Ўзбеклар 'янги сиёсий ўйин' нишонига айланишадими? Видео

Сурат манбаси, AFP via Getty Images/Anadolu via Getty Images/Getty Images/BBC
Сурияда қолаётган Ўзбеклар энди нима қилади?
Халқаро матбуотда янги саволлар бўй кўрсатди.
Суриянинг бугунги ҳукумати янги сиёсий ўйин пайидами?
Улар ИШИДга қўшиладими, Афғонистон ёки ўз Ватанларига қайтади?
Россия аллақачон безовта, минтақа давлатлари-чи, бу каби эҳтимолга қанчалик тайёр?
Бундай бир истиқбол Ўзбекистон ва Марказий Осиё хавфсизлиги учун нимани англатади?
Суриядаги воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида BBC Ўзбек хизмати ҳозир ўша ерда бўлган қуролли исёнчи гуруҳлардан бирининг Ўзбек собиқ аъзоси билан эксклюзив суҳбат уюштирган.
Уларнинг янги Сурия ҳукумати бошқаруви остидаги ҳаётлари қандай кечаётганига бевосита ойдинлик киритишга муваффақ бўлган.
Яқин Шарқ, Марказий Осиёдаги таҳлилчиларнинг ҳам бу ҳақдаги фикрлари билан қизиққан.
BBC нинг афғонистонлик тадқиқотчи журналистига ҳам микрофон тутган.
Суҳбат, тафсилот ва таҳлил учун DIQQAT BBC дастуримизни ҳам назардан қочирманг.
Видеони кўриш учун қуйида илова қилинган линкни босинг:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Янги 'сиёсий ўйин'ми?

Сурат манбаси, LUDOVIC MARIN,ABDULAZIZ KETAZ/AFP via Getty Images
Сурия янги ҳукумати мамлакатдаги минглаб хорижий жангарини нима қилишни билмаяптими?
Сўнгги ойларда Суриядан исёнлар, рейдлар, ҳибслар ва тўқнашувларга оид хабарларнинг сони ортди.
Уларда Ўзбекларнинг номлари ҳам кўп тилга олинди. Ўзбекистонликлар ҳақида ҳам сўз борди.
Сурия яқинда узоқ йиллик фуқаролар урушидан чиққан.
Асад режимини қулатишда четдан келган минглаб одам ҳам иштирок этган.
Қудратни эса "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" бошчилигидаги коалиция эгаллаган.
Ҳозир Сурияда беш мингга яқин хорижий жангарининг борлиги айтилади.
Шундай экан, Сурияда нималар бўлмоқда?
Нима гап?
Ular Markaziy Osiyolik jihodchilarga qarshi kurashishga qaror qilgan taqdirida ham, buni o‘ta ehtiyotkorlik bilan amalga oshiradi. Muayyan siyosiy manfaatlar ko‘rishga urinadi.
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Мурод Батал аш-Шишаний: Бу саволга жавоб беришдан олдин вазиятни тушуниб олишимиз керак. Мен айни ўринда айтиб ўтишим лозим бўлган бир нечта жиҳат бор. Аввало Марказий осиёликлари илова хорижлик беш мингга яқин жиҳодчи жангари ҳақидаги рақамлар бўрттирилган эмас. Чунки фуқаролар уруши даврида жиҳод деган нарсага қўшилиш учун минглаб одам Сурияга оқиб келган. Аммо Асад режими қулагач, янги ҳукумат учун ноқулай вазият — муаммо юзага келди. Энг аввало Марказий Осиёлик жиҳодчи жангариларни уч гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчи гуруҳдагилар одатий ҳаёт кечиришга қарор қилишди: улар дўконлар очишди, оилаларини олиб келишди, болалари мактабга чиқишни бошлади ва ҳоказо. Иккинчи гуруҳга келсак, айримлари янги тузилмалар сафига қўшилдилар; Уларнинг янги ҳукуматда турли лавозимларда — хавфсизлик ёки армия тизимида ва ҳоказоларда иш бошлашгани шахсан ўзимга ҳам маълум. Мафкураси ва Марказий Осиё ҳукуматларига қарши жиҳодини давом эттириш керак деб ҳисоблаган учинчи гуруҳ эса ўз ҳарбий тузилмаларини сақлаб қолди. Ва бу янги Сурия ҳукумати учун муайян бир муаммони юзага келтирди. Халқаро босим остида қолди. Улардан жиҳодчи унсурлар ва яна ҳоказолар эканликлари айтилиб, бу одамларни ё ўз мамлакатларига қайтариш ва ё улардан халос бўлиши талаб қилинди.
