"Қиш оғир келади". Европа иситиш мавсумига тайёр эмас, яна Россия газига қайтадими?

Сурат манбаси, Bloomberg via Getty Images
- Author, Алексей Калмиков
- Role, Би-би-си
- Published
- Ўқилиш вақти: 8 дақ
Европа қишга тайёр эмас ва 2022 йилда, Кремлнинг ЕИ билан газ уруши қизғин паллага кирган пайтда Россия Украинага бостириб кирганидан кейин кузатилган энергетика инқирозига яна дуч келиши мумкин. Мутахассислар фикрича, иситиш мавсуми бошланишига бир ой қолган бир пайтда ерости газ омборларидаги захиралар сўнгги 15 йил ичидаги энг паст даражада. Электр энергияси ва иссиқлик нархларининг янада ошиб кетиши, Европанинг эса инқирозга юз тутишига фақат бир мўъжиза, яъни қишнинг илиқ келиши ёки Эрондаги урушнинг тугаши тўсқинлик қилиши мумкин.
Иситиш ҳали бошлангани йўқ, ташқарида ҳаво илиқ, аммо газ нархлари аллақачон ўтган йилгига нисбатан икки баравардан кўпроқ ошиб кетган. Европада газ бундан қиммат бўлган давр фақат 2022 йилнинг ўша ёддан чиқмайдиган кузи эди. Ўшанда Россия таъмирлаш баҳонаси билан Европага газ етказиб берадиган асосий қувур - «Шимолий оқим»ни ўчириб қўйган эди. Шундан буён ЕИнинг Россия газига қарамлиги қарийб 50 фоиздан 12 фоизгача қисқарди ва иттифоққа аъзо барча 27 давлат келаси йили ундан тўлиқ воз кечиш ниятида.
Кремлнинг Европага газ босими ўтказиш учун деярли ҳеч қандай воситаси қолмади. Аммо бошқа бир муаммо пайдо бўлди: Ҳўрмуз бўғозининг тўсиб қўйилиши жаҳон бозорини Қатарнинг суюлтирилган газидан маҳрум қилди. Европа Қатардан деярли газ сотиб олмаса-да, жаҳон бозоридаги нархлар ошди. Шу боис европалик компаниялар қиммат газни харид қилиб, қиш олдидан омборларга жойлаштиришга шошилмадилар.
Натижада октябр бошига келиб ерости газ омборлари атиги 70 фоизга тўлдирилди. Инқирозли 2022 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич қарийб 90 фоизни ташкил этган эди, кейинги йилларда эса баъзан бундан ҳам юқори бўлган.
«Европада қиш жуда оғир келади. Энди фақат қиш қаттиқ совуқ бўлмаслигига умид қилиш қолди», деди Европа Иттифоқининг энергетика масалалари бўйича комиссари Дан Йоргенсен.
«Аммо умид яхши стратегия эмас», деди у шу ҳафта ЕИ давлатлари энергетика вазирларининг учрашуви олдидан ва уларни чора кўришга чақирди.
Европа Иттифоқи 1 ноябрга қадар газ омборларини тўлдириш бўйича талабни 90 фоиздан 80 фоизга туширди. Бироқ ҳатто бу кўрсаткичга эришиш учун ҳам европаликларга суръатни оширишга тўғри келади. S&P Global таҳлилчиларининг сўнгги баҳолашларига кўра, ҳозирги суръат сақланиб қолса, иситиш мавсуми бошланишига келиб омборлар атиги 74 фоизга тўлади.
Бу тахминан 78 миллиард куб метр газ демакдир. Бу эса ЕИнинг қиш мавсумидаги ўртача газ истеъмолининг қарийб чорак қисмига тенг. Қиш даврига эса йиллик газ талабининг 70-80 фоизи тўғри келади.
Захира қишга етадими?
