлёзмалар тақдиридан хавотирда. Улар музейни ҳозирги жойида сақлаб қолишни сўраб, давлат идораларига мурожаат қилган.
End of Ижтимоий тармоқларда бизни кузатиб боринг
Музей ходимлари нимадан хавотирда?

Адабиёт музейининг илмий ходимлари уни кўчириш режасидан хавотир билдириб, бир неча бор давлат идораларига мурожаат қилган. Улар музей жойлашган бинонинг ўзи ҳам тарихий ва маданий аҳамиятга эга эканини таъкидлашади.
Айниқса, бино деворларидаги ноёб суратлар тақдири уларни ташвишга солаётганини айтишади.
Алишер Навоийнинг «Хамса» достонлари ва ғазаллари асосида яратилган бу асарлар музей учун махсус ишланган.

Матбуотдаги чиқишларида музей ходимлари бино Ёшлар театрига берилган тақдирда, деворий суратлар қандай асраб қолиниши ҳақида аниқ маълумот йўқлигини билдиришган.
Уларнинг хавотирига сабаб - бу асарлар бинонинг ўзи билан узвий боғлиқлиги ва уларни сақлаш масаласи қандай ҳал этилиши ҳануз номаълумлигидир.
Музей директори аввал нима деган эди?

BBC Ўзбек хизмати шу йил июл ойида ҳам Адабиёт музейининг кўчирилиши ва ноёб қўлёзмалар тақдири ҳақида материал эълон қилган эди.
Ўшанда музей директори Шаҳноза Назарова BBCга муассаса бутунлай тугатилмаётганини, балки Янги Тошкентга кўчирилишини айтган.
Унинг сўзларига кўра, янги бино 2027–2028 йилларда тайёр бўлиши кутилмоқда.
Музейнинг барча экспонатлари кейинчалик шу ерга жойлаштирилиши режалаштирилган.
Директор музейнинг ҳозирги биноси келажакда қандай мақсадда фойдаланилишидан бехабар эканини ҳам билдирган эди.
Энди эса тарихий бинони Ёшлар театрига бериш ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Бироқ деворий суратлар қандай асраб қолиниши, бошқа муассасаларга кўчирилган қўлёзмалардан илмий ходимлар қандай фойдаланиши ва янги музей қачон иш бошлаши каби саволлар очиқ қолмоқда.

