Сурия ҳукумати мавқеи
Мурод Батал аш-Шишаний: Сурия ҳукумати бу масалага икки хил ёндашмоқда. Ёки улар икки ёқлама, икки томонлама муаммога тўқнаш келишган. Агар бу одамларга қарши кескин чоралар кўришса, сафдошлари ва бошқа жиҳодчиларнинг қўллаб-қувватловини йўқотишади. Акс ҳолда эса халқаро ҳамжамиятни ўзларига қарши қўйишади. Шу боис, бундан бир таъсир воситаси сифатида фойдаланаётган кўринишади. Яъни, дейлик, бирор халқаро томон билан музокаралар олиб борилаётганда, "бу ҳақда ўйлаб кўрамиз, уларни бера олмаймиз ёки бера оламиз" қабилида иш тутишади. Шу тариқа улар бошқалар билан музокара қилишлари мумкин бўлади. Бошқача айтганда, бу одамлардан, маълум маънода, сиёсий таъсир воситаси сифатида фойдаланилмоқда. Яқинда амалга оширилган кескин чоралар ва ҳибсга олишлар қисман Сурия ҳукумати томонидан экстремистик деб ҳисобланадиган унсурларнинг мавжудлиги сабабли юз берди. Аммо, шунингдек, бу иш ушбу гуруҳлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида ҳам қилинди. Сурия ҳукумати шундоқ ҳам электр таъминотидаги узилишлар, аҳоли норозилиги, халқаро ҳамжамият билан муносабатларини нормаллаштириш, Исроил томонидан юзага келаётган таҳдид ҳамда минтақавий миқёсда тан олиниш каби кўплаб муаммолар қаршисида қолган. Шу боис, ортиқча муаммо истамайди. Марказий Осиёлик жиҳодчиларга қарши курашишга қарор қилган тақдирида ҳам, буни ўта эҳтиёткорлик билан амалга оширади. Бундан муайян сиёсий манфаатлар кўришга ҳаракат қилади. Демак, шу нуқтаи назардан қараганда, бу моҳиятан бир прагматик сиёсий ўйиндир.
Охири нима бўлади?

Сурат манбаси, DANIEL LEAL/AFP via Getty Images/ILLYUSTRATIV
Мурод Батал аш-Шишаний: Ҳозирда эътибор қаратишимиз лозим бўлган яна бир жиҳат бор: Сурия ичкарисида Исломнинг анъанадор шаклига мойиллик кучайиб бормоқда. Демак, бундай инсонлар худди шундай мафкурада бўлганлар томонидан хуш қаршиланади. Бу одамлар, маълум маънода, яна ўз мамлакатларига ҳам қайта олмайдилар. Чунки у ерда ўз ҳукуматлари томонидан таъқибга ёки шунга ўхшаш ҳолатларга дуч келишлари мумкин. Шу боис, улар икки ёқлама ёндашувни қўллашга қарор қилган кўринишади: Сурия ҳукумати баъзида хавфли деб ҳисоблаган одамларни ҳибсга олади. Бироқ айни пайтда улардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишда давом этади. Мавжуд алоқалар, Туркиянинг таъсири ва ҳаракатланиш қулайлигини ҳисобга олганда, айримлари — агар уддалашса ва турк масъуллари эътиборига тушишмаса, у ерга бориб, ҳаёт кечиришга қарор қилишлари ҳам мумкин. Хуллас, вазият шундай. Уларнинг якуний тақдири сиёсий вазиятнинг қандай ривожланишига — яъни Сурия ҳукуматининг уларни бошқа ҳукуматларга топширишга қарор қилиши ёки қилмаслигига ҳамда бунинг эвазига нималарни қўлга киритишига боғлиқ бўлади. Ва Марказий Осиёдаги бошқа ҳукуматлар-чи, улар жиҳодчиларни хоҳлашадими? Уларни қамоққа ташлашадими ёки — айтайлик — юзлаб бошқаларини қайтариб олиб келиб, ўша мафкурани ёйишларига йўл қўйишадими? Бу ердаги вазият, маълум маънода, прагматик хусусиятга эга. Эҳтимол, ҳозирги пайтда уларни Сурияда босим ва қоришиқ муҳитда ушлаб туриш ҳар икки томон учун ҳам яхшироқдир.
ИШИДга қўшиладими?
