Индонезия: 7,7 магнитудали кучли зилзилада камида 38 киши ҳалок бўлди
- Author, Фарида Сусанти
- Role, BBC Индонезия
- Author, Хелен Салливан
- Published
- Ўқилиш вақти: 2 дақ
Индонезия табиий офатларни бошқариш агентлиги (BNPB) маълум қилишича, шанба куни эрта тонгда мамлакатда юз берган 7,7 магнитудали кучли зилзила камида 38 кишининг ҳаётига зомин бўлди.
Қутқарув-қидирув ишлари бошланиши билан расмий қурбонлар сони ортиб бормоқда. BNPB агентлиги бир неча киши турли даражада жароҳат олганини билдирди.
Зилзила ва ундан кейин кузатилган ўнлаб такрорий ер силкинишлари оқибатида кўплаб бинолар шикастланган.
Зилзила шанба куни маҳаллий вақт билан соат 05:00 га яқин (жума куни Тошкент вақти билан соат 04:00 да) Флорес оролида содир бўлди. Индонезия метеорология ва геофизика агентлиги маълум қилишича, унинг чуқурлиги 15 километрни ташкил этган.

Зилзила қанча саёз бўлса, унинг ер юзидаги вайронкор таъсири шунчалик кучли бўлади.
Айнан шу ҳудудда кучли такрорий ер силкинишлари кузатилди, улардан бири 6,1 магнитудали бўлган.
Маумередаги бандаргоҳда олинган видеода терминал биносининг катта бетон бўлаклари ороллар ўртасида қатнайдиган паромга чиқишни кутиб турган йўловчилар устига қулаб тушганини кўриш мумкин. Кемага чиқиш йўлаги шикастланганида айримлар денгизга йиқилиб кетган.
Шарқий Нуса-Тенггара вилояти губернатори Эмануэл Мелкиадес Лака Лена матбуот анжуманида ҳалок бўлганлар ухлаб ётган пайтда устига қулаган вайроналар остида қолганини айтди.
Индонезиянинг BNPB номи билан маълум бўлган Табиий офатларни бошқариш агентлиги икки киши оғир, 11 киши эса енгил тан жароҳати олганини маълум қилди. Бироқ идора бу рақамлар дастлабки эканидан огоҳлантирди.
Унга кўра, Сикка туманида уч нафар, Манггарай туманида олти нафар ва Шарқий Манггарай туманида беш нафар инсоннинг ҳалок бўлгани қайд этилган.
Табиий офатлар агентлиги қўшимча қилишича, яна камида икки киши оғир, 11 киши эса енгил тан жароҳати олган.

Сурат манбаси, Getty Images
Зилзила марказидан ғарбда жойлашган Рутенг шаҳридаги университет ўқитувчиси Юлиан Жуита Экалия кейинги силкинишлардан қўрққани учун газ плитасини ташқарига олиб чиқиб, овқатни ҳам ўша ерда пишираётганини айтди.
"Мен ҳеч қачон бунчалик кучли зилзилани ҳис қилмаганман", деди у AFP агентлигига. "Гўё батут устида тургандай бўлдик. Ростдан ҳам жуда қўрқинчли эди."
Узоқ ва тоғли ҳудуд ҳисобланган мазкур минтақадаги вайронгарчилик кўламини тўлиқ баҳолаш учун вақт талаб этилади.
Men hech qachon bunchalik kuchli zilzilani his qilmaganman. Go‘yo batut ustida turganday bo‘ldik. Rostdan ham juda qo‘rqinchli edi.
Дастлабки маълумотларга кўра, 54 та уй жиддий шикастланган. Шунингдек, бешта тиббиёт муассасаси, учта ибодат маскани, олтита давлат биноси, бир таълим муассасаси ва бир омборхона ҳам зарар кўрган.
BNPB маълум қилишича, Манггарай тумани энг кўп зарар кўрган ҳудудлардан бири ҳисобланади.
Табиий офатларни бошқариш агентлиги аҳолини хотиржам бўлишга ва соҳил ҳудудларидан узоқ туришга чақирди.
Индонезия тез-тез зилзилалар ва вулқон фаоллиги кузатиладиган мамлакатлардан бири бўлиб, у учта йирик тектоник плиталар туташган ҳудудда жойлашган.

































