Ўзбекистонда йирик афв – Каримов давридан қанча қамоқхона ва маҳкум қолди?

Сурат манбаси, Getty Images
Янгилик сўнгги соатларда Ўзбекистонда сарлавҳаларга чиқди.
Каримов, Мирзиёев ва афвлар
O‘zbekiston fuqarolari hamisha o‘z davlati va Konstitutsiyasi himoyasida bo‘ladi va biz bu tamoyilni bundan buyon ham qat’iy amalga oshiramiz.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг энг кўп маҳкум афв этаётган президенти бўлади.
Ислом Каримов даврида Ўзбекистондаги қамоқхоналар, маҳкумлар сони ва уларга муносабат четда энг кўп ташвиш уйғотган, танқидга тутилган мавзулардан бири бўлиб келган.
Уларнинг аниқ сони расман эълон қилинмаган, маҳаллий фаоллар талқинида, "ёпиқ мавзулар" сирасига кирган.
Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда диний ва сиёсий маҳкумлар борлигини ҳамиша инкор қилиб келган.
Ислом Каримов Ўзбекистонни амалда 1989 йилдан то ўлимига – 2016 йилга қадар бошқарган.
Халқаро майдонда унинг қарийб 30 йиллик бошқарув даври авторитаризм, репрессив бошқарув ва кенг миқёсли инсон ҳуқуқлари чекловлари билан эсланади.
Айнан Мирзиёев Ислом Каримов даврида маҳкумлар томонидан фашист концлагерига қиёсланган Жаслиқ қамоқхонасини ёпган, қилган иши катта шов-шувга сабаб бўлган.
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Қисқа вақтнинг ўзида, йилларки, четда Ўзбекистон билан боғлиқ жиддий хавотирларга сабаб бўлиб келган "минглаб" диний-сиёсий маҳкумлар масаласи ҳам кун тартибидан тушган.
Ўзбекистонда чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида шаклланган мавжуд вазият ҳам анчайин жадаллик билан ўзгаришларга юз тута бошлаган.
Шавкат Мирзиёев орада мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг йирик афвга ҳам қўл урган.
Ўзбекистоннинг Ислом Каримовдан кейинги иккинчи президенти қудратга келишидан ҳеч қанча ўтмаёқ, 2017 йилда бирваракайига 3 мингга яқин маҳкумни афв этган.
Диний-сиёсий ва фаолияти тақиқланган ташкилотларга аъзоликда кўрилган маҳкумларни афв этаётгани ҳам четда алоҳида эътиборга молик воқеага айланган.
Ўшанда қилган чиқишида Мирзиёев "кўп-кўп одамларнинг адолатсиз қамалгани" ва ҳануз қамоқда ўтирганини айтган.
"Адолатсиз ўтиргани учун адолатсиз халққа ҳам, жамиятга ҳам душман бўлгани"ни айтган.
У 10 минг нафар маҳкумни озод этишни режалагани, аммо маҳкумларнинг аксари "қилмишидан пушаймон бўлмаган"ини айтган
Айнан суд-ҳуқуқ, адлия, миллий хавфсизлик ва куч ишлатар тизимларининг фаолиятини ислоҳ қилиш Мирзиёев президентлик фаолиятининг илк босқичлариданоқ эътибор қаратган соҳалардан энг муҳимлари бўлган.
Таъбир жоиз, айниқса, пойтахт Тошкентдан диндорларни "қора рўйхат"дан чиқариш ишларига киришилганига оид хабарлар ҳам олинган.
Бу - янги президент Шавкат Мирзиёевни "машҳур қилган қадам" сифатида ҳам баҳоланган.
Ўзбекистоннинг янги президенти қийноқларга қарши махсус фармон ҳам қабул қилган.
Тергов жараёнида қийноқ қўллаган шахслар, "ким бўлишидан қатъиназар, муқаррар жавобгарликка тортилишини айтган.
Ўзбекистонда қамоқхоналар ва маҳкумлар сонига оид расмий маълумотлар эълон қилина бошланган.
Бу ҳам Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев бошқаруви билан боғлиқ яна бир ижобий воқеълик ўлароқ баҳо топган.
Янги афв

