«Ҳеч қандай қоида йўқ»: Путиннинг янги стратегияси - Украина шаҳарларини яшаш учун яроқсиз ҳолга келтириш

Сурат манбаси, Getty Images/BBC
- Author, Ilya Abishev
- Role, BBC News Russian harbiy muxbiri
- Author, Olesya Zhigalyuk
- Role, ВВС News Ukrainian
- Author, Catherine Heathwood
- Role, BBC News World Service
- Published
- Ўқилиш вақти: 7 дақ
Украинадаги вазият кескин ўзгарган. Илгари фронтдаги аскарларнинг аҳволидан хавотир олган оила аъзолари уларга қўнғироқ қилган бўлса, энди аксинча — аскарларнинг ўзлари Киевдаги яқинларига телефон қилиб, уларнинг омон-эсонлигини сўрамоқда.
«Ҳозир одамлар Киевни ҳам фронт чизиғидаги шаҳар деб атай бошлади», — дейди шу шаҳарда яшовчи Питер Дикинсон Би-би-си Жаҳон хизматига.
«Аслида, ҳозир Киевда яшаш урушнинг бевосита фронт чизиғида жойлашган шаҳарларда яшашчалик, балки ундан ҳам хавфлироқ бўлиб қолди».
Сўнгги ҳафталарда Россия Украина пойтахти ва бошқа йирик шаҳарларга ракета ҳамда дрон ҳужумларини кучайтирди. Мактаблар, шифохоналар, меҳмонхоналар, маълумотларни қайта ишлаш марказлари, поездлар ва кўприклар каби фуқаровий объектлар ҳам зарбалар остида қолмоқда.
Масалан, 30 сентябрь куни дронлар Киев яқинидаги иккита дўконга зарар етказди. Эртаси куни пойтахтнинг Соломянский туманидаги мактаб биносига дрон келиб урилди. Одесса вилоятида эса бизнес маркази ҳужумга учради.
8 октябрь куни Россия дрони Киев вилоятининг Буча туманидаги мактаб ва болалар боғчаси ҳудудига келиб тушди.
Россия Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, бу фуқаровий бинолар қурол-яроғ ишлаб чиқариш ёки сақлаш учун ишлатилган. Москва фақат ҳарбий объектлар ва мудофаа саноати корхоналарини нишонга олаётганини билдирмоқда.
Бироқ Украина парламентининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Дмитрий Лубинец маълумотига кўра, жорий йилнинг январь–август ойларида Россия ҳужумлари оқибатида 15 280 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган ёки жароҳатланган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 55 фоизга кўп.

Сурат манбаси, Reuters
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Украина президенти Владимир Зеленскийнинг айтишича, ўтган ҳафта Россиянинг энг «қабиҳ ҳужумларидан бири» оқибатида камида 25 киши, жумладан, болалар ҳалок бўлди.
Россия президенти Владимир Путин 2022 йилда Украинага кенг кўламли босқинни бошлаганидан буён мамлакат шаҳарлари мунтазам равишда бомбардимон қилинмоқда.
«Мен буни стратегиянинг ўзгариши эмас, балки ҳужумларнинг кучайиши деб атаган бўлардим», — дейди Шотландиядаги Сент-Андрюс университети профессори Филлипс О'Брайен Би-би-си Жаҳон хизматига.
Бироқ Атлантика кенгашининг Ukraine Alert блоги муҳаррири Питер Дикинсон сўнгги ҳужумлар аввалгиларидан фарқ қилишини таъкидлайди. Унинг айтишича, энди Киев кечаю кундуз ҳужумга учрамоқда.
«Бу инсонлар ҳаёти учун улкан хавф туғдирмоқда. Шу билан бирга, кундалик турмушни ҳам издан чиқармоқда. Мактаблар ишлай олмаяпти, корхоналар фаолияти тўхтаб қолмоқда. Одамлар доимий ноаниқлик ва хавотир ичида яшамоқда», — дейди у.
Ҳужумлар кучайганининг энг яққол белгиларидан бири — Киевни икки қисмга ажратиб турувчи Днепр дарёси устидаги кўприклар нишонга олинаётганидир. Дикинсон бу кўприкларни «шаҳарнинг ҳаётий қон томирлари» деб атайди.
Дарёнинг ўнг соҳилида давлат идоралари, корхоналар ва пойтахт иқтисодий ҳаётининг асосий қисми жойлашган. Чап соҳилда эса - асосан турар-жой мавзелари.
Дарёнинг икки соҳилини боғлайдиган туннеллар йўқ. Улар фақат кўприклар орқали туташган. Бу кўприклардан автомобиль йўллари билан бирга метро линиялари ҳам ўтади.
Ҳар куни миллионлаб одамлар шу кўприклар орқали дарёнинг бир соҳилидан иккинчисига қатнайди.

Қиш яқинлашяпти
Питер Дикинсоннинг фикрича, Россия дронлари кўприклардек йирик иншоотларни бутунлай вайрон қилиш учун етарлича қудратли эмас. Шунинг учун ҳужумлардан кўзланган мақсад кўприкларни ёпишга мажбур қилиш бўлса керак. Ҳужумлар айнан қайси вақтда амалга оширилаётгани ҳам кўп нарсадан далолат беради.
«Агар уларнинг мақсади фақат инфратузилмани ишдан чиқариш бўлганида, буни бемалол ярим тунда ёки тонг саҳарда ҳам қилишлари мумкин эди. Натижа худди шундай бўларди, аммо одамлар ҳаёти хавф остида қолмасди. Лекин улар бундай қилмаяпти. Ҳужумларни айнан одамлар ишга борадиган ёки ишдан қайтадиган, йўллар энг гавжум пайтда амалга оширяпти», — дейди у.
«Буларнинг барчаси атайлаб олиб борилаётган сиёсат экани яққол сезилиб турибди. Бу ҳужумлар оқибатида тинч аҳоли тасодифан жабр кўряпти ёки нишонга олинаётган объектлар қонуний ҳарбий мақсадлар, деб уларни оқлашнинг деярли иложи йўқ».
Зеленскийнинг ўзи Financial Times нашрига берган интервюсида шундай деган:
«Россияликлар бизни босиб ололмади. Шунинг учун энди кенг кўламли ҳужумлар уюштириб, одамларни оммавий равишда ўлдирмоқда. Албатта, улар кўприкларимизни нишонга олмоқчи. Биз билишимизча, улар маълумотларни қайта ишлаш марказлари, интернет тармоғи, мобил алоқа тизими, шифохоналар, болалар боғчалари, мактаблар, университетлар — хуллас, ҳамма нарсага ҳужум қилмоқчи. Улар одамларни ўз шаҳарларидан қочиб кетишга мажбурламоқчи».
Зеленский яна шундай деган:
«Разведка маълумотлари ва Путин атрофидаги айрим одамлар орқали билишимизча, сентябрь ойи бошида Путин: "Энди ҳеч қандай қоида йўқ", деган».
Профессор О'Брайеннинг айтишича, Зеленский Путиннинг мақсади «Украина шаҳарларида тинч аҳоли яшашини имкон қадар қийинлаштириш, айниқса қиш яқинлашаётган бир пайтда уларни яшаш учун яроқсиз ҳолга келтириш» деб ҳисоблайди.
Қишда ҳаво ҳарорати минус 20 даражагача тушадиган Украинада атом электр станцияларини умумий электр тармоғидан узиб қўйиш ҳам шаҳарларни иссиқлик ва сув таъминотидан маҳрум қилиши, бу эса аҳоли ҳаётини ниҳоятда оғирлаштириши мумкин.
'Қўрқув тарқатиш'
«Буларнинг барчасини бирлаштириб қарасак, асосий мақсад Украина ҳукуматига шу қадар кучли сиёсий босим ўтказишки, охир-оқибат у Россия истакларига мос келишувга рози бўлсин», — дейди О'Брайен.
Ҳужумларнинг асосий нишони Киев бўлиб кўринмоқда. Бироқ Одесса, Львов, Днепр ва Харьков шаҳарлари ҳам зарбаларга учраши эҳтимолдан холи эмас. Чунки, О'Брайеннинг фикрича, Россия имкон қадар тинч аҳолини нишонга олишга интилмоқда.
Дикинсоннинг айтишича, одамларни «ўз шаҳарларидан қочиб кетишга» мажбурлашдан кўзланган асосий мақсадлардан бири — украиналикларнинг руҳиятини синдириш.
«Бу ҳукумат ожиз, у ўз фуқароларини ҳимоя қила олмаяпти, деган тасаввурни шакллантиради», — дейди у.
Дикинсоннинг фикрича, Россия шу йўл билан Украина жамиятида таслим бўлишга чақириқлар кўпайишига умид қилмоқда.
Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига X ижтимоий тармоғида шундай ёзди:
«Россия одамлар кундалик ҳаёти давомида тўпланадиган жойларга мунтазам равишда ҳужум қилмоқда. У қаерда одамлар бўлишини яхши билади. Бундан мақсад — қурбонлар сонини имкон қадар кўпайтириш, аҳоли орасида қўрқув тарқатиш ва Украина жамиятига босим ўтказиш».
Бироқ бу ҳужумлардан кўзланган яна бир мақсад ҳам бор.
«Агар одамлар шаҳарларни тарк этса, заводларда ишлайдиган ишчилар қолмайди. Мамлакатни ҳимоя қилиш учун зарур бўлган қурол-яроғларни ишлаб чиқариш ҳам имконсиз бўлиб қолади», — дейди Дикинсон.

Корхоналар ишламаса, улардан тушадиган солиқлар ҳам камаяди. Бу эса ҳукуматнинг ўз харажатларини молиялаштиришини қийинлаштиради.
Украина иқтисодиёт ва атроф-муҳит вазири Александр Кравченконинг айтишича, ҳаво ҳужуми хавфи ҳақидаги огоҳлантиришлар туфайли корхоналар фаолияти тўхтаб қолган ҳар бир соат мамлакат иқтисодиётига қарийб 45 миллион долларга тушмоқда.
«Агар одамлар бомбапаналарда ўтирган бўлса, бизнес фаолияти ҳам тўхтаб қолади», — деган у Guardian нашрига.
Украина аллақачон иттифоқчиларидан қўшимча молиявий ёрдам сўрашга мажбур бўлмоқда.
Дикинсоннинг фикрича, Россия айнан ҳозир ҳужумларни кучайтираётганининг яна бир сабаби оддий — «чунки уларда бундай имконият бор».
Украинада ҳаво ҳужумидан мудофаа қилувчи Patriot тизимлари учун мўлжалланган ракеталар захираси жуда камайиб кетган. Дикинсон таъкидлашича, Patriot — баллистик ракеталарга қарши ишончли ҳимояни таъминлай оладиган ягона тизим.
Бундай ракеталарни катта миқдорда ишлаб чиқарадиган ягона давлат АҚШдир. Бироқ «Эронга қарши уруш давомида америкаликлар ва уларнинг Яқин Шарқдаги ҳамкорлари мавжуд захираларнинг катта қисмини ишлатиб юборган», — дейди Дикинсон.

Айни дамда, украиналик ҳарбий таҳлилчи Александр Коваленконинг айтишича, «душман ҳеч бир турдаги ракета ишлаб чиқаришни камайтиргани йўқ, унинг захиралари ҳам тугагани йўқ. Аксинча, Россия ракета захираларини кўпайтирмоқда».
Бундан ташқари, август ойи ўрталаридан бошлаб Россия янги турдаги реактив двигателли дронлардан фойдаланмоқда. «Ҳозирча Украинада уларга қарши самарали курашиш воситаси йўқ».
Бу дронлар аввалги парракли моделларга нисбатан икки баробар тез учади, анча баландликка кўтарила олади ва нишонни аниқлаш ҳамда йўналишни белгилаш учун анча такомиллашган технологиялар билан жиҳозланган. Шу сабабли уларни ҳавода тутиб қолиш анча қийин.
Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари матбуот котиби Юрий Игнатнинг айтишича, Россия август ойида Украинага ҳужум қилиш учун шундай дронлардан 2 850 тасини учирган. 29 сентябрга қадар эса яна 3 177 та дрон юборган.
Украина мудофаа саноатига сармоя киритган энг йирик хорижий инвесторлардан бири, Google компаниясининг собиқ раҳбари Эрик Шмидт Россия янги дронлардан фойдаланиш кўламини бу қадар тез кенгайтиришини кутмаганини тан олади.
«Россия дронни Украина Хавфсизлик хизмати — СБУ бош қароргоҳининг айнан марказий деразасига йўналтириб, зарба беришга муваффақ бўлди», — деган у The Economist нашрига.
«Бу ушбу тизимлар нималарга қодир эканидан огоҳлантирувчи жиддий сигналдир».
Зеленскийнинг айтишича, ҳозирда Украина реактив двигателли дронларнинг тахминан 50–55 фоизини уриб туширишга муваффақ бўлмоқда. Айрим ҳолларда эса Украина ҳарбий авиацияси ёрдамида бу кўрсаткич 60 фоизга етмоқда.

Бироқ Украина бу дронларга қарши курашишнинг янги усулларини ишлаб чиқмоқда. Профессор О'Брайеннинг фикрича, бу борада муайян ютуқларга ҳам эришилмоқда. Шунга қарамай, Россия дронларни шу қадар кўп учирмоқдаки, ҳатто уларнинг 80 фоизи уриб туширилган тақдирда ҳам, «ҳар кеча анчагина дрон мудофаа тизимларидан ўтиб, нишонга етиб боради».
Дикинсон ҳам бу фикрга қўшилади.
«Вазиятга реал қарасак, энг яхши ҳолатда ҳам Украина бу таҳдидга самарали қарши тура оладиган даражага етиши учун яна бир-икки ой керак бўлади», — дейди у.
Шу билан бирга, Эрик Шмидтнинг айтишича, «камида бешта Украина компанияси бу муаммони ҳал қилиш йўлларини ишлаб чиққан ва ҳозир уларни синовдан ўтказмоқда».
Дикинсон таъкидлашича, бу уруш бошиданоқ технологиялар пойгасига айланган. Томонларнинг ҳеч бири ҳозиргача рақибидан ҳал қилувчи устунликка эриша олгани йўқ.
Асосий қийинчилик фақат янги технологияларни яратишда эмас. Уларни катта миқдорда ишлаб чиқариш ва улардан фойдалана оладиган мутахассисларни тайёрлаш ҳам зарур.
Бироқ Россиянинг тинч аҳолини нишонга олаётгани унинг қуруқликдаги жангларда жиддий муваффақиятга эриша олмаётгани билан ҳам бевосита боғлиқ.
Дикинсоннинг айтишича, Москва уруш тезда якунланишини кутган эди. Аммо орадан тўрт ярим йил ўтган бўлса-да, Россия қўшинлари ҳали ҳам 2022 йил февралидаги босқин бошланган нуқталардан пиёда етиб бориш мумкин бўлган масофадаги қишлоқлар учун жанг қилмоқда.
Россиялик ҳарбий блогерларнинг ўзи ҳам уруш ботқоққа айлангани, қўшинлар эса ундан чиқолмай қолгани ҳақида ёзмоқда.
«Ҳар куни жуда кўп одамлар ҳалок бўлмоқда», — дейди Дикинсон.
Австралия армиясининг истеъфодаги генерали Мик Райаннинг фикрича, Путин Россия урушда олдинга силжиётгандек тасаввур уйғотмоқчи.
Райан Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази, Лоуи институти ҳамда АҚШ Ҳарбий академиясининг Замонавий уруш институти билан ҳамкорлик қилади.
'Террор тактикаси'
О'Брайен ҳам бу фикрга қўшилади. Унинг айтишича, Россия қўшинлари фронтда олдинга силжий олмаяпти, мамлакат иқтисодиёти ҳам қийинчиликларга дуч келмоқда. Шунинг учун Москва ҳаво ҳужумларини «Украинага босим ўтказиш мумкин бўлган йўналиш» деб ҳисобламоқда.
Бироқ, О'Брайеннинг таъкидлашича, «бу уруш ўз фойдасига кетаётганига қатъий ишонган давлатнинг стратегияси эмас».
О'Брайеннинг фикрича, Путин урушда ғалаба қозониш учун «нима қилиш керак бўлса, шуни қилади». Бироқ у икки ҳолатни истисно қилади.
Биринчидан, у Путин ядровий қурол қўллашини кутмаяпти. Чунки Россиянинг яқин ҳамкори бўлган Хитой ҳам бунга қарши.
Иккинчидан, О'Брайен Путин бутун бир шаҳарга кимёвий ёки биологик қурол билан ҳужум қилишини ҳам эҳтимолдан йироқ деб ҳисоблайди.
Дикинсоннинг айтишича, ҳозирча Киевдан аҳолининг оммавий кўчиб кетиши кузатилмаган. Бироқ кўплаб оилалар қишни бошқа жойда ўтказиш учун шаҳарни тарк этиш масаласини муҳокама қилмоқда.
Дикинсон «терроризм» сўзини ишлатишга эҳтиёткорлик билан ёндашади. Аммо у Россиянинг ҳозирги ҳужумларини бошқача таърифлаш қийинлигини айтади.
«Менимча, буни бошқача аташнинг иложи йўқ. Бу — соф террор тактикаси. Мақсад — одамларни доимий безовталикда ушлаб туриш, уларнинг кундалик ҳаётини издан чиқариш ва ҳамиша қўрқув ҳамда хавотир остида яшашга мажбурлаш. Ва бу тактика ўз самарасини бермоқда», — дейди у.































