Сўздан амалга: Озарбайжон раҳбарининг ташрифи таҳлилчилар нигоҳида

Сурат манбаси, Prezident.uz
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 23-24 август кунлари Ўзбекистонда бўлиб, Президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказди. Ташриф давомида томонлар Абадий дўстлик тўғрисидаги шартномани имзоладилар, 2030 йилгача ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказишга келишиб олдилар ҳамда инвестициялар, туризм, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка оид қатор битимларни имзоладилар.
Алиевнинг ташрифи ўзбек шарҳловчилари томонидан ижобий кутиб олинди. Улар асосан сиёсий, иқтисодий ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорликнинг чуқурлашаётганига эътибор қаратдилар.
"Қоғоздаги келишувлардан амалий ҳамкорликка ўтилмоқда"
Иқтисодий таҳлилчи Абдували Соибназаровнинг фикрича, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар сиёсий декларациялар босқичидан амалий ҳамкорлик даражасига кўтарилмоқда.
"Масалан, аввал ҳам, Ислом Каримов даврида ҳам икки давлат ўртасида алоқалар бўлган. Аммо улар асосан расмий ташрифлар билан чекланиб, эришилган келишувлар қоғозда қолиб кетарди. Бугун эса вазият ўзгарган. Ҳам Ўзбекистон, ҳам Озарбайжонга амалий иш керак ва биз бугун имзоланаётган келишувларнинг ҳаётга татбиқ этилаётганини кўряпмиз", деди у 25 август куни Fikrat YouTube каналидаги муҳокама чоғида.
Унинг таъкидлашича, ҳамкорлик тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, нефт-газ ҳамда нефт-кимё тармоқларида кенгайиб бормоқда. Таҳлилчи икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 2025 йилда 350 миллион долларга етганини қайд этди.
"2025 йил натижаларига қарайдиган бўлсак, савдо ҳажми 350 миллион долларни ташкил этди. Бу мамлакатларимиз салоҳияти учун ҳали кам, бироқ аввалги йилларда ҳатто 50 миллион долларга ҳам етмаган даврлар бўлган", деди у.
Соибназаровнинг сўзларига кўра, томонлар энди савдо ҳажмини камида 1 миллиард долларга етказиш масаласини кун тартибига қўйган.
Абадий дўстлик шартномаси
Соибназаров алоҳида равишда Алиев ва Мирзиёев имзолаган Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома аҳамиятига тўхталди.
"Халқаро ҳуқуқ ва дипломатияда бу икки ёки ундан ортиқ мустақил давлат ўртасидаги муносабатларнинг энг юқори даражасини ифодаловчи ҳужжат ҳисобланади. Унинг асосий мазмуни ва тамойилларига назар ташласак, томонлар суверенитет ва чегаралар дахлсизлиги масаласида бир хил позицияга эга. Энди улар бир-бирининг мустақиллиги ва суверенитетини сўзсиз тан олади ва ҳурмат қилади", деди у.
Таҳлилчи мазкур шерикликни минтақавий ҳамкорликнинг кенгайиши билан ҳам боғлади ва Озарбайжоннинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари учрашувларида мунтазам иштирок этаётганини эслатди.
"Бугун Марказий Осиёда бешта эмас, олтита давлат борлиги ҳақида гапирилмоқда. Чунки Озарбайжон деярли барча минтақавий учрашувларда иштирок этмоқда ва ўзини ягона Марказий Осиё маконининг бир қисми деб ҳисоблайди. Энди Ўзбекистон билан Абадий дўстлик шартномаси ҳам имзоланди. Бу оддий иттифоқчиликдан ҳам юқорироқ даражадаги муносабатдир", деди у.
Европага чиқувчи транспорт йўлаги
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Terjiman Telegram канали 25 август куни эълон қилган постида Ўзбекистон ва Озарбайжон Транскаспий халқаро транспорт йўлагини ривожлантираётганини таъкидлади. Ушбу йўналиш Ўзбекистондан Каспий денгизи орқали Озарбайжонга, у ердан Туркия ва Европага чиқишни назарда тутади.
Канал маълумотига кўра, Мирзиёев Каспий денгизида ягона оператор бошқарувидаги алоҳида Ўзбекистон-Озарбайжон транспорт коридорини ташкил этишни таклиф қилган. Шунингдек, томонлар қўшма флот ташкил этиш ишларини жадаллаштиришни режалаштирмоқда.
"Тошкент учун бу стратегик аҳамиятга эга. Ўзбекистон дунё океанларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга эмас. Шу боис Транскаспий йўналишини ривожлантириш савдо йўлларини диверсификация қилиш ва мамлакатнинг Ўрта коридордаги ўрнини мустаҳкамлаш имконини беради", дейилади постда.
Соибназаровнинг айтишича, Озарбайжон томони Ўзбекистонга ўз портлари имкониятларидан фойдаланишни ҳам таклиф қилган.
"Озарбайжон томони Алат порти ва бошқа портлардан, масалан, ижара асосида фойдаланиш имкониятини ҳам таклиф қилди", деди у.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Банк сектори ва савдо
Иқтисодчи Отабек Бакиров 24 август куни ўзининг Telegram каналида Озарбайжоннинг етакчи молиявий муассасаларидан бири бўлган ABB банки Ўзбекистон бозорига кираётганини қайд этди.
"Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган музокаралардан сўнг, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев эришилган натижалар қаторида мамлакатнинг етакчи банки Ўзбекистон бозорига кирганини ҳам тилга олди", деб ёзди Бакиров.
Унинг маълум қилишича, ABB банки Ўзбекистоннинг Davr Bank акцияларининг 51 фоизини сотиб олиш бўйича келишувга эришган.
"Агар битим аввал эълон қилинган шартлар асосида якунланса, банк акциялари номинал қийматидан бир ёки икки баравар юқори баҳоланади. Бу эса Ўзбекистон банк бозоридаги кичик ва ўрта банклар учун муҳим мезон бўлиб хизмат қилади", деди иқтисодчи.
Шу билан бирга, иқтисодчи Юлий Юсупов икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми кескин ошганини, бироқ бунда олтин экспорти ҳал қилувчи ўрин тутганини қайд этди.
"2025 йилда Ўзбекистоннинг Озарбайжонга экспорти 211,6 миллион доллардан 719 миллион долларгача ошди. Бу жуда катта ўсиш. Бироқ экспорт таркиби таҳлили шуни кўрсатдики, ўсишнинг деярли барчаси аввал Озарбайжонга экспорт қилинмаган 508 миллион долларлик олтин савдоси ҳисобига юз берган", деб ёзди у 25 август куни эълон қилинган постида.
Кремлга яқин манбанинг муносабати
Кремлпараст позицияси билан танилган "Туранский экспресс" Telegram канали 24 август куни эълон қилган постида Марказий Осиё ва Кавказни "ягона Евроосиё макони" деб атади ҳамда минтақа ўз тараққиётининг энг юқори босқичига "Россия/Совет геосиёсий лойиҳаси" таркибида эришганини таъкидлади.
"Аслида, атрофда кўриб турган деярли барча инфратузилма Россия ёки СССР ёрдамида барпо этилган", дейилади постда.
Канал бугунги минтақа раҳбарларини Туркия, Хитой, Буюк Британия, Европа ва АҚШ билан алоқаларни ривожлантиришга интилаётганликда танқид қилар экан, улар айни пайтда совет даврида яратилган инфратузилма ва иқтисодий асослардан фойдаланишда давом этаётганини таъкидлади.
































