Хавфсизлик, тақиқлар ва қашшоқлик: Толибоннинг беш йили нимаси билан эсда қолади?

Сурат манбаси, Reuters
Толибоннинг Афғонистонда ҳокимиятга қайтганига беш йил тўлди.
Бу даврда кенг кўламли уруш тўхтади, аммо аёллар ва қизларнинг ҳуқуқлари кескин чекланди. Иқтисод дастлаб таназзулга учради, кейинги йилларда эса яна ўсиш кузатилди. Шунга қарамай, миллионлаб одамларнинг турмуши ҳамон оғир.
Айни пайтда, дунёнинг аксар давлатлари томонидан тан олинмаган Толибон ҳукумати қўшни мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон билан савдо ва транспорт алоқаларини кенгайтирди.
Хўш, беш йил Афғонистонни қандай ўзгартирди ва бу ўзгаришлар Ўзбекистон учун нимани англатади?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Кобул қулаган кун маҳшарга ўхшарди"

2021 йил 15 августда Толибон Кобулни эгаллади. Ғарб мамлакатлари қўллаб-қувватлаган республика тузуми қисқа фурсатда қулади, президент Ашраф Ғани эса мамлакатдан чиқиб кетди.
Ўн минглаб афғонлар Кобул аэропорти орқали Афғонистонни тарк этишга уринди. Ўша пайтда маршал Абдулрашид Дўстумнинг қизи Роҳила Дўстум ҳам Кобулда эди.
"Кобул қулаган кун маҳшарга ўхшарди", дея эслайди у.
"Мен ҳожи соҳиб Ботир укамга телефон қилдим. 'Бу ерда можаро бор. Бу ердаги ҳамма вакилларимиз тайёргарлик кўриб, қочишяпти', дедим. У эса: 'Йўқ, опа, биз эртага Қатарга кетамиз, музокара қиламиз. Мен ҳозир собиқ президент Карзай билан телефонда гаплашиб турибман', деди.
Мен унга: 'Бир ноодатий ҳолат бор, укам. Сен Шерпурдан (Шерпур - Кобул марказидаги маҳалла) чиқ. Бу ерда ҳамма қочяпти, одамлар жон ва мол дардига тушган', дедим. Кейин укам ва бошқа вазир акаларимиз етиб келишди. Биз бирга Кобул аэропорти томон йўл олдик", дейди Роҳила Дўстум.
У Туркия расмийлари ёрдамида Афғонистондан чиқиб кетишга муваффақ бўлган.

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Ўша кунларда BBC Ўзбек хизматининг Афғонистондаги мухбири Фазел Аҳмад Ёлғуз ҳам Кобулда эди. У республика тузумининг қулаши ва Толибоннинг пойтахтга киришини бевосита кузатиб, хабарлар узатиб турган. Кейинчалик унинг ўзи ҳам Афғонистонни тарк этишга мажбур бўлди. Бугун у мамлакатдаги воқеаларни Лондондан ёритади.
"Толибон Кобулга етиб келмасидан олдин унинг пойтахтга кириши ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Одамлар банклардан пулларини олиш учун навбатда турарди. Мен ҳам пул олиш учун банкка бордим. Кейин уйга қайтиб, ташқарига чиқмадим. Эрталаб деразадан қараганимда полиция машиналарида бошқача кийимдаги одамлар юрганини кўрдим. Улар Толибон аскарлари эди", дея эслайди Фазел Аҳмад Ёлғуз.
У Афғонистондан чиқиб кетган минглаб журналистлар, шифокорлар, ўқитувчилар ва бошқа малакали мутахассислардан бири. Уларнинг кетиши мамлакатда тажрибали кадрлар танқислигини кучайтирди.
"Малакали мутахассисларнинг Афғонистондан чиқиб кетиши, албатта, мамлакат учун салбий оқибатларга олиб келади. Бунинг таъсирини аллақачон кўриш мумкин. Одамларнинг айтишича, айрим давлат идораларида малакали мутахассислар ўрнини мадраса битирувчилари эгаллаган", дейди Фазел Аҳмад Ёлғуз.
Қизлар учун ёпиқ мактаблар

Сурат манбаси, Videodan olingan kadr/EVN
Толибон бошқарувидаги энг катта ўзгаришлардан бири аёллар ва қизларнинг жамиятдаги ўрни билан боғлиқ.
Афғонистон бугун қизлар олтинчи синфдан кейин мактабда ўқий олмайдиган дунёдаги ягона мамлакат бўлиб қолмоқда. ЮНЕСКО маълумотига кўра, 2025 йилга келиб 2,2 миллион қиз ўрта таълимдан четда қолган.
2022 йил декабридан бери аёлларнинг университетларда таҳсил олиши ҳам тақиқланган.
Аёллар кўплаб касблардан четлаштирилди, уларнинг жамоат ҳаётидаги иштироки чекланди. Уларга айрим боғлар, спорт заллари ва дам олиш масканларига кириш тақиқланган. Узоқ сафарга чиқишда эса маҳрам - яқин эркак қариндош ҳамроҳ бўлиши талаб этилади.
Афғон аёллари мамлакат ичида ва хорижда бу чекловларга қарши намойишлар ўтказди. Аммо тақиқлар юмшамади.
Толибон бу сиёсатни шариат талаблари ва афғон жамиятининг миллий-маданий қадриятлари билан изоҳлайди. БМТ ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари эса чекловлар Афғонистоннинг таълим, соғлиқни сақлаш ва иқтисодиётига узоқ муддатли зарар етказишидан огоҳлантирмоқда.
Миллионлаб одамларнинг қайтиши

Сурат манбаси, Arxiv videodan olingan kadr
Сўнгги йилларда Афғонистонда миграция икки йўналишда кечмоқда: бир томондан, одамлар мамлакатни тарк этишда давом этяпти, иккинчи томондан эса миллионлаб афғон қўшни давлатлардан ихтиёрий ёки мажбурий равишда қайтмоқда.
БМТ Қочқинлар агентлиги ҳисобича, 2025 йилнинг ўзида тахминан 2,9 миллион афғон Эрон ва Покистондан қайтган ёки қайтарилган.
Бу жараён мактаблар, шифохоналар, меҳнат бозори ва уй-жой таъминотига қўшимча босим қўйди. Қайтганларнинг кўплари ишсизлик, қашшоқлик ва бошпана етишмаслигига дуч келмоқда.
Толибон ҳукумати қайтганларни мамлакатни тиклаш жараёнининг бир қисми сифатида кўради. Расмийлар уларни жойлаштириш ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилаётганини айтади.
Бироқ Афғонистонни тарк этаётганлар ҳам кўп. Айримлар оиласини боқиш учун норасмий ва хавфли йўллар орқали хорижга чиқишга уринмоқда. Хориждаги қариндошлар юборадиган пул эса кўплаб оилаларнинг асосий даромад манбаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Иқтисод ўсди, аммо аҳоли жон бошига даромад камайди
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Республика тузумининг қулаши Афғонистон иқтисодиётига кучли зарба берди. Халқаро ёрдам кескин қисқарди, банк тизими жиддий чекловларга дуч келди, иш ўринлари йўқолди ва оилалар даромади камайди.
Кейинги йилларда иқтисод яна ўсишга қайтди. Жаҳон банкининг 2026 йил майида эълон қилган ҳисоботига кўра, Афғонистон ялпи ички маҳсулоти 2025 йилда 4,8 фоиз ўсган.
Бироқ мамлакат аҳолиси бир йилда қарийб 11 фоиз кўпайган. Бунга 3,7 миллионга яқин афғоннинг хориждан қайтиши ҳам таъсир қилган. Иқтисодий ўсиш аҳоли сонидаги бу ўсишдан ортда қолгани учун аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот 5,6 фоиз камайган.
Жаҳон банки ички даромадлар, жумладан, солиқ тушумлари сезиларли ошганини ҳам қайд этади. Аммо хорижий ёрдамнинг камайиши инфратузилмага сармоя киритиш ва иқтисодий зарбаларга жавоб бериш имкониятларини чекламоқда.
2026 йилда қарийб 21,9 миллион афғонистонлик гуманитар ёрдамга муҳтож. Ишсизлик, қашшоқлик, озиқ-овқат танқислиги ва аҳоли даромадининг пастлиги мамлакатнинг асосий муаммоларидан бўлиб қолмоқда.
Хавфсизлик таъминланди, аммо турмуш енгиллашмади

Толибон ҳокимиятга қайтгач, Афғонистондаги кенг кўламли қуролли тўқнашувлар кескин камайди. Илгари хавфли ҳисобланган айрим йўлларда ҳаракатланиш осонлашди.
Толибон хавфсизликни ўзининг энг катта ютуқларидан бири сифатида кўрсатади. Яқинда шимолий Афғонистонга сафар қилган BBC мухбири Фируз Раҳимийнинг айтишича, у суҳбатлашган кўплаб одамлар ҳам йўллар ва шаҳарларни аввалгидан хавфсизроқ деб баҳолайди. Аммо хавфсизликнинг ўзи уларнинг иқтисодий муаммоларини ҳал қилмаган.
"Хавфсизлик таъминланган. Эрталаб бўладими, кечаси бўладими, Афғонистоннинг исталган жойига бора оласиз. Ҳеч ким сиздан: 'Кимсан, қаерга кетяпсан?' деб сўрамайди. Аммо одамлар: 'Пулсиз хавфсизликни нима қиламиз?' дейди. Халқ қашшоқликда яшамоқда", дейди Фируз Раҳимий.
Покистон билан таранглик, Марказий Осиё билан савдо ўсиши

Афғонистоннинг асосий савдо ва транзит йўллари узоқ йиллар давомида Покистон орқали ўтган. Аммо сўнгги йилларда Кобул ва Исломобод муносабатлари кескинлашди.
Чегара ўтиш жойларининг вақти-вақти билан ёпилиши, қуролли тўқнашувлар ва Покистондан афғон муҳожирларининг оммавий қайтарилиши савдога ҳам таъсир қилди. Натижада Афғонистон Эрон ва Марказий Осиё орқали ўтадиган муқобил йўллардан кўпроқ фойдалана бошлади.
Афғонистон Саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатнинг Марказий Осиё давлатлари билан савдоси 2024 йилдаги қарийб 1,8 миллиард доллардан 2025 йилда 2,4 миллиард долларга кўтарилган.
Ўзбекистон билан савдо ҳам ўсди. Расмий маълумотларга кўра, икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 2025 йилда қарийб 1,6 миллиард долларга етган.
Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беради. Икки мамлакатни Ҳайратон орқали ўтадиган темирйўл ҳам боғлаб туради. Тошкент Афғонистонни янги бозор, шунингдек, жанубий портларга чиқиш имконини берувчи транспорт йўли сифатида ҳам кўрмоқда.
"Ўзбекистон ҳукумати икки томонлама савдо алоқаларини ривожлантириш учун анча қулайлик яратган. Масалан, афғон ҳайдовчиларига визасиз киришга рухсат берилган. Энг катта лойиҳалардан бири - Термизда, Афғонистон чегараси яқинида очилган «Айритом» эркин савдо зонаси", дейди Фируз Раҳимий.
Афғонистоннинг бошқа минтақавий давлатлар билан муносабатлари ҳам кенгайди. Россия 2025 йил июлида Толибон ҳукуматини расман тан олган биринчи давлат бўлди.
Хитой, Эрон, Покистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Марказий Осиё давлатлари ҳам Толибон билан амалий алоқалар ўрнатган. Аммо Россиядан бошқа ҳеч бир давлат Толибон ҳукуматини расман тан олгани йўқ.
O‘zbekiston hukumati ikki tomonlama savdo aloqalarini rivojlantirish uchun ancha qulaylik yaratgan. Eng katta loyihalardan biri - Termizda, Afg‘oniston chegarasi yaqinida ochilgan
Бу Ўзбекистон учун нимани англатади?
Афғонистондаги ўзгаришларнинг Ўзбекистон учун аҳамияти, аввало, иқтисод ва хавфсизлик масалаларида кўринади.
Йўлларда хавфсизликнинг яхшиланиши савдо, темирйўл ва жанубий транспорт йўлакларини ривожлантириш учун имконият яратади. Афғонистон Ўзбекистон маҳсулотлари учун бозор, шунингдек, Покистон портларига чиқиш йўли бўлиши мумкин.
Бироқ имкониятлар билан бирга ҳал этилмаган масалалар ҳам сақланиб қолмоқда. Чегара хавфсизлиги ва Амударё сувидан фойдаланиш икки мамлакат муносабатларига бевосита дахл қилади.
Толибоннинг беш йиллик бошқарувини битта хулоса билан ифодалаш осон эмас. Кенг кўламли уруш тўхтади, аммо сиёсий ва ижтимоий чекловлар кучайди. Иқтисод ўсишга қайтди, аммо аҳоли жон бошига даромад камайди. Минтақавий савдо кенгайди, лекин Толибон ҳукумати ҳали ҳам кенг халқаро тан олинишга эришгани йўқ.
Оддий афғонлар учун эса асосий саволлар ҳамон жавобсиз: янги иш ўринлари қачон пайдо бўлади, қизлар қачон мактабга қайтади ва кундалик ҳаёт қачон енгиллашади?



































