Россия Украина урушига ташланаётган ёшлар: Уларнинг қанчаси ҳалок бўлаяпти?

    • Author, Олга Ившина*
    • Role, Би-би-си Рус хизмати
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Украинадаги урушда 25 ёшгача бўлган қарийб 20 минг россиялик ҳарбий ҳалок бўлган. Бу рақам Би-Би-Сининг «Медиазона» нашри ва кўнгиллилар жамоаси билан ҳамкорликда, очиқ манбалар асосида юритаётган номма-ном рўйхат таҳлили натижасида аниқланди. Биз тасдиқлаган қурбонлар орасида энг ёши бор-йўғи 18 ёшда бўлган.

Хабаровсклик Вадим Матюшенко(мақола бошидаги суратда) автомеханика коллежида ўқиган. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига қараганда, у яккакураш санъатларига қизиққан.

18 ёшга тўлганидан 10 кун ўтиб, унинг профилида ҳарбий кийимдаги илк сурати пайдо бўлади.

Унда «асра ва сақла» (спаси и сохрани) ёзуви ёнида «шахсий адоват йўқ — бизга пул тўлашди» деган белги (патч) тақилган эди.

Вадим охирги суратини 9 апрелда жойлаштирди. Олти кундан кейин эса у ҳалок бўлди.

2023 йилнинг баҳорида Давлат Думаси мактабни тамомлаб, 18 ёшга тўлиши билан Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга рухсат берувчи ўзгартиришларни қабул қилди. Мактаблар, коллежлар ва университетларда ўсмирларни армияга жалб қилиш бўйича тарғибот кучайган. Бироқ фронтдаги ўлим статистикасига қараб, вербовка (ёллаш)нинг ошиши ёки камайиши ҳақида аниқ хулоса чиқариб бўлмайди.

Бироқ, рўйхатимиздаги маълумотлар камида шуни тасдиқлайди: янги қонун урушда ҳалок бўлаётган ёшлар сонини дарров ошириб юбормади

Аммо 2024 йил мартидан бошлаб 18–25 ёшли ҳалок бўлганлар сони — ҳозирча камида 19 583 киши — барқарор ошиб бормоқда. Бошқа ёш гуруҳларида бундай ўсиш кузатилмаяпти.

Худди шу пайтда янги қонун ўзгартириши кучга кирди: энди жиноятда гумонланиб ушланган одам — ҳатто суд қарорисиз ҳам — ҳарбий хизмат шартномасини имзоласа, жиноий жавобгарликдан қутула олади.

Ҳалок бўлган вақтдаги ёши маълум бўлган аскарларнинг 11 фоизи — 18–25 ёшлилар. Рўйхатимизда эса энг кўп учрайдиган гуруҳ 36–45 ёшлилар.

Ихтиёрийми ёки мажбурийми?

Краснодар ўлкасидан Богдан Пилипенко 18 ёшга тўлиши билан шартнома имзолади. Ўша пайтда у деярли бир йилдан бери қамоқда эди.

Йигитга «кладменлик» — оддийроқ қилиб айтганда, интернет орқали сотилган гиёҳванд моддаларни харидорларга махфий жойга қўйиб кетувчи курьерлик — учун тўрт йилга ҳукм қилинган эди. Гиёҳванд моддалар билан боғлиқ ишлар бўйича ҳукм қилинганларнинг кўпчилиги айнан 18–29 ёшли йигит-қизлардир.

Богданнинг ҳолатида Давлат Думаси томонидан қабул қилинган қонунлар ўзаро уйғунликда ишлади. Биринчиси унга 18 ёшга тўлган кунидаёқ шартнома имзолаш имконини берди — 2023 йилгача бунинг учун камида уч ой муддатли хизматни ўташ ёки техникум/олий ўқув юртини тамомлаш шарт эди. Иккинчиси эса қолган жазони ўтамай, уруш тугагандан кейин судланганлигини бутунлай тозалаш умидини берди.

