Ўзбек, Қирғиз, Ҳинд... Россия учун урушаётган чет элликлар аслида ким - қурбонми ё кўнгилли?

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
- Author, Олга Просвирова
- Role, BBC
- Published
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Россиянинг хорижликларни Украинага қарши урушга ёллаши айрим ҳолларда одам савдоси сифатида таснифланиши мумкин, дейилади халқаро инсон ҳуқуқлари ҳимоя гуруҳларининг янги ҳисоботида.
Гап фақат алдов ёки таҳдидлар билан шартнома имзолашга мажбурланганлар ҳақида эмас, балки мигрантларнинг ожизлигидан фойдаланиб, уларни фронтга жўнатишни кўзда тутувчи тизим ҳақида ҳам бормоқда.
Ожиз одамлар
Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро федерация (FIDH), Украинанинг Truth Hounds ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти ва Қозоғистоннинг Инсон ҳуқуқлари ва қонунийликка риоя этиш бўйича халқаро бюроси Россияда хорижликларни армияга жалб этиш амалиётига янгича баҳо берилган ҳисоботни эълон қилди.
Уларнинг фикрича, айрим ҳолларда ёллаш жараёнида одам савдоси аломатлари – алдов, ожизликдан фойдаланиб, босим ёки таҳдид, шунингдек, кейинчалик эксплуатация қилиш каби ҳолатлар кузатилиши мумкин.
Ҳисобот асосан Россия қуролли кучларида хизмат қилиб, Украинада асир тушган 16 нафар хорижлик билан ўтказилган интервьюларга асосланган.
Шунингдек, муаллифлар очиқ манбалар, Россия армиясидан қочган дезертирлар, минтақавий экспертлар ҳамда халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассислар билан суҳбатларга ҳам мурожаат қилган.
Ҳарбий асирлар билан суҳбатлар ахлоқий муаммоларни юзага келтиради.
Шахсга бевосита босим ўтказилмаса ҳам, асирнинг аҳволи унинг сўзлашга розилигига таъсир қилиши мумкин: у интервюни мажбурият сифатида қабул қилиши ёки рад этиш оқибатларидан чўчиши эҳтимоли бор.
Ҳисобот муаллифлари бу хавфни инобатга олганларини, шу сабабли хулосаларни фақат асирлар ҳикояларига асосланиб чиқармаганликларини таъкидламоқда.
Россия Украинадаги кенг кўламли урушнинг биринчи йилида катта талафот кўргач, Россия ҳукумати танлов олдида қолди: мамлакат ичида янги оммавий сафарбарлик қилмасдан туриб, жанговар ҳаракатларни қандай давом эттириш керак?
Ҳисобот муаллифларига кўра, чоралардан бири армияни хорижликлар билан тўлдиришнинг институционал тизимини яратиш бўлди.
Ушбу тизим, деб ёзади улар, кўнгиллиларни ёллаш билан бирга "иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ожиз бўлган чет эл фуқароларини вақтинчалик шартномалар асосида хизматга йиртқичларча ёллаш"ни ҳам қамраб олган.
Россия расмийлари чет эл фуқаролари Мудофаа вазирлиги билан ихтиёрий шартнома имзолаётганини таъкидлаб келади.
Ўтган йили шартнома имзолаган хорижликлар учун Россия фуқаролигини олишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилган, жорий йил февралида эса урушаётган хорижликларни жиноят учун экстрадиция қилишни тақиқловчи қонун қабул қилинган.
Украина ҳукумати маълумотларига кўра, 2022 йил февралидан буён Россия, Шимолий Корея ҳарбийларини ҳисобга олмаганда, 130 дан ортиқ мамлакатдан камида 27 минг нафар чет эл фуқаросини ёллаган.
Украина бу баҳога асос бўлган манбаларни ошкор қилмади.
