Лиз Дюсет: Нозик оташкесим манзарасида эронликлар АҚШ билан келишув бўлиш-бўлмаслиги ҳақида бош қотиряпти

    • Author, Лиз Дюсет
    • Role, Бош халқаро мухбир
    • Reporting from, Эрон
  • Ўқилиш вақти: 6 дақ

Эроннинг шимоли-ғарбий текисликларида, қорга бурканган тоғ тизмалари билан ўралган ҳудудда, баҳор бодом дарахтлари оппоқ бўлиб гуллай бошлади. Мўрт оташкесим автомагистралларда ҳаракатни кўпайтиб, яна кўпроқ эронликларни ўз ватанига қайтармоқда.

"Мен бир ой давомида Туркияда ўғлим билан қолдим," дейди сочи оқарган банкир, биз Туркия чегарасидаги чиқиш залида кутиб турган пайти. Қишнинг кечикиб ёғган қори туфайли чегаранинг у томонида ҳарорат кескин пасайган.

"Менинг шимолдаги шаҳримда Исроил ва Америка ҳаво зарбалари асосан ҳарбий нишонларга тегди, уйлар ва фуқаролик инфратузилмасига эмас," деди у беш ҳафта давом этган оғир уруш ҳақида шахсий хулосасини айтиб. Бир ҳафта ичида тугаши кутилаётган бу уруш икки ҳафталик оташкесим билан вақтинча тўхтатилган.

"Мен бироз қўрқяпман," деб тан олди рўмол ўраган кекса аёл, унинг юзи ташвишдан ажин тортди. У ёш эронликларнинг азоблари ҳақида ғамгин оҳангда гапирди. Гавжум турар-жой маҳаллаларига тушган снарядлардан тортиб, кўчаларда кезиб юрадиган Эроннинг Басиж ярим-ҳарбий кучлари таҳдидларигача.

"Ҳаммаси Худонинг қўлида," деб пичирлади у, кўзларини юқорига кўтариб.

Бошқалар эса кўпроқ вақтинчалик босимга эътибор қаратди.

"Албатта, оташкесим узоқ давом этмайди," деди қизил куртка ва тўқилган шляпа кийган ёш аёл. "Эрон ҳеч қачон Ҳормуз бўғози устидан назоратидан воз кечмайди."

Кейинроқ, биз Туркия божхонасидан ўтиб Эрон Ислом Республикасига кирганимизда, ёнимиздаги бир кишидан ҳозирги тинчлик ҳақида сўраганимда шундай деди: "Трамп Эронни ҳеч қачон тинч қўймайди; у бизни еб-ютмоқчи!"

Теҳронга олиб борадиган узоқ йўлда АҚШ президенти ва бош қўмондони ҳақида ўйламасликнинг иложи йўқ. Аэропортлар ҳали ҳам ёпиқ бўлгани учун пойтахтга етиб боришнинг ягона йўли машинада етиб олиш. Баҳор қуёш нурлари остида кўриниб турган йўлларни бирлаштирувчи ҳар бир кўприкка қараб ўйга толмаслик ҳам жуда-жуда қийин.

Чоршанба куни Трамп яна огоҳлантиришини такрорлаб, Эроннинг ҳар бир сўнгги кўпригини йўқ қилиши мумкинлигини айтди. У Fox Business News га шундай деди: "Биз уларнинг ҳар бир кўпригини бир соат ичида йўқ қила оламиз, шунингдек ҳар бир электр станциясини ҳам". Аммо у: "Биз буни қилишни хоҳламаймиз", дея қўшимча қилди.

Пойтахтга олиб борадиган бу 12 соатлик сафарда транспорт воситалари энди қишлоқ йўллари орқали айланма йўлдан юришга мажбур, чунки шимолдаги Табриз шаҳрини Занжан орқали Теҳрон билан боғлайдиган асосий кўприк ўтган ҳафта ракета зарбаси оқибатида қулаб тушган.

Фуқаролик инфратузилмасининг нишонга олиниши халқаро гуманитар ҳуқуқи бузилиши ва эҳтимолий ҳарбий жиноятлар ҳақида огоҳлантираётган ҳуқуқшунослар томонидан тобора кучайиб бораётган танқидларга сабаб бўлмоқда. АҚШ ва Исроил эса фақат ҳарбий нишонларга зарба бераётганини айтмоқда.