Баъзи кечаги мактаб ўқувчилари полиция билан суҳбатдан сўнг дарҳол шартномага қўл қўйишмоқда. Масалан, Иркутск вилоятидан бўлган 18 ёшли Виталий Иванов маиший кимё дўконидаги ўғрилик иши бўйича полицияга чақирилган. Йигитнинг сўзларига кўра, полициячилар уни бир неча соат давомида калтаклашган, шундан сўнг у шартнома имзолаган. Расман у ҳатто ушбу иш бўйича гумонланувчи ҳам бўлмаган.

Жиноий жавобгарликдан қочиб урушга кетганлар учун фронтда тирик қолиш айниқса қийин. Уларнинг кўпчилигини «В» ҳарфи билан белгиланган алоҳида ҳужум роталарига, асосан собиқ маҳкумлардан тузилган бўлинмаларга, юборадилар. Айнан шу роталар фронтдаги энг хатарли вазифалар учун биринчи бўлиб юборилади ва талафотлари жуда юқори бўлади.

Богдан Пилипенко шартнома имзолаганидан атиги 38 кун ўтиб Украинада ҳалок бўлди. Фронтга юборилишдан олдин у ҳарбий тайёргарликдан ўтганми ёки йўқ — номаълум.

Виталий Иванов эса онасининг айтишича, биринчи жанговар топшириқдаёқ — 2025 йил 11 феврал куни — ҳалок бўлди.

Муддатли ҳарбий хизматчилар

Бизнинг рўйхатимиздаги камида 502 киши армияга муддатли хизматга чақирилиб, кейин жанг майдонида ҳалок бўлган. Бу рақамга биз бевосита муддатли хизматдаги аскарларни ҳам, чақирувдан кўп ўтмай шартномага ўтганларни ҳам киритдик. Кўп ҳолларда Мудофаа вазирлиги яқинларини улар шартномани ўз хоҳиши билан имзолаганига ишонтирган — тасодифни қарангки, ўлимдан бир неча ҳафта ёки ҳатто бир неча кун олдин. Баъзи ота-оналар бунга ишонишни истамаяпти.

18 ёшли Ренат Бакиров Татаристоннинг Чистопол шаҳридан муддатли хизматга чақирилган эди.

Бакировнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ҳарбий мавзуга яқин ҳеч нарса йўқ. Аватаркасида аниме қаҳрамонлари, суратларида эса Чистопол манзаралари, «Сабантуй» байрами ва балиқ ови лавҳалари акс этган.

Бакировни шартнома имзолашга нима мажбур қилганини билмаймиз, лекин у буни хизмат бошланганидан бир неча ой ўтиб амалга оширган. 2026 йил 13 февралда эса у ҳалок бўлди.

Владимир Путиннинг муддатли хизматдагилар урушда қатнашмаслиги ҳақидаги ваъдасига қарамай, чақирилувчилар Россиянинг чегарадош ҳудудлари ва аннексия қилинган Қримда мудофаа ишларига фаол жалб этилмоқда — бу қўшни давлат билан кенг кўламли уруш авжига чиққан пайтда хавфсиз вазифа эмас.

2022 йилда «Москва» ракета крейсерига берилган зарба оқибатида 20 нафар муддатли хизматчи ҳалок бўлган эди. Украина қуролли кучлари Россиянинг Курск вилоятига бостириб кирганда, мудофаанинг биринчи чизиғида айнан муддатли аскарлар — чегарачилар билан бирга — турган эди. Уларда оғир қурол-аслаҳа ҳам, техника ҳам йўқ эди.

Ҳалок бўлган муддатли хизматчиларнинг реал сони биз очиқ манбалар (ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги таъзияномалар) орқали аниқлаганимиздан анча юқори бўлиши тайин.

Умумий тенденциялар

Ҳозирги вақтда биз Украинага босқин давомида ҳалок бўлган 207 552 нафар россиялик ҳарбийнинг исмини аниқладик. Бу фақат очиқ манбалар орқали тасдиқлашга муваффақ бўлган маълумотларимиздир.

