Ўзбекистон Ҳаво Йўллари: "Саудияга парвозлар очиқ, аммо вазият кузатилмоқда". Саудия вазири ҳужумларга жиддий жавоб берилишини айтди. Марказий Осиё қораламоқда

Сурат манбаси, Reuters
Ўзбекистон Ҳаво Йўллари Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги аэропортнинг ракета ҳужумларига тутилиши ортидан Жидда ва Мадина шаҳарларига парвозлар одатдагидек давом этишини маълум қилган.
11- октябр куни Ўзбекистон Ҳаво Йўллари ширкатининг Телеграм каналида жойлаштирилган маълумотда шунингдек, Саудия Арабистонидаги вазият синчковлик билан кузатилаётгани ва ҳар бир парвоз ҳақидаги қарор охирги дақиқаларга қадар олинаётган хабарлар асосида қабул қилиниши ҳам билдирилган.
Саудия Арабистонига умра зиёратчиларини етказиш учун ташкил этиладиган чартер парвозлар ҳақида маълумот олиш ҳозирча имконсиз ва улар амалга оширилмаяптими-йўқми номаълум.
Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ар-Риёддаги аэропорт ҳужумга тутилган вақти у ерда бўлган 2 нафар ўзбекистонлик енгил жароҳат олганлигини Instgram саҳифасида маълум қилганди.

Сурат манбаси, MFA Uzbekistan, Instgram
Вазирлик Матбуот котиби Омонулла Файзиев номидан чоп этилган маълумотномада айтилишича, 10- октябр кунги ҳужум вақтида Ар-Риёддаги аэропортнинг 3- терминалида бўлган 1977 ва 1997 йилларда туғилган жароҳат олган ўзбекистонликларга дастлабки тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага ётқизилган.
Ар-Риёддаги Ўзбекистон элчихонаси ҳам вазият яқиндан кузатиб турганлигини таъкидлаган. Аммо элчихонанинг Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида бу борада маълумот ҳозирча йўқ.
Марказий Осиё давлатлари ҳужумларни қоралашди
Шу вақтгача Марказий Осиёнинг уч давлати Саудия Арабистонига қилинган сўнгги ҳужумларга, хусусан, Ар-Риёд аэропортига уюштирилган ва одамлар ўлимига сабаб бўлган ракета ҳужумига расман муносабат билдирди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот тарқатиб, ҳусийлар томонидан Саудия пойтахтидаги халқаро аэропортга ракета ҳужуми уюштирилганини "кескин қоралаган". Вазирлик баёнотида, тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига қилинган ҳужумлар халқаро ҳуқуқнинг жиддий бузилиши ҳисобланиши ва зудлик билан тўхтатилиши кераклиги айтилган.
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Барча томонларни вазиятни мулоқот ва дипломатия йўли билан тинч ҳал этишга чақирган вазирлик Ўзбекистон Республикаси қардош Саудия Арабистони Подшоҳлиги халқи ва ҳукумати билан бирдамлигини изҳор этиши ҳамда минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлашини билдирган.
"Казинформ" давлат ахборот агентлигининг хабар беришича, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ҳужумларни қоралаган.
Хабарда айтилишича, Қозоғистон ҳусийларнинг Саудия Арабистонидаги фуқаролик инфратузилмасига одамлар ўлимига сабаб бўлган ҳужумларини кескин қоралайди ва ҳужумларни зудлик билан тўхтатишга чақиради.
Вазирлик баёнотида бундай ҳужумлар гуманитар нуқтаи назардан қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат эканлиги ва халқаро ҳуқуқни бузиши таъкидланган.
"Ушбу ҳаракатлар Ямандаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга путур етказади ва можарога сиёсий ечим топишга тўсқинлик қилади. Биз ҳужумларни зудлик билан тўхтатишга ҳамда инқирозни фақат сиёсий ва дипломатик воситалар орқали ҳал этишга чақирамиз", дейилган Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
"Кабар" давлат ахборот агентлигининг хабарига кўра, қўшни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам бир неча мамлакат фуқароларининг ҳаётига зомин бўлган ҳужумларни қораловчи баёнот чиқарган.
Баёнотда вазирлик барча томонларни вазминликка ҳамда Яқин Шарқдаги вазиятнинг янада беқарорлашишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирган.
"Фуқаролик ва авиация инфратузилмасига қилинган ҳужумлар халқаро ҳуқуқнинг жиддий бузилиши ҳисобланади ҳамда халқаро фуқаролик авиацияси хавфсизлигига таҳдид солади", дейилади Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Ар-Риёддаги аэропорт ҳужумга тутилган онлар акс этган BBC UZBEK видеолавҳаси:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Жиддий ҳужумга жавоб ҳам жиддий бўлади"

Сурат манбаси, Getty Images
Саудия Арабистонининг энергетика вазири Ямандаги Эрон томонидан дастакланган ҳусийлар ҳаракатининг қироллик аэропортлари ҳамда нефт-газ иншоотларига қилган қонли ҳужумларига "жиддий" жавоб қайтарилишини ваъда қилди.
Шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ар-Риёд шаҳрида ўтган WPC Energy Congress анжуманида айтишича, сўнгги ҳафталарда юз берган воқеалар жуда жиддий ва жавоб ҳам шунчалик жиддий бўлиши керак.
Саудия расмийларининг маълум қилишича, якшанба куни пойтахтдаги Қирол Холид халқаро аэропорти терминалига қилинган ҳужумда бир нафар покистонлик ҳалок бўлган.
Бу ҳодиса ҳусийлар отган ракета бир кун аввал бошқа терминалга келиб тушиб, 13 киши ҳалок бўлгани ва терминал фаолияти тўхтатилганидан кейин содир бўлди.
Ҳусийлар мазкур ҳужумлар Саудия Арабистонининг Яман ғарбида ўзлари назорат қилаётган ҳудудларга қарши олиб бораётган ҳужумлари учун жавоб эканини айтишди.
Яманда 2014 йилда бошланган фуқаролар уруши оқибатида мамлакат вайрон бўлган. Ўша йили ҳусийлар пойтахт Санодан халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган ҳукуматни сиқиб чиқарган эди. 2015 йилда эса Саудия бошчилигидаги ҳарбий коалиция ҳукумат ҳокимиятини тиклаш мақсадида можарога аралашгач, уруш янада кескинлашди.
Тўрт йил давом этган норасмий оташкесим ўтган июл ойида издан чиқа бошлади. Шу пайтда ҳусийлар Саудия Арабистонига қарши "денгиз қамали"ни эълон қилиб, мамлакат аэропортлари, нефт ишлаб чиқариш объектлари ҳамда Қизил денгиздаги танкерларга ракета ва дрон ҳужумларини бошлади.
Ҳусийлар бу ҳаракатларини ўз ҳудудларидаги портлар ва аэропортларга нисбатан Саудия томонидан қўйилган қамал, шунингдек, Сано аэропортига қилинган ҳаво зарбасига жавоб дея таърифлашганди.
Яман ҳукумати эса мазкур ҳужумни ўзи амалга оширганини билдириб, бу орқали рухсатсиз Эрон самолётининг қўнишига йўл қўймасликка уринганини айтди.
Ўтган ойда ҳусийлар Яманнинг жануби-ғарбий Қизил денгиз соҳили бўйлаб кутилмаган ҳужум бошлаб, ҳукумат тарафдори бўлган кучларни Боб ал-Мандаб бўғозига қадар ҳудудлардан сиқиб чиқарди.
Улар халқаро кемачилик ҳаракатига таҳдид солмаслигини, аммо Саудия Арабистонига тегишли кемаларни нишонга олишда давом этишларини маълум қилишди.
Бироқ ушбу бўғоз устидан назорат ўрнатилиши жаҳонда нефт нархларининг кескин ўсишига яна бир туртки берди. Чунки Форс кўрфазидаги Ҳўрмуз бўғози АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши туфайли амалда ёпилиб қолгач, Саудия Арабистони нефт экспорт қилишда асосан Қизил денгиз йўналишига таяниб келаётган эди.
Ўтган ҳафта Яман ҳукумати ҳусийлар назоратидаги барча ҳудудларни қайтариб олишга қаратилган янги ҳарбий амалиёт бошланганини эълон қилди.
Ҳукуматни қўллаб-қувватловчи кучлар Саудия ҳаво кучлари зарбалари ёрдамида Боб ал-Мандаб атрофидаги ҳудудларни тез орада қайта эгаллаганини билдиришди.
Бироқ ҳусийлар бирон-бир ҳудудни қўлдан бой берганларини рад этишган.
Танглик кучаймоқда
BBC нинг Яқин Шарқ бўйича таҳлилчиси Франк Гарденернинг ёзишича, Ар-Риёддаги Қирол Холид аэропортига қилинган ҳужумлар аллақачон кескинлик ва можаролар домига тортилган минтақадаги яна бир хавфли босқични англатади.
Унга кўра, Саудия Арабистони бундай воқеаларга тўлиқ тайёр эмас эди.
Сўнгги ҳафталарда ҳусийлар Саудия ҳудудига ҳужумларни кучайтирди. Аммо ўтган бир неча кун ичидаги ҳужумлар мамлакатнинг стратегик аҳамиятга эга инфратузилмасини, жумладан пойтахтнинг асосий аэропортини нишонга олди ва улар Саудия ҳаво мудофаа тизимларини осонлик билан четлаб ўтган кўринади.
Саудия обрўсига жиддий путур

Сурат манбаси, Getty Images
Етказилган моддий зарарни тезда бартараф этиш мумкин. Аммо Саудия Арабистонининг барқарорлик ва хавфсизлик маскани сифатидаги обрўсига жиддий путур етмоқда.
Яманда халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган ва Саудия Арабистони қўллаб-қувватлайдиган ҳукумат билан Эрон қўлловига таянган ҳусийлар ўртасидаги фуқаролар уруши минглаб одамлар умрига зомин бўлди ва Яманни дунёдаги энг оғир инсоний инқироз марказларидан бирига айлантирган.
Саудия Арабистони Яқин Шарқдаги энг қудратли ҳаво кучларидан бирига эга ва ҳусийлар позицияларига ашаддий ҳаво зарбаларини амалга ошириб келмоқда.
Шунга қарамай, ҳусийлар Яманнинг катта қисмини, айниқса шимолда ва ғарбда ҳудудларини назорат остига олишга муваффақ бўлди.
Ҳусийлар Саудия иқтисодиётининг энг заиф нуқтаси қаерда эканлигини яхши билишади.
Жизондан тортиб Хурайсдаги нефт-кимё мажмуасигача бўлган ҳудудларда ҳусийлар портловчи дрон ва ракеталарни юқори аниқлик билан ишлатмоқда.
Қизил денгиз орқали ўтадиган денгиз савдо йўли тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Чунки кўрфазнинг нариги томонида жойлашган Ҳўрмуз бўғози АҚШ ва Эрон ўртасидаги урушни тугатиш бўйича келишувга эришилмагани сабабли ҳануз тўлиқ қайта очилмаган.
Қизил денгиздаги кемаларни нишонга олиш ҳусийларнинг босим ўтказиш усулларидан яна бири ҳисобланади.
Бундай ҳужумлар жаҳон иқтисодиётига зарар етказади ва бу Теҳрон учун муҳим сиёсий босим воситаси саналади.
АҚШ аралашадими?
Biz bu hujum haqida endigina xabar topdik va qaror qabul qilamiz. Biz juda tez harakat qilamiz.
Сентябр ойи бошларида Оқ уй Ямандаги можарога бевосита аралашмаслигини, аммо Саудияга разведка маълумотлари билан ёрдам бериши мумкинлигини маълум қилган эди.
Кейинроқ Вашингтон ҳақиқатан ҳам разведка кўмаги кўрсатаётганини ва Саудия Арабистонига ҳарбий мутахассислар юборганини тасдиқлади.
Бироқ АР-Риёддаги сўнгги ҳужумдан кейин вазият янги босқичга ўтган бўлиши мумкин. Чунки мазкур ҳужумда АҚШ фуқароси ҳалок бўлган.
Журналистлар билан суҳбатда Доналд Трамп шанба кунги ҳужумни "даҳшатли" деб атади ва Саудия билан биргаликда ҳарбий аралашув эҳтимолига ишора қилди.
"Биз бу ҳужум ҳақида эндигина хабар топдик ва қарор қабул қиламиз. Биз жуда тез ҳаракат қиламиз", деди жаноб Трамп.
Бироқ келаси ойда бўлиб ўтадиган ҳал қилувчи АҚШ оралиқ сайловларидан олдин бундай қарор қабул қилиниши эҳтимоли камдек кўринади.
Трамп 2024 йилда қайта сайланганида Америка иштирок этаётган урушларга нуқта қўйишни ваъда қилган эди.
Шунга қарамай, АҚШ ҳозир Яқин Шарқдаги ҳал этилмаган учта можаро, яъни Ғазо, Ливан ва Эрон билан боғлиқ зиддиятларга алоқадор бўлиб қолмоқда.
Агар Трамп яна бир урушга, бу сафар Ямандаги можарога ҳам тортиладиган бўлса, бу сайловчилар томонидан ижобий қабул қилиниши даргумон.
Ҳозирча бу урушга АҚШ аралашадими-йўқми, яна бир беқарор сулҳ тузилишидан олдин янада кескинлашаётганга ўхшайди.































