АҚШ ва Хитой: Энди атом қуроли пойгаси ўрнида сунъий интеллект уруши бошланган. Ким ютади?

DeepSeek Хитой ҳам СИ "миялар"ни ярата олишини исботлади

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, DeepSeek Хитой ҳам СИ "миялар"ни ярата олишини исботлади
Ўқилиш вақти: 8 дақ

XX аср иккинчи ярмида АҚШ ва Совет Иттифоқининг энг олди соҳиби ақллари ядро қуролини яратиш пойгаси билан банд эди.

Ҳозир АҚШ бошқа бир рақиб – Хитой билан бутунлай бошқа соҳада беллашмоқда. Мақсад – технологиялар, хусусан, сунъий интеллект (СИ) соҳасида ҳукмронликка эришиш.

Бу кураш илмий-тадқиқот лабораторияларида, университет шаҳарчаларида ва энг илғор стартаплар идораларида кечмоқда. Уни дунёнинг энг бой компаниялари раҳбарлари ва ҳукуматнинг энг юқори доиралари кузатиб туради. Бу пойга триллионлаб АҚШ долларига тушмоқда.

Ҳар бир томоннинг ўз кучли жиҳатлари бор. Лондон Университет коллежида (UCL) когнитив неврология соҳасида ишлайдиган Ник Райт буни "миялар" ва "таналар" ўртасидаги кураш дея қисқача таърифлайди. АҚШ анъанага кўра, сунъий интеллектнинг "миялари" – чатботлар, микрочиплар ва катта тил моделлари (LLM) оламида етакчилик қилиб келади. Хитой эса сунъий интеллектнинг "таналари" – роботлар (айниқса, одамларга жуда ўхшайдиган "гуманоид" роботлар) борасида устунликка эга.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Бироқ ҳозир ҳар икки томон ҳам рақибининг устун келишига йўл қўймасликка интилаётгани боис, бу устунликлар абадий қолмаслиги мумкин ва пойга яқин йилларда янада ўзгариб кетиши эҳтимолдан холи эмас.

LLM соҳасида ҳукмронлик учун кураш

2022 йил 30 ноябрь куни Калифорнияда жойлашган OpenAI технология ширкати ўзининг янги чатботини ишга туширди. Олти жумлалик баёнотда ширкат "суҳбат тарзида мулоқот қиладиган" янги моделни яратганини эълон қилди.

Сан-Францискодаги Open AI қароргоҳи

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сан-Францискодаги Open AI қароргоҳи

Унга ChatGPT деб ном берилди. Технология олами бир зумда шунга мафтун бўлиб қолди.

"Қайси ижтимоий тармоққа кирманг, одамларнинг интернетда пайдо бўлган бу кичик матн ойнасидан фойдаланишнинг турли усуллари ҳақида гапирган постлари селдек оқарди", – дейди Bloomberg шарҳловчиси, "Ҳукмронлик: СИ, ChatGPT ва дунёни ўзгартирадиган пойга" китоби муаллифи Парми Олсон.

Бу оммабоп биринчи катта тил модели ёки LLMнинг дунёга келиши эди. LLM интернетда мавжуд бўлган улкан ҳажмдаги матн ва маълумотларни таҳлил қилади ҳамда ундан ғояни қандай ифодалаш қонуниятларини ўрганиш учун фойдаланади.

Бугунга келиб, мутахассислар сунъий интеллектнинг "мияси" борасида АҚШ устунликка эга эканини деярли бир овоздан тасдиқлайди.

OpenAI даъвосига кўра, ҳозирда ҳар ҳафта 900 миллиондан ортиқ киши – сайёрамизнинг деярли ҳар саккизинчиси – ChatGPTдан фойдаланади. Anthropic, Google ва Perplexity каби бошқа Америка технология ширкатлари ҳам рақобатчи LLM тизимларини яратишга миллиардлаб доллар сарфлаб, пойгага киришди.

Бу сунъий интеллект компаниялари агар ишни тўғри йўлга қўя олса, LLMлар ҳозирда "оқ ёқали"лар бажараётган кўплаб вазифаларни ўз зиммасига олиши мумкинлигини билишади, бу эса тижорий ғалабанинг мўмай даромадга айланиши демакдир.

Америкаликлар чиплардан қандай фойдаланди?

Бироқ Вашингтондаги ақллар яна бир савол ҳақида бош қотирмоқда: буларнинг барчаси АҚШнинг Хитой билан глобал етакчилик учун пойгасига қандай таъсир қилади?