Барча қурбонларнинг ярмидан кўпи (57%) эндиликда кўнгиллилар, сафарбар қилинганлар ва қамоқхоналардан урушга кетган маҳбуслар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу одамлар уруш бошланишидан олдин армия билан ҳеч қандай алоқага эга бўлмаганлар.

Россия томонининг ҳақиқий йўқотишлари биз очиқ манбалардан топа олган рақамлардан анча юқори. Ҳарбий таҳлилчиларнинг фикрича, қабристонлар, мемориаллар ва некрологлар орқали олиб борилган ҳисоб-китобларимиз ҳақиқий қурбонлар сонининг 45 фоизидан 65 фоизигача бўлган қисмини қамраб олади.

Бунинг сабаби шундаки, сўнгги ойларда ҳалок бўлган ҳарбийлар жасадларининг катта қисми ҳали ҳам жанг майдонида қолиб кетган бўлиши мумкин. Уларни олиб чиқиш дрон зарбалари туфайли катта хавф туғдиради.

Россия томонидан ҳалок бўлганларнинг реал сони 319 300 дан 461 200 кишигача бўлган оралиқда бўлиши мумкин.

Агар 2022 йил охиригача Украинага қарши ўзини-ўзи мустақил деб эълон қилган ДХР ва ЛХР бўлинмалари таркибида жанг қилганларни ҳам қўшсак, якуний рақам сезиларли даражада ошади.

Таъзияномалар ва алоқаси узилиб қолган жангчиларни қидириш эълонларининг таҳлили босқиннинг биринчи йилидаёқ бу бўлинмалардан 21 000 дан 23 500 гача одам ҳалок бўлганини кўрсатади.

Кейинроқ ҳалок бўлганлар Россия йўқотишлари таркибида ҳисобга олинади, чунки ЛДХР бўлинмалари Россия армияси таркибига киритилган.

Натижада, россияпараст кучларнинг умумий йўқотишлари 340 300 — 484 700 киши оралиғида бўлиши мумкин.

Биз қандай ҳисоблаймиз?

Россияда ҳар куни ҳалок бўлганларнинг исмлари ва дафн маросимларидан олинган фотосуратлар эълон қилиб борилади. Кўпинча фамилияларни Россия ҳудудлари раҳбарлари ёки туман маъмуриятлари вакиллари, маҳаллий ОАВ ва ҳалок бўлганлар илгари таълим олган ўқув юртлари, шунингдек, уларнинг яқинлари тилга олади.

Би-би-си, «Медиазона» ва кўнгиллилар жамоаси ушбу маълумотларни ўрганиб, уларни Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан бери биз юритиб келаётган рўйхатга киритади.

Биз Россиянинг расмий манбасида ёки ОАВда эълон қилинган маълумотларни, қариндошларнинг ижтимоий тармоқлардаги постларини ёки бошқа манбалардаги постларни, агар уларга дафн этилган жой фотосуратлари илова қилинган бўлса, ўлимнинг тасдиғи деб ҳисоблаймиз.

Қўшин турларини биз ҳалок бўлган шахс қаерда хизмат қилгани ҳақидаги хабарларга ёки ҳарбий кийимдаги фарқланувчи белгиларига қараб аниқладик. Сафарбар қилинганлар, кўнгиллилар ва маҳбуслар алоҳида қўшин турлари ҳисобланмайди, бироқ биз ушбу йўқотишларни мунтазам армиянинг профессионал қисмлари йўқотишлари билан солиштириш учун алоҳида тоифага ажратамиз.

* Россия ҳукумати Ольга Ившинани «хорижий агентлар» реестрига киритган. Би-би-си бу қарорга қатъиян қарши чиқади ва уни судда инкор этмоқда.

** «Медиазона» нашри ҳам Россия ҳукумати томонидан «иноагент» деган рўйхатга киритилган.