Мурод Батал аш-Шишаний: ИШИДга келсак, унинг Суриядаги тармоқлари жуда заифлигича қолмоқда. 2017 йилда Ироқ ва Суриядаги ҳудудлари устидан назоратни йўқотгач, гуруҳ ўз фаолиятини Африкага кўчирди. Кейин улар у ёки бу тарзда Афғонистонда ҳам фаол эдилар. ИШИД ва барча жиҳодчилар араб дунёсини мусулмон оламининг маркази деб билиб, у ерга қайтиш зарур деб ҳисоблашади. Аммо ИШИДга қўшилишни истаганлар бўлса ҳам, уларнинг тармоқлари жиддий равишда заифлашган. Шундай экан, менимча, марказий бошқарувга эга жиҳодчилар Афғонистонга боришни афзал билишлари мумкин. Бу уларнинг ўз мамлакатларига яқинроқ бўлади ва у ерда, асосан, ИШИДга қўшилишни истаганлар билан алоқалар ўрнатишлари ҳам мумкин бўлади. Биз уларнинг жангариларга қўшилиш учун турли йўллар билан Афғонистонга қайтганликларига оид саноқли ҳолатлар ҳақида ҳам эшитганмиз.
Сурия ва Ўзбеклар

Сурат манбаси, Spencer Platt/Getty Images
Сурия Афғонистон ва Ироқ қаторида энг кўп Ўзбеклар жанг қилган, бошпана топган давлатлардан бири.
Улар Сурияда ўз гуруҳлари, ҳаракатларига ҳам асос солишган.
Бу гуруҳлардан энг йириклари Асад тузумини қулатишда айнан Шаърани қўллашган.
"Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" бошчилигидаги коалицияга киришган.
Мавҳ этилмасидан аввал биргина ИШИД сафларида жанг қилган Марказий осиёликлар сони минглаб экани айтилган.
Улардан аксарияти ҳам Ўзбекларга нисбат берилган.
Аммо фуқароликлари очиқланмаган.
Бу гуруҳлар ўтмиши ва бугунига ҳам бир назар:
Суриядаги ўзбек жангарилари: улар ким ва бугун қаерда?

Сурат манбаси, BULENT KILIC/AFP via Getty Images
Асад режими қулагач, Дамашқ кўчаларида ғалабани нишонлаганлар орасида сурияликлар билан бирга Марказий Осиёдан келган жангарилар ҳам бор эди. Уларнинг орасида эса ўн йилдан буён уруш майдонларида ном чиқарган икки Ўзбек гуруҳи алоҳида ажралиб туради. Хўш, "Имом ал-Бухорий" ва "Тавҳид ва Жиҳод" катибаси кимлар? Улар Сурияга қандай келган ва бугун қаерда?
Ғарб тадқиқотчиларига кўра, бу икки гуруҳ ўн йилдан ортиқ вақт давомида Суриядаги урушнинг муҳим иштирокчиларидан бўлиб келган.
"Тавҳид ва Жиҳод" катибаси 2014 йилда ташкил этилган. Дастлаб "Жаннат ошиқлари" номи билан танилган гуруҳ асосан Марказий Осиёдан келган жангчилардан иборат бўлгани айтилади. Гуруҳ раҳбарларидан бири Абу Салоҳ ал-Ўзбекий "ал-Қоида"га содиқлигини эълон қилган, кейинчалик эса раҳбарият Илмурод Ҳикматов, яъни Абдул Азиз ал-Ўзбекий қўлига ўтган. Бугун "Тавҳид ва Жиҳод" катибаси асосан Идлиб, Ҳама ва Латакия ҳудудларида фаол бўлгани айтилади. АҚШ ва БМТ уни террор ташкилоти сифатида рўйхатга киритган.
БМТ маълумотларига кўра, "Тавҳид ва Жиҳод" катибаси таркибида бир неча юз жангари бўлиши мумкин. Гуруҳ узоқ йиллар давомида "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" билан бирга ҳаракат қилган ва Асад режимига қарши сўнгги ҳужумларда ҳам иштирок этгани ҳақида хабарлар мавжуд.
Иккинчи йирик тузилма эса "Имом ал-Бухорий" катибаси ҳисобланади. Бу гуруҳнинг илдизлари Афғонистон ва Покистон чегараларигача бориб тақалади. Турли ҳисоботларга кўра, унинг сафида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Шимолий Кавказдан келган жангчилар бўлган. Бир пайтлар у Суриядаги энг йирик Ўзбек жангари гуруҳи сифатида тилга олинган.
"Имом ал-Бухорий" катибаси ҳам узоқ вақт давомида "ал-Нусра" фронти ва кейинчалик "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" билан ҳамкорлик қилган. Гуруҳ фақат Сурияда эмас, балки Афғонистонда ҳам фаолият юритгани, Толибан билан алоқалари мавжудлиги ҳақида кўплаб таҳлиллар чоп этилган. АҚШ ва БМТ уни ҳам террор ташкилоти деб тан олган.