Сурат манбаси, Getty Images
Пойтахт Тошкентдан олинган хабарларга кўра, Ўзбекистоннинг амалдаги президенти яна бир йирик афвга қўл урган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан юзлаб маҳкумни афв этган.
Президент афвига жами 852 нафар маҳкум тушган.
Бу Ўзбекистонда мамлакат Мустақиллиги санаси сабаб эълон қилинаётган энг йирик афвлардан бири бўлади.
Хабарларга кўра, президент фармонига мувофиқ, 852 нафар маҳкумдан 604 таси тўлиқ, 115 нафари эса шартли равишда озод қилинган.
Элликдан ортиғининг жазоси енгилроғига алмаштирилган, яна юзга яқинининг қамоқ муддати қисқартирилган.
Аммо имконли бўлган хабарларда ҳозирча бундан ортиқ тафсилотлар келтирилмаган.
Президент афвига тушганларнинг айнан кимлар экани, Ўзбекистон Жиноят Кодексининг аниқ қайси модда ва бандлари бўйича жазо муддатини ўтаётган бўлишганига оид маълумотлар ҳам имконли эмас.
Фақат уларнинг орасида еттита чет эллик, элликка яқин аёл, 60 ёшдан ошган 37 нафар эркак ва тўрт юзга яқин ёшнинг борлиги айтилган.
Яна тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этган олтмишдан ортиқ шахснинг борлиги ҳам тилга олинган.
Лекин хабарларда сўз айнан қай бир тақиқланган ташкилот ҳақида кетаётгани ҳалича очиқланмаган.
Фаоллар Ислом Каримов даврида Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган, деб айтилган бу каби ташкилот ва оқимлардан энг асосийлари сифатида "Ҳизбут Таҳрир" ва "Ваҳобийлик"ни тилга олишган.
Ўзбекистонда бу каби ташкилот ва оқимларга алоқадорлик айби ўша пайтда камида 7 йилдан 20 йилгача бўлган қамоқ жазосини кўзда тутиши айтилган.
Каримов даврида Ўзбекистонда айнан қай бир ташкилотларнинг расман тақиқланганига оид аниқ маълумотлар кенг матбуотга имконли бўлмай келгани ҳам фаоллар ўша пайтда ўз эътиборларини қаратган мавзулардан бири бўлиб келган.
Маҳаллий фаоллар Каримов даврида диний-сиёсий маҳкумларга қўйилган айбларнинг қанчалик асосли экани, уларни қамоқхоналарда сақлаш учун давлат бюджетидан кетадиган сарф-харажатларнинг қанчалик катта экани ва янгидан янги хорижий сармоялар илинжида бўлган Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги имижи масаласи назарда тутилса, Ўзбекистонда катта афвларга, сўзсиз, эҳтиёж борлиги, уларнинг кераклигини таъкидлашган.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
Бугунги қамоқхоналар ва маҳкумлар

Сурат манбаси, Yasin Baturhan Ergin/Anadolu via Getty Images
Агар, яқинда эълон қилинган расмий маълумотларга таянилса, ҳозир Ўзбекистонда 49 та жазони ижро этиш муассаси мавжуд.
Бу муассасаларда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар сони эса бугунги кунда 50 мингга яқин.
Маълум бўлишича, Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасалари асосан икки турга бўлинади.
Улар ёпиқ турдаги ва манзил-колониялардан иборат.
Ўзбекистонлик масъулларга кўра, ҳозир ёпиқ турдаги колонияларда 26 минг нафар маҳкум бор.
Манзил-колонияларидагиларнинг сони эса 11 минг нафардан ортиқни ташкил этади.
Агар, қиёсан олинадиган бўлса, 2021 йилда Ўзбекистонда 54 та жазони ижро этиш муассасаси бўлган.
Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо муҳлатини ўтаётганлар сонининг эса 22 мингдан ортиқ экани айтилган.
Аммо имконли бўлган айни мазмундаги хабарларда улардан энг кўпини қай бир турдаги жиноят содир этганликда айбдор, деб топилганлар ташкил этиши айтилмаган.
2020 йилда Ўзбекистонда 25 та манзил-колония босқичма-босқич қисқартирилиши айтилган.
2024 йилда эса Ўзбекистондаги маҳкумлар сони МДҲ бўйича энг кам эканига оид хабарлар ҳам олинган.
Ўзбекистонда ҳар 100 минг аҳолига 68 нафар маҳкум тўғри келиши айтилган.
Расмийларнинг ўшанда билдиришларича, Ўзбекистонда сўнгги йилларда замон талабларига жавоб бермайдиган 4 та колония тугатилган.
































