Ўзбекистонда Халқ қабулхоналари "почталон"га айланиб қолдими?

Сурат манбаси, rasmiy
Бир муаммони ҳал қилиш учун фуқаро давлат идорасига неча марта мурожаат қилиши керак? Қонунчилик нуқтаи назаридан, мурожаат белгиланган муддатда кўриб чиқилиши ва масала бир ёки икки мурожаат билан ҳал бўлиши лозим. Аммо амалиёт бошқача манзарани кўрсатмоқда.
Президент Халқ қабулхонаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг дастлабки беш ойида Тошкент шаҳридан 48 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган.

Сурат манбаси, Rasmiy
Айрим фуқаролар бир масала юзасидан бир неча бор мурожаат қилишга мажбур бўлган. Хусусан, 2779 нафар фуқаро битта муаммо бўйича ўн мартагача, 65 нафар фуқаро эса 25 мартадан ортиқ мурожаат йўллаган.
Такрорий мурожаатлар сони эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 142 фоизга ошган.
Бу рақамлар ортидан бир савол туғилади: нега фуқаролар бир хил муаммо билан қайта-қайта мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда?
Ишончнинг тушиши ва ижтимоий тармоқлардаги эътирозлар
Аввалроқ Би-би-си айни мавзудаги видео лавҳани ижтимоий тармоқларда эълон қилган эди. Ушбу видеонинг изоҳларидаги муҳокамаларга қараганда, аҳолининг айрим давлат идоралари ва мурожаатлар билан ишлаш тизимига бўлган ишончи пасайганини кўриш мумкин.
Фойдаланувчиларнинг фикрича, Халқ қабулхоналари айрим ҳолатларда муаммони ҳал қилувчи институт эмас, балки мурожаатларни бир идорадан бошқасига йўналтирувчи воситачи вазифасини бажариб қолмоқда. Натижада фуқаролар шикоят қилган масала яна ўша муаммо келиб чиққан ташкилотнинг ўзига қайтарилаётганини таъкидламоқда.
Ижтимоий тармоқларда қолдирилган изоҳларда қабулхоналар фаолиятининг самарадорлиги, жойлардаги ижрочиларнинг масъулияти ва мурожаатларга муносабати ҳақида танқидий фикрлар кўп учрайди.
Судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ҳокимиятлар энг кўп тилга олинмоқда
Расмий маълумотларга кўра, такрорий мурожаатларнинг катта қисми суд, ички ишлар ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолияти билан боғлиқ.
Ижтимоий тармоқларда фуқаролар ер, мулк, маъмурий қарорлар ва ҳуқуқий баҳсларга оид масалалар бўйича йиллаб давом этаётган жараёнлардан норозилик билдирмоқда. Айрим мурожаатчилар суд қарорлари ёки идоралар ҳаракатсизлигидан шикоят қилса, бошқалари ҳуқуқий масалаларда тенг муносабат таъминланмаётганини таъкидлайди.
Хусусан, фирибгарлик ҳолатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қилинган мурожаатлар бўйича ҳам танқидий фикрлар билдирилган. Бундай ҳолатлар жамоатчилик орасида адолат ва жавобгарлик механизмларининг самарадорлиги ҳақида саволлар туғдирмоқда.
Алимент: Фақатгина ҳуқуқий эмас, ижтимоий-иқтисодий инқироз

Сурат манбаси, Rasmiy
Мурожаатлар таркибида алимент, қарз ундириш ва фирибгарлик масалалари етакчилик қилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан март ойида ўтказилган йиғилишда қайд этилишича, Мажбурий ижро бюроси тизимида алимент бўйича 480 мингта иш мавжуд. Шунингдек, ўтган йили Халқ қабулхоналарига айнан алимент масаласи бўйича 70 минг мурожаат келиб тушган.
Давлат раҳбари муаммонинг асосий сабабларидан бири сифатида алимент тўловчилар орасида ишсизлар сони юқорилигини кўрсатди. Маълум қилинишича, алимент тўлаши лозим бўлган 160 минг нафар фуқаро ишсиз ҳисобланади. Натижада кўплаб ишлар ечимсиз қолмоқда.
Xalq qabulxonalari ayrim holatlarda muammoni hal qiluvchi institut emas, balki murojaatlarni bir idoradan boshqasiga yo‘naltiruvchi vositachi vazifasini bajarib qolmoqda.
"Алимент тўловчининг расмий даромади бўлмагани учун мурожаатларнинг 30 фоизи ҳал қилинмай қолган. Алимент тўламади дегани, бунинг ортида қанча бола турибди. Уларнинг шароити қандай? Нима учун ҳокимлар алимент тўловчиларни қанчасининг касби бор, лекин ишсиз, қанчасини ўқитиш керак деган савол билан бандлик бўлими ва маҳалла еттилиги олдига аниқ масала қўймайди? Ҳозирда алимент тўлаш керак бўлган 160 минг одам ишсиз. Ҳудудда ишлар шундай ташкил қилинса алимент бўйича мурожаатлар икки карра камаяди", - деган президент йиғинда.
Экспертлар ҳам бандлик масаласи самарали ҳал этилмаса, алимент билан боғлиқ мурожаатларни камайтириш қийин бўлишини таъкидлайди.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Муаммо кадрлардами ёки бошқарувда?
Мурожаатларни қонуний муддатларда кўриб чиқмаган ташкилотлар рўйхатида Тошкент шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ҳамда шаҳар ҳокимлиги қайд этилган.
Мутахассислар бу ҳолатнинг сабаблари сифатида турли омилларни келтирмоқда. Улар орасида малакали ҳуқуқшунос кадрлар етишмаслиги, бюрократик ёндашувнинг сақланиб қолаётгани, шунингдек, масалаларнинг мазмунан эмас, расмий тартибда кўриб чиқилиши каби жиҳатлар ҳам бор.
Кузатувчиларнинг таъкидлашича, ҳар қандай рақамли технология ёки электрон тизим инсон омилини тўлиқ алмаштира олмайди. Мурожаатлар билан ишлашда масъулият ва ҳисобдорлик ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб қолмоқда.

Сурат манбаси, Rasmiy
Тошкент шаҳрида такрорий мурожаатлар сонининг 142 фоизга ошиши шунчаки статистик кўрсаткич эмас. Бу фуқароларнинг давлат идораларидан кутаётган натижа билан амалдаги тажриба ўртасидаги тафовутни акс эттирувчи муҳим индикатордир.
Президент ҳам Халқ қабулхоналари тизимини такомиллаштириш зарурлигини таъкидлаган. Унга кўра, Халқ қабулхоналарининг ишлаш тизими эскирган ва "бу идорани одамларнинг бугунги талабига мос ҳолда ўзгартириш вақти келди".
Президент танқидидан сўнг, бир қатор вазирликлар "Сайёр қабул"ларни йўлга қўйди. Аммо бу каби ташаббуслар аҳоли билан мулоқотни кучайтиришга қаратилган бўлса-да, мутахассислар фикрича, асосий эътибор мурожаатларни қабул қилиш эмас, уларни натижали ҳал этишга қаратилиши лозим.




