Экспертларнинг айтишича, Суриядаги Ўзбек жангарилари фақат жанг қилиш билан шуғулланмаган. Уларнинг айримлари пропаганда, ёллаш, ҳарбий тайёргарлик ва махсус тактик хизматлар билан ҳам шуғулланган. Сўнгги йилларда Марказий Осиё жангариларига боғлиқ "Муҳожир" ва "Мусофир" тактик гуруҳлар ҳам пайдо бўлган.
Афғонистонга қайтиш кучаядими?
Hozir ular uchun aynan Afg‘oniston va Pokiston maqbul hududdek ko‘rinishi mumkin. Chunki bunga o‘xshash holatga avval ham guvoh bo‘lganmiz.
Афғонистон энди-энди урушлардан чиқаётган давлат.
Беш йилдирки, Афғонистон Толибон ҳаракати бошқаруви остида.
Афғонистон Ўзбекистон дохил уч Марказий Осиё давлатига чегарадош.
Узоқ йиллар давомида турли жангари гуруҳлар бошпана топиб, жанг қилиб келган давлат.
Уларнинг орасида Ўзбекларники ҳам бор.
Аммо Яқин Шарқдаги ИШИДнинг Афғонистондаги Хуросон қаноти эса ҳозир энг жанговари ва ҳалокатлиси.
Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам энг сўнггида тўлиғича айнан ИШИДга байъат келтирган.
Гуруҳнинг Хуросон қаноти дунёнинг кўплаб давлатлари томонидан террорчи ташкилот, деб тан олинган.
Эътиборини Афғонистон, Эрон, Покистон ва Марказий Осиёга қаратган.
Гуруҳ ўзига Хуросон номини берган. Бу ҳудудларни қамраб олувчи Хуросон ўз вақтида ислом халифалигининг бир қисми бўлган.
У Сурия ва Ироқдаги омон қолган раҳбарияти билан бирга Шариат ва Ислом қонунларининг ўта қаттиқ талқини орқали бошқариладиган умуммиллий исломий халифаликка интилмоқда.
ИШИД глобал тармоғининг бир қисми, унга 2015 йилда, ИШИД Сурия ва Ироқда энг қудратга тўлган пайтда асос солинган.
Энг кучайган пайтида ИШИД-Хуросон қаноти аъзоларининг сони қарийб уч мингга нисбат берилган.
Гуруҳнинг фаолияти биргина Афғонистоннинг ўзи билан чекланмайди.
У Ғарб бўладими ёки бошқа, имкони бўлгунча дунёнинг бошқа қисмларида ҳам ҳужум уюштиришга ҳаракат қилади, айниқса, сўнгги йилларда ИШИДнинг энг ҳалокатли тармоғи ўлароқ ўртага чиққан.
Эрон ва Россия мисолида сўнгги йилларда, ҳатто, жаҳон миқёсида ҳам энг қонлиларидан, деб кўрилган қатор йирик ҳужумларга ҳам масъул, деб кўрилган.
Сўнгги таянч нуқтаси сифатида Афғонистоннинг шарқий Нангарҳор вилояти тилга олинади, аммо ҳозир ҳам Афғонистоннинг исталган қисмида ҳужум уюштиришга қодир экани кўрилади.
Афғонистонда Толибонга "ашаддий рақиб", мафкураси ҳам бир-бирига зид, ҳаракат гуруҳга қарши 2015 йилдан буён курашиб келади.
Аммо ҳарбий экспертлар унинг "Ҳаққоний" тармоғи орқали Толибонга боғлиқлиги борлигини ҳам таъкидлашади.
Гуруҳ Толибонни Доҳанинг "ҳашаматли меҳмонхоналари"да эришилган тинчлик битими деб, жиҳод ва жанг майдонини тарк этишда айблайди.
ИШИДнинг Хуросон қаноти Толибон жангариларини "муртад", деб ҳисоблайди ва уларнинг ўлдирилишини исломий қонунлар талқинига кўра, "қонуний", деб билади.
Шундай экан, Суриядаги бу жангариларнинг ҳозир Афғонистонга қайтиши эҳтимоли қанчалик?
