Қозоғистон ўзбекистонлик профессорни жосусликда гумонлаб ҳибсга олган. Нима маълум?

Иқболжон Қорабоев қарийб икки ойдирки ҳибсда сақланмоқда.

Сурат манбаси, Iqboljon Qoraboyev

Сурат тагсўзи, Иқболжон Қорабоев қарийб икки ойдирки ҳибсда сақланмоқда.
Published
Ўқилиш вақти: 7 дақ

Қозоғистонда ўзбекистонлик профессор, Иқболжон Қорабоев, ҳибсга олинган. У пойтахт Остонадаги Мақсут Нарикбаев Университетида халқаро алоқалар фанидан дарс бериб келаётганди.

Унинг яқинларининг Би-би-сига айтишларича, асли андижонлик Қорабоев Қозоғистон Жиноят кодексинининг 176-моддаси, яъни жосусликда айбланмоқда.

Модда жосусликни давлат сирларини хорижий давлатлар ёки ташкилотлар манфаатлари йўлида бериш, тўплаш, ўғирлаш ёки сақлаш, шунингдек, хорижликлар томонидан Қозоғистон Республикасининг миллий хавфсизлигига қарши бошқа маълумотлар билан шунга ўхшаш ҳаракатларни амалга ошириш сифатида белгилайди.

«3 июлда фуқаролик кийимидаги бир неча шахс унинг Остонадаги уйига келган ва жосусликда айбланаётганини айтиб, олиб кетишган», - дейди Қорабоевнинг Би-би-сига аноним тарзда гапирган яқини.

46 ёшли профессор Ўзбекистон фуқароси бўлиб, Остонада ўз рафиқаси ва вояга етмаган уч фарзанди билан яшаб келаётганди.

Би-би-си бир неча ҳафта давомида Қорабоевнинг ҳибси масаласини ўрганар экан, бу мавзу атрофидаги қўрқув ва махфийлик манзарасига гувоҳ бўлди. У билан бирга ишлаган баъзи тадқиқотчилар ўз исмлари очиқланмаслиги сўрашди, бошқалари эса жавоб бермади.

Шунингдек, Би-би-си Ўзбекистон ҳукуматининг қатор расмий идоралари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги консуллигига мурожаат қилди, аммо жавоб ола олмади.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Би-би-си Мақсут Нарикбаев Университети ва Қорабоев катта илмий ходими саналувчи Бельгиядаги БМТ Университетининг Қиёсий минтақавий интеграция тадқиқотлари институти (UNU-CRIS) га ҳам боғланди. UNU-CRIS хавотир билдирди, аммо расмий баёнот бермади. Мақсут Нарикбаев Университети эса саволларимизни жавобсиз қолдирди.

Қорабоев ҳамкасбининг аноним тарзда билдиришича, унга Мақсут Нарикбаев Университетида Қорабоев «ёзда бўшаб кетган»лиги айтилган. Аммо, университет сайтида у ҳануз профессорлар сафида турганини кўриш мумкин.

Мақсут Нарикбаев Университети сайтида Қорабоев у ердаги ўқитувчилар таркибида қолмоқда.

Сурат манбаси, mnu.kz

Сурат тагсўзи, Мақсут Нарикбаев Университети сайтида Қорабоев ўқитувчилар таркибида қолмоқда.

Профессор Қорабоевнинг нега жосусликда айбланаётгани, қайси давлат манфаатига ишлашда гумонланаётгани, ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқаросининг тақдири бўйича қандай иш олиб бораётгани номаълум қолмоқда.

Қорабоев яқинининг Би-би-сига айтишича, хавфсизлик ходимлари уни ўз уйидан олиб кетаётганларида унинг гўёки Остонадаги Ўзбекистон консуллиги ходимига маълумот етказиб туришига ишора қилишган ва Қорабоев буни ўз хотинига айтишга улгурган.

Бир фаразга кўра, у Қозоғистонда Ўзбекистон фойдасига жосуслик қилишда гумонланаётган бўлиши мумкин.

Яна бир фаразга кўра, унинг ҳибси у тадқиқ қилиб келаётган муҳим минераллар (critical minerals)га боғлиқ бўлиши эҳтимоли бор.

Муҳим минераллар

Профессор Қорабоев Тошкентдаги Жаҳон Иқтисоди ва Дипломатия Университетини Халқаро муносабатлар фани бўйича тамомлаб, сўнгра Франциянинг Монтпелье Университетида Халқаро ҳуқуқ ва Европа ҳуқуқи бўйича икки магистрлик дипломини олган. Кейинчалик, у Франциянинг Тулуз Университетида Халқаро оммавий ҳуқуқ йўналишида докторлик унвонига эга бўлган ва, Қозоғистонга кўчишидан аввал, шу билим юртида дарс берган.