Биз ҳам ўша нишонларни кўрамиз, жумладан Табриз чеккасидаги Эрон Исломий инқилоб гвардияси корпусига тегишли текисланган казарма. Вайроналар орасидан бетон тишлар каби чиқиб турган устунларга улкан байроқ ёпилган. Бу ҳудудда бошқа ҳарбий ва полиция базалари, шунингдек заводлар ҳам зарба остида қолган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

7-апрел куни Трампнинг "бугун кечаси бутун бир цивилизация ҳалок бўлади" деган апокалиптик таҳдиди эсга тушади. Биз йўл бўйидаги ресторанда тўхтаганимизда юзлаб йиллик карвонсарой, қадимий саёҳатчилар меҳмонхонаси, тошдан қурилган гумбазли томлар ва рангли ойналар билан безатилган Эроннинг минглаб йиллик бой цивилизациясидан кичик бир нишонни кўрдик .

Бугунги Эрон ҳам биз тўхтаган ҳар бир жойда кўринади: айрим аёллар рўмол ва ҳижобда, бошқа ҳар-хил ёшдагилари эса бошларини очиб юради. Бу 2022–2023 йиллардаги "Аёл, Ҳаёт, Озодлик" намойишларининг мероси. Аёллар вақтни ортга қайтаришдан бош тортмоқда, гарчи "одоб" ҳақидаги қатъий қоидалар ва оғир жазолар ҳануз бу мамлакат қонуни бўлса ҳам.

Аммо ҳозирги пайтда Эрон теократияси учун янада долзарб устувор масалалар бор.

Автомагистраллар устида 1979-йил инқилобидан бери уч нафар олий раҳбарнинг суратлари туширилган янги баннерлар осилган: Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Хумайний; 28 феврал куни урушнинг дастлабки зарбаларида ўлдирилган Оятуллоҳ Али Хоманаий; ва унинг вориси, ўғли Можтаба Хоманаий - ўша ҳужумда оғир яралангани айтилади ва ўшандан бери жамоат олдида кўринмаган ҳам, гапирмаган ҳам.

Шунга қарамай, у бу вайронкор урушдан кейин янги сиёсий ва хавфсизлик доктринасини шакллантиришга уринишларда рол ўйнаётгани айтилмоқда. Бу уринишларга Эроннинг ядровий дастури бўйича асосий душмани билан кўп йиллик келишмовчиликларни ҳал қилишга қаратилган тарихий юқори даражадаги саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Шунингдек музокаралар Эроннинг муҳим Ҳормуз бўғози денгиз йўли устидан назорати каби янги "қизил тугма" масалалари фонида олиб борилмоқда.

Чоршанба куни ёпиқ эшиклар ортида 21 соат давомида нима бўлгани ҳақида кўпроқ тафсилотлар маълум бўлди. Ўша учрашувда АҚШ делегацияси, вице-президент Жей Ди Ванс бошчилигида, Исломободда Эрон расмийларининг катта гуруҳи билан юзма-юз учрашди. Эрон делегациясига парламент сўзчиси Муҳаммад Бағир Ғолибаф бошчилик қилган эди. У ҳозир ниҳоятда қудратли бўлиб қолган Эрон Исломий инқилоб гвардияси корпуси билан боғланган сиёсатчи ҳисобланади, бироқ айримлар уни прагматик ҳам деб кўради, гарчи у ягона ёки асосий қарор қабул қилувчи бўлмаса ҳам.

Ўша якшанба тонгида Ванс тонг саҳарда самолётга чиқиб, АҚШнинг "якуний ва энг яхши таклифини" столга қўйганини айтган эди. Бу ўз навбатида "қабул қил ёки рад эт" ёндашувини англатарди. У ҳам, Трамп ҳам бир қатор интервюлар берди. Улар дипломатия ҳали ҳам тугамаганини кўрсатадиган янада мураккаб манзарани тақдим этди.

