Блогер суди: Судга босим бўлдими ёки ОАВга?

Сурат манбаси, Rasmiy/Vaqt.uz
Бир неча кундан бери Ўзбекистонда блогер Сирожиддин Одиловнинг 4 йилга озодликдан маҳрум қилингани қизғин муҳокама қилинмоқда.
Кўплаб жамоатчилик фаоллари бу борада ўзининг танқидий чиқишларини эълон қилди.
Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти эса Одиловга қарши ишни "шубҳали" деб баҳолаб, уни апелляция инстанциясида холис кўриб чиқишга чақирди.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов эса айрим журналистларни айнан шу кейсни нохолис ёритишда айблаб, бу судга босим бўлишини айтди.
Мазкур воқеа атрофида ўзи нималар бўлмоқда?
Қасос ё қонун?

Сурат манбаси, Rasmiy
Интернетда тарқалаётган айрим версияларга кўра, блогер Сирожиддин Одиловдан Фарғона вилояти Фурқат туманидаги мактаб директори Гулираъно Қосимованинг ИИБ ходимлари томонидан таҳқирланганини фаол ёритгани учун "қасос олинаётган" бўлиши мумкин.
Хусусан, қароргоҳи Ню Йоркда жойлашган Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳисоботида бу тахминлар тилга олинади.
9 октябр куни Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ҳам шу масала кўтарилди.
Журналист Анора Содиқ бу мавзуга эътибор қаратар экан, мазкур тахминларга вазирликнинг муносабати қандай эканини сўради.
Har qanday jinoyat sodir qilgan shaxsga nisbatan ichki ishlar idoralari xodimlarining vazifasi to‘g‘ridan to‘g‘ri qonun ustuvorligi hamda jazo muqarrarligini ta’minlashdir.
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
"Ички ишлар вазирлигининг қизиқиши йўқ. Биз фуқароларнинг манфаатига биринчи қизиқамиз. У ерда йиғлаган аёл бизга мурожаат қилиб, йўлкирасига пул топа олмай келдилар. Балки кимнингдир қаричида 30 млн сўм пул эмасдир, сизнинг қаричингизда, лекин у аёл учун жуда катта пул. Жиноят ишида Гулираъно ҳақида умуман гап йўқ. Бу жиноят ишида айбланган ҳолат бўйича фақат фуқароларимиздан келиб тушган, блогерлиги билан эмас, ноқонуний ҳаракатлари билан боғлиқ. Вазиримизнинг умуман алоқалари йўқ, вазирлигимизнинг ҳам алоқаси йўқ. Бу одамнинг ўзининг нотўғри ҳаракатидан" - деди журналистга жавобан Ўзбекистон Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашропов.
"Ҳар қандай жиноят содир қилган шахсга нисбатан ички ишлар идоралари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг вазифаси тўғридан тўғри қонун устуворлиги ҳамда жазо муқаррарлигини таъминлашдир. У айнан кимдир бўлиши керак эмас. У айнан ўша қонунни бузиши етарли" - деди вазир ўринбосари.
ИИВ ва матбуот

Сурат манбаси, Rasmiy
Вазирлик матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов эса Сирожиддин Обидов ишини ёритишда "иккуюзламачилик" бўлганини даъво қилди.
"Ҳозирги пайтда шундай тенденция бўлган-да. Буни ҳаммамиз билиб турибмиз. Иккиюзламачилик ҳолати. Мана, ҳозир очиқ, чиройли қилиб гапиряпмиз сизларга, тушунтиряпмиз ҳаммасини, тўғрими? Лекин ўша гапларни гапирган, ҳозир сиз айтган гапларни (Сирожиддин Одиловнинг қамалиши ортида ИИВ тургани, ИИВнинг блогерда хусумати борлиги ҳақида) гапирган одам келмайди бу матбуот анжуманига. Фақатгина ўша тўртта "подписчик"нинг олдида қанақадир бир пиар мақсадида ёки, нима дейди, суиистеъмолчилик қилиш – аниқ қонунни суиистеъмол қилиш ҳисобланади. Нима учун фақатгина блогерлар ёки журналистика жамоасидаги шахс айбланса, у айбдор эмас-да, ва фуқаролар, халқ жабр кўрса, "йўқ, бунга нисбатан нохолис муносабат бўляпти", дейилади? Ҳар доим, мана сизлар журналистсизлар, "икки томонлама холис ёритинглар", деб биз доим айтамиз" - деди Шоҳруҳ Ғиёсов .
