Венгрияда ҳукумат алмашганининг аҳамияти нимада?

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Виктор Орбаннинг 16 йиллик ҳокимияти якунига етди ва "сайлов автократияси" деб қораланган тизим чилпарчин бўлди. Уни собиқ тизим вакили бўлган, венгерларнинг кўпчилигини бу тузумга чек қўйишга ишонтира олган 45 ёшли сиёсатчи мағлуб этди.

"Биз буни уддаладик," - деди Питер Маряр Дунай дарёси бўйида, дарёнинг нариги тарафидаги Будапештнинг муҳташам парламент биносига қараб турган қувноқ тарафдорлари қаршисида. "Биз биргаликда Венгрия режимини ағдардик."

Овоз бериш натижаларининг 98 фоизидан кўпроғи ҳисоблаб чиқилган дастлабки маълумотларга кўра, унинг "Тисза" партияси ҳайратланарли даражада 138 та ўринни қўлга киритмоқда. Орбаннинг "Фидес" партияси 55 та, ўта ўнгчи "Бизнинг ватанимиз" партияси эса 6 та ўринга эга бўлди.

Ушбу йирик ғалаба Марярга нафақат Орбаннинг тобора оммабоплигини йўқотиб бораётган ички сиёсатини ўзгартириш, балки Венгриянинг глобал муносабатларини қайтадан тиклаш имконини беради.

Орбан ҳам АҚШ президенти Доналд Трамп билан (сайловолди кампаниясининг сўнгги ҳафтасида ҳатто АҚШ витсе-президенти Жей Ди Венс уни қўллаб-қувватлаш учун шахсан келган эди), ҳам Россия президенти Владимир Путин билан яқин ҳамкор эди. У Европа Иттифоқи ва Украина учун ҳақиқий "бош оғриғи"га айланиб қолган эди.

Маряр эса, аксинча, Россиядан узоқлашиш ҳамда Европа Иттифоқи ва Украина билан янада самимий алоқаларни ўрнатиш платформасида турди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Икки йил давомида Маряр ўзининг жадал ўсиб бораётган ҳаракатини қишлоқма-қишлоқ, майдон ва шаҳарлар бўйлаб олиб юрди. У йиллар давомида Венгрияда илдиз отиб кетган таниш-билишчилик ва коррупциядан чарчаган халқни ўз атрофига бирлаштирди.

"Демократик Венгрия тарихида ҳали ҳеч қачон бунчалик кўп одам овоз бермаган ва ҳеч бир партия бунчалик кучли овозга эга бўлмаган," - деди у якшанба куни тунда. Бу галги сайловда сайловчиларнинг рекорд даражадаги 79.5% қисми иштирок этди.

Орбаннинг ҳукмронлиги кетма-кет тўртта сайловдаги ғалаба ва мутлақ кўпчиликнинг қўллови устига қурилган эди, бироқ ҳаммаси саноқли дақиқалар ичида якунлангани аён бўлди.

Маряр тарафдорлари Дунай дарёсининг Буда тарафидаги майдонда натижаларни ҳаяжон билан кутиб турган бир пайтда, "Тисза" етакчиси Facebook да кутилмаган хабарни қолдирди: "Ҳозиргина Виктор Орбан менга қўнғироқ қилди ва ғалабамиз билан табриклади."

Содир бўлган воқеаларни англаб етишга улгурмасларидан ва ҳали овозларнинг атиги 30 фоизи ҳисоблаб чиқилган бир пайтда бу хабар тарқалди.

Бироқ бир неча дақиқа ўтгач, Орбаннинг ўзи дарёнинг нариги бетида, бир милча узоқликдаги конференция маркази саҳнасида кўриниш берди. Унинг атрофида тушкун кайфиятда "Фидесз" партиядошлари турарди.

"Сайлов натижалари аниқ ва оғриқли," - деди ва у ҳамкасбларига, ўзига содиқ қолган тахминан 2,5 миллион венгерга миннатдорчилик билдирди. "Олдимизда турган кунлар жароҳатларимизни даволаш учун хизмат қилади."

Хабар Маряр тарафдорлари орасида тез тарқалди ва партия штаб-квартирасига айланган яқин атрофдаги меҳмонхонада "Тисза" фаоллари бир-бирларини қучоқлаб табриклай бошладилар.

Маряр Орбан давридаги таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидаги ўзгаришларни бекор қилишга, коррупцияга қарши курашишга, суд мустақиллигини тиклашга ҳамда "НЕР" номи билан танилган, партияга содиқ кишиларни бойитиш ва давлат ресурсларини совуришга хизмат қилган нафратли ҳомийлик тизимига чек қўйишга ваъда берди.

Конститутцияга ушбу ўзгартиришларни киритиш учун унга Венгрия парламентидаги 199 та ўриндан учдан икки қисми, яъни 133 та овоз керак эди. Якуний натижалар ҳали тўлиқ эълон қилинмаган бўлса-да, "Тисза" партияси 138 та ўринни эгаллаш арафасида турибди.

Маряр ўз тарафдорларини тузум алмашишига тайёр туришга чақириб келаётган эди, энди эса бу ҳақиқатга айлангач, ҳақиқий байрам бошланди ва шампан винолари сувдек оқди. Будапешт кўчаларида машиналар сигнал чалиб, аёллар люклардан Венгрия байроқларини силкитиб боришарди.