Али Ҳусайний: "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" ҳокимиятга келганидан сўнг бир қатор жиҳодчи гуруҳлар Сурия Мудофаа вазирлиги таркибига қўшилди. Уларнинг орасида Ўзбекистон ва Марказий осиёликлардан ташкил топгани айтилувчи "Имом ал-Бухорий" ва "Тавҳид ва Жиҳод" катибалари ҳам бор. Айрим гуруҳлар эса ИШИДни афзал билишди. Яна бошқалари мустақил фаолият юритишларини эълон қилдилар. Айнан шу каби гуруҳларнинг Афғонистонга қайтишлари эҳтимоли йўқ эмас. Бунинг бир қанча сабаби бор. Шулардан бири Сурия ичкарисидаги вазиятдир. Сурия ҳукумати томонидан бу жангариларга нисбатан босим мавжуд. Яна Суриядаги гуруҳлар ўртасида мафкуравий тафовутлар ҳам бор. Бу чекловлар Ўзбек бўладими ёки Тожик, Марказий Осиёдан келган жангариларнинг вазиятини тобора оғирлаштириши ва уларнинг Сурияни тарк этишларига сабаб бўлиши мумкин. Улар, айниқса, ўзларининг Суриядан чиқарилиб юборилишларидан хавотирдалар. Шундай экан, бу гуруҳлар қаерга боришлари мумкин? Ҳозир улар учун айнан Афғонистон ва Покистон мақбул ҳудуддек кўриниши мумкин. Чунки бунга ўхшаш ҳолатга аввал ҳам гувоҳ бўлганмиз. Масалан, 2010 ва 2015 йиллар оралиғида Сурия ва Ироқда икки мингга яқин тожикистонлик фаолият юритгани ишонилган. Босим кучайгач эса, уларнинг Афғонистонга қайтишаётганига оид хабарлар олинган. Бунинг ортидан Афғонистонда тожикистонликлар иштирокидаги ҳужумларнинг сони ортгани кузатилган. Тожикистон фуқаролари томонидан Афғонистон ва Эрон ҳудудида қатор ҳужумлар, жумладан, бир нечта худкушлик ҳужумлари амалга оширилган. Суриядаги вазият ва ушбу гуруҳларнинг мустақиллигини ҳисобга олганда эса, мавжуд босим сабаб, улар кўплаб аъзоларининг мамлакатни тарк этиб, Афғонистон ва Покистонга йўл олишлари ҳамда ўз фаолиятларини у ерда давом эттиришлари эҳтимоли йўқ эмас.
Толибон нима қила олади?
Толибон ва ИШИД бир-бирига ашаддий рақиб икки гуруҳ.
Улар қудратга қайтишидан аввал ҳам, кейин ҳам ИШИД билан курашиб келади.
Бошқарувга келаркан, Афғонистондаги қолган жангари гуруҳларни ҳам ўз назорати остида тутишга ваъда берган.
Аммо уларнинг худди шу ваъдаси манзарасида ҳам ИШИДнинг Хуросон қаноти Афғонистон ичкариси қолиб, ташқарисида ҳам қатор ҳужумлар уюштиришнинг уддасидан чиққан.
Афғонистондан туриб, айрим Марказий Осиё давлатларига ҳам ҳужум қилган.
Бундан ташқари, Покистон яқинда Афғонистонга "очиқ уруш" эълон қилган.
Толибонни "яксон этмоқчи".
Толибон ўз вақтида минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ, деб кўрилган. Аъзолари ва тарафдорларининг сони ўн минглаб экани айтилган.
Аммо Афғонистондаги ҳукуматини ҳозирча фақат Россиягина расман тан олган.
Шундай экан, Толибон ҳукумати воқеаларнинг бу каби ривожига неқадар тайёр?

Сурат манбаси, Anadolu Agency via Getty Images
Али Ҳусайний: Толибон қудратга қайтган 2021 йилда ИШИДнинг Хуросон қаноти Афғонистон ичкарисида деярли ҳар куни битта амалиёт уюштиришга қодир бўлган. Бунга бизнинг статистик маълумотларимиз ва ҳисоб-китобларимиз ҳам далолат қилади. Масалан, 2022 йилнинг апрел ойида биз Афғонистон ҳудудида ИШИДнинг Хуросон бўлими томонидан амалга оширилган 24 та ҳужумга гувоҳ бўлдик. Аммо вақт ўтиши билан бу амалиётлар сони камайди. Бунга сўнгги бир неча ойнинг ўзи ҳам мисол. Улар охирги пайтларда фақат саноқли ҳужумларгагина қўл уришга муваффақ бўлишди. Масалан, тахминан икки ойча олдин Толибоннинг Бадахшон вилояти Ахборот ва маданият бўлими раҳбари ИШИДнинг Хуросон қаноти томонидан ўлдирилди. Лекин уларнинг Афғонистон ичкарисида уюштирган ҳужумлари сони ўтган даврга нисбатан сезиларли даражада камайди. Аммо бу Толибон ИШИД муаммосидан буткул халос бўлганини англатмайди. Чунки Суриядан Афғонистон ёки Покистонга қанча кўп Марказий осиёлик жангари келса, уларнинг ҳужумлари сони ҳам шунча ортиши мумкин. Аввалроқ биз Афғонистон ичкарисидан Тожикистоннинг чегара ҳудудларига қилинган ҳужумларнинг гувоҳи бўлганмиз. Ракеталар ҳам отилган ва бунинг учун жавобгарликни ИШИДнинг Хуросон қаноти ўз зиммасига олган. Бу Марказий Осиё давлатларининг Толибон ҳукуматига ўз хавотирларини билдиришларига ҳам сабаб бўлди. Бизга маълум бўлишича, сўнгги беш йил ичида ўзбекистонлик дипломатлар Толибон ҳукумати вакиллари билан 200 мартадан ортиқ учрашишган. Ушбу мулоқотларнинг асосий қисми Суриядан Афғонистонга келган жангарилар билан боғлиқ хавотирларга асослангани айтилган. Шу сабабли, Марказий Осиё мамлакатлари ушбу жангарилар борасида хавотирга эга ва улар буни Толибон ҳукумати олдида қайта-қайта кўтариб келишади.
