Путин, Си ва Моди Бишкекда учрашади, Мирзиёев ҳам – Қирғизистон пойтахтига минглаб милиция ходими ташланди

Сурат манбаси, SERGEI BOBYLYOV/SPUTNIK/AFP via Getty Images
Бишкекдаги саммит олдидан ёки ким ниманинг илинжида?
Диққат-эътибордаги саммит
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти дунёнинг тўрт ядровий қудрати - Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Покистонни ўз ичига олади.
Осиёнинг энг йирик давлатлари ва иқтисодларини бирлаштиради.
Ташкилот минтақанинг дунёдаги энг қудратли ҳарбий алянс – НАТО'сига ҳам қиёс берилади.
Хитой ва Россия шамсияси остидаги йирик минтақавий блок саналади.
У 3.5 миллиардга яқин кишини ўзида мужассам этади.
Жаҳон Ялпи Ички маҳсулотининг қарийб чорак қисми битта шу блокнинг ўзига тўғри келади.
10 та тўлақонли аъзо, яна мулоқот бўйича ҳамкор ва кузатувчи мақомидаги қатор давлатлардан ташкил топган.
Уларнинг сирасига тўрт Марказий Осиё давлати – Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳам киради.
Яна яқин-яқингача йирик минтақавий ўйинчилардан бири саналган Эрон, Россиянинг ҳозир постсовет ҳудудидаги энг яқин иттифоқчиси кўрилувчи Беларус ҳам.
Аммо ядровий қудрат бўлган аксарият аъзолари, йилларки, ўзаро адоватда, муносабатлари танг.
Шуниси билан ҳам, йилларки, четда ўзига эътибор тортиб келади, фаолиятининг самараси турли таҳлил ва баҳоларга сабаб бўлади.
Бошқалари эса уруш ичида, яна бирлари қуролли можароларга бош суққан.
Бугунги аҳвол

Сурат манбаси, Diego Fedele/Getty Images
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Россия ва Эрон ҳозир уруш ҳолатида.
Қарийб беш йилдирки, Россия Украина билан урушиб келади.
Эрон эса яқинда АҚШ ва Исроилнинг кенг кўламли ҳужумлари остида қолган.
Ядровий Покистон Афғонистондаги Толибон ҳукумати билан терс.
Яқинда уларга қарши "очиқ уруш" эълон қилган.
Толибонни "яксон" этиш мақсадини изҳор этган.
Ҳаракат қудратга қайтган 2021 йилгача Афғонистон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти қошида кузатувчи мақомида бўлган.
Толибон ҳукуматини ҳам ҳозирча худди шу ташкилотга аъзо Россиягина расман тан олган.
Ўтган беш йил давомида ШХТ саммитлари Афғонистонсиз ўтган.
Хабарларга кўра, бу галгиси ҳам шундай бўлади.
Бишкек шу кунларда ташкилотнинг юбилей саммитига мезбонлик қилади.
Саммит минтақадаги худди шу урушлар боис дунёда геосиёсий танглик кескинлашган бир пайтда бўлиб ўтади.
Саноқли йилларнинг ўзида шаклланган бу каби вазиятга Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари ҳам бефарқ эмас.
Ўз хавотирларини расман ва ошкора изҳор этиб келишади.
Бунинг ўз минтақаларига таъсири ва оқибатидан қанчалик ташвишда эканликларини ҳам яширишмайди.
Олиймақом йиғин арафасида минтақадаги ўзаро адоватда бўлган икки йирик ўйинчи давлат – Хитой ва Ҳиндистон етакчилари эса кетма-кет икки Марказий Осиё мамлакатига сафар қилишган.
Ҳиндистон Бош вазири давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келган.
Хитой президенти эса худди шундай ташрифини мезбон Қирғизистонга амалга оширган.
Хабарларга кўра, Бишкекда экан, Хитой президенти Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Қирғизистон билан муносабатларидаги "олтин давр"дан сўз очган.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон эса пойтахт Тошкентда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2030 йилга қадар 5 миллиард АҚШ долларига етказиш ниятини изҳор этишган.
Томонлар 30 кунлик визасиз режимни жорий этишга ҳам келишиб олганликларига оид хабарлар олинган.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида бундай тартиб аллақачон амалда.
Хитой бугун аксарият Марказий Осиё давлатлари каби Ўзбекистоннинг ҳам энг йирик савдо-иқтисодий ҳамкори бўлади.
