You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон янгиликлари: Шаҳарсозликда янги тартиб, Очиқлик индекси, Германияга қассоб керакми?
Ўзбекистон шаҳарсозлик реновацияси бўйича янги қонунчилик базасини такомиллаштирмоқда, унга кўра мулкдорларнинг розилик чегараси 100% дан 80% га туширилган.
Урбанизация агентлиги раиси Шерзод Кудбиевнинг таъкидлашича, ушбу ўзгариш кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланаётган муҳим лойиҳаларнинг кичик бир гуруҳ (тахминан 5-7%) эътирозчилар туфайли тўхтаб қолишининг олдини олишга қаратилган.
Аҳоли ва хусусий қурувчилар ўртасидаги низоларни камайтириш мақсадида, мулкларни сотиб олиш жараёни эндиликда фақат давлат инвестция компанияси томонидан амалга оширилади. Агар давлат корхонаси мулкдорларнинг 80 фоизи билан келишувга эришса, қолган 20 фоиз эгалари билан музокаралар олиб бориш ёки суд тартибида чора кўриш ҳуқуқига эга бўлади.
Реновация ҳудудларида жойлашган хусусий ҳовли-жой эгаларига мулкни баҳолашдан сўнг давлат томонидан ўрнини қоплаш кафолатланади. Шундан сўнг, бўшатилган ерлар янги бош режага мувофиқ қисмларга бўлинади ва кимошди савдосига чиқарилади. Янги режа бўйича ҳудудда кўп қаватли уйлар устуворлик касб этади, шунингдек, 30% майдон яшил зоналар ва 10% йўл инфратузилмаси учун ажратилиши шарт.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2025-йилнинг "ёпиқ" идораси деб топилди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан эълон қилинган 2025-йилги Очиқлик индекси натижалари пойтахт маъмурияти учун кутилмаган кўрсаткични қайд этди: Тошкент шаҳар ҳокимлиги давлат идоралари орасида шаффофлик бўйича энг паст натижа билан "қизил" рўйхатнинг энг қуйи поғонасидан жой олди.
Рейтингда жами 97 та вазирлик ва идора 84 та мезон асосида текширилган. Умумий ҳисобда мамлакатда давлат органларининг очиқлиги ошиб бораётган бўлса-да (яшил ҳудуддагилар 34% га кўпайган), Тошкент шаҳар ҳокимлиги бу ижобий ўзгаришлардан четда қолиб, энг ёмон кўрсаткич қайд этган 9 та идорадан бирига айланди.
Эндиликда пойтахт раҳбарияти шунчаки танқид билан қутулиб қолмайди. Қонунчиликка кўра, "қизил" ҳудудга тушганлар учун қуйидаги чоралар кўрилиши белгиланган:
Интизомий жазо: Ҳокимлик масъулларига нисбатан жазо чораларини қўллаш бўйича таклиф киритилади.
Юқори даражадаги сўров: Ҳокимлик раҳбарлари нима учун шаффофликни таъминлай олмагани бўйича Сенат, Вазирлар Маҳкамаси ва Миллий кенгаш олдида ҳисобот беришига тўғри келади.
Соғломлаштириш дастури: Тизимли камчиликларни бартараф этиш бўйича махсус чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади.
Бошқа натижалар билан солиштирганда Тошкент шаҳри билан бир қаторда Андижон вилояти ҳокимлиги ва "Ўзбекистон темир йўллари" ҳам энг паст натижаларни кўрсатган.
Германия гўшт саноатидаги бўш иш ўринлари
Сўнгги эълонларга кўра, Германиянинг "Premium Food Group" компанияси ўзининг гўштни қайта ишлаш корхоналарига 300 нафар Ўзбекистон фуқаросини ишга жалб қилишни режалаштирмоқда. Бухоро, Нукус ва Термиз шаҳарларидан тенг тақсимланган ҳолда танлаб олинадиган номзодлар, асосан, конвеер линиялари, маҳсулотларни қадоқлаш ва ускуналарни назорат қилиш ишларига бириктирилади.
Муваффақиятли номзодлар ҳафтасига 39 соат ишлайди ва олти ойлик синов муддатидан ўтадилар. Тахминий ойлик маош 1 700 еврони ташкил этиб, тунги сменалар учун қўшимча 25% устама тўланади. Ишчилар ўз яшаш харажатларини қоплайди, жумладан, турар жой учун ойлик 310 евро ушлаб қолинади ва кунлик овқатланиш учун тахминан 4 евро сарфланади.