Минтақа-чи, бундай эҳтимолга тайёрми?
Huquqni muhofaza qiluvchi organlar avval ularning jang harakatlarida qatnashgan yoki qatnashmaganini sinchkovlik bilan tekshirib, tasdiqlashi, keyingina qaror qabul qilishi lozim.
Орада Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Сурияда омон қолган ИШИД жангариларининг 90 фоизи Афғонистонга ўтганликларини ҳам даъво қилиб чиққан.
Суриядаги хорижий жангариларнинг ортга қайтиши эҳтимолидан сўнгги йилларда ҳатто Россия ҳам ташвишда.
Бу расмий Москва минтақа давлатларини изчил равишда огоҳлантириб келаётган мавзулардан бири.
Орада эълон қилинган халқаро ҳисоботларда постсовет маконидан Яқин Шарқдаги ИШИД жангари гуруҳи сафларида жанг қилганлар энг кўпининг ҳам россияликлар эканликлари айтилган.
Худди шу нарса Россияни Сурия урушига аралашишга ундаган энг муҳим омиллардан бири ўлароқ ҳам тилга олинган.
Асад режими қулатилиши ортидан эса, Трамп маъмурияти бошчилиги остидаги Америка Қўшма Штатлари ИШИДнинг Суриядаги мавқеъларига бир эмас, бир неча бор зарба беришгача борган.
Бунга юзага келажак хавфсизлик бўшлиғи Сурияда яна ИШИДнинг кучайишига сабаб бўлиши мумкинлигига оид жиддий хавотирлар сабаб бўлганди.
Суриядаги қамоқхоналарда ҳам ИШИД жангарилари эканликда гумон қилинган минглаб хорижликнинг сақланаётгани ишонилади.
Аксарият Марказий Осиё давлатлари бунгача Сурия ва Ироқдаги жамлоқлардан юзлаб фуқароларини ортга қайтaришган.
Аммо қайтарилганлардан аксариятини хотин-қиз ва болалар ташкил этганлар.
Яқинда эса Бишкекда кексайиб қолган ота-оналарнинг Ироқ қамоқхоналарида қолаётган фарзандларининг олиб келинишини сўраб, Қирғизистон ҳукуматига мурожаат қилишганига оид хабарлар ҳам олинган.
Бунга ўхшаш ҳолат қолган минтақа давлатлари мисолида кузатилмагани билан ҳам алоҳида эътибор топган.
Шундай экан, Сурияда қолаётган ва аввал турли жангари, қуролли исёнчи гуруҳлар сафида бўлган, жанг қилган фуқароларига нисбатан Марказий Осиё ҳукуматларининг бугунги сиёсати, мавқеи қандай бўлиши керак?
Қанатбек Мурзаҳалилов: "Агар Суриядаги жангарилар орасида Марказий Осиё фуқаролари бўлса ва улар қуролли тўқнашувларда иштирок этган бўлишса, ички қонунчиликка мувофиқ, улар террорчилик гуруҳларига қўшилгани ёки жанг ҳаракатларида қатнашгани учун қонунда белгиланган жазога тортилиши мумкин. Бироқ халқаро пактларга кўра, бундай шахслар ҳеч қачон ўз фуқаролигидан маҳрум этилмайди. Улар ўз Ватанига қайтиши мумкин. Аммо ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар аввал уларнинг жанг ҳаракатларида қатнашган ёки қатнашмаганини синчковлик билан текшириб, буни тасдиқлаши, шундан кейингина қарор қабул қилиши лозим. Агар ҳақиқатан ҳам террорчилик ташкилотлари сафида бўлиб, қуролли ҳаракатларда иштирок этган бўлса, улар қонунда кўрсатилган жазони олиши ва ҳибсга олиниши эҳтимоли юқори".
