Ўзбекистон Хитойдан қирувчи олдими?

Покистон армияси J-10CE қирувчи учоқлари байрам куни пойтахт Исломобод осмонида парвоз қилмоқдалар

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Покистон армияси J-10CE қирувчи учоқлари байрам куни пойтахт Исломобод осмонида парвоз қилмоқдалар
Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Бу саволга жавоб Ўзбекистонни ҳали Совет замонидан қурол-яроғ билан таъминлаб келган Россияни "хафа қилмаслиги кераклиги"ни расмий Тошкент ҳам, Пекин ҳам яхши aнглайди.

Шу кунларда ҳарбий мавзуга ихтисослашган қатор халқаро нашрлар бир савол билан таҳлилий мақолалар эълон қилдилар: Ўзбекистон Хитойдан қирувчи самолёт олдими?

Айрим нашрларда Ўзбекистон Хитойнинг Chengdu J-10CE қирувчи учоқларини олгани ҳақида хабарлар, ижтимоий тармоқларда постлар тарқалган, аммо ҳозирча буни тасдиқлайдиган кенг оммага имконли далиллар мавжуд эмас.

На Ўзбекистон, на Хитой расмийлари бу хабарни тасдиқладилар.

Бир ойча олдин Defence Security Asia нашрига таяниб Ўзбекистондаги Daryo.uz Ўзбекистон тўртта J-10CE қирувчи самолётини олгани хабари юзасидан Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига сўров юборган, лекин ҳозирча вазирлик жавоби эълон қилинганича йўқ.

Air Data News нашрига кўра, сўнгги пайтларда айрим мудофаа нашрлари биринчи J-10CE самолётлари Ўзбекистонга етиб боргани ҳақида ёзганлар.

Бироқ Ўзбекистон ҳарбий-ҳаво кучлари нишонлари туширилган самолётлар суратлари ёки уларнинг Ўзбекистон аэродромларида турганини кўрсатадиган тасвирлар эълон қилингани йўқ.

Хитойдаги ҳарбий заводда 204, 205 ва 206 билан рақамланган экспорт учун ишлаб чиқарилган J-10CE самолётларининг суратлри ижтимоий тармоқларда тарқалиб улгурган.

Аммо бу қирувчилар қайси давлат учун мўлжаллангани аниқланмаган.

Эҳтимолий харидорлар сифатида Ўзбекистон, Миср ва Индонезия тилга олинган.

Iqtibos
Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Айрим кузатувчилар 101X ва 102X серияли J-10 самолётлари Ўзбекистонга топширилган бўлиши мумкинлигини айтган.

Ўзбекистон бир неча йилдан бери эски Совет давридаги "МиГ-29" ва "Су-27" қирувчи учоқларини алмаштириш вариантларини кўриб чиқаётгани ҳақиқат.

Ҳарбий экспертларга кўра, аввал бошида Ўзбекистон Хитой ва Покистон ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган JF-17 Block III самолётларига қизиқиш билдирган, кейинроқ эса эътибор Хитойнинг J-10CE қирувчи учоғи томон кўчган.

J-10CE Хитой армияси фойдаланаётган J-10Cнинг экспорт талқини ҳисобланади.

У AESA радиолокатори ва узоқ масофали PL-15E ҳаво-ҳаво ракеталари билан жиҳозланиши мумкин.

Кўпчилик Ҳиндистоннинг ҳали СССР замонидан Россиянинг ҳарбий харидори эканини яхши билади, энг охирги марта 2024 йил охирида Ҳиндистон Россиядан 12 та "Сухой" қирувчи самолётини сотиб олиш ҳақида шартнома имзолаган.

Аммо ўтган йил май ойида Покистон билан Ҳиндистон ўртасида келиб чиққан қисқа муддатли ҳарбий можарода Покистоннинг J-10 қирувчи учоғи учувчилари Ҳиндистоннинг "Рафале" ва "Су" самолётларини уриб туширгани J-10 қирувчиларига бўлган қизиқишни кучайтирган.

Натижада Ғарб ёки Россия самолётларини харид қилишни режалаштирган бошқа мамлакатлар ҳам Хитойнинг J-10CЕ қирувчи учоғига жиддий муқобил сифатида қарай бошлаганлар.

Битта J-10CЕ самолётининг баҳоси шу кеча-кундузда 40–50 миллион доллари атрофида деб кўрилади.

Бу нарх Ғарбнинг 4+ авлод қирувчиларидан анча арзон ҳисобланади, мисол учун, бир "Рафале"нинг (100-130 миллион доллар атрофида) пулига Хитой қирувчисидан бир нечтасини сотиб олиш мумкин.

Украина уруши Россия ҳарбий техникасининг илғор ва қолоқ жиҳатларини "кашф қилди".

Айни пайтда оддий тугмадан тортиб то фазо ракеталаригача ўзида ишлаб чиқариш технологияларини ўзлаштирган Хитой жаҳонга муқобил "бренд"ларини таклиф эта бошлади.

Сўнгги тадқиқотлар Хитой ҳарбий денгиз флоти АҚШникидан ҳам ўзиб кетганини кўрсатади.