Би-би-си билан суҳбатлашган юқори мартабали АҚШ расмийсига кўра, Американинг стратегик устунлиги калити ғаройиб алгоритмик кодлашда эмас, балки улкан ҳисоблаш қувватини таъминлайдиган аппарат воситаларида, хусусан, микрочиплардадир.

Микрочипларни ишлаб чиқарувчи Nvidia компанияси 5 триллион долларга баҳоланди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Микрочипларни ишлаб чиқарувчи Nvidia компанияси 5 триллион долларга баҳоланди

Оддий қилиб айтганда, дунёдаги энг илғор ва қудратли компьютер чипларининг аксарияти – Кремний водийси ширкатлари LLMларни яратишда фойдаланадиган чиплар Америка назорати остида. Аслида, уларнинг кўпчилиги Калифорнияда жойлашган битта компания – Nvidia томонидан лойиҳаланади. Октябрь ойида Nvidia баҳоси 5 триллион долларга етган дунёда биринчи компанияга айланди. "Фикрлайдиган машина" китоби муаллифи Стивен Уиттнинг фикрича, у барча даврларнинг энг қиммат компанияси бўлиши ҳам мумкин.

Вашингтон эса Хитойнинг бу қудратли чипларни қўлга киритишига йўл қўймаслик учун қатъий экспорт назорати тизимидан фойдаланади. Бу сиёсат асосан 1950-йилларга бориб тақалади, ўшанда АҚШ СССРга иттифоқчи бўлган мамлакатларга илғор электроника экспортини тўсиб қўйган эди. Аммо сунъий интеллект пойгаси қизиган бир пайтда, 2022 йилда президент Жо Байден бу сиёсатни кескин кучайтирди.

Гарчи бу қудратли чипларнинг аксарияти АҚШнинг ўзида ишлаб чиқарилмаса-да, Америка экспорт назорати борасида кучини кўрсата олади. Аслида, уларнинг аксарияти Тайванда (АҚШ иттифоқчиси) Тайван яримўтказгич ишлаб чиқариш корпорацияси томонидан тайёрланади.

Америка Тайванда ишлаб чиқарилган бу илғор чиплар Хитойга тушмаслиги учун имкон қадар ҳаракат қилади. У буни ўзининг "хорижий тўғридан-тўғри маҳсулот қоидаси" орқали амалга оширади. Бу қоида хорижий компанияларни, агар улар экспорт қилаётган товарлар таркибида АҚШга алоқадор қисмлар бўлса ёки улар АҚШ технологияси асосида яратилган бўлса, АҚШ қоидаларига бўйсунишга мажбур қилади.

АҚШ Голландиянинг ASML компанияси ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар Хитойга етиб бормаслигини таъминлаган

Сурат манбаси, Bloomberg via Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШ Голландиянинг ASML компанияси ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар Хитойга етиб бормаслигини таъминлаган

Тайвандаги микросхема заводи материк Хитойдан деярли кўриниб туради. Орол нима учун Пекин учун бунчалик жозибадор ўлжа бўлиши мумкинлигини тушунса бўлади.

Хўш, нега Хитой заводлари бундай қудратли чипларни ўзлари ишлаб чиқаришни бошламаяпти? Бу унчалик осон эмас. Энг илғор чипларни тайёрлаш учун ультрабинафша нурлари ёрдамида литография қилувчи дастгоҳ керак бўлади. Дунёда фақат битта компания – Нидерландиянинг кичик бир шаҳарчасида жойлашган ASML ширкати бундай дастгоҳларни ишлаб чиқаради. Америка ўша голланд ширкати бу фойдали дастгоҳларни Хитойга юборишига тўсқинлик қилиш учун айни шу тактикадан ("хорижий тўғридан-тўғри маҳсулот қоидаси") фойдаланади.

Бу протекционистик сиёсат АҚШга сунъий интеллектнинг "миялари" борасидаги устунлигини сақлаб қолишда анча муваффақиятли бўлгандек кўринган эди.

Бироқ энди Хитой жавоб зарбасини берди.

"DeepSeek"нинг жавоб ҳужуми

2025 йил январида, Доналд Трамп миллиардер технология ҳамкорлари қуршовида иккинчи муддатга қасамёд қилган ҳафта Хитой ўзининг "DeepSeek" номли чатботини ишга туширди.

Фойдаланувчига у кўп жиҳатдан