BBC: Янги Сурия ҳукуматининг хорижий жангариларга нисбатан қоришиқ муносабати ИШИДни қайта кучайтириши мумкин, деган хавотирларга ҳам сабаб бўлган. Бундай эҳтимол минтақа мамлакатлари учун қанчалик хатарли?
Қанатбек Мурзаҳалилов: "Албатта, бу ерда муайян даражада хавф мавжуд. Чунки бугун Сурия раҳбарияти тепасида турган Аш-Шара ўз ҳокимиятининг қонунийлигини мустаҳкамлаш, турли санкциялардан чиқиш учун ўз фаолиятини легаллаштириши зарур. Шунинг учун у бу одамларнинг жамиятга интеграциялашуви ёки ўз Ватанига қайтиши учун шароит яратиши керак. Иккинчидан, бу ерда халқаро босимни ҳам инкор этиб бўлмайди. Хитой ва Россия ушбу жангчиларнинг ҳуқуқий мақомини аниқлашни талаб қилмоқда. Марказий Осиё давлатлари учун эса уларнинг қайтиши маълум даражада хавф туғдиради. АҚШ бошчилигидаги давлатлар учун ҳам бу шахсларнинг мақомини белгилаш муҳим ҳисобланади. Чунки Марказий Осиё фуқароларидан ташкил топган "Тавҳид ва Жиҳод", "Имом Бухорий" каби катибалар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг санкциялар рўйхатига киритилган. Шу сабабли бу масалада маълум даражада ҳуқуқий зиддиятлар юзага келиши мумкин".
ВВС: Сизнингча, Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари ушбу эҳтимолни ҳам ҳисобга олган ҳолда ҳозир қандай йўл тутишлари керак?
Қанатбек Мурзаҳалилов: "Марказий Осиё давлатлари раҳбарияти эътибор қаратиши керак бўлган асосий масала шуки, агар Суриядаги жангчилар сафида минтақа фуқаролари бўлса, энг катта хавф уларнинг ИШИД гуруҳига қўшилиб кетишидир. Бу биринчи хавф. Иккинчи хавф эса, уларнинг Туркия ёки Афғонистон каби учинчи давлатлар орқали ўтиб, ИШИДнинг Хуросон қаноти сафларига қўшилиши эҳтимолидир. Шунинг учун давлатларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатлари жуда муҳим. Ҳар бир фуқаронинг шахси аниқланиши, унинг жанг ҳаракатларида иштирок этган ёки этмагани текширилиши лозим. Шунингдек, антитеррор ташкилотлари орқали ҳар бир шахс билан индивидуал тарзда ишлаш керак. Бу жангариларга тегишли масала. Аёллар ва болаларга келадиган бўлсак, Марказий Осиё давлатлари Сурия ва Ироқ ҳудудида бўлган фуқароларни қайтариш бўйича турли репатриация дастурларини амалга оширди. Натижада кўплаб Марказий Осиё фуқаролари ўз юртларига қайтди ва улар билан тегишли реабилитация ишлари олиб борилди. Аммо жангчилар сафида бўлган шахсларнинг ҳар бири алоҳида ўрганилиши ва аниқланиши зарур".
ВВС: Энди ушбу жангариларнинг ўз мамлакатларига қайтишлари эҳтимоли қанчалик? Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари воқеаларнинг бу каби ривожига қанчалик тайёр?
Қанатбек Мурзаҳалилов: "Бунинг эҳтимоли бор, аммо ушбу гуруҳларнинг тўлиқ таркибда қайтиб келиши эҳтимоли кам. Чунки бугунги кунда Сурия ҳукумати мазкур шахсларни ўзининг мунтазам армияси сафларига ёки турли иш ўринларига жалб қилишга ҳаракат қилмоқда. Аммо Сурия ҳукумати қабул қилган қарорларга қўшилмаган шахслар юқорида айтилганидек, Афғонистон ёки бошқа давлатлар орқали оммавий эмас, балки якка тартибда қайтиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳозир Марказий Осиё давлатларининг ваколатли куч тузилмалари ўзаро мувофиқлаштириш ишларини олиб бориши керак. Бу хавфни бутунлай инкор этиб бўлмайди. Шу боис терроризмга қарши курашувчи идоралар ўртасидаги мувофиқлаштирилган ҳамкорлик жуда муҳим. Марказий Осиё давлатларида террорчилик гуруҳларининг "ухлаб ётган ячейкалари" мавжудлиги ҳақида айтиб келинади. Агар ана шу "ячейкаларда" урушда қатнашиб қайтган, террорчилик гуруҳлари таъсирига тушиб қолган шахслар бўлса, улар келгусида зўравонликка асосланган бошқа усулларни қўллашини ҳам истисно қилиб бўлмайди".