Жаноб Ғиёсов 9 ой ичида 900 дан ортиқ одамга нисбатан товламачилик бўйича жиноят иши қўзғатилгани ва 800 дан ошиқ фирибгарлик ҳолати бўлганини урғулаб, "лекин негадир трендда фақат блогер Одилов иши", дея савол қўйди.
У Одиловнинг номини тилга олмасдан, "фуқаролар ҳаққини еган ва жавобгар бўлган шахс" ҳақида гапирди.
Шундан сўнг экранда жабрланувчиларнинг видеоси қўйиб берилди.
Жабрланувчилардан бири уй масаласи бўйича қурувчи 13 минг доллар пулини олганини, блогер Сирожиддин Одилов эса қурувчидан шу пулини олиб беришини айтиб, 32 млн сўм пулини олганини айтди.
Бироқ видеода у нима сабабдан қурувчидан пулини олиши керак бўлгани, агар қурилиш фирмасига алданган бўлса, нима сабабдан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга эмас, блогерга мурожаат қилганини айтмаган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Яна бир жабрланувчи эса "айрим сабабларга кўра Сирожиддин Одилов деган блогерни" чақирганини, шартнома қилмасдан 1 млн сўм пулни унинг пластик картасига ўтказиб берганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, блогер вилоят ва республикадаги танишлари ёрдамида маҳалла раисини ишдан бўшаттириб бераман деб, маҳалладан умумий ҳисобда 6 миллион сўм йиғиб олиб кетган.
Аммо у ҳам маҳалла аҳолиси сайланадиган раисдан норози бўлса, нима сабабдан уни ўзлари ишдан олдиришмагани ҳақида гапирмаган.
Видеода яна икки жабрланувчи ҳам Сирожиддин Одиловга пул бергани ҳақидан гапиради.
10 октябр куни ушбу видео тўлиқ ҳолда ички ишлар вазирлигининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳам эълон қилинган.
Шоҳруҳ Ғиёсов айрим журналист ва блогерларни нохолисликда айблаб, бу судга босим эканини таъкидлади ва ахборот тарқатувчиларга яна бир бор қонунларни эслатди.
"Қонунда аниқ нарса белгиланган. Нима учун ахборот тарқатувчиларга – бу жамоатчилик вакиллари, қўштирноқ ичидаги "фаоллар", булар ахборот тарқатувчи – нима учун уларга қонун билан аниқ мажбуриятлар юклатилган? Яъни нохолис тарқатиш мумкин эмас. Ўзининг тўртта "подписчиг"и бор-да, судга, терговга таъсир ўтказиш мумкин эмас - деди у.
"Жамоатчилик назорати тўғрисида"ги қонун бор. Жамоатчилик назорати – ўзи бизнинг жамиятга жуда ҳам керакли механизм, лекин унинг бешинчи моддасида суиистеъмол қилиш мумкин эмас деган. Давлат органларига ижтимоий тармоқ орқали асоссиз таъсир ўтказиш мумкин эмас деган. Бир журналист чиқиб, нима дейди, савол беряпти: "Суд қанақа ўтди?" деяпти. "Суд яхши ўтди", деса, "Тўхта. Нимага сиз яхши гапиряпсиз?" деяпти, "негатив гапиринг", деяпти. Бу тўғридан тўғри судга таъсир ўтказиш. Жамоатчиликка нохолис, сунъий равишда таъсир қилиш, жамоатчиликда фикрни ўзгартириш" - деди вазирлик матбуот котиби.
Экранда Жиззаҳ вилоятида кўрилган суд мажлисларига бориб, иштирок этган журналист, блогер ва ҳуқуқ фаолларининг видеолари ҳам қўйиб берилди.
Шоҳруҳ Ғиёсов яна бир бор "судга, терговга таъсир ўтказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини, давлат ҳеч қачон бунга йўл қўймаслигини" таъкидлади.
Фаоллар нима дейди?
