Узоқ умр кўриш ва кексайганда тетик бўлиш учун соғлом ичак қандай рол ўйнайди?

Узоқ умр кўриш ва кексайганда тетик бўлиш учун соғлом ичак қандай рол ўйнайди?
    • Author, Ҳю Пим
    • Role, Саломатлик муҳаррири
  • Ўқилиш вақти: 8 дақ

Кейинги вақтларда ичак соғлигига одамларда катта қизиқиш пайдо бўлган. Бир томондан, ижтимоий тармоқ инфлюенсерлари ичак саломатлигини яхшилайди деб айрим самараси тасдиқланмаган қўшимчаларни тарғиб қилса, бошқа томондан, сут ва комбуча брендлари "фойдали бактериялар" билан ичакларни озиқлантиришни ваъда қилмоқда.

Баъзилар ичак соғлигига бу қадар эътиборни ўткинчи қизиқиш деб ҳисобласа-да, кўплаб шифокорлар ичак микробиоми руҳий саломатликдан тортиб баъзи саратон касалликларига чалиниш эҳтимоли каби кенг кўламли таъсир қилиши мумкин деб ҳисоблайди.

Лекин мени қизиқтирган яна бир тиббий масала бор: ичакларимиз яхши (ёки ёмон) қаришимизга қанчалик таъсир қилади?

Шу боис, бир неча ой олдин мен пенициллинни кашф этгани билан машҳур бўлган Лондондаги Сент-Мэри шифохонасига ичакларим соғлиғи ҳақида маълумот олгани бордим.

Мен у ерда доктор Жеймс Кинросс билан учрашмоқчи эдим. У Лондон Империал коллежида жарроҳлик профессори ва амалиётчи колоректал жарроҳдир, аммо унинг ишининг энг қизиқ қисми одамларнинг ахлатини таҳлил қилишдир.

Бир неча ҳафта олдин ўз ахлатим намунасини лабораторияга юборган эдим. Бундай тестлар ошқозонимиздаги триллионлаб микроблар (асосан бактериялар, шунингдек, вируслар ва замбуруғлар) ҳақида маълумот беради.

"Мен микробиом тарғиботчисиман, – дейди у. – [У] соғлиғимизнинг барча жабҳаларига чуқур сингиб кетган."

Унинг фикрича, ичакларимиз ҳолати қариш жараёнида ҳал қилувчи рол ўйнаши мумкин – бу қанча умр кўришимиз ва кексайганимизда қанчалик жисмонан тетик бўлишимизга таъсир этади.

Баъзи мутахассислар ичак микробиомининг қариш жараёнига таъсири бўрттириб кўрсатилаётганини айтади. Мен суҳбатлашган ҳар бир киши кўпроқ тадқиқотлар ўтказиш керак деб ҳисоблайди.

Ҳозир 60 ёшдаман, яқинда бобо бўлдим. Келгуси ўн йилликларда қандай яшашим ҳақида ичакларим нима дейишини билиш фурсати келган кўринади.

Яна каттароқ саволга ҳам жавоб олишим керак: агар ичак саломатлиги ҳақиқатан ҳам қаришга таъсир қилса, уни яхшилаш учун нима қила оламиз?

117 ёшли аёл ва унинг кундалик йогурти

Мария Браняс Морера дунёдаги энг кекса инсон эди. У 2024 йилда Испания шимолида 117 ёшида вафот этганидан сўнг, олимлар унинг ахлати, қони, сўлаги ва сийдигидан намуналар олиб, уларни Пиреней ярим оролидаги бошқа 75 нафар аёлники билан таққослади.

Айтишларича, у кенг маънода соғлом турмуш тарзини ёқтирган: қишлоқда яшаган, кунига бир соат сайр қилган ва фойдали ёғга бой Ўрта ер денгизи таомларини истеъмол қилган.

Лекин уни бошқалардан ажратиб турган нарса ҳар куни уч порция йогурт истеъмол қилиши эди.

Тадқиқотга ҳаммуаллифлик қилган Барселона университети генетиги доктор Манел Эстеллернинг фикрича, Мореранинг йогурт истеъмол қилиши уни яллиғланишни камайтирадиган фойдали бактериялар билан таъминлаб турган бўлиши мумкин.

"Унинг ҳужайралари ёшига нисбатан анча ёш кўринарди", дейди Эстеллер.

Юзга юзлашган, узоқ умр кўриш дунёси қаҳрамонлари ҳақида бошқа тадқиқотлар ҳам бор.