Марярни қўллаб-қувватлаётганларнинг кўпчилиги унинг азалий тарафдорлари эмас. У йиллар давомида Орбанни қўллаб келган, энди эса уни ҳокимиятдан ағдарди.

"У шундай одамки, унга тўлиқ ишониб бўлмайди," - деди Агнес исмли адвокат Би-Би-Сига. "Бироқ биз шундай нуқтадамизки, у ваъда қилаётган яхшироқ нарсаларга умид қилишга мажбурмиз ва унинг ваъдалари амалга ошишига чин дилдан ишонамиз."

Марярнинг навбатдаги нишонида Орбанпараст давлат медиа воситалари турибди. "М1" телеканали ва вақт ўтиши билан "Фидесз" иттифоқчилари томонидан сотиб олинган собиқ мустақил веб-сайтлар шу пайтгача партия чизиғидан чиқмасдан хизмат қилиб келаётган эди.

Кейинги қадам қандай бўлишини билмай, эсанкираб қолган "М1" канали Марярнинг овоз бериш жараёни тугаши биланоқ қилган нутқини қайта намойиш этди. Ўшанда у ғалабадан умидвор эди, бироқ телеканал бу нутқни бераётган вақтда у аллақачон ғалаба қозониб бўлган, яъни нутқ ўз долзарблигини йўқотган эди.

Венгрия анчадан бери гўёки бир-бирига параллел равишда мавжуд бўлган икки хил дунёдек туюларди. Биринчисида, Орбан ўз тарафдорларини ва телевидение томошабинларини ғалаба қозонишларига ва яна тўрт йил ҳокимиятда қолишларига ишонтириб келди. Буни ҳукуматга хайрихоҳ бўлган ва ҳатто якшанба оқшомигача "Фидесз" ғалабасини башорат қилган ижтимоий сўровномалар ҳам қувватлаб турди.

Иккинчи дунёда эса қаерга бормасин улкан оломонни тўплай олган Маряр бор эди. Уни ўз рақибидан тобора ўзиб кетаётганини хабар қилган нуфузли сўровнома марказлари қўллаб-қувватлаётган эди.

Якшанба оқшомида ушбу икки дунё тўқнашди ва улардан фақат биттаси ҳақиқат бўлиб чиқди.

Маряр ўзининг партиядошлари ҳамроҳлигида саҳнага чиқишдан олдин оломон орасидан оҳиста юриб ўтди.

"Сиз бугун мўжиза яратдингиз, Венгрия бугун тарих ёзди," - деди у "Риа-Риа-Хунгария!" деган ҳайқириқлар остида тўпланганларга қарата.

У ўзларининг сайловдаги ғалабасини 1848-йилги Венгрия инқилоби ва 1956-йилги Совет истилосига қарши қўзғолон билан қиёслади.

Вақтида Орбаннинг ўзи ҳам Совет истилосига қарши чиқишлар қилган эди, бироқ кейинчалик у Путиннинг яқин ҳамкорига айланди. Унинг Россиядан келадиган арзон нефт ва бензинни оқлаб келиши уни Европа Иттифоқида (ЙИ) обрўсизлантириб қўйган эди. Сабаби, ЙИ Россия импортига қарамликдан қутулишга ҳаракат қилмоқда. Шунингдек, Орбан Украинага 90 миллиард евролик ($105 миллиард) кредит ажратиш бўйича ЙИ келишувидан воз кечган эди.

Венгриянинг бўлажак бош вазири Европа Иттифоқи билан муносабатларни яхшилашга ваъда берар экан, Маряр тарафдорлари "Руслар, уйингизга кетинг!" дея ҳайқиришди.

Полша Бош вазири Доналд Туск Марярнинг "шонли ғалабаси"ни биринчилардан бўлиб қутлаган кўплаб Европа етакчилари қаторида бўлди ва венгер тилида "Русзкик Ҳаза" - "Руслар, уйингизга кетинг!" деб қўшимча қилди.

"Тисза" етакчиси бош вазир сифатидаги илк хорижий ташрифини Варшавага - Полша билан Венгрия ўртасидаги 1000 йиллик дўстликни мустаҳкамлаш учун амалга оширишга ваъда берди.

У, шунингдек, Брюсселга боришни ҳам режалаштирган. У ерда Европа Комиссиясини коррупцияга қарши курашдаги камчиликлар ва суд тизими мустақиллигини таъминлай олмагани сабабли музлатиб қўйилган 17 миллиард еврогача бўлган маблағларни қайта очишга кўндиришни мақсад қилган.

Кунига еттитагача нутқ сўзланган ва бутун мамлакат бўйлаб катта оломонни руҳлантирган марафондай узоқ давом этган сайлов кампаниясидан сўнг, Маряр улкан таъсир кучига эга бўлиб олди.

Унинг мағлуб бўлган рақиби шанба оқшомидаги сўнгги сайловолди нутқида гўёки нима содир бўлишини сезгандек, чарчаган ва тушкун кайфиятда кўринди.

Ҳозирда 62 ёшда бўлган Орбан партия етакчилигидан истеъфо бергани йўқ, бироқ усиз "Фидесз" партиясининг келажагини тасаввур қилиш қийин.

Ҳозирча у ва унинг партияси ўз мағлубият аламини енгишга ҳаракат қилаётган бир пайтда, Орбан вақтинча давлатни бошқариб туради.

Будапештдан Рита Палфи тайёрлаган қўшимча маълумотлар асосида.