Ваҳимага ўрин йўқ, дея таъкидламоқда ЕИ мамлакатлари ва Европа комиссияси томонидан газ бозоридаги вазиятни кузатиб бориш учун махсус ташкил этилган мувофиқлаштирувчи гуруҳ. Сентябр ойи охирида бўлиб ўтган сўнгги йиғилишида у «омборлардаги захиралар паст бўлишига қарамай, газ таъминоти барқарор» деган хулосага келди.
Балки шундайдир, аммо хотиржамликка берилиш мумкин эмас, деб огоҳлантирмоқда экспертлар.

Сурат манбаси, AFP
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Ҳозирги истеъмол суръати ва амалдаги нархлар сақланиб қолса, Европа катта харажатларга дуч келади. Бу эса унинг молиявий аҳволини янада заифлаштириб, аҳоли ҳамда бизнес даромадларини қисқартиради. Қолаверса, қаттиқ совуқ кунларда захиралар етишмаслиги нафақат европаликларга, балки бутун дунёга таъсир қилади. Чунки АҚШ ва Хитойдан ташқари фақат Европада қишки талаб кескин ошганда нархларни осмонга чиқармасдан уни қоплашга қодир йирик газ омборлари мавжуд.
Европа уй-жойларни газ билан иситади ва ундан электр энергияси ҳам ишлаб чиқаради. Шунинг учун қаттиқ совуқда талаб кескин ортиб кетади. Худди шунингдек, ҳаво булутли ва шамолсиз бўлган, қуёш панеллари ҳамда шамол турбиналари камроқ энергия ишлаб чиқарадиган «Dunkelflaute» деб аталувчи даврларда ҳам газга эҳтиёж кучаяди. Ана шундай пайтларда омборлар ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Истеъмолчиларга газ етказиб бериш ҳажмини бунчалик тез оширишнинг бошқа йўли йўқ.
«Қишда биз айнан захираларга шунчалик кўп боғлиқ бўлишимизнинг сабаби шу. Шунинг учун ҳам уларнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди», дейди Оксфорд Энергетика Тадқиқотлари Институти (OIES) эксперти Жек Шарплс.
Шарплснинг таъкидлашича, 1 ноябргача кутилган 78 миллиард куб метрлик захира қиш 2022/23 ва 2023/24 йиллардагидек юмшоқ келган тақдирда етарли бўлади. Ўша йиллари ЕИ омборлардан 40-45 миллиард куб метр газ сарфлаган эди.

Аммо сўнгги икки қишдаги сценарий такрорланса, муаммолар дарҳол юзага чиқади.
Ундан олдинги қишда ЕИ омборлардан 66 миллиард куб метр газ чиқарган бўлса, ўтган қишда бу кўрсаткич қарийб 60 миллиард куб метрни ташкил этди. Захиралар шу суръатда сарфланса, иситиш мавсуми охирига бориб омборлар деярли бўшаб қолади. Бироқ бундан аввал бошқа нохуш ҳолат юз бериши мумкин.
«Айрим мамлакатлардаги кўрсаткич нолга тушишидан олдин ҳам Европада газ нархлари жуда юқори ва жуда тез суръатларда ўсишига ишонаман, айниқса Ҳўрмуз бўғози тўлиқ очилмай қолса», деди у.
Газ етади, бироқ пул етиши даргумон
Шунинг учун ҳам бу қишдаги асосий хавф газнинг етишмаслиги эмас, балки унинг қиммат бўлиши, дейди оксфордлик эксперт.
Унинг фикрича, Европа бой қитъа: у 2022 йилда музлаб қолмаган эди, ҳозир ҳам музламайди. Масаланинг бошқа томони бу неча пулга тушишида.

Сурат манбаси, Reuters
Чунки агар баҳорга келиб захиралар танқидий даражада камайиб кетса, Европа уларни кейинги иситиш мавсумига қадар келишилган 90 фоизлик даражага етказиш учун одатдагидан анча кўп газ сотиб олишига тўғри келади. OIES эксперти Майк Фулвуд ҳисоб-китобларига кўра, майдан ноябргача бўлган даврда қўшимча равишда тахминан 30 миллиард куб метр газ талаб қилинади.