Ўз LinkedIn профилида Қорабоев Евросиёга асосий эътиборни берган ҳолда, давлатлар ўртасидаги минтақавий ҳамкорлик ва интеграция жараёнларини қиёсий ўрганишини айтади.

Би-би-си профессор Қорабоевнинг жорий йил апрелида ёзилган ва ҳали чоп этилмаган охирги илмий ишини кўришга муваффақ бўлди. У «Қозоғистон ва Ўзбекистонда муҳим минераллар атрофидаги қиёсий ҳуқуқий, сиёсий ва стратегик нарративлар» деб номланади.

Профессор Қорабоев июнь ойида Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон кубогидаги ўйини ортидан Ўзбекистон телевидениесига интервью берганди.

Сурат манбаси, O'zbekiston24

Сурат тагсўзи, Профессор Қорабоев июнь ойида Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон кубогидаги ўйини ортидан Ўзбекистон телевидениесига интервью берганди.
Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Ушбу илмий ишда Қозоғистонга оид тўққизта, Ўзбекистонга оид саккизта ҳамда халқаро даражадаги учта ҳужжатдан иборат жами 17 та ҳужжатнинг таҳлили тақдим этилган. У ҳали чоп этилмаганлиги учун Би-би-си тадқиқотнинг аниқ таркибини ҳозирча очиқлай олмайди.

Қорабоевнинг ҳамкасбига кўра, бу илмий ишдаги барча маълумотлар очиқ манбалардан олинган.

Профессор Қорабоев 2024 йил октябрида ҳам «Марказий Осиёнинг геоиқтисодий марказийлигининг янги таянчи сифатида муҳим хомашё ресурслари» номли тадқиқотини тақдим қилган.

Унда профессор, хусусан, Хитойнинг юксалиши, пандемиялар таъсирида муҳим аҳамият касб этган таъминот занжирлари ва Украинадаги уруш манзарасида Марказий Осиёдаги муҳим хомашё ресурслари (CRMs), жумладан, нодир ер элементларга халқаро қизиқиш ортгани ҳақида ёзган.

Хитой ва Ғарб ўртасидаги рақобатни таҳлил қилар экан, муаллиф шундай дейди:

«Марказий Осиёни Ғарб матбуотида Хитойга муқобил куч сифатида ва Хитой гегемонлигига қарши қаратилган Ғарб иқтисодий стратегияларининг бир қисми сифатида тасвирлаш реал бўлмаган кутилмаларга олиб келиши мумкин. Вакульчук (2021) аллақачон таъкидлаганидек, Хитой Марказий Осиёда шаклланаётган муҳим хомашё ресурслари экотизимининг аллақачон бир қисмига айланган. Хитой Қирғизистон ва Тожикистонда муҳим хомашё ресурсларини ишлаб чиқариш соҳасида устунлик қилади, Қозоғистоннинг ушбу ресурслар бўйича асосий савдо ҳамкори ҳисобланади ва Ўзбекистондаги иштирокини тобора кенгайтирмоқда.»

2025 йил 6 ноябрда Президент Трамп минтақа тинчлиги ва муҳим минерал заҳиралар савдоси масалаларини муҳокама қилиш учун Марказий Осиё давлат раҳбарларини Оқ Уйда қабул қилди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 2025 йил 6 ноябрда Президент Трамп минтақа тинчлиги ва муҳим минерал заҳиралар савдоси масалаларини муҳокама қилиш учун Марказий Осиё давлат раҳбарларини Оқ Уйда қабул қилди.

Профессор Қорабоевнинг жосусликда гумонланаётгани унинг айнан муҳим минераллар соҳасидаги изланишларига боғлиқлиқлиги, расмий маълумотнинг йўқлиги манзарасида, шунчаки бир фараз бўлиб қолмоқда.

Охирги йилларда жаҳонда муҳим минераллар учун кураш сезиларли даражада кучайди. Бу оддий хомашё учун рақобат эмас — тобора кўпроқ технологик, иқтисодий ва геосиёсий рақобатга айланмоқда.

Литий, кобальт, никель, графит, мис ва нодир ер элементлари каби минераллар электромобиллар, аккумуляторлар, шамол турбиналари, микрочиплар, юқори технологиялар, аэрокосмик саноат ва мудофаа технологиялари учун зарур.