BBC очиқ манбалар, ҳалок бўлганларнинг номма-ном рўйхатлари ва аскар-дезертирлар тақдим этган ярадорлар рўйхатини таҳлил қилиб, Россия томонидан жалб этилган хорижий ҳарбийлар сонини, КХДР фуқароларини ҳисобга олмаган ҳолда, тахминан 20 минг киши деб баҳолайди.
BBC очиқ маълумотлар ва некрологларга таяниб, Россия армияси таркибида Марказий Осиё давлатлари, Беларус, Молдова, Арманистон, Озарбайжон, Непал, Ҳиндистон, Шри-Ланка, Вьетнам, Хитой, Миср, Яман, Ироқ, АҚШ, Куба, Сербия, Польша, Италия, Кения ва бошқа давлатлар фуқаролари жанг қилганини аниқлади.
"Агар дастлаб ёллаш ҳарбий тажрибага эга мафкуравий кўнгиллилар ҳисобига бўлса, кейинчалик у иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан ожиз гуруҳларга мўлжалланган халқаро тизимга айланиб кетди", деб ҳисоблайди ҳисобот муаллифлари.
Ҳаракатлар ва усуллар
Одам савдосига қарши курашнинг халқаро-ҳуқуқий асоси 2000 йилда БМТ Палермо протоколини қабул қилиши билан мустаҳкамланган.
У одам савдосини учта унсур орқали белгилайди: ҳаракат, восита ва мақсад. Протоколда аниқ белгилар санаб ўтилган: "ҳаракатлар"га, хусусан, одамни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш, "воситалар"га – таҳдид, куч ишлатиш, мажбурлаш, алдов ёки ожизликдан фойдаланиш киради. Якуний мақсад – эксплуатациядир.
Ҳисобот муаллифлари "ҳаракатлар" сифатида хорижликларни миграция марказлари, полиция бўлимлари, ҳарбий комиссарликлар ва қамоқхоналарда ёллашни ҳамда ёлланганларни кейинчалик ташишни; "воситалар" сифатида эса – алдов, босим, таҳдид ва ожиз ҳолатдан фойдаланишни келтирган.
Россияда, айниқса, Марказий Осиё давлатларидан келган мигрантлар ва ҳуқуқий мақоми беқарор бўлган бошқа хорижликлар ожиз аҳволда қолмоқда.
Муаллифлар таъкидлашича, Россиядан ташқарида ёллаш билан шуғулланувчилар қашшоқлик, ишсизлик, қуролли можаролар оқибатлари ва одамларда ишончли даромад манбалари йўқлигидан фойдаланиб қолиши мумкин. Тил тўсиғи ҳам алдов унсурларидан бирига айланади: шартномалар кўпинча фақат рус тилида имзолаш учун берилган ва одамлар айнан нимага розилик бераётганини тушунмаслиги мумкин эди.

Сурат манбаси, ALEXANDER NEMENOV/AFP via Getty Images
Палермо баённомасига кўра, агар жараёнда мажбурлаш, алдаш ёки заиф ҳолат суиистеъмол қилинса, мазлумнинг розилиги аҳамиятга эга эмас.
Россия 2004 йилда Палермо баённомасини ратификация қилиб, одам савдосига қарши курашиш, қурбонларни ҳимоя қилиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш мажбуриятини ўз зиммасига олган.
Британиянинг Очиқ университети ҳуқуқ ва жамият профессори Наталия Шаблевсканинг фикрича, маърузада келтирилган босим ҳолатларини назарий жиҳатдан одам савдоси деб таснифлаш мумкин, аммо барчаси исбот-далилларга боғлиқ.
"Асосий юридик масала шундаки, далиллар уларни шафқатсизлик ёки чалғитиш орқали ҳарбий хизматга ёллашдан ташқари, айнан эксплуатация қилинаётганини ҳам кўрсата оладими?" - дейди у.
Ёлланувчиларнинг камбағаллиги ёки иқтисодий беқарор аҳволи одам савдосига етарлича далолат қилмайди.