Бошқа ҳар қандай вазиятда бундай қўшимча талаб юқори нархларга олиб келган бўлар эди. Аммо келаси йили Америка, Австралия ва Африкадан жаҳон бозорига суюлтирилган газ етказиб бериш ҳажми сезиларли даражада ошиши кутилмоқда.
Бироқ ҳатто бу қўшимча ҳажмлар ҳам олти ой ичида 30 миллиард куб метрдан ошмайди. Бу эса айнан Европага керак бўлган миқдордир. Агар Европа шу суюлтирилган газнинг барчасини сотиб олса, нархлар яна кўтарилади. Чунки таъминотдаги узилишлар ва бошқа энергия манбаларига ўтишга уринишларга қарамай, иқтисодиёт ўсиши билан дунёда газга бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда.
Европа юқори нархлар сақланиб қоладиган иккинчи ёз мавсумини кўтара олмайди, дея огоҳлантирди Европа Иттифоқининг энергетика масалалари бўйича комиссари Дан Йоргенсен.
«Европадаги энергетика инқирози ҳали ҳам тугагани йўқ, бу аниқ, — деди у. — Эрондаги уруш бошланганидан буён ЕИнинг қазилма ёқилғини импорт қилиш бўйича қўшимча харажатлари аллақачон 100 миллиард Евродан ошиб кетди. Айни шу миқдордаги энергия учун», деди у.
Унинг фикрича, бу ҳолат бундан кейин шундай давом этиши мумкин эмас. Европа ҳозирнинг ўзида газ учун АҚШга нисбатан уч баравар кўп ҳақ тўламоқда ва Осиёдагидан ҳам қимматроқ нархларга дуч келмоқда. Натижада у рақобатбардошлигини йўқотиб, бошқа фойдали мақсадларга йўналтирилиши мумкин бўлган маблағларни сарфлашга мажбур бўлмоқда.
«Вазият, шубҳасиз, мураккаб. Нархларнинг ҳозирги даражаси ҳаётнинг янги меъёрига айланишига йўл қўйиб бўлмайди», деди Европа комиссари.
Нима қилмоқ керак?
Вариантлардан бири иситиш мавсуми бошланишидан олдин газ харидларини кескин кўпайтиришдир. Аммо ўша газни оладиган жойнинг ўзи йўқ.

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images
Ҳўрмуз бўғози ҳали ҳам чекланган ҳолатда қолмоқда, Қатар эса суюлтирилган газни оз миқдорда ва эҳтиёткорлик билан экспорт қилишни эндигина бошлади. Бироқ у етказиб бериш барқарор бўлишига ишонаётгандек кўринмайди. Чунки Қатар яқинда форс-мажор ҳолатини, яъни енгиб бўлмайдиган шароитлар сабаб шартномалар шартларини бажармаслик ҳуқуқини узайтирди. Ҳатто Эрондаги уруш дарҳол тугаган тақдирда ҳам Форс кўрфазидан газ етказиб беришни тўлиқ тиклаш вақт талаб қилади ва бу Европа учун шу қишдаги газ захиралари даражасига сезиларли таъсир кўрсатмайди.
ЕИнинг икки асосий газ етказиб берувчиси бўлган АҚШ ва Норвегия эса аллақачон максимал қувватда ишламоқда. Шунинг учун ҳозирча қўшимча ҳақ тўламасдан кўпроқ газ сотиб олишнинг имкони йўқ.
Яна бир вариант - истеъмолни қисқартириш.
«Европа комиссари Йоргенсен ниҳоят ЕИ мамлакатларига газ ва электр энергияси истеъмолини ҳеч бўлмаганда бироз қисқартиришни таклиф қилди. Буни анча аввал қилиш керак эди, мен бу ҳақда ярим йилдан бери гапириб келяпман», — деди АҚШдаги Колумбия университети Глобал энергетика сиёсати маркази эксперти Анн-Софи Корбо. «Сиёсатчилар газ таъминоти барқарорлиги ҳақида гапиришни яхши кўришади. Аммо тежаш кераклиги ҳақида гапиришни ҳеч ким истамайди, чунки бу рейтингларга салбий таъсир қилади».
