Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 04 Декабр, 2008 - Published 12:27 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Россияда қудрат аслида кимнинг қўлида?
Путин-Медведев
Қудрат аслида кимнинг қўлида?
Россия Бош вазири Владимир Путиннинг россияликлар саволларига жавоб бериши ғарбдаги кўпчилик орасида бир саволни уйғотмоқда: "Россияни аслида ким бошқармоқда - Президент Медведевми ва ёки Бош вазир Путин? Жаноб Путин президентлик пайти ўзига ворис сифатида Дмитрий Медведевни танлаганида, кўплаб кузатувчилар амалда бошқарув Владимир Путин қўлида қолар экан-да, қабилидаги истеҳзоли фикрларни ўртага ташлашганди. Демак, халқ билан савол жавобни Бош вазир Путин олиб бораётгани
бу фикрларни тасдиқлаяптими? Би-би-си Москвадаги Карнеги тадқиқот маркази таҳлилчиси Мария Липманни суҳбатга тортган:

Мария Липман: Шуни таъкидлаш жоизки, Россия қонунларида фуқаролар саволларига телевизордан жавоб бериш деган жумла йўқ. Владимир Путин президентлик пайти шундай ташаббус билан чиққанди. Лекин, бу савол-жавобни айнан президент ўтказиши керак деган қоида ҳам йўқ. Бу энди масаланинг расмий жиҳати. Норасмий тарафига қарасак, Путин ва Медведев ҳамкорлиги манзарасида Жаноб Путин Катта, етакчи ҳамкордир. Буни нафақат таҳлилчилар, балки оддий одамлар ҳам таъкидлашади. Россия фуқаролари Бош вазир бўлса ҳам, Владимир Путиннинг таъсири катта деб жавоб беришади.

Би-би-си: Демак, амалда Россияни кўпроқ Бош вазир Путин бошқармоқда, шундайми?

Мария Липман: Халқ ҳам, сиёсий таҳлилчилар ҳам Россияга тааллуқли қарорларни қабул қилишда жаноб Путиннинг сўзи, салмоғи ва таъсири катта бўлишини қайд этадилар. Россиядаги сиёсий институтлар фақат усти ялтироқ, амалда эса, муайян шахсларгина қарор қабул қилишади холос. Ана шундай шахсларнинг энг биринчиси эса, Владимир Путиндир. Биласизми, бошқа томондан, Россиядаги улкан қарорлар жуда кам сонли шахслар иштирокида, омма кўзидан панада берилади. Шу боис, Владимир Путиннинг улкан таъсири борасида ҳам Россия ичкарисидаги одамлар шундай тахмин қилишади, тушунишади.

Би-би-си: Бошқа тарафдан Дмитрий Медведев барибир президент ва муайян масалаларда Бош вазир етакчиликни қўлга олишга интиларкан, орада ихтилоф, ё-да зиддиятлар келиб чиқиш эҳтимоллари ҳеч йўқми?

Мария Липман: Бу фақат назарий жиҳатдан бўлиши мумкин. Ҳозир Президент Медведев ва Бош вазир Путин ўртасида қандайдир келишмовчилик ёхуд зиддиятлар кузатилмайди. Шуни унутмаслик керакки, Президент Медведев шу даражага етишгани учун Владимир Путин олдида бутунлай қарздордир. Ўшанда Владимир Путин ворисни узоқ вақт танлаган ва уни қандай қилиб ҳокимиятга келтиришни режалаганди. Шу боис, Россияда бирон амалга етишган одамлар ким уни шу даражага кўтарганини унутишмайди. Ҳамон иқтисодий, маъмурий ва куч тизимларидаги улкан заҳиралар Бош вазир Путиннинг қўлида қолмоқда. Ва ҳатто мабодо, Дмитрий Медведев Путин қўлламайдиган бирон қарорни қабул қиламан деганида ҳам, уни бажариш йўлида куч ва заҳираларга эга эмас.

Би-би-си: Ғарблик кузатувчиларга кўра, Россия қонунларидаги сўнгги ўзгаришлар Владимир Путиннинг яна президентликка қайтишига йўл очади. Мамлакатдаги ҳозирги шароит ва эҳтиёжга қараганда бу неқадар ҳақиқатга яқин?

Мария Липман: Владимир Путиннинг яна президент бўлишга интилишига ҳеч нарса қаршилик қилмайди. Икки марта кетма-кетма президент бўлиб, амалидан кетганидан кейин, у яна қонунан сайловда қатнашиши мумкин. Ҳозир айримлар ҳатто муддатидан олдин сайловлар бўлади, деган тахминларга ҳам боришмоқда.

Би-би-си: Аммо, Путиннинг президентлик даври Россия иқтисоди гуркираши, фаровонликка тўғри келди. Ҳозирги иқтисодий инқироз палласида Россия аҳлининг истаги қандай?

Мария Липман: Россияда инсонлар ўз истакларини фаол изҳор этишмайди. Айнан жаноб Путин президентлиги даврида халқ ва ҳокимият ўртасида мен сенга тегмайман, сен менга тегмайсан қабилидаги бир вазият юзага келган. Яъни, одамлар сиёсатга қизиқишмайди, ҳукумат эса, бунинг эвазига моддий турмуш шароитини яхшилаб, фаровонликни оширади. Аммо, гап омма фикрига келиб тақалар экан, одамлар конституцияга киритилган сўнгги ўзгаришни олқишлашди. Бироқ, шуни таъкидлаш жоизки, бу ва бошқа қонунларни қабул қилиш жаарёнида кенг жамоатчилик деярли иштирок этгани йўқ.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Владимир ПутинРоссия
Владимир Путин давлат бошқарувига қайтмоқдами?
Владимир ПутинРоссия
Владимир Путиндан қандай мерос қолмоқда?
ГазетаДунёнинг ишлари
Путинни Кабаевага "уйлантирган" газета ёпилди
Владимир Путин Муносабат
Путиннинг Россия ва халқаро саҳнадаги таъсири
Владимир ПутинСиёсат
Владимир Путин келажакда нимани режаламоқда?
Россия Президенти Владимир ПутинСиёсат
'Биз нечун севамиз' Владимир Владимировични?
ИЧКИ САҲИФАЛАР
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy