Минтақа ва сиёсат: Яна бир президент қайта президент бўлмоқчи

Мирзиёев, Раҳмон ва Жапаров

Сурат манбаси, BBC/GettyImages

Published
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Нурсултон Назарбоев ва Алмазбек Атамбаев ҳозирча президентликдан ўз ихтиёри билан кетган Марказий Осиёдаги икки давлат раҳбарлари бўлишади.

Жапаров ҳам яна президент бўлмоқчи

Марказий Осиё харитаси
Сурат тагсўзи, Марказий Осиёдаги қудрат алмашинуви ва "сиёсий ворис"лар масаласи эса аллақачон хос таҳлилларга молик мавзулардан бири бўлади.

Садир Жапаров ҳам президентлик фаолиятини давом эттирмоқчи.

Навбатдаги президентлик сайловида иштирок этмоқчи.

Иккинчи муддатга номзодини қўймоқчи. У ҳозир 58 ёшда.

Қирғизистоннинг амалдаги президенти бу ҳақда ўзининг янги интервюсида маълум қилди.

Садир Жапаров журналист Али Тоқтакуновга интервю берди.

Унинг сўзларига кўра, ўзининг президентлик фаолиятини давом эттириш режасида.

"Мен яна бир муддатга номзодимни қўйиш ва ишимни давом эттириш ниятидаман. Яна кимдир сайловда қатнашмоқчи бўлса, марҳамат, номзодини қўяверсин. Биз ҳеч кимни чекламаймиз", — деб баён қилди Садир Жапаров.

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Садир Жапаровнинг айтишича, бундан аввал президентликка иккинчи муддатга номзодини қўймаслик ва бунинг ўрнига Ташиев номзодини қўллаб-қувватлаш имкониятини ҳам кўриб чиққан.

Унинг сўзларига кўра, президентлик муддати тугаганидан сўнг дам олишни режалаштирган.

"Қамчибек Ташиев эса 2027 йилги сайловда ўз номзодини қўйиши мумкин бўлган."

Аммо ўтган ой суд Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитасининг собиқ раиси Қамчибек Ташиевнинг озодлигини 3 йилга чеклаган.

Айтилишича, суд жами 8 нафар айбланувчини Қирғизистон Жиноят Кодексининг "Ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш" моддаси бўйича айбдор, деб топган.

Лекин, хабарларга кўра, улардан ҳеч бири ўзларига қўйилган айбловни тан олишмаган.

Қирғизистонлик кузатувчилар эса, буни ҳукуматнинг президент сайловларигача Ташиев ва унинг тарафдорларидан иборат мухолифлар ҳаракатини назоратга олиш уриниши, дея баҳолашаётгани хабар берилган.

Маълум бўлишича, Қирғизистон президенти ўзининг сўнгги интервюси чоғида Қамчибек Ташиевнинг меҳнатларини эътироф этган.

Бирок, "У дам олиши, балки ўйлаб кўриб, қаерда хатоларга йўл қўйганини англаб етиши керак. Мен унинг фақат хатоларга йўл қўйганини айтишдан йироқман. Йўқ, натижалар бор; у мамлакатимиз эришган ютуқларга улкан ҳисса қўшган", — деб айтган.

Садир Жапаровнинг айтишича, Қамчибек Ташиев билан 20 йилдан ортиқроқ вақт мобайнида яқин оилавий дўст бўлишган.

Қирғизистон ва президент сайлови

Садир Жапаров
gettyimages
Men yana bir muddatga nomzodimni qo‘yish va ishimni davom ettirish niyatidaman. Yana kimdir saylovda qatnashmoqchi bo‘lsa, marhamat, nomzodini qo‘yaversin. Hech kimni cheklamaymiz.
Sadir Japarov
Qirg‘iziston prezidenti (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Қирғизистонда навбатдаги президент сайлови 2027 йилнинг январига режаланган.

Садир Жапаров 2021 йилнинг 10 январида, муддатидан илгари ўтказилган сайловда президент этиб сайланган.

Президент сайловининг муддатидан илгари ўтказилишига эса 2020 йилги халқ инқилоби сабаб бўлган.

4 октябр кунги парламент сайловидан норози одамлар пойтахт Бишкек кўчаларига чиқишган.

Улар сайловнинг "адолатсиз" ўтказилганини даъво қилишган.

Халқ инқилоби юз берган ва ҳокимият ағдарилиб, Садир Жапаров раҳбарлигидаги янги муваққат ҳукумат тузилган.

Худди шу омиллар назарда тутилиб, ўшанда яна бир халқ ғалаёнининг олдини олиш учун президент сайловининг адолатли ўтказилиши айтилган.

Сўнгги президент сайловида рекорд сондаги - жами 17 номзод беллашган.

Номзодлар орасида собиқ депутатлар, вазирлар, ишбилармонлар, ўқитувчилар, ҳажвчилар, ишсизлар ва ҳаттоки ўзини "пайғамбар", деб атаганлар ҳам борликлари айтилган.

Ўшанда бунақаси ҳатто минтақа тарихида ҳам кузатилмагани билан хос эътибор топган.

Расмий хабарларда Садир Жапаров овозларнинг 79,2 фоизини қўлга киритгани айтилган.

У мустақил Қирғизистон тарихидаги олтинчи президентга айланган.

2021 йилнинг 28 январида бўлиб ўтган инаугурация маросимидан кейин Садир Жапаров 6 йиллик президентлик ваколатининг ижросига киришган.

Марказий Осиё давлатлари орасида ўз вақтида "демократия оролчаси" дея номланган Қирғизистон уч инқилобни бошдан кечирган.

2021 йилнинг 10 январида президентлик сайлови билан бир қаторда, Қирғизистонда давлатнинг бошқарув шакли бўйича референдум ҳам ўтказилган.

Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бор парламент тизимига ўтган Қирғизистон референдумдан сўнг яна президентлик бошқарувига қайтган.

Олти миллиондан сал ошувчи Қирғизистон аҳолисининг бир миллиондан кўпроғини ўзбеклар ташкил этишади.

Қирғизистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош ва ўзбеклар нисбатан зич яшовчи жануби ҳар бир президент сайловида муҳим аҳамият касб этиб келади.

Минтақа ва президентлар

Собиқ раҳбар Назарбаев (чапда) 2022 йилда унинг вориси Тоқаев (ўнгда) томонидан сиёсатдан четлаштирилган эди

Сурат манбаси, AKORDA

Сурат тагсўзи, Президент Тоқаев 2019 йили собиқ президент Назарбоевнинг вориси сифатида ҳокимиятга келган.

Айнан Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев бир муддатдан ортиқ президентликка даъво қилмаган биринчи Марказий Осиё давлати етакчиси бўлади.

У 2011 йилда Қирғизистон президенти этиб сайланган.

Атамбаев президент сифатида Қирғизистон Конституциясига қатъий амал қилишини ва Бош қонунда белгилангани каби бир муддатдан ортиқ президентлик курсисида қолмаслигини ваъда қилган.

Ўзининг ваъдасига содиқ қолган, 2017 йилда президентликдан кетган.

Унинг ортидан Нурсултон Назарбоевнинг қилган иши минтақада катта шов-шувга сабаб бўлган.

У 2019 йилнинг март ойида, навбатдаги сайловга йил қолганида кутилмаганда истеъфога чиқишга қарор қилган.

Нурсултон Назарбоев Қозоғистонни қарийб 30 йил бошқарган.

У Қозоғистондаги жами беш президент сайловида кетма-кет ғалаба қозонган.

Собиқ элбоши ўзининг ўрнига айнан бугун Қозоғистонда амалда бўлган президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг номзодини илгари сурган.

Алал-оқибат, давлат раҳбари вазифасини бажариш ўша пайтда Сенат раиси бўлган Тоқаевга юклатилган.

Қозоғистоннинг собиқ Элбошиси ҳозир 86 ёшда.

Аммо шу йил июл ойида Қозоғистондан олинган бошқа бир хабар ҳам минтақадаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган.

Ўшанда янгилик Ўзбекистондаги етакчи нашрларда ҳам сарлавҳаларга чиққан.

Қозоғистонда Қасим-Жомарт Тоқаевнинг ҳам президентлик муддати ноллаштирилган.

Мамлакатда 1 июлдан бошлаб янги Конституция кучга кирган.

Бу амалдаги Қозоғистон президентининг ҳам яна бир бор сайловда иштирок этишига йўл очган.

Қозоғистоннинг янги Конституциясига кўра, президентлар учун ягона етти йиллик муддат чеклови сақлаб қолинади.

Бироқ суд қарорига кўра, аввалги Конституция даврида ўталган муддатлар мазкур чеклов ҳисобидан ўрин олмайди.

Президент Тоқаев янги муддат учун навбатдан ташқари президентлик сайловларида қатнашиши керакми ёки эски Конституция асосида 2029 йилгача ўз ваколат муддатини давом эттирадими, бу саволга ҳозирча Қозоқ расмийлари аниқ жавоб берганлари йўқ.

Президент Тоқаев етти йиллик президентлик муддати ниҳоясига етганидан кейин ортиқ номзодини илгари суриш нияти йўқлиги ҳақида айтган эди.

Собиқ совет дипломати ва БМТнинг юқори лавозимли амалдори бўлган Тоқаев 2019 йилда Назарбоевнинг ўрнига президент бўлишидан олдин Қозоғистон бош вазири ва ташқи ишлар вазири лавозимларида ишлаган.

У 2022 йил январ ойида Қозоғистонда рўй берган ва юзлаб одамлар ҳалок бўлган тартибсизликлардан кейин собиқ президент Назарбоев билан йўлларини ажратди.

Президент Тоқаев бу воқеаларни Назарбоевга содиқ кучлар томонидан ташкиллаштирилган давлат тўнтаришига уриниш деб таърифлаган.

Минтақа ва қудрат алмашинуви

Тожикистон ва Қирғизистон президентлари

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Эмомали Раҳмоннинг Тожикистоннинг биринчи раҳбари сифатида иш бошлаганига яқинда 36 йил тўлади. У ҳозир 74 ёшда.

Жорий пайтда Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Марказий Осиёда энг узоқ қудратда қолаётган президент бўлади.

У илк бор 1994 йилда Тожикистон президенти этиб сайланган.

Кейин бўлиб ўтган тўрт президентлик сайловида ҳам айнан унинг ғолиб чиққани эълон қилинган.

Тожикистондаги сўнгги президент сайлови 2020 йилда бўлиб ўтган.

Эмомали Раҳмоннинг Тожикистоннинг биринчи раҳбари сифатида иш бошлаганига яқинда 36 йил тўлади. У ҳозир 74 ёшда.

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти ҳам 2016 йил муддатидан илгари бўлиб ўтган сайловлар ортидан қудратга келган.

Бунга мустақил Ўзбекистоннинг биринчи ва узоқ йиллик президенти Ислом Каримовнинг кутилмаган вафоти сабаб бўлган.

Ислом Каримов ҳам Ўзбекистонни қарийб 30 йилча бошқарган.

У Нурсултон Назарбоев билан бирга Марказий Осиёдаги энг узоқ қудратда қолаётган иккита президентдан биттаси бўлган.

Шавкат Мирзиёев мустақил Ўзбекистоннинг 35 йиллик тарихидаги иккинчи президент бўлади.

У бунинг ортидан бўлиб ўтган икки президентлик сайловида ҳам ғалаба қозонган.

2023 йилги сўнгги сайлов Ўзбекистонда муддатидан илгари чақирилган.

Ушбу қарор янги таҳрирдаги Конституция қабул қилингани билан изоҳланган.

Президент Мирзиёев ўшанда, "қолган уч ярим йиллик президентлик муддатидан ўз ташаббуси билан воз кечаётгани"ни айтган.

Ўзбекистон раҳбарининг ўзи бунинг сабабларига хосан тўхталиб ўтган.

Шавкат Мирзиёев улар сирасида "халқ ўзларидан барча соҳаларда ғоят муҳим ва долзарб ўзгариш ва ислоҳотларни кутаётгани" ва "дунёда ва минтақада кескин ва мураккаб жараёнлар ҳукм сураётган ҳозирги вазиятда тўғри ва самарали ривожланиш йўлини излаб топиш ва уни амалга ошириш энг ўткир ва долзарб масалага айланаётгани" каби омилларни ҳам тилга олиб ўтган.

Янги таҳрирдаги Конституция Ўзбекистонда худди ўша йили сайловдан олдин умумхалқ референдумига қўйилган.

Ўзгартирилган Конституция матнида Ўзбекистон президентининг ваколати муддатини 5 йилдан 7 йилгача узайтириш ҳам таклиф этилган.

Ўшанда муддатидан илгари президент сайлови Шавкат Мирзиёевга 2037 йилгача қудратда қолишига имкон бериши айтилган.

Туркманистонда сўнгги президент сайлови 2022 йилнинг мартида бўлиб ўтган.

Сайловда мамлакатнинг амалдаги президенти Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг 40 ёшли ўғли Сердар Бердимуҳаммедов ғолиб, деб топилган.

Минтақа давлатларидаги президент сайловлари қанчалик эркин, адолатли ва шаффоф экани борасида турлича баҳоларга сабаб бўлиб келади.

Марказий Осиёдаги қудрат алмашинуви ва "сиёсий ворис"лар масаласи эса аллақачон хос таҳлилларга молик мавзулардан бири бўлади.