Россия Латвия, Литва ёки Эстонияга ҳужум қилса, оқибати ёмон бўладими?

Сурат манбаси, EPA
Хабарларга кўра, АҚШ Россияни огоҳлантирган. НАТОга кирувчи бу уч постсовет давлатига ҳам ҳужум қила кўрмаслигини айтган. Ҳар уч давлат – Латвия, Литва ва Эстония ҳам Россияга чегарадош.
Кутилмаган ташриф
Шу кунларда кутилмаганда АҚШ Марказий Разведка бошқармаси раҳбари Москвага келиб кетди.
Жон Рэтклиффнинг Россияга келиши ҳали учоғининг осмондалиги чоғидаёқ четдаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортди.
АҚШ Марказий Разведка бошқармаси раҳбари нега Москвага келгани турли тахмину фаразларга йўл очди.
Расмий изоҳларнинг турлича экани эса бу гап-сўзларни кучайтирди.
Россиянинг Украинага босқини эса ҳали анча аввал унинг кейинги нишони ким бўлажагига оид саволлар ва хавотирларни пайдо қилиб бўлган.
Эҳтимолий нишон сифатида Марказий Осиёдан Қозоғистоннинг номи ҳам тилга олинган.
НАТОга кирмаса-да, Россияга чегарадош ягона Марказий Осиё давлати.
Худди шу босқин манзарасида Россияга чегарадош аксарият НАТОга аъзо давлатлар ўз чегараларини мустаҳкамлаш ҳаракатига тушиб қолишган.
Россияга чегарадош Финландиядан ташқари яна Швеция ҳам тезликда НАТОга кирган.
Россия дунёнинг 14 та давлатига чегарадош.
Улардан олтитаси – Эстония, Латвия, Литва, Финландия, Норвегия ва Полша НАТОга киради.
Матбуотда гап

Сурат манбаси, Kent NISHIMURA/AFP via Getty Images
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
АҚШ Разведка бошқармасининг Россияга ташрифи манзарасида The Wall Street Journal ёки Politico'нинг ўз манбаларига таяниб берган хабари хос эътибор топган.
Ғарбнинг айрим етакчи нашрларида сарлавҳаларга ҳам чиққан.
Ҳар икки нашрнинг ҳам ёзишича, Жон Рэтклиффнинг Москвага келишидан мақсад Кремлни НАТОга аъзо давлатлар – хусусан, Россия билан чегарадош Эстония, Латвия ва Литвага ҳужум қилишдан огоҳлантириш бўлган.
Аммо Москва Рэтклифф ташрифининг мақсадини "разведка идоралари ўртасидаги алоқалар" билан изоҳлаган.
АҚШ Разведка бошқармаси раҳбарининг Россия Президенти Владимир Путин билан учрашмаганлигини айтган.
Доналд Трамп эса Рэтклиффнинг Россияга сафарини "одатий", деб таърифлаган.
Уни АҚШнинг Россиянинг Украинага қарши урушига барҳам бериш истаги билан боғлаган.
The Wall Street Journal ушбу мавзуга бундан аввал ҳам тўхталиб ўтган.
Нашр, "Путин янги, бу гал НАТОга аъзо давлатга қарши ҳужум билан "алянс"нинг мустаҳкамлигини синаб кўришга бориши мумкин"лиги ҳақида ёзган.
The Wall Street Journal ўшанда ўз хабарида АҚШ Разведкаси маълумотларига таянганлигини айтган.
Рэтклиффнинг Москвага ташрифи олдиндан эълон қилинмади; на Вашингтон, на Москва унинг кун тартиби ёки натижалари ҳақида хабар берди.
Кремлни Украинага ҳужум қилмаслик билан огоҳлантириш учун 2021 йилнинг ноябрида АҚШ Марказий Разведка бошқармасининг аввалги раҳбари ҳам Москвага келган.
Аммо, Politico'нинг эслатишича, ўша ташрифдан тўрт ой ҳам ўтмасдан, Россия Украинага кирган.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
НАТО билан "ўйнашиб" бўлмайдими?
Biz o‘z turmush tarzimizni, demokratiyamizni va hududimizni himoya qilamiz. Shu bois, bizga tegishga urinmang, biz bilan o‘yin o‘ynashmang.
НАТО Бош котиби сўнгги йилларда Россия ўзларига яқин беш йил ичида ҳужум қилиши билан огоҳлантиришга ўтган.
Марк Рютте ўтган ой ҳатто Россия президентини иттифоқ билан "ўйнашмаслик"ка ҳам чақирган.
НАТО дунёдаги энг йирик ҳарбий иттифоқ бўлади.
Марк Рютте бу ҳақда НАТОнинг Анқарадаги сўнгги саммити фонида гапирган.
У матбуот анжуманида финландиялик журналистнинг "Россия ва Путинга тилагингиз", деган саволига шу тариқа жавоб қайтарган.
Марк Рютте НАТО "ўзининг демократияси ва ҳудудини ҳимоя қилиши"ни айтган.
У НАТОни "енгиб бўлмаслиги"ни баён қилган.
"Европа, Канада ва Қўшма Штатларда яшовчи бир миллиард кишини бирлаштирган ушбу иттифоқ ҳудудимизнинг ҳар бир қаричини ҳимоя қилади. НАТОни енгиб бўлмайди. Биз мудофаа иттифоқимиз; ҳеч қачон ҳеч кимга ҳужум қилмаймиз. [Аммо] биз ўз турмуш тарзимизни, демократиямизни ва ҳудудимизни ҳимоя қиламиз. Шу боис, бизга тегишга уринманг, биз билан ўйин ўйнашманг", — деб айтган Рютте.
НАТО Бош котиби ўшанда BBC Рус хизматига, "Анқара саммити декларациясида Россия НАТО учун узоқ муддатли таҳдид сифатида белгиланиши кутилаётганлиги"ни ҳам маълум қилган.
Худди шу саммит манзарасида НАТОнинг умумий қиймати қарийб $50 миллиард долларлик янги ракета дастурига қўл уриш ниятида экани ҳам очиқланган.
Буюк Британия илова ўндан ортиқ давлат янги дастур ёрдамида Европани ҳимоя қилмоқчи бўлаётгани айтилган.
Узоқ масофага мўлжалланган ракеталар НАТОнинг энг илғор қуролларидан бири сифатида эътироф этилади.
Улар тахминан 300 чақирим узоқликдаги нишонларга аниқлик билан зарба беришга мўлжалланган ва кучи бундан бир неча бор олисликдаги нишонларга ҳам етиши мумкин.
Россия дунёнинг глобал ядровий қудратларидан бири бўлади.
Россия Украина уруши манзарасида Ғарбга ўзининг ядровий қуроллари билан бир неча бор пўписа қилган.
Қонунчилиги давлатчилигига таҳдид туғилган тақдирда, Россияга бундай қилишига изн беради.
Путин қўшниси ва жорий пайтда постсовет ҳудудидаги энг яқин иттифоқчиси бўлган Беларусда тактик ядровий қуролларини жойлаштирган.
Бир нечта ядровий каллакларни олиб учишга қодир илғор қитъалараро баллистик ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказганлигини ҳам айтган.
Турли манбаларда Россия ҳозир дунёда энг кўп ядровий каллакка эга давлат сифатида тилга олинади.
































