Жаҳонда Хитой қўлловчилари кўпаймоқда. АҚШники эса камаймоқда. Нега?

Сурат манбаси, Getty Images
Pew Research Center тадқиқот марказининг янги ҳисоботига кўра, дунёнинг кўплаб мамлакатларида Хитой АҚШга нисбатан ижобийроқ қабул қилинмоқда. Ташкилот ўтказган тадқиқотлар тарихида бу каби натижа илк бор қайд қилинган.
АҚШда жойлашган ва бетараф кўрилган таҳлил маркази тадқиқотига кўра, кўплаб мамлакатларда Хитойга нисбатан ижобий муносабат рекорд даражага етган, айни пайтда АҚШ ҳақидаги тасаввурлар ёмонлашган.
Умуман олганда, сўров қатнашчилари АҚШ президенти Доналд Трамп ва Хитой раҳбари Ши Жинпинга нисбатан юқори ишонч билдирмаган. Бироқ Ши Трампга қараганда юқорироқ баҳоланган.
Шу билан бирга, респондентлар АҚШ шахсий эркинликларни Хитойга қараганда кўпроқ ҳурмат қилади деб ҳисоблаган бўлса-да, Хитой бошқа давлатларнинг ички ишларига АҚШга нисбатан камроқ аралашади, деган фикр ҳам кенг тарқалган.
PEW феврал ва май ойлари ўртасида 36 мамлакатдаги 42 минг инсон ўртасида сўров ўтказган.

Сўров иштирокчиларидан ҳар икки давлат ҳақидаги фикрларини "жуда ижобий", "бирмунча ижобий", "бирмунча салбий" ёки "жуда салбий" тарзда баҳолаш сўралган.
Тадқиқот натижаларига кўра, ўрганилган 36 мамлакатнинг 25 тасида Хитой ҳақида ижобий фикр билдирганлар сони АҚШ ҳақида ижобий фикр билдирганлардан кўпроқ бўлган.
2002 йилдан буён дунёнинг икки йирик давлатига муносабатни кузатиб келаётган марказ учун бу биринчи шундай ҳолатдир. Тадқиқот муаллифларидан бири Жонатан Шулманнинг айтишича, бунгача бу қадар кўп мамлакатда бундай натижа қайд этилмаган.
Pew маркази бундан аввал ҳам АҚШга нисбатан ижобий муносабат пасайган даврларни кузатган. Масалан, 2008 йилда Жорж Буш президентлигининг охирида ва 2017 йилда Трампнинг биринчи президентлик муддати бошланишида шундай ҳолат юз берган.
Бироқ ҳатто ўшанда ҳам Хитойга нисбатан ижобий муносабат одатда АҚШ билан тенг ёки бироз паст даражада бўлган, деди Шулман BBCга.
Испания, Индонезия, Италия, Греция ва Канада Хитой томонга энг кучли силжиш кузатилган мамлакатлар қаторига кирди.
Жорий йилги сўровда фақат олти мамлакат АҚШни Хитойдан афзал кўришини билдирган. Уларнинг аксарияти Вашингтоннинг яқин иттифоқчилари ҳисобланади: Полша, Филиппин, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Япония ва Исроил.
Алоҳида таҳлилда марказ 20 мамлакат бўйича ҳисобланган ўртача кўрсаткич АҚШга нисбатан ижобий муносабатнинг сўнгги йилларда изчил пасайганини, Хитойга нисбатан ижобий муносабат эса ошганини аниқлади.
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Тадқиқотчилар, шунингдек, АҚШ ҳам қамраб олинган кенгайтирилган маълумотлар тўплами асосида, кейинги йилларда ўрганилган мамлакатларнинг учдан биридан кўпроғида Хитойга нисбатан ижобий муносабат кучайганини қайд этди.
Бу йилги сўровда Италия, Испания, Колумбия, Мексика, Индонезия, Малайзия, Нигерия ва Туркияда Хитой ҳақидаги ижобий қарашлар рекорд даражага етган.
Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, ўрта даромадли мамлакатлар одатда Хитой ҳақида ижобий фикрга эга бўлса, ривожланган давлатлар кўпроқ салбий муносабат билдирган.
Бу қонуниятнинг асосий истисноларидан бири Сингапур бўлиб, сўровда иштирок этган мамлакатлар орасида аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот кўрсаткичи энг юқори давлатлардан бири бўлишига қарамай, Хитойга нисбатан ижобий муносабат юқори бўлиб келган.
Сўровда Хитой ҳақидаги энг ижобий ва энг салбий фикрлар Осиё-Тинч океани минтақасида қайд этилган. Покистонликларнинг қарийб 90 фоизи Хитойни қўллаб-қувватлаган бўлса, японияликларнинг бор-йўғи 11 фоизи шундай фикр билдирган.
Президент Шига кўпроқ ишонасизми ёки Трампга?
Сўров иштирокчиларидан Ши Жинпин ва Доналд Трамп жаҳон ишларида тўғри қарор қабул қилиш қобилиятига эга, деб ҳисоблайдими ёки йўқми, деган саволга ҳам жавоб бериш сўралган.