Паспортини олиб қўйиб, урушга жўнатишмоқда
Профессор Наталия Шаблевсканинг айтишича, ҳужжатларни олиб қўйиш, таҳдидлар, зўравонлик ёки вазиятдан чиқиш имконияти йўқлиги – буларнинг барчаси одамнинг тузоққа тушганини кўрсатади ва бундай ҳолатларни одам савдоси сифатида малакалашга ёрдам беради.
Масалан, Ҳиндистоннинг бир неча ўнлаб фуқароси шундай аҳволга тушиб қолган.
Уларнинг айтишича, Россияда яхши ҳақ тўланадиган иш ваъда қилиб, баъзи ҳолларда эса армияга "ёрдам", яъни жанговар бўлмаган ёрдамчи лавозим таклиф этиб, одамларни ёллашган.
Бунинг эвазига Россиядаги хусусий университетларга ўқишга кириш ва визани "имтиёзли" узайтириш ваъда қилинган.
Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳридан бўлган Муҳаммад Асфаннинг оиласи Reuters агентлигига Муҳаммад YouTube порталидаги видеони кўриб, Россияга йўл олганини, видеода унга иш ва ярим йиллик яшаш рухсатномаси ваъда қилинганини сўзлаб берди.
Кейинроқ у Украина чегарасидан алоқага чиқиб, оиласига паспорти олиб қўйилгани ва урушишга мажбурланаётганини билдирган. Асфан урушда ҳалок бўлган.
Ҳиндистон Марказий тергов бюроси 2024 йилда ҳиндистонликларни Россияга иш, ўқиш ёки армиядаги ёрдамчи лавозимларни ваъда қилиб жалб этган одам савдоси тармоғи фош этилганини маълум қилди.
Бюро маълумотларига кўра, Россияга келгач, ёлланганларнинг бир қисмининг паспортлари олиб қўйилган, сўнг уларга жанговар кўникмалар ўргатилиб, фронтга жўнатилган.
Ҳиндистон ҳукумати бундай фуқаролар сони ўнлаб эканини тахмин қилган, камида тўрт нафар ҳиндистонлик ҳалок бўлган.
Ҳиндистонда бу иш бўйича тўрт киши, жумладан, Россия Мудофаа вазирлигининг шартнама асосидаги таржимони ва бир неча воситачи ҳибсга олинган.

Сурат манбаси, NOAH SEELAM/AFP via Getty Images
Hujjatlarni olib qo‘yish, tahdidlar, zo‘ravonlik yoki vaziyatdan chiqish imkoniyati yo‘qligi – bularning barchasi odamning tuzoqqa tushganini ko‘rsatadi...
Непал фуқаролари ҳам шунга ўхшаш вазиятга тушиб қолган.
Guardian газетаси аниқлашича, улар Россияга келгач, рус тилидаги шартномаларга имзо чеккан ва шундан сўнг уларнинг паспортлари олиб қўйилган.
Орадан вақт ўтибгина улар Россия армиясида бир йил хизмат қилиш мажбуриятини олганликларини билиб қолишган.
Непаллик Нандарам Пун Россия ҳарбий госпиталида ётганида паспорти йўқлигини ва даволангач, уни яна урушга жўнатишларидан қўрқаётганини айтган.
BBC Украинага қарши урушда ҳалок бўлган 72 нафар непалликнинг исмини аниқлаган. Непал ўз фуқароларига Россия ва Украинага иш учун боришни тақиқлаган.
BBC, шунингдек, араб мамлакатлари фуқароларини ёллаш ҳолатларини ҳам ёритган. Унга кўра, ёлланганларни жанговар бўлмаган хизмат ва бир йилдан сўнг ишдан бўшаш имконияти бор деб алдашган.
Жабрдийда ё ёлланма аскар?
Палермо баённомасида эксплуатация мисоллари санаб ўтилган, аммо бу рўйхат тугал эмас. Бу атай қилинган, чунки ўшанда давлатлар вақт ўтиши билан одам савдосининг янги шакллари пайдо бўлишини билишган, дейди одам савдоси соҳасида эксперт, Палермо баённомасига доир музокараларда қатнашган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари собиқ маслаҳатчиси Энн Галлахер.