Сўнгги икки асрча Россиянинг таъсири остида, деб кўрилган минтақада Хитой мавқеининг кучайиб бораётгани эса бугун рад этиб бўлмайдиган воқеъликка айланган.
Аммо минтақа учун ҳам анчайин ҳассос даврда Ўзбекистон ва Қозоғистон каби йирик Марказий Осиё давлатлари имкон қадар кўп қутбли ташқи сиёсат юритиш мавқеида қатъий кўринишади.
Путиннинг Бишкекка етиб боргани ёки йўқлиги ҳозирча маълум эмас, бу ҳақда ҳалича расмий хабарлар кўзга ташланмаган.
Шу соатларда Ўзбекистон президентининг Қирғизистонга жўнаб кетгани хабари олинган.
Саммитнинг асосий тадбирлари эртага, 1 сентябр кунига режаланган.
Қирғизистонда бўлган мухбиримизнинг айтишича, давлат ташрифию саммит сабаб, пойтахт Бишкекда фавқулодда хавфсизлик чораларига қўл урилган.
Бишкекдаги вазият

Сурат манбаси, rasmiy
Санжар Эралиев
BBC, Бишкек, Қирғизистон
"Хитой раҳбари Си Цзинпиннинг Қирғизистонга давлат ташрифи ва Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити арафасида Бишкекда хавфсизлик чоралари кучайтирилди.
Пойтахт Ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, 31 август куни пойтахт кўчаларида 15 мингдан зиёд милиция ходими навбатчилик қилмоқда.
Одатда одамлар гавжум бўладиган Ала-Тоо майдонида асосан сайёҳларни кўриш мумкин. Пойтахтнинг марказий кўчаларидан бири бўлган Чуй кўчасида эса автомобиллар ҳаракати тўхтатилган. Бошқа кўчаларда ҳам вақти-вақти билан ҳаракат чекланмоқда.
Марказий йўллар бўйлаб ўнлаб милиция ходимлари навбатчилик қиляпти. BBC мухбири кузатувига кўра, катта кўчаларга туташ йўлларнинг бошларида ва бекатларда ҳам қўшимча хавфсизлик ходимлари жойлаштирилган.
Расмийлар хавфсизлик чораларининг бундай кучайтирилишига оид алоҳида изоҳ бермаган.
28 август куни президент Садир Жапаров пойтахтда халқаро тадбирларга тайёргарлик ва хавфсизлик чораларини текширган.
У хавфсизлик кучлари олдида турган асосий вазифалардан бири халқаро тадбирлар вақтида жамоат тартибини таъминлаш, Қирғизистон фуқаролари ва хорижлик меҳмонлар хавфсизлигини сақлаш эканини айтган.
ШҲТ саммити олдидан Бишкекнинг марказий кўчаларида ободонлаштириш ва таъмирлаш ишлари ҳам олиб борилган. Айрим кўприклар янгиланган, йўл бўйидаги эски кўп қаватли бинолар таъмирланган. Улардаги балконлар бузилиб, янгиларига алмаштирилган.
Prezident ma’muriyati matbuot kotibi esa aholini tadbirlar vaqtida "madaniyatli bo‘lishga" chaqirgan. Bu tavsiyalar jamoatchilikning ayrim qismi tomonidan tanqid qilingan.
ШҲТ саммити 1 сентябрь куни Бишкекда ўтказилади. Унда 20 дан ортиқ давлат раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда. Орасида Россия ва Эрон каби уруш ва можаролар марказида турган мамлакатларнинг президентлари ҳам. Бир кун аввал БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Бишкекка борган.
Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилотининг Бишкекдаги саммити "ШҲТга 25 йил: барқарор тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик сари биргаликда" шиори остида ўтади.
Аввалроқ расмийлар Бишкек аҳолисига август охири ва сентябр бошида, имкони бўлса, шаҳардан бошқа ҳудудларга чиқиб кетишни тавсия қилган эди. Президент маъмурияти матбуот котиби эса аҳолини тадбирлар вақтида "маданиятли бўлишга" чақирган. Бу тавсиялар жамоатчиликнинг айрим қисми томонидан танқид қилинган.
31 август куни шаҳарни оммавий тарк этиш кузатилмади. Аммо Бишкек кўчаларида автомобиллар тирбандлиги камайган. Автобуслар сони қисқарган ёки айрим йўналишлар ўзгартирилган. Бозорлар ва савдо марказлари ёпиқ.
Шу куни Бишкекда Жаҳон кўчманчилар ўйинларининг очилиш маросими бўлади. Унда саммит меҳмонлари ҳам иштирок этади. Бишкекда кучайтирилган хавфсизлик чоралари камида яна бир кун давом этади.
31 август - Қирғизистон Мустақиллик куни. Аммо байрам тадбирлари Бишкекда эмас, 15 сентябр куни Талас вилоятида ўтказиладиган бўлган."
Бишкекдан тайёрланган видеони кўриш учун қуйида илова қилинган линкни босинг:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ким ниманинг илинжида?

Сурат манбаси, rasmiy
Саммит арафасида олинган хабарларга кўра, унда кўп масалалар муҳокама этилади.
Йиғин теграсида бўлса ҳам, халқаро ва минтақавий миқёсдаги йирик қуролли можароларни ҳам ўз ичига олади.
Яқин Шарқдаги вазият муҳокама қилинади.
Украина уруши ҳам бир четда қолмайди.
Афғонистон масаласига ҳам эътибор қаратилади.
Афғонистон ШХТ учун узоқ вақтдан буён устивор масала.
Ташкилот терроризм, гиёҳванд моддалар контрабандаси ва чегаралар хавфсизлиги билан боғлиқ вазиятдан хавотирда.
Яна Ҳиндистоннинг Хитой ва Покистон билан муносабатлари ҳам муҳокама этилиши мумкин.
Бу эса ташкилотнинг ўз ичидаги айрим зиддиятларни ҳам кун тартибига олиб чиқиши эҳтимоли бор.
Шу боис, Си ва Моди ўртасидаги учрашув ҳам диққатни тортиши аниқ.
Томонлар баҳсли чегара ҳудудлари юзасидан келишолмай келишади.
Йилларки, ўзаро муносабатлари танг.
Бишкекдаги саммитда Ҳиндистон ва Покистон етакчилари ҳам юз кўришишади.
Бу икки давлат ҳам ўзаро адоватда.
Бунда зиддиятли Кашмир минтақаси кўпроқ ўрин тутади.
Хабарларга кўра, Путин Си билан ҳам мулоқот қилиши мумкин.
Украина уруши ва Ғарбнинг босими сўнгги йилларда бу икки анъанавий иттифоқчини янада яқинлаштирган.
Айрим таҳлилларга таянилса, кутилаётган мулоқот икковлоннинг ШҲТ доирасида ўзаро ҳамкорликни қандай мувофиқлаштириши ҳақида ҳам тасаввур беради.
Орада АҚШнинг Хитой ва Ҳиндистон воситасида Россияни Украина урушига чек қўйиш уринишлари иш бермаган.
Ҳиндистон ҳам Хитой ва Эрон каби Россиянинг анъанавий иттифоқчилари сирасига киради.
Яна Осиё бўйлаб ўтувчи савдо ва энергетика йўлаклари каби иқтисодий масалалар ҳам эртанги саммит кун тартибидан ўрин олиши айтилган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Бошқа муҳим учрашувлар

Сурат манбаси, Getty Images/illyustrativ
Эрон президентининг ҳам Путин билан учрашиши кутилмоқда.
Эрон Россиянинг Яқин Шарқдаги энг яқин ва анъанавий иттифоқчиси.
Яқинда АҚШ ва Исроилнинг ҳужумлари остида қолган.
Вашингтон Эронга ўзининг иқтисодий босимларини ҳам кучайтирган.
Иттифоқчиларига қарши иккиламчи санкцияларини кенгайтиришини ҳам айтган.
Эрондаги вазият Кремлнинг диққат-эътиборида.
Орада Путин Трампга воситачилик қилиш таклифи билан ҳам чиққан.
Аммо таклифи рад этилган.
Икки ўртада имзолаган битимлари эса Россияни Эронни ҳарбий жиҳатдан қўллашга масъулламайди.
Аммо Ғарб Эронни Украинага қарши урушида Россияни дастаклашда айблайди.
Айрим халқаро экспертларга кўра, Россия, таъбир жоиз, ўзларига берилган бу ёрдамнинг "масъулияти"ни яхши ҳис этади.
Шу душанбага ўтар кечаси АҚШ яна Эронга ҳужум қилган.
Теҳрон ҳам уларнинг бу ҳужумларини бежавоб қолдирмаган.
Воқеаларнинг бу ривожи ҳам Бишкекдаги саммит кунларига тўғри келган.
Бир ойлик танаффусдан кейин амалга ошгани билан минтақада хавотирларга ҳам сабаб бўлган.
Эрон президентининг Хитой етакчиси билан ҳам мулоқот қилишига оид хабарлар бор.
Хитой Эрон нефтининг асосий харидори.
Сўнгги можарога бефарқ эмас, аммо қатъий дипломатик мавқеъда.
Шу кунларда Эрон урушидан айнан Хитойнинг ютганига оид таҳлиллар ҳам бўй кўрсатган.
Хитой АҚШ билан бирга жорий пайтда дунёнинг энг йирик иқтисодий ва ҳарбий қудратидан биттаси.
Америка Қўшма Штатларининг энг йирик геосиёсий рақиби.
Эрон Марказий Осиё минтақасига ҳам бевосита чегарадош.
Марказий Осиёга қўшни Афғонистонга ҳам.
Минтақа учун деярли ҳар томонлама муҳим давлат, савдо йўли.
Аммо ҳозирча минтақа давлатлари пойтахтларининг сўнгги вазият юзасидан бирор бир расмий баёнот билан чиққанликлари кўрилмайди.
Эрон уруши эса ўзининг олтинчи ойига кириб бормоқда.
Бу урушларнинг иқтисодий таъсири эса минтақа қолиб, аллақачон бутун дунёни ўз забтига олиб улгурган.
ШҲТ Эрон ва Яқин Шарқдаги сўнгги вазиятга анчайин баҳамжиҳат муносабат билдирган.
Эрон ҳудудига ҳарбий ҳужумларни қоралаган.
"Бундай тажовузкор ҳаракатларни халқаро ҳуқуқ тамойиллари ва нормалари ҳамда БМТ Низомининг қўпол равишда бузилиши деб билишлари"ни айтган.
Томонларни вазминликка, мулоқотга чақирган, муаммога сиёсий ва дипломатик ечим топишга ундаган.
Эгаллаган бу каби мавқеи четда хос эътибор топмай қолмаган.
Марказий Осиё давлатлари Украина уруши ва Афғонистондаги вазиятга ҳам бефарқ эмас.
Бу ҳам улар етакчиларининг сўнгги йилларда каттаю кичик минбарлардан эътибор тортишга ҳаракат қилиб келаётган энг муҳим ва долзарб халқаро мавзулар сирасига киради.
Бугунги умидлар

Сурат манбаси, Getty Images
Таҳлилчиларга кўра, Марказий Осиё давлатлари мисолида ҳам Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти унга аъзо айрим давлатлар учун минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш майдончаси вазифасини ўтайди.
Бошқаларига эса иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, транспорт йўналишларини ривожлантириш ва халқаро масалалар бўйича позицияларни мувофиқлаштириш имкониятини беради.
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти НАТО га хос ҳарбий мажбуриятларга эга эмас.
Аммо унинг, айниқса, сўнгги йилларда бутун ЕвроОсиё бўйлаб муҳим мулоқот майдонига айланиб бораётгани таҳлилчилар ўз эътиборларини қаратаётган нуқталардан бири бўлади.
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Ғарбга қарши мувозанат яратишга интилаётган минтақавий блок сифатида йирик Осиё давлатларини бирлаштиради.
Россия ва Хитой президентлари бундан аввалги саммитлардан АҚШнинг глобал миқёсдаги ролини чеклашни назарда тутувчи кўп қутбли дунё концепциясини илгари суриш учун ҳам фойдаланишгани бор гап.
Украина уруши боис, Ғарб томонидан қўлланаётган санкциялар ҳам, бошқа томондан, Россия учун Глобал Жануб, айниқса, Хитой ва Ҳиндистоннинг аҳамиятини янада оширган.
Бу икковлон эса Путиннинг бугунги интилишлари манзарасида Россияни ҳам, Ғарбни ҳам ҳафсаласини пир қилмаслик - ўз манфаатларига зиён етказмаслик мавқеида.
Бишкекдаги саммитдан кейин Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига раислик Покистонга ўтади.
Таҳлилчиларга кўра, "ташкилот қаршисидаги кейинги синов тобора турфалашиб бораётган аъзолари ўртасида ўзаро келишувни сақлаган ҳолда, ушбу салоҳиятни ҳақиқий таъсир кучига айлантиришдан иборат бўлади."






























