Қозоғистонда 23 август куни парламент сайловлари ўтказилади

Сурат манбаси, AKORDA
23 август куни Қозоғистонда янги бир палатали парламент - Қурултой депутатлари сайланади. Парламент таркибида 145 ўрин мавжуд.
Сайловлар март ойида қабул қилинган янги Конституция доирасида ўтказилмоқда. Янги парламент аввалги тизим ўрнида шакллантирилади.
Қозоғистон парламентининг 145 ўрни учун янги ташкил этилган "Адилет" партияси бошчилигида жами еттита сиёсий партия рақобатлашмоқда. Улар орасида "Ауил", "Оқ жол" ва мамлакатда фаолият юритаётган бошқа парламент партиялари ҳам бор.
"Адилет" партияси сайловдан бир неча ой олдин ташкил этилган ва собиқ ҳукмрон партия ҳисобланган "Омонат" партиясини ўз таркибига қўшиб олган. Партия сайловда энг кўп - 186 нафар номзодни кўрсатган.
Бошқа партияларнинг рўйхатларида эса 33 нафардан 76 нафаргача номзод бор.
Сайловолди кампанияси давомида партиялар ижтимоий тармоқлар, телевидение ва оммавий тадбирлардан фойдаланди. Телевизион дебатлар ҳам ташкил этилди.
Партиялар нимани ваъда қилмоқда?
Партиялар сайловолди кампаниясида турли дастур ва шиорларни илгари сурган бўлса-да, уларнинг аксарияти ижтимоий адолатни таъминлаш, иқтисодиётнинг реал секторини қўллаб-қувватлаш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалаларига урғу бермоқда. Шунингдек, рақамлаштириш жараёнларини кенгайтириш ва давлат хизматларининг самарадорлигини ошириш ҳам асосий йўналишлардан бири сифатида кўрсатилган.
Кампания давомида қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш, аграр соҳани қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тафовутларни қисқартириш ҳақидаги ваъдалар ҳам кўп янгради. Айни пайтда деярли барча партиялар давлат суверенитетини мустаҳкамлаш, экологик муаммоларга кўпроқ эътибор қаратиш ва атроф-муҳит муҳофазасини кучайтиришни ўз дастурларининг муҳим йўналишлари қаторига киритган.

Сурат манбаси, "Адилет" партияси матбуот хизмати
Сўровлар сайловчилар кайфияти ҳақида нима дейди?
Сайлов арафасида ўтказилган жамоатчилик фикри сўровларида "Адилет" партияси катта устунлик билан пешқадам сифатида кўрсатилган. Сўров натижаларига кўра, мазкур партия сайловчиларнинг қарийб 70 фоиз овозини олиши мумкин. Кейинги ўринларда эса 5,6 фоиз билан "Ауил" ва 4,9 фоиз билан "Оқ жол" партиялари қайд этилган.
Қолган партиялар бўйича рейтинглар анча паст бўлиб, уларнинг айримлари парламентга ўтиш учун етарли даражада қўллаб-қувватловга эга эмаслиги айтилмоқда. Шу боис кузатувчилар сайловда асосий устунлик «Адилет» партияси томонида бўлишини кутмоқда.
23 август куни бўлиб ўтадиган овоз бериш якунларига кўра, мамлакатнинг янги бир палатали парламенти - Қурултой таркиби шакллантирилади. У март ойида қабул қилинган янги Конституция доирасида иш бошлайди ва Қозоғистоннинг қонунчилик органи сифатида фаолият юритади. Сайловлар мамлакатдаги янги сиёсий тизим асосида ташкил этилаётгани билан ҳам аҳамиятли деб кўрилмоқда.
