Олимлар 100 ёшдан ошган бу табаррук аҳолининг ичакларини қайта-қайта текшириб, ажойиб бактериялар тўпламини топди.

2022 йилда Nature журналида эълон қилинган яна бир тадқиқотда Хитойнинг жануби-шарқидаги Жиаолинг округи тадқиқотчилари 18 нафар юз ёшли инсондан ахлат намуналарини олиб, ёшроқларники билан солиштирганда, уларда бактериялар юқори даражада хилма-хиллигини аниқлади.

Ичакларда "боғдаги каби хилма-хиллик" бўлиши керак

Бу Лондон Қироллик коллежининг гериатрик тиббиёт бўйича клиник ўқитувчиси доктор Мери Ни Лохлейнн учун тушунарли. Унинг айтишича, ичак микробиомасини боғга ўхшатиш керак: биз унинг иложи борича хилма-хил бўлишини хоҳлаймиз.

"Агар ҳеч қандай ўсимлик бўлмаган, бўм-бўш кўринадиган боғга кирсангиз, бу хилма-хиллиги паст боғдир, – деб тушунтиради у. – Рангоранг гуллар, бутаю дарахтлар керак."

Муаммо шундаки, ёшимиз улғайгани сари микробиомимиз хилма-хиллиги сезиларли камаяди. Баъзи фойдали бактериялар ичакларимиздан йўқолади.

Аммо бу ўзгаришни енгиб ўтган ва саксон-тўқсон ёшларида ҳам ўзларида фойдали бактерияларни яхши сақлаб қолган кексалар узоқроқ, соғломроқ умр кўриши исботланган.

Ни Лохлейнн учун бу тадқиқотлар ичакларимиз ва қариш ўртасидаги боғлиқлик тасдиғидир. "Юз ёшлиларда микробиом хилма-хилроқ бўлади."

"Қайсидир маънода устун бўлган бу одамларда нимадир бор. Улар ана шу хилма-хилликни сақлаб қолишга эришган."

Гап нафақат инсоннинг қанча умр кўришида, балки умрининг сўнгги йилларида қанчалик яхши яшашида ҳамдир. Кинросснинг айтишича, ичак бактериялари ва заифлик ёки кекса одамнинг касаллик ёки жароҳатдан тикланиш қобилияти ўртасида боғлиқлик бор.

Ҳақиқий ёшим ва ичакларим ёши

Сент-Мэри шифохонаси лабораториясида Кинросс ўз хулосасини айтди: менда "микробиомда хилма-хиллик яхши". Бу "умуман олганда соғлом", бу яхши янгилик. Лекин унинг оҳангидан баъзи бир камчиликлар борлигини пайқадим.

Ниҳоят ўша камчиликни айтди. Биринчидан, у юрак-қон томир касалликлари хавфини ошириши мумкин бўлган "ичакдаги бир нечта иштирокчилар" борлигини тушунтиради. Бироз ташвишли томони шундаки, баъзи зарарли бактериялар ҳам топилди. E.coli ва C-Difficile мавжуд, бу ғайриодатий эмас. (Антибиотикларни қабул қилиш ёки олдинги гастроэнтерит касаллиги бунга сабаб бўлган бўлиши мумкин.)

Кейин эса ёш масаласига етамиз.

Кинросснинг айтишича, менинг ичак биомим ўзимдан беш ёш катта бўлган италиялик эркакнинг ичак биомига тенг экан. У буни Шимолий Италиядаги 62 кишида ўтказилган тадқиқот билан таққослаб аниқлаган.

Бу тадқиқотда олимлар 22 ёшдан 109 ёшгача бўлган турли ёшдаги одамларнинг нажас намуналарини таҳлил қилиб, ҳаётнинг турли босқичларида одам ичаги қандай ҳолатда бўлишини тавсифлашди.

Ичак биомим таҳлили натижалари тайёр таомлар ва газаклар истеъмол қилган йилларимни ёдимга солди.

2008-йилги молиявий инқироз ва Ковид-19 пандемиясини ёритишдаги тиғиз иш жадваллари туфайли жуда кўп шундай егуликларни йўл-йўлакай еб юришга тўғри келганди. Йигирма ёшларим ўрталаридан бери Лондонда яшаб келганим учун Шимолий Италиянинг тоза ҳавоси ўрнига транспорт тутунлари ичида яшадим. Ичагимнинг ўзимдан беш ёш катта деб ҳисобланиши ажабланарли эмас.