Шунга қарамай, Анн-Софи Корбонинг айтишича, инқирозни яшириш эмас, балки унга олдиндан тайёргарлик кўриш керак. У ўз шубҳаларини ҳам яширмайди:
«Европадаги сиёсатчилар олдиндан ҳаракат қилишни билмайдилар. 2022 йилда ҳам худди шундай бўлган эди».
Колумбия университетидаги унинг ҳамкасби Татяна Митрованинг фикрича, ўша газ урушидаги ғалаба европаликларга бепарволик билан чегарадош бўлган ортиқча ишонч бағишлади. Натижада улар келаётган қишда инқироз эҳтимолини кўрсатиб турган барча аломатларга қарамай, ҳеч қандай чора кўрмасликка қарор қилишди.
«Европалик сиёсатчилар хотиржам тортиб қўйишди ва муҳим паллани бутунлай қўлдан чиқариб юборишди. Улар: "Биз 2022 йилги инқироздан чиққан эканмиз, бунисидан ҳам чиқамиз", деб ўйлашди. Менимча, бу хато».

Сурат манбаси, AFP
Бироқ истеъмол қисқартириш имкони бўлмаса ва Ҳўрмуз бўғози яқин орада очилишига умид қилинмаса, нима қилиш мумкин?
Яна қолган йўллардан бири Россия.
Европа яна Россия газига қайтадими?
«Европа Иттифоқида айримлар аллақачон Россия гази билан хайрлашиш режаларини қайта кўриб чиқиш ёки ҳеч бўлмаганда кечиктиришга чақирмоқда. Газ бозоридаги муаммолар фонида бундай овозлар янада баландроқ янграйди», дея огоҳлантиради Польшанинг давлатга қарашли Шарқ тадқиқотлари маркази (OSW) эксперти Агата Лоскот-Страхота.
ЕИ Россия газидан воз кечмоқда ва бу узоқ муддатли стратегиянинг навбатдаги босқичи 1 январдан бошланади. Ўшанда Европа суюлтирилган Россия газини сотиб олишни тўлиқ тақиқлайди. Кейинги ва сўнгги босқич эса 2027 йил кузидан бошлаб қувур орқали келадиган газдан ҳам воз кечиш бўлади.
Бироқ, Татяна Митрованинг фикрича, ҳатто ЕИ бу масалада ён беришга қарор қилган тақдирда ҳам, Россия Европанинг аҳволини енгиллаштира олмайди, аниқроғи, эҳтимол бунга хоҳиш ҳам билдирмайди.
«Европада ҳам, Россияда ҳам сиёсий ирода бўлган тақдирда ҳам, Россия гази етказиб беришни сеҳрли таёқча билан тиклаб бўлмайди», дейди у. «Бундан ташқари, бундай қадам Европа учун геосиёсий таҳқир бўлиши мумкин. Қолаверса, Владимир Путин газ етказиб беришни қайта тиклашга рози бўлиши ҳам аниқ эмас».
2022 йилда Путин Европани совуқдан қутқаришни ўз шартлари билан боғлаган эди. Жумладан, у газ учун рублда тўлашни талаб қилди ва натижада харидорларининг катта қисмини йўқотди.
«Путин ҳозир ҳам худди шундай позицияни эгаллаши мумкин: "Биз Европага газ таклиф қилдик, у эса рад этди. Энди эса қиш ўртасида газ сўраб ялинмоқда. Энди кеч. Муаммони ўзларинг ҳал қилинглар", дейиши мумкин», деди Митрова. «Ҳатто бунинг эвазига Украинани қўллаб-қувватлаш масаласида ён беришларни ҳам талаб қилиши мумкин».