Умуман олганда, ҳар икки раҳбарга ишонч даражаси паст бўлган ва аксар мамлакатларда кўрсаткич 50 фоиздан ошмаган. Шунга қарамай, кўплаб мамлакатларда респондентлар президент Шига Трампга қараганда кўпроқ ишонч билдирган.
Ши учун энг юқори ва энг паст кўрсаткичлар Покистон ва Японияда қайд этилган: 83 ва 7 фоиз.
Трамп учун энг юқори кўрсаткич Филиппинда бўлиб, у ерда 68 фоиз иштирокчи ишонч билдирган. Энг паст кўрсаткич эса Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусда қайд этилиб, бор-йўғи 4 фоизни ташкил қилган.
Жонатан Шулманнинг айтишича, тадқиқот натижалари одатда одамлар Ши ҳақида бошқа раҳбарлардек кучли фикрга эга эмаслигини кўрсатган.
"Трамп ҳақида эса, одамлар кўпроқ жавоб беришга мойил ва ўта ижобий ёки ўта салбий позицияларни танлайди", дейди у.
Сўровнома яна шуни ҳам кўрсатганки, ҳамон АҚШ ҳукумати Хитой ҳукуматига нисбатан ўз фуқароларининг шахсий эркинликларини кўпроқ ҳурмат қилади, деб ҳисобловчилар сони кўпроқ бўлса-да, ҳар иккиси ўртасидаги фарқ қисқарган.
Pew маркази ўрта даромадли бир қатор мамлакатларда қўшимча саволлар ҳам бериб, одамларнинг икки йирик давлатнинг ташқи сиёсати ҳақидаги қарашларини ўрганди.
Респондентларнинг ўртача 75 фоизи АҚШ бошқа мамлакатлар ишларига жуда кўп ёки маълум даражада аралашади, деб ҳисоблаган. Хитой ҳақида ҳам шундай фикр билдирганлар улуши эса 45 фоизни ташкил этган.
Бошқа сўровлар натижаси қандай?
Сўнгги йилларда бошқа ташкилотлар ҳам шунга ўхшаш тадқиқотлар ўтказган.
Gallup сўров маркази ўтган йили Хитой глобал маъқуллаш кўрсаткичлари бўйича АҚШни ортда қолдирганини аниқлаган. Қайд этилишича, Хитой фойдасига энг катта фарқ сўнгги 20 йил ичида кузатилган.
Бироқ Asia Society'нинг ҳар йилги "Хитой ҳақидаги глобал жамоатчилик фикри" тадқиқоти пандемия даврида ёмонлашган Хитой имижи кейинчалик фақат қисман тикланганини кўрсатган.
Carnegie China таҳлил марказининг штатсиз илмий ходими Чон Жа Иан Pew тадқиқотининг сўнгги натижаларини кутилмаган ҳол деб ҳисобламаслигини айтди.
Унинг фикрича, "АҚШ сиёсатининг ўзгарувчанлиги, жумладан куч ишлатилиши ва бунинг иқтисодий оқибатлари кўпчиликни хавотирга солмоқда".
Тадқиқот Доналд Трамп Гренландияни АҚШга қўшиб олиш ҳақидаги баёнотларини кучайтирган ҳамда АҚШ Венесуэла раҳбари Николас Мадурога қарши ҳаракатлар олиб борган даврдан кўп ўтмай бошланган. Сўров ўтказилган вақтда АҚШнинг Эрон билан қуролли тўқнашуви ҳам рўй берган бўлган.
Доктор Чоннинг айтишича, Хитой мутлақ даражада машҳурми ёки йўқми, бу алоҳида савол. Аммо ҳозирча у анча башорат қилиш мумкин бўлган давлат сифатида кўрилмоқда. Пекин, айниқса ривожланаётган мамлакатларда, ўз имижини яхшилаш учун ҳам катта саъй-ҳаракат қилмоқда.
Хитойга юқори ижобий муносабат билан Ши Жинпинга нисбатан нисбатан паст ишонч ўртасидаги фарқ ҳақида сўралганда, доктор Чон шундай деди:
"Хитойнинг башорат қилиш осонроқ давлат экани баъзи одамларни хотиржам қилиши мумкин. Аммо бу президент Шининг авторитар етакчи экани воқелигини ўзгартирмайди».
Унинг таъкидлашича, Ши раҳбарлигида Хитой "янада қатъий ва кенг кўламли даъволарни илгари сурмоқда, жумладан бошқалардан ҳам ўзининг дунёқарашига мослашишни талаб қилмоқда".
Шунингдек, мамлакатда озчилик миллатларга муносабат масаласига оид саволлар ҳам сақланиб қолмоқда.
Доктор Чон сўзига кўра, одамлар кўпроқ мажбурловчи ва иқтисодий жиҳатдан унчалик фойдали бўлмаган сиёсатларни шахсан Ши билан боғлашади. Технологик тараққиёт каби ижобий жиҳатларни эса кенг маънода Хитойнинг ўзи билан боғлашади.





