Кинросс рангим оқариб кетганини кўрган бўлса керак, дарҳол менга итальян эркакларининг барчаси Ўрта ер денгизи таомларини еган ёки шаҳардаги ифлосланишдан холи қишлоқ жойларда яшаган бўлса керак, деб хотиржам қилди.

Бундан ташқари, ўша тадқиқот намунаси кичик эди.

У "соғлом қариш учун барча механизмлар мавжуд" ва фақат уларни оптималлаштириш кераклигини айтиб, мени тинчлантирди. Бошқача айтганда, агар овқатланишимни тартибга солсам, яхшиланиш учун вақт бор.

Ичак соғлиғини яхшилаш мумкинми?

Одамлар ҳақиқатан ҳам соғлом овқатланиш орқали қариш жараёнини яхшилай оладими, деган саволга Эстеллер оптимистик жавоб беради.

У ичак саломатлиги ва қариш жараёни ўртасидаги боғлиқлик ҳақида баъзи "ноаниқликлар" сақланиб қолаётганини таъкидлайди, бироқ ҳозирда биз истеъмол қиладиган озиқ-овқатлар "касалликларимизга ҳам, умр кўришимизга ҳам" таъсир қилиши мумкинлиги далиллари аниқ эканини айтади.

Бошқача айтганда, биз қанча умр кўришимиз ва кексаликда қанчалик соғлом бўлиб қолишимизга таъсири эҳтимоли бор. "Ҳатто бир шаҳардаги юқори даромадли одамлар орасида ҳам яхшироқ овқатланадиган одамлар узоқроқ яшайди," дейди у.

У таркибида бактерияларни кўпайтирувчи полифеноллар бўлган зайтун мойини истеъмол қилишни тавсия қилади. Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда энг узун умр кўрадиган (84,5 ёш) Японияда машҳур бўлган, аминокислоталарга бой ўткир тишли денгиз балиғи – кўк балиқ гўштини тавсия қилди.

Бироқ, Буюк Британиянинг аксарият супермаркетларида кўк балиқни топиш қийин; уни фақат ихтисослашган балиқчилар дўконларида ёки ресторанларда топиш мумкин.

Шунингдек, у имкон қадар тозаланган оқ шакар ва ўта қайта ишланган озиқ-овқатлардан воз кечишни тавсия қилди, чунки булар ичакларимиздаги бактериялар хилма-хиллигига зарар етказиши мумкин.

Аммо Эстеллернинг таъкидлашича, ичак соғлиғини "яхшилаш"да баъзи одамларнинг омади бошқаларникига қараганда кўпроқ келади ва бунда генлар ҳам ўз ролини ўйнайди.

Кинросснинг таъкидлашича, турли аҳоли гуруҳларида микробиомнинг қандай ишлаши бўйича тадқиқотлар энди бошланмоқда. Ҳозирча, дейди у, ҳар бир бемор алоҳида баҳоланиши керак.

Кексалар учун "бурилиш нуқтаси"

Таҳлил натижаларини олиб, диетолог Ракел Бритзк билан учрашдим. У таҳлил натижаларини кўриб чиқиб, менинг ичак бактерияларим хилма-хиллигини ошириш учун мўлжалланган меню режасини тузди.

Ҳафтанинг дастлабки кунларида у менга зиғир уруғи, чиа уруғи, кефир, черника, киви ёки анордан иборат нонушта тайёрлашни таклиф қилди. (Бу менинг одатдаги кам шакарли гранола ва йогуртимдан унча фарқ қилмайди.)

Тушликка у менга яшил салат, ловия ёки ясмиқ, брокколи, сарсабил ёки лавлаги, гриллда терисиз пиширилган товуқ гўшти ейишни тавсия қилди. Бу бироз мураккаброқ туюлади – иш билан бўлиб, шошилинчда бу маҳсулотларни топиш доим ҳам осон эмас. Кечки овқатга эса лосос, сарсабил ва жигарранг гуруч.

Хотиним қошларини чимириб, менинг бу режага амал қилишимга шубҳа билан қарайди.

Ичимликларга келсак, шарбатлар тавсия қилинди. Биринчи куни ялпиз, олма, киви, карам, лимон шарбати, писта ва сувни астойдил аралаштириб, яшил шарбат тайёрладим. Аммо ялпиз таъми бошқаларни босиб кетди.

Кефир ва комбуча (бактерияларга бой, ферментланган ичимликлар) ҳам тавсия этилди ва улар яхши таъсир қилди.