Энг катта рақобатнинг сабаби шундаки, минералларнинг ер остидаги захиралари бир масала, уларни қазиб олиш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантириш қувватлари кимнинг қўлида экани эса бошқа масала.

Халқаро энергетика агентлиги (IEA) маълумотига кўра, 20 та муҳим стратегик минералдан 19 тасини қайта ишлашда Хитой етакчи бўлиб, унинг ўртача улуши тахминан 70 фоизни ташкил этади. Нодир ер элементларида бу қарамлик янада кучли. Рейтерсга кўра, Хитой глобал нодир ер элементлари таъминоти занжирининг 90 фоиздан ортиғини назорат қилади.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Хитойга боғлиқликни камайтириш учун, хусусан, Марказий Осиёдаги лойиҳаларга киришмоқда.

АҚШ матбуоти Қозоғистондаги вольфрам келишувидан Президент Трампнинг икки ўғли фойда кўриши ҳақида ёзган. Оқ Уй буни рад этди ва лойиҳага давлат ғазнасидан ҳали пул ажратилмаганини билдирди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШ матбуоти Қозоғистондаги вольфрам келишувидан Президент Трампнинг икки ўғли фойда кўриши ҳақида ёзган. Оқ Уй буни рад этди ва лойиҳага давлат ғазнасидан ҳали пул ажратилмаганини билдирди.

Бу лойиҳалар, аллақачон, можароларга сабаб бўлиб ҳам улгурди. Жумладан, 2025 йил 6 ноябрида имзоланган келишув АҚШга Қозоғистондаги Қарағанда кончилик ҳудудида жойлашган, ҳали ўзлаштирилмаган улкан вольфрам конлари — Шимолий Катпар ва Юқори Қайрақти конларидан фойдаланиш имконини беради. Вольфрам муҳим минерал бўлиб, ракеталар каллаклари ва қирувчи учоқлар каби мудофаа технологияларида қўлланилади.

Трамп маъмурияти ушбу лойиҳани молиялаштириш учун 1,6 миллиард долларгача бўлган дастлабки федерал маблағ ажратиш имкониятини кўриб чиққан. The New York Times ва Financial Times каби нашрлар ўтказган текширувлар натижасида президентнинг ўғиллари Дональд Трамп Жуниор ва Эрик Трампга қисман тегишли бўлган Dominari Securities ҳамда бошқа инвестиция тузилмалари ҳукумат музокараларидан кўп ўтмай, лойиҳа билан боғлиқ компанияларда улуш сотиб олгани аниқланган.

Бу лойиҳалар Марказий Осиёдаги конлар йирик қудратлар ва тадбиркорларнинг диққат марказида эканидан дарак беради.

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 2023 йилги нутқида муҳим минералларни «янги нефть» деб атаб, мамлакатни ушбу соҳани ривожлантиришга сармоя киритишга чақирганди. Президент Шавкат Мирзиёев эса Тошкентда 2025 йил июнида ўтган халқаро форумда Ўзбекистонда вольфрам, молибден, магний, литий, графит, ванадий, титан ва бошқа минералларнинг катта захираси аниқланиб, Ўзбекистон ер ости бойликларининг салоҳияти 3 триллион долларга баҳоланаётганини айтган.

Токаевнинг 2025 йил ноябрида Тошкентга қилган сафарида икки давлат раҳбарлари муҳим минераллар бўйича бирга ишлашга келишиб олишган.

Сурат манбаси, Akorda

Сурат тагсўзи, Токаевнинг 2025 йил ноябрида Тошкентга қилган сафарида икки давлат раҳбарлари муҳим минераллар бўйича бирга ишлашга келишиб олишган.

Қорабоевнинг яқини Би-би-си билан суҳбатда Ўзбекистон ва Қозоғистон орасида бу мавзуда тижорий сирлар борлигини савол остига олиб, таажжуб билдирди.

Дарҳақиқат, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида нодир ва нодир ер металларига бевосита тааллуқли икки томонлама келишув мавжуд бўлиб, 2026 йилда бу йўналишдаги ҳамкорлик янада ривожланди. Президент Тоқаевнинг 2025 йил ноябрида Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида икки мамлакат нодир ва нодир ер металларини геологик ўрганиш ҳамда қазиб олиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишди. Шунингдек, улар кончилик соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича кенгроқ англашув меморандумини имзоладилар. 2026 йил апрелида икки мамлакат икки томонлама ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилишини Остона шаҳрида ўтказди.

