АҚШ: Эрон Ҳурмузда кемаларга ҳужум қилмасликка ваъда берсин

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШ Эрондан шанба куни Уммонда бўлиб ўтиши режалаштирилган музокаралар доирасида Ҳурмуз бўғози очиқ эканини очиқча баён қилишни ва тижорат кемаларига ўқ узишни тўхтатиш мажбуриятини олишни талаб қилган.
АҚШ оммавий ахборот воситалари исми ошкор этилмаган расмийларга таяниб хабар беришича, Теҳрон хусусий мулоқотларда президент Доналд Трамп маслаҳатчиларига кемаларга қарши ўтган ҳафта ўқ узилгани хатолик бўлганини тан олган.
Аммо яна бошқа хабарларга кўра, эронликлар бу иш учун ички тизимдаги назоратдан чиққан бир гуруҳни айблаган.
АҚШ президенти Трампнинг айтишича, Ҳурмуз бўғози атрофида бу ҳафта юз берган тўқнашувларга қарамай, томонлар музокараларни давом эттиришга келишиб олишган. Оқ уй бу ҳодисани ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувнинг бузилиши деб ҳисоблаган.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи мамлакатининг ўт очишни тўхтатиш бўйича мажбуриятга амал қилганини айтди. У Х ижтимоий тармоғида аксинча АҚШ келишувни бузганини даъво қилган.

Сурат манбаси, Getty Images
Июн ойида АҚШ ва Эрон ўртасида тузилган келишувга кўра, Эрон Ҳурмуз бўғозидан тижорат кемалари учун хавфсиз йўлакни таъминлаши керак эди.
АҚШнинг юқори лавозимли амалдорлари CBS News телеканалига билдиришича, Теҳрон музокараларга путур етказишга уринган қаттиққўллардан иборат "адашган» бир гуруҳ тижорий кемаларига ўқ узганини маълум қилган. CBS News Би-би-сининг АҚШдаги ҳамкоридир.
Расмийлардан бирининг телеканалга айтишича, эронликлар музокара столига қайтиб, "Биз хато қилдик. Нотўғри иш тутдик. Келинг, мулоқотни давом эттирайлик", дея мурожаат қилишган.
Шанба кунги музокараларда АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс, давлат котиби Марко Рубио ҳамда Яқин Шарқ бўйича музокараларда фаол иштирок этган икки шахс — махсус элчи Стив Уиткофф ва Трампнинг куёви Жаред Кушнер иштирок этишлари кутилмоқда.
Музокараларда Аббос Ароқчи ҳам иштирок этиши айтилган.
Жума куни журналистлар учун ўтказилган брифингда АҚШ расмийлари минтақавий воситачилар орқали Эрон раҳбариятига махсус хабар етказилганини айтишди. Унда Теҳрондан бўғоз очиқ экани ва тижорат кемаларига қарши ўқ узиш тўхтатилишини тасдиқловчи баёнот бериш талаб қилинган. Бу ҳақда бир нечта оммавий ахборот воситалари хабар қилди.
Reuters агентлиги бир расмийнинг "Ё улар шундай баёнот беради, ёки натижа улар учун яхши бўлмайди", деган сўзларини келтирган.
CBS хабарига кўра, Оқ уй Эрондан кемаларга ўқ узилгани хатолик бўлганини очиқ тан олишни ҳам талаб қилмоқда.

Сурат манбаси, Reuters
Айни пайтда Қатар делегацияси жума куни тарангликни пасайтириш ва Ҳурмуз бўғози орқали кема қатновини енгиллаштириш мақсадида Теҳронга ташриф буюрди.
Доналд Трамп жума куни Truth Social тармоғидаги саҳифасида "Эрон Ислом Республикаси биздан музокараларни давом эттиришни сўради. Биз бунга рози бўлдик, аммо Америка Қўшма Штатлари уларга мутлақо аниқ тарзда оташкесим тугаганини билдирди!", деб ёзганди.
Шанбага ўтар кечаси Трамп Эрон уни ўлдиришни режалаштираётгани ҳақидаги хабарларга ҳам муносабат билдирди.
У Truth Social тармоғида бундай ҳужум юз берса, АҚШ армияси жавоб сифатида мамлакатнинг барча ҳудудларини "бутунлай вайрон қилиши ва йўқ қилиши"ни ёзган.
The Wall Street Journal ва бошқа АҚШ оммавий ахборот воситалари бу ҳафта Исроил Вашингтонга Эрон яқинда АҚШ президентига суиқасд уюштириш режасини ишлаб чиққанини кўрсатувчи жосуслик маълумотларини тақдим этгани ҳақида хабар берди.
Шунингдек, Эроннинг марҳум олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг жанозасида ҳам Трампнинг ўлимига чақириқлар янграгани айтилмоқда.
Бу ҳафта дафн этилган Хоманаий 28 февраль куни Теҳрондаги қароргоҳига Исроил берган зарба оқибатида ҳалок бўлганди. Бу сана Эрон билан АҚШ ва Исроилнинг уруши бошланган биринчи кун сифатида кўрилади.
Кеча, жума куни икки томон ўртасида янги ҳужумлар ҳақида хабар берилмади. Бу ҳафта бошида Форс кўрфази минтақасида тўқнашувлар бошланган бўлиб, бу июнда имзоланган муваққат келишувдан кейинги АҚШ ва Эрон ўртасидаги энг жиддий қуролли қарама-қаршилик сифатида баҳоланмоқда.
АҚШ тавсия қилган Уммон ҳудудий сувлари орқали ўтувчи йўналишдан фойдаланган учта кема ҳужумга учраган. Эрон эса бир неча бор хавфсиз йўл фақат ўз ҳудудий сувлари орқали ўтишини таъкидлаган.
Ўтган ой АҚШ ва Эрон ўртасида 14 банддан иборат англашув меморандуми бўйича келишувга эришилгани муҳим силжиш сифатида баҳоланган эди. Унинг мақсади ўт очишни тўхтатиш муддатини узайтириш ва можарони "барча жабҳаларда" тугатиш, дея айтилганди.
Келишувга мувофиқ, Эрон ва Уммон бошқа Форс кўрфази давлатлари билан биргаликда бўғознинг "келажакда бошқаруви ва денгиз хизматлари"ни белгилаш бўйича музокаралар ўтказиши керак.
Можаро давомида Эрон бўғоз устидан ўз назоратини намойиш этишга ҳаракат қилди. Шу жумладан, Эрон "Форс кўрфази бўғози бошқармаси" ташкил этилганини эълон қилди. Мазкур идора "хавфсиз ўтиш рухсатномалари"ни бериш билан шуғулланиши айтилган.
Эроннинг Fars ахборот агентлигининг хабар беришича, АҚШ билан эришилган янги келишувга кўра, келажакда бўғоз Эрон томонидан Уммон билан мувофиқлаштирилган ҳолда бошқарилиши мумкин. Бу тизим доирасида сув йўлидан ўтаётган кемалардан эҳтимолий "хизмат ҳақлари" ҳам олиниши назарда тутилмоқда.




