Блогерга ҳукм ўқилгандан сўнг, суд мажлисларида қатнашган инсон ҳуқуқлари фаоли, "Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Facebook тармоғидаги саҳифасида июл ойида бўлган ҳодисани эслаганди:
"Шу йилнинг июлида Жиззах шаҳар судида Сирожиддин Одиловга нисбатан суд раиси Санжар Расулов томонидан олиб борилган суднинг музокара босқичида "прокурор 6 йил сўраркан, судя 4 йил бераркан, эшитдик…" деганимда судя менга дакки бергандек бўлди. Бунга бутун суд зали, ОАВ вакиллари гувоҳ. Буни қарангки, мен айтганимдек бўлди, мен фол очмаганман, ром кўрмаганман, аммо бу гаплар ўша пайтдаёқ қулоққа чалина бошлаганди".
Маълумот учун, ўтган 24 сентябр куни Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судида бўлиб ўтган суд мажлисида давлат айбловчиси Маъруф Худойбердиев блогерга нисбатан жазоларни узил-кесил қўшиш йўли билан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни сўраган.
Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судининг 2026 йил 5 октябрдаги ҳукми билан Сирожиддин Одилов 4 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Суд мажлисларида қатнашган фаол, Экология ва иқлим ўзгаришлари қўмитаси раиси маслаҳатчиси Расул Кушербаев эса янада жиддий чиқиш қилганди.
Haqiqatan ham bugun, agar buyurtma bo‘lsa, tizimlar istasa, beshikdagi chaqaloqqa ham istalgan aybni qo‘yib, tiqib yuborishi mumkin.
У ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида "Бешикдаги чақалоқдан тортиб, кўчадаги "столбага"ча қамаймиз!" сарлавҳаси остида видеоролик жойлаган. Унда Расул Кушербаев блогер Одиловнинг судида кўрганлари ва чиқарган хулосаси ҳақида гапирди.
"Ҳақиқатан ҳам бугун, агар буюртма бўлса, тизимлар истаса, бешикдаги чақалоққа ҳам исталган айбни қўйиб, тиқиб юбориши мумкин" - деган Расул Кушербаев.
У блогер Сирожиддин Одиловга сохта жабрланувчи ва сохта гувоҳлар орқали айблов қўйилган, дея иддао қилган.
"Мен борган суд ишида, шу суд мажлисида жабрланувчи сифатида келган одам нима учун жабрланганини ўзи ҳам ҳатто билмаяпти. Ҳатто "мендан алдаб пул олди", деган одамлар ўша пулнинг ўзини бермаган ҳам экан. Яна коридорга, ташқарига чиқиб, айримлари: "Биз ҳеч қанақа нарсани билмаймиз, ходимлар мажбурлаган эди, айтиб қўя қолсакми?" деб ўтирибди. Барака топгур, нега судда шуни айтмадинг? Нима сизларни мажбур қиляпти, бунчалик йўқ нарсадан туҳмат қиляпсиз-ку ахир! Барака топгур, 7-8 ойдан бери бир айби йўқ инсон кимнингдир буюртмаси асосида, туҳмат сабабли қамоқда ўтирибди. Ўша интернетдаги фаол одамни тиқиш керак бўлиб қолдими?" - деб ёзган Расул Кушербаев.
Расул Кушербаев ҳам блогернинг қамалишини Гулираъно Қосимова иши билан боғлаган.
Мурожаатга айланган савол

Сурат манбаси, Rasmiy
9 октябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Расул Кушербаевнинг бу чиқиши ҳам муҳокама қилинди. Собиқ депутат, жамоат фаоли ва блогер Феруза Мадрасулова Расул Кушербаевнинг чиқишидан хайрон бўлганини айтиб, блогер Сирожиддин Одилов иши бўйича шу каби қилинаётган чиқишлар ички ишлар органлари томонидан қандай ўрганилиши, бунинг учун кимдир мурожаат қилиши шарт ёки шарт эмаслиги ҳақида сўради.
"Мана шу "Сирожиддин Медиа"нинг судида ҳам, бошқа блогерлар ҳам, айнан шунақа тергов ҳаракатлари бўйича, қолаверса, мана шунақа даъволарни гапираётган блогерлар, журналистлар, ҳуқуқшунослар, адвокатлар, ҳимоячилар қайсидир маънода халқни давлатга ё ҳукуматга қарши чорламаяптими? Ё бўлмаса, мана шунақа айтилаётган даъволар қайсидир маънода ўрганиладими? Ё албатта улар устидан ариза киритилиши керакми?" - деб сўради Феруза Мадрасулова.
Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашропов бу саволга жавобан Мадрасулова жуда ҳам бир оғриқли масалани кўтарганини қайд этди.
"Энди ҳамма ҳақиқатга тўғри қараши керак. Бир хил пайтда мана шунақа бир томонлама масалани кўтариб, ҳеч нарса холис ёритилмайди-да. Мана ҳозир, тўғри, аччиқ бўлса ҳам ҳақиқатни айтдилар, тўғри нарсани айтдилар. Сизнинг мурожаатингиз бизга текширишга асос бўлади" - деди у.
Вазир ўринбосари блогер Мадрасулованинг саволини мурожаат сифатида қабул қилишини маълум қилди. Мадрасулова ҳам бунга рози бўлди ва ўз каналида ҳам ички ишлар вазиридан бу масалага эътибор беришини сўраб, пост қолдирганини қайд этди.
"Айнан шу мурожаатингиз бўйича, албатта, қонун устуворлиги ва, агар қонунда белгиланган жазо бўлса, жазонинг муқаррарлиги ҳам таъминланади. Ҳар бир гапирган гапга эътиборли бўлишимиз керак" - деди Ашропов.
Тармоқларда баҳс
Матбуот анжуманида журналист ва блогерларнинг фаолияти кенг муҳокама қилингани ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида баҳсларга сабаб бўлмоқда.
Журналист Илёс Сафаров (ИИВ эълон қилган видеода у ҳам акс этган) матбуот анжуманида бўлган воқеани ўз фаолиятига босим, деб ҳисоблашини ёзди.
"Мен тадбирдаги бу чиқишингизни фаолиятимга нисбатан босим, дея қабул қиламан. Бу ҳақда гапираман. Аммо билинглар, бу билан барибир халқаро ҳисоботларда келтирилаётган фактларни беркитолмайсиз. Ичкаридагилар оғзини ёпганингиз билан ташқаридагилар қаттиқроқ гапиради. Хўш, уларнинг оғзини нима билан ёпасизлар?!" - ёзди Илёс Сафаров.
Журналист Элдорбек Мадатов ҳозир гўё амалдорлар бир томон, журналистлар бир томон бўлиб қолган, деб қайд этди.
"Бу давлат бир томон, халқ бир томон дегани. Давлат халқ иродасини ифода этиши керак. Халққа хизмат қилиши керак. Сичқонни думини кесган ҳам журналист ёки блогер ҳозир. Журналист бу ўртадаги кўприк. У кўприкни бузмоқчи бўлиб мина қўйгандан нима фойда?" - деган Элдорбек Мадатов - "Биз демократик давлатда яшаяпмиз. Кимнингдир томорқасида эмас".
Ижтимоий тармоқ фаоли Шерзод Мирзаев эса Шохрух Ғиёсовнинг холислик бўлиши шарт, деган фикрига қўшилишини билдирар экан, у айтган қонуннинг 5-моддасида жамоатчилик назорати субъектларининг давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятига асоссиз аралашувига ва уларга ғайриқонуний таъсир кўрсатишига йўл қўйилмайди, дейилганини қайд этади.
Бироқ у ижтимоий тармоқда бирон фикр билдириш, бу ҳали қонунни бузишни англатавермайди, деб ҳисоблашини таъкидлайди.
"Тармоқ фаолларининг кўпчилигига қонунларимиз талабларини тўғри тушунтириш, айримларини тартибга чақириб туришга эҳтиёж борлигини тан оламиз. Бироқ бу иш фаолларнинг оғзини ёпиш учун ҳаракат қилишга айланиб кетмаслиги керак" - дейди Шерзод Мирзаев - "Чунки яқин ўтмишда бу ишни қилишга ҳаракат қилган жуда кўпчилик бугун айнан шуларнинг ёрдамига муҳтож эканлигидан ҳам хабардормиз. Очиқлик фақат тараққиётга хизмат қилади".































