Ўзбекистон: шахматдаги юксалиш, иқтисодий ўсиш ва Ҳиндистон билан ҳарбий ҳамкорлик - бу янги давр бошланишими?

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистонлик шахматчи жаҳон чемпионлиги учун курашга йўл олди

Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров Номзодлар мусобақасида ғолиб чиқиб, жаҳон шахмат чемпионлиги учун ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу янгилик, йирик жаҳон спорт сарлавҳасига айланди.

20 ёшли шахматчи Кипрнинг Никосия шаҳрида бўлиб ўтган мусобақада тўлиқ устунлик қилди. У 6 та ғалаб қозониб, бирорта ҳам мағлубиятга учрамади ва финалдан олдинроқ чемпионликни таъминлади. Энди у жаҳон чемпиони ҳиндистонлик Гукеш Доммаражуга қарши ўйнайди, деб ёзади Reuters агентлиги.

Бу Ўзбекистон учун тарихий натижа бўлиб, мамлакатнинг шахматдаги жаҳон миқёсидаги кучли давлат сифатидаги обрўйини янада мустаҳкамлайди.

Юқорида айтилганидек, Синдаров 6 та ғалабага эришди, бу ўз навбатида икки даврали турнирнинг 2013-йилда жорий этилган замонавий формати учун рекорд натижа ҳисобланади.

Аввалроқ гроссмейстерлар, жумладан, Магнус Карлсен, Ян Непомняший ва Фабиано Каруана, бир турнирда кўпи билан 5 та ғалаба қайд этганди. Синдаров эса бу натижани 10-турга келибоқ янгилашга муваффақ бўлди.

У 19 ёшу 11 ойлигида 2025-йилги Жаҳон кубогининг энг ёш соҳибига айланганди. Бу ҳақда gazaeta.uz нашриёти ҳам ёзган.

Халқаро прогнозлар: Ўзбекистон иқтисодиёти ўсмоқда, лекин инфляция хавфи сақланиб қоляпти

Халқаро валюта жамғармасига кўра, International Monetary Fund (IMF) Ўзбекистоннинг 2026-йил учун иқтисодий ўсиш прогнозини 6,8% га оширди, бу эса мамлакатдаги ислоҳотларга бўлган ишончни кўрсатади.

Ўсиш прогнози аввалги 6,2% дан 6,8% га кўтарилди. Иқтисодиёт ислоҳотлар ва инвестициялар ҳисобига ўсишда давом этмоқда. Бироқ инфляция хавфи сақланиб қолмоқда, бу эса аҳоли ҳаётига таъсир қилиши мумкин.

Бу янгилик халқаро молия институтларининг Ўзбекистондаги ислоҳотларга қандай қараётганини кўрсатади, дея ёзган gazeta.uz нашриёти.

Осиё тараққиёт банки (ADB) прогнозига кўра эса, Ўзбекистон иқтисодиёти келгуси икки йил давомида ҳам ўсиш суръатини сақлаб қолиши кутилмоқда: 2026-йилда ўсиш 6,7 фоизни, 2027-йилда эса 6,8 фоизни ташкил этади. Бу 2025-йилдаги 7,7 фоизлик кучли кенгайишдан кейинги давр ҳисобланади. Бундай натижаларга хизматлар соҳаси етакчилик қилган кенг кўламли ўсиш, шунингдек саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалигидаги сезиларли ҳиссалар ҳам сабаб бўлган. Ўсиш асосан инвестициялар ва таркибий ислоҳотлар билан қўллаб-қувватланган.

ADB ҳисоботига кўра, ички талаб иқтисодий ўсишнинг асосий таянчи бўлиб қолмоқда. Уй хўжаликлари даромадларининг ошиши, бизнес фаоллигининг юқорилиги ва инвестициялар оқими, жумладан хорижий инвестициялар, бу жараённи дастаклаяпти.

Инфляция кутилганидан тезроқ пасайиб, 2027-йилга бориб Марказий банкнинг 5 фоизлик мақсадига яқинлашиши прогноз қилинмоқда. Шу билан бирга, давлат харажатларини камайтириш ҳамда пул сарфлашни қаттиқроқ назорат қилиш ва пул-кредит сиёсати инфляцияни барқарорлаштиришга ёрдам беряпти.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Бироқ ADB давлат корхоналари ислоҳотларини чуқурлаштириш, Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиш ва глобал иқтисодий беқарорлик каби ташқи хатарларни бошқариш зарурлигини ҳам таъкидлайди. Бу ҳақда Осиё тараққиёт банки ўзининг интернет нашриётида ёзган.

Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиш жараёнида экан, халқаро экспертлар инфляция босими кучайиши мумкинлигини таъкидлаб, "Давлат уни барқарор ушлаб тура оладими?" деган саволни ўртага ташламоқда.

Ўзбекистон - Ҳиндистон ҳарбий ҳамкорлиги: Ғурумсаройда қўшма машғулотлар

Ўзбекистон ва Ҳиндистон "Дустлик-2026" қўшма ҳарбий машғулотларни 12–24 апрел кунлари Ўзбекистоннинг Наманган вилоятида ўтказмоқда. Машғулотларда икки давлат ҳарбийлари тактик тайёргарлик ва терроризмга қарши амалиётларни биргаликда машқ қилмоқда.

daryo.uz нашриётига кўра, машғулотлар Ўзбекистон Шарқий ҳарбий округига қарашли "Ғурумсарой" дала ўқув майдонида ўтказилмоқда. Унда ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлик даражасини ошириш, замонавий ҳарбий кўникмаларни мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро тажриба алмашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Очилиш маросимида ушбу қўшма машғулотлар икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши, ҳамда, бу жараён ҳарбий хизматчиларнинг билим, кўникма ва амалий тажрибаларини оширишда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилган. "Дўстлик–2025" қўшма ўқув машғулотлари Ҳиндистоннинг Пуна шаҳридаги халқаро машғулотлар базасида ўтказилган.

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, мазкур машғулотлар икки давлат Қуролли Кучлари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида еттинчи бор ташкил этилмоқда. 2019-йилдан буён мунтазам равишда ўтказиб келинаётган ушбу ўқув машғулотлари Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни изчил ривожлантириш ҳамда янада мустаҳкамлашга қаратилган. Машғулотлар 24-апрелга қадар давом этиши айтилади.

Ҳиндистондаги етакчи молия ва бизнес рўзномаларидан бири бўлган The Economic Times, нашрига кўра, ушбу ҳамкорликнинг асосий мақсади мудофаа соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва минтақавий хавфсизликни кучайтиришдан иборат.

Бу ўз ўринида, Ўзбекистоннинг ҳарбий ҳамкорликни фақат анъанавий шериклар - Россия ва Хитой билан эмас, балки Ҳиндистон каби янги ҳамкорлар билан ҳам кенгайтираётганини кўрсатади.