Ҳимоя(сиз)

Айни дамда Иқболжон Қорабоевга ҳеч қандай ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмаяпти.

"Давлат тарафидан тайинланган адвокат бир марта кириб чиққан ва тайинли гап айтмаган. Шундан кейин унинг оиласи хусусий адвокатни тайинлади. Бир адвокат ўз хизмати 30 минг доллар бўлишини айтгач, ҳозиргисини танлашди», - дейди унинг яқини.

Қорабоевнинг ҳозирги адвокати эса унинг олдига кира олмаётганини билдирган. Айтишича, ушбу иш давлат сирларига боғлиқ бўлгани сабаб, Қозоғистон Миллий Хавфсизлик Қўмитасининг рухсатномаси зарур, қўмита эса ҳар ҳафта бу рухсатномани беришни кечиктириб келмоқда.

Би-би-cи Қорабоевнинг оиласи Қозоғистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси раиси, Бош прокурори, Ички ишлар вазири ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга қилган ёзма мурожаати билан танишди. Уларда Қорабоевнинг олдига адвокат киритилишига тўсқинлик қилмаслик сўралган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳукумати ва элчихонаси ўз фуқаросига қандай ҳуқуқий ёрдам кўрсатаётгани ё кўрсатмаётгани номаълум қолмоқда.

Профессор Қорабоевнинг Би-би-си билан суҳбатлашган Қозоғистондан ташқаридаги ҳамкасби, халқаро тадқиқотчи унинг ҳибсга олинганидан ларзага келганини билдирди. У ҳам исми ошкор этилмаслигини сўради.

Иқболжон Қорабоев Ўзбекистоннинг Остонадаги элчихонаси тадбирларида мунтазам қатнашиб келган.

Сурат манбаси, Iqboljon Qoraboyev

Сурат тагсўзи, Иқболжон Қорабоев Ўзбекистоннинг Остонадаги элчихонаси тадбирларида мунтазам қатнашиб келган.

«Унинг қўлга олингани ва у сақланаётган шароитлар ҳақида, аниқроғи, шунча вақт давомида ундан ҳеч қандай хабар бўлмаганини билганимда, жуда қаттиқ шок ҳолатига тушдим. Унинг ҳанузгача адвокати билан гаплашишига рухсат берилмагани эса жуда ташвишли ҳолат.»

У қуйидагиларни қўшимча қилди:

«Мен давлат хавфсизлик хизматлари қандай ишлашини биламан — гарчи Қозоғистонда эмас, бошқа мамлакатлардаги хавфсизлик хизматлари фаолияти билан таниш бўлсам-да. Шунинг учун Иқболжон Қорабоев каби профилга эга олимлар давлат хавфсизлик хизматларининг эътиборига тушиши муқаррар, деб ҳисоблайман. Аслида, давлат хавфсизлик хизматларининг Қорабоев сингари олимларнинг фаолиятини кузатиб бориши одатий амалиёт ҳисобланади. Бунга сабаб — унинг кенг алоқалар тармоғи бўлиб, бу унга дипломатлар ва ташқи сиёсат бўйича экспертлар билан мулоқот қилиш имконини беради.Менинг ўзим ҳам ўз мамлакатимда давлат хавфсизлик хизматларининг эътиборига тушганман, ҳамкасбларимдан бир нечтаси ҳам шундай ҳолатга дуч келган. Шунинг учун менга Қорабоев дипломатлар, сиёсатчилар ва ташқи сиёсат экспертлари орасидаги кенг алоқалари туфайли Қозоғистон давлат хавфсизлик хизматлари томонидан эҳтимолий таҳдид сифатида кўрилган бўлиши мумкин, деган тахмин асослидек туюлади. Дипломатлар билан мунтазам алоқалар давлат хавфсизлик хизматларида шубҳа уйғотиши мумкин. Дипломатлар билан учрашувлар чоғида кўпинча расмий баёнотларга киритилмайдиган, яъни «off the record» тарзда муҳокама қилинадиган масалалар бўлади ва давлат хавфсизлик хизматлари бундай маълумотларни миллий манфаатлар ёки миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан нозик деб баҳолаши мумкин."

"Мен уни олим сифатида камида ўн йилдан бери биламан. У илмий фаолиятида юқори сифатли ишлар нашр этган, жуда ҳурматга сазовор олим. У юксак академик стандартларга риоя қилиши билан танилган. Ҳамкорлигимиз давомида у ҳар доим юқори даражада профессионаллик намоён қилган", дейди олим.