Туркманистонда гўшт нархи ошиши норозиликка сабаб бўлди

Туркманистондаги бозорлардан бири

Сурат манбаси, YOUTUBE / DOUG BARNARD

Сурат тагсўзи, Бозорда нархлар осмондами?
Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Туркманистоннинг иккинчи йирик шаҳри Туркманободда гўштнинг кескин қимматлаши харидорлар норозилигига сабаб бўлди.

Мустақил нашр хабарига кўра, маҳаллий бозордаги можаро қарийб икки соат давом этган ва хавфсизлик кучлари бир неча кишини қўлга олган.

Мамлакатда мол гўшти қимматлашаётган бир пайтда арзонроқ гўшт ҳам етишмаяпти.

Turkmen.news хабарига кўра, чорвадорлар пичан ва омухта ем нархи ошганидан қийналмоқда.

Бозордаги норозилик

25 августда эълон қилинган Turkmen.news хабарига кўра, норозилик 20 ёки 21 август куни Туркманободдаги "Яшил бозор"да юз берган.

Нашр манбасининг айтишича, гўшт бўлимидаги харидорлар маҳсулот қимматлигидан норози бўлиб, маошлари камлигини овоз чиқариб айта бошлаган.

Дастлаб полиция ходимлари вазиятни юмшатишга уринган. Улар харидорларни тушунишини, ўзлари ҳам тез-тез гўшт сотиб олишга қурби етмаслигини айтгани хабар қилинган.

Бироқ кейинроқ воқеа жойига Миллий хавфсизлик вазирлиги ходимлари келиб, норозилик билдирганларни қўлга олишни буюрган.

Нашр маълумотига кўра, хавфсизлик ходимларидан бири йиғилганларни "ношукур" деб атаб, кўп гапиришса, умуман гўштсиз қолишларини айтган. Бу сўзлар одамларни янада ғазаблантирган.

Оломон орасидаги аёллар ходимнинг ўз фарзандлари ҳар куни гўшт ейишини айтиб, унга эътироз билдирган. Ходимнинг бунга кулгани норозиликни янада кучайтиргани хабар қилинди.

Turkmen.news маълумотига кўра, можаро қарийб икки соат давом этган. Энг фаол норозилик билдирган эркаклар ва ёшлардан айримлари қўлга олинган. Хавфсизлик ходимлари харидорларнинг воқеани тасвирга олишига ҳам йўл қўймаган.

Қўлга олинганларнинг кейинги тақдири ҳақида маълумот йўқ.

Гўшт нархи ва маошлар

Туркманистондаги дўконлардан бири
Сурат тагсўзи, Туркманистонда озиқ-овқат тақчиллиги ва нархларнинг ўсиши янги муаммо эмас.

Turkmen.news маълумотига кўра, Туркманободда бир килограмм суякли мол гўшти камида 150 манатдан, қийма эса 180 манатгача сотилмоқда.

Нашр манбасининг айтишича, Туркманободда маошлар Ашхободдагига нисбатан паст бўлиб, кўпчилик ойига тахминан 1 400 манат олади.

Манба Туркманободдаги танқисликни Ашхободдан келаётган талаб билан ҳам изоҳлаган.

Унинг айтишича, пойтахтдан келганлар қишлоқлардаги чорва молларини сотиб олиб, шу ернинг ўзида сўйдириб, совиткичли юк машиналарида олиб кетмоқда.

Ашхободда ҳам нархлар ошди

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Chronicle of Turkmenistan нашри 26 августда Ашхободда гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлаганини хабар қилди.

Нашр буни 14 августда ўтказилган хайрия дастурхонлари учун чорва ва гўштнинг оммавий харид қилиниши билан боғлаган. Унинг ёзишича, давлат ташкилотлари, ҳудудий корхоналар ва хусусий компаниялар хайрия таомлари уюштирган.

Май ойида бир килограмми 100 манатдан 135 манатга кўтарилган суякли мол гўшти ҳозир 150–160 манатдан сотилмоқда.

Бошқа маҳсулотлар ҳам қимматлашган. Бир килограмм гуруч нархи 12 манатдан 15 манатга, картошка 6 манатдан 11 манатга, асал эса 160 манатдан 220 манатга кўтарилган.

Нашрнинг ёзишича, Ашхободдаги кўплаб оилалар бир неча йилдан бери фақат давлат савдо тармоғида бир килограмми 35 манатдан сотиладиган музлатилган товуқ ва шу нархдаги музлатилган буйвол гўштини сотиб олишга қурби етади.

Туркманободда эса музлатилган буйвол гўшти учун узун навбатлар пайдо бўлган, аммо унинг захираси чекланган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Таъминотга нима таъсир қилмоқда?

Нашр манбасининг айтишича, чорвадорлар пичан ва омухта ем қимматлигидан шикоят қилмоқда. Бунга қурғоқчилик, бошқа табиий офатлар ва қишлоқ хўжалигини бошқаришдаги муаммолар таъсир қилаётган бўлиши мумкин.

Экспортнинг, жумладан яширин экспортнинг ортиши ҳам ички бозордаги таъминотни камайтираётгани айтилган.

Айрим чорвадорлар нарх яна кўтарилишини кутиб, молларини сотишга шошилмаяпти. Нашрга кўра, гўшт қишгача яна 1,5–2 баравар қимматлаши мумкин.

Туркманистондаги савдо марказларидан бири

Минтақада ҳам гўшт қимматлаган

Апрель ойидаги хабарларда чорва касалликлари ҳақидаги хавотирлар, савдо чекловлари ва таъминотдаги узилишлар фонида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистонда гўшт нархи ошгани айтилган.

Туркманистонда озиқ-овқат тақчиллиги ва нархларнинг ўсиши янги муаммо эмас.

2024 йилда ҳам мамлакатда гўшт, тухум, ўсимлик ёғи ва бошқа асосий маҳсулотлар етишмаётгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Ўша йилнинг сентябрида Озодлик радиосининг туркман хизмати - Азатлик бир фуқаронинг мол гўшти, кунгабоқар ёғи ва бошқа асосий озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашиши аксар оилалар учун оғир юкка айлангани ҳақидаги сўзларини келтирган.

Хабарда товуқ гўшти ва тухум танқислиги, Туркманободдаги нон навбатлари ҳамда кунгабоқар ёғи нархининг ошиши ҳақида ҳам айтилган.