Чоршанба куни Эрон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бағаий Теҳрон сукутини тугатиб, Исломободда нима муҳокама қилингани ҳақида гапирди ва Теҳрон нимага эришмоқчи эканини акс эттирди: "урушнинг тўлиқ тугаши, санкцияларнинг бекор қилиниши ва АҚШ-Исроил ҳужумлари туфайли етказилган зарарни қоплаш".

Вашингтондан келган хабарларда эса АҚШнинг "қизил чизиқлари"ни таъкидланмоқда. Булар Эрон учун ядровий бойитиш дастури бўлмаслиги, бойитиш иншоотларини демонтаж қилиш; барча юқори даражада бойитилган уранни олиб чиқиш; Ҳормуз бўғозини очиш; ва минтақадаги ҳамкорлари ҳамда воситачи кучларига, жумладан Ҳамас ва Ҳезболлаҳга молиявий ёрдамни тўхтатишни ўз ичида олади.

Манбалар айтишича, Теҳрон ядровий бойитиш бўйича 20 йиллик мораторий талабини рад этган ва жанговар ҳаракатлар бошланишидан олдин таклиф қилган беш йиллик танаффус вариантини илгари сурган.

Шунингдек, у 440 килограмм юқори даражада бойитилган уран захирасини топшириш талабига ҳамга қарши чиққан ва аввалги билдирган муросасида турибди. Яъни қурол даражасига жуда яқин бўлган 60 фоизлик бойитилган уранни суюлтириш масаласида.

Трамп Эроннинг муҳим нефт танкерларини ҳамда бошқа кемаларини стратегик Ҳормуз бўғози орқали ўтишини блокадага олганига қарамай, Теҳрон ён бериш аломатларини кўрсатмаяпти. Гарчи Трампнинг баёнотлари унинг Эрон тез орада кучайиб бораётган ҳарбий ва иқтисодий босим остида таслим бўлади деган нотўғри ишончини кўрсатишда давом этса ҳам.

Чоршанба куни Эроннинг энг юқори қўмондонлигининг юқори даражадаги қўмондони Али Абдуллаҳий кескинликни ошириб, "Форс кўрфази, Уммон денгизи ва Қизил денгизда ҳар қандай экспорт ёки импорт давом этишини тўхтатиш" билан таҳдид қилди.

Биз Теҳронга шошиларканмиз, Покистон армияси бош қўмондони, фелдмаршал Асим Мунир, воситачилик саъй-ҳаракатларини тезлаштириш ва мазкур ҳамда бошқа масалалардаги фарқли қарашларни камайтиришга уриниш мақсадида Эрон пойтахтига келди.

Оқ уй матбуот котиби Каролин Левит АҚШ ва Эрон ўртасида музокараларнинг иккинчи раунди бўйича муҳокамалар кетаётганини тасдиқлади. У яна Исломободда, Покистон воситачилигида ўтказилиши кутилмоқда. Икки ҳафталик оташкесим узайтирилиши ҳақида ҳам турли хабарлар тарқалмоқда.

Вашингтондан келаётган тахминларга кўра, Американинг қуролли уруши, ёки ҳеч бўлмаганда унинг энг оғир босқичи, ҳозирча тугаган бўлиши мумкин. Эронда эса одамлар воқеаларни бир кун билан яшаш кайфиятида қабул қилаётгандек туюлади.

Ҳали апрелнинг ўрталари. Эронликлар аллақачон минглаб одамлар ҳалок бўлган, ўта қақшатқич куч билан бостирилган мисли кўрилмаган умуммиллий норозилик намойишларини; тугалланмаган ташқи урушни; ва уйда кенг кўламли интернет узилиши каби чекловларни аллақачон бошдан кечирди.

Бу эса кўплаб одамларда шундай савол туғдирмоқда: агар келишувга эришилса, у ниҳоятда оғир санкцияларни бекор қиладими ва улар истаган ўзгаришларни олиб келадими?

BBC бош халқаро мухбири Лиз Дюсет Теҳрондан хабар бермоқда, бироқ унинг материаллари Би-би-си нинг Форс хизмати томонидан ишлатилмаслиги шарти билан. Бу чекловлар Эронда фаолият юритаётган барча халқаро ОАВ ташкилотларига татбиқ этилади.