Бу минтақа хавфсизлиги учун нимани англатади?

Сурат манбаси, GETTYIMAGES/RASMIY/BBC
Ўзбекистон ҳозирги кунда Россия шамсияси остидаги ўзининг Тезкор Мадад кучларига эга хавфсизлик блоги - Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилотига кирмайди.
Аммо НАТОнинг муқобили сифатида ҳам кўрилувчи Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг тўлақонли аъзоси.
Бугунги кунда Марказий Осиё давлатларининг ўзи ҳам ташқи таҳдидларга бефарқ эмас, ўтган йили хавфсизлик масаласига баҳамжиҳат ёндашиш қарорига келишган.
Улар етакчилари пойтахт Тошкентда минтақавий хавфсизлик концепциясини имзолашган.
Ўзбекистон ҳам, Қозоғистон ҳам айнан сўнгги йилларда ўзларининг ҳарбий салоҳиятларини кучайтириш, ҳарбий ҳамкорларини турфалаштириш ҳаракатидалар.
Икковлон ҳам халқаро рейтингларда минтақа Қуролли кучлари энг жанговарлари сирасига киришади.
Расмий Тошкент ҳам Суриядаги воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида ҳозирча бу хусусда бирор бир расмий баёнот билан чиқмаган.
Аммо "Меҳр-2" операцияси фонида бирор бир Ўзбекистон фуқароси тақдирнинг измига ташлаб қўйилмаслигини баён қилганди.
Янги Ўзбекистоннинг бу каби саъй-ҳаракатларига баҳо бераркан, орада айрим сиёсий таҳлилчилар расмий Тошкентнинг Яқин Шарқдаги фуқаролари билан боғлиқ муаммони англаб етганини айтишган.
Давлат уларни қайтариш билан ўзининг истиқболдаги, келажакдаги хавфсизлигини ўйлаб, жиддий иш қилаётганини таъкидлашганди.
Янги Ўзбекистоннинг илк "Меҳр" инсонпарварлик амалиётига оид хабар эса, ўша пайтда ижтимоий мулоқот тармоқларини том маънода ларзага келтирган Ўзбекистон билан боғлиқ яна бир долзарб ва зиддиятли мавзуга айланган.
Берилган баҳо, билдирилган акс-садо ва муносабатлар тамом иккига бўлинган.
Айниқса, қораловчи томоннинг фикрлари ўзининг ўта кескинлиги билан ажралиб турган.
Бу каби қарашлар бир нуқтага жамланганда, уларни Ўзбекистонга қайтаришга ҳожат бўлмагани, бу иш хато эканига оид мазмун-моҳият англашилган.
Халқаро жамоатчиликда эса, ортга қайтарилганларнинг бирор бир босимга учраш-учрамасликлари билан боғлиқ безовталик сезилган.
Аммо Ўзбекистон Яқин Шарқдан олиб келинганлар деярли барчасини оддий ҳаётга қайтарган.
Сиёсий таҳлилчиларга кўра, давлат бу ишлари билан ўзига бўлган ишончни кўрсатган, легитимлиги жиддий бир даражада ошган.
Дастлабки "Меҳр" инсонпарварлик амалиёти ортидан, Ўзбекистон раҳбарининг шахсан ўзи бу инсонларни Сурияга нима етаклагани саволини кун тартибига ҳам олиб чиққан.
"Уят бўлса ҳам айтиш керак, 156 нафар Сурияга кетганлар нима учун кетган? Кимни излаб кетган?", - деяркан, "Тан олиш керак, биз уларга шароит яратиб бермаганимиз учун кетган!", - дея бунда, таъбир жоиз, "ўз айблари"ни ҳам ишкора эътироф этган.
"Биз ҳаммамиз бу ҳолатни чуқур ўйлашимиз керак", - деганди ўшанда Ўзбекистон Президенти Мирзиёев.
Бу каби ошкора эътироф эса, мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор кузатилганди.
Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг сентябрида афв тўғрисида махсус фармон ҳам қабул қилган.
Бу фармон жангари гуруҳларга "адашиб кириб қолган ва пушаймон бўлган фуқароларни афв" этишни кўзда тутган.
Унинг қабул қилиниши ортидан қанча сондаги ўзбекистонлик жангарининг ортга қайтгани маълум эмас.
Бошқа томондан, кечаётган йилда ҳам Ўзбекистон матбуотида Сурияда яшаб, халқаро террористик ташкилотлар сафида иштирок этиш ва экстремистик материалларни тарқатишда айбдор, деб топилганларнинг қамоқ жазоларига ҳукм этилишганига оид хабарлар олинган.





