Ракел Бритзк, шунингдек, менга пробиотиклар, Омега-3 ва D3 витаминини қабул қилишни тавсия қилди. Улар арзон эмас.

Кинросснинг айтишича, қариш жараёнига таъсир кўрсатиш учун овқатланишдаги ўзгаришлар "сезиларли" бўлиши керак.

Агар мен янги парҳез режамга қатъий риоя қилсам, "бир неча ҳафта ичида" ичак биомидаги ўзгаришларни кўришим мумкин экан.

Аммо у парҳезга "сал" ўзгартириш киритишдан эҳтиёт бўлишим кераклигини айтди – масалан, агар бир кун амал қилиб, кейинги кун қилмасангиз, самара сезиларли бўлмайди. Бундан ташқари, қариш истиқболи яхшиланиши эҳтимоли ҳам камаяди.

Ҳали вақтингиз бор, дейди у. Аммо кексалар учун ичак биоми ёмонлашганда "бурилиш нуқтаси" юзага келади.

Ичак саломатлигида товуқ ёки тухум муаммоси

Бироқ, яна бир жумбоқ бор – Ни Лохлейнн уни "товуқ ва тухум" муаммоси деб атайди. Яъни: хилма-хил ичак бактериялари бизни кексаликда кучлироқ қиладими ёки кексаликда кучлироқ бўлишимиз ичак бактерияларимиз хилма-хиллигини оширадими?

Тарихан қайси бири сабаб ва қай бири оқибат эканлигини аниқлаш қийин бўлган.

Аммо бу саволга ҳам қисман нажас кўчириб ўтказиш тадқиқотлари туфайли жавоб топилган бўлиши мумкин – бунда нажас инсон ёки ҳайвондан олиниб, капсула ёки найча орқали ҳайвонларга (одатда сичқонлар) ошқозонига юборилади.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

2020 йилда чоп этилган шундай тадқиқотлардан бирида АҚШ олимлари 11 тадан иборат соғлом сичқонларнинг иккита гуруҳини ўрганди. Биринчи гуруҳга қари сичқонлардан, иккинчи гуруҳга эса ёш сичқонлардан олинган нажас ўтказилди.

Уч ой ичида эски нажас олган сичқонлар депрессияга ўхшаш хулқ намоён эта бошлади. Уларнинг қисқа муддатли хотираси ҳам, фазовий идрок қилиш қобилияти ҳам ёмонлашди.

Амалда, уларнинг танаси қариди.

Ни Лохлейнн айтишича, кўпчиликка бу ёқимсиз туюлиши мумкин, аммо бу тадқиқотлар тўғридан-тўғри сабабий боғлиқликни кўрсатиши билан аҳамиятли.

Ичак микробиомининг қариш жараёнига таъсиридан ҳамма ҳам ҳайратланмайди. Қироллик умумий амалиёт шифокорлари коллежи раиси, профессор Камила Хоторн ичак микробиоми бўйича тадқиқотлар "қизиқарли" эканлигини ва "шубҳасиз, жамоатчилик эътиборини тортганини" айтади, аммо яна шундай қўшимча қилади: "Шуни ёдда тутиш керакки, айниқса, бу соҳадаги тадқиқотлар энди ривожланаётган бир пайтда, ичак саломатлиги эҳтимол анча катта манзаранинг бир қисмидир.

Яхши саломатлик биргина омил билан белгиланмайди."

Гарчи озиқ-овқат ягона омил эмаслигини таъкидлашса-да, олимлар овқатланиш орқали қариш жараёнини яхшилаш мумкинлигини таъкидламоқда.

Эстеллернинг ҳисоб-китобларига кўра, овқатланиш тарзи қариш жараёнининг тахминан учдан бир қисмини белгилайди. Қолган қисми эса генетика ва жисмоний машқлар, чекмаслик каби бошқа турмуш тарзи омилларидир.

Ўз ичак саломатлигимга келсак, янги парҳезим энди бошланди.

Иштаҳам қонган, тавсия этилган олма, узум ва ёнғоқлардан ташқари бошқа газаклар мени қизиқтирмайди. Аммо кутилмаган ишлар чиқиб турадиган турмуш тарзида бундай пухта режага риоя қилиш қийин, буни уддалай олишимга шубҳам бор.

Шунга қарамай, бу синовлар ва тажриба менинг ичак саломатлигим ва келажакдаги умумий саломатлигим ҳақида огоҳлик қўнғироғи бўлди.