"Баённома ва Европа Иттифоқи конвенцияси ишлаб чиқилаётганда биз мажбурий ҳарбий хизмат мақсадида одам савдоси ҳақида ўйламаганмиз, агар 2000 йилда бу муаммо оммавий муҳокамада бўлганида, уни рўйхатга албатта киритишган бўларди, бунга аминман", деб ҳисоблайди у.
Жанговар ҳаракатларга мажбурий жалб этиш кўринишидаги эксплуатация Палермо баённомасида тўғридан-тўғри белгиланмаган, дейди Британиянинг Халл университетида замонавий қулликни тадқиқ қилувчи доктор Алисия Хейс.
Агар шартнома имзолашда жанговар бўлмаган вазифалар ваъда қилинган бўлса, одамларни фронтга жўнатишни одам савдоси деб малакалаш мумкинми, деган саволга Хейс шундай жавоб беради:
"Деярли шундай. Одамларни ўта хавфли жанговар вазифаларга жўнатиш ва бунда жанговар бўлмаган иш ҳақида ёлғон ваъдалар бериш – агар бу схема етарлича мунтазам бўлса ва ёллашдан мақсад айнан шу бўлганини, бу тасодифий натижа эмаслигини кўрсатса, Палермо баённомасига асосан эксплуатация деб хулоса қилиш учун етарли бўлиши мумкин".
Агар ваъда қилинган нарса билан амалда содир бўлган воқеа ўртасида жиддий, мунтазам ва ҳужжатлар билан тасдиқланган тафовут мавжуд бўлса, шунинг ўзи кифоя, дея хулоса қилади у.
Ҳисобот муаллифлари Россия армияси сафидаги хорижликлар алдов, мажбурлов, одам савдоси ёки мажбурий меҳнат қурбонига айланган-айланмаганини алоҳида текширишга киришди.
"Агар одамларнинг бир қисми ноқонуний усуллар билан ёлланган бўлса, давлатлар нафақат аскарларнинг ўзини, балки аввало ёллаганларни, воситачиларни таъқиб қилиши ва ёллаш тармоқларини фош этиши керак", дейди ҳуқуқ ҳимоячилари.
Улар фуқароларнинг мамлакатларига уларни ким ёллаганини, воситачилар қандай ишлаганини, уларни олиб чиқиш йўналишлари қандай бўлганини, Россияда одамларга айнан қандай "иш" ваъда қилинганини аниқлашни тавсия этмоқда.
Шунингдек, кейинчалик Россия ва Украинадаги ўз фуқаролари билан учрашиш имконига эга бўлиш ҳамда асирга тушган ёки уйига қайтишни истаганларни ватанига қайтаришга кўмаклашиш зарурлигини таъкидламоқда.

Сурат манбаси, Viktor Kovalchuk/Global Images Ukraine via Getty Images
End of Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг:
Россия хорижликлар армияга алдов ёки мажбурлов йўли билан жалб этилгани ҳақидаги айбловларга изоҳ беришдан деярли тийилиб келади.
Март ойида Москвада ташқи ишлар вазирлари иштирокида ўтган музокаралардан сўнг Кения Россиянинг ўз фуқароларини урушга ёллашни тўхтатишга рози бўлганини маълум қилди.
Ўшанда Россия ташқи сиёсат раҳбари Сергей Лавров кенияликларнинг ёлланиши ортида "жамоатчилик резонанси" борлигини тан олган, бироқ барча хорижликлар "махсус ҳарбий операцияда ихтиёрий асосда, Россия қонунчилигига тўлиқ мувофиқ тарзда" иштирок этаётганини билдирган эди.
BBC Россия Мудофаа вазирлигига ҳуқуқ ҳимоячиларининг хулосаларига изоҳ беришни сўраб мурожаат қилди ва жавоб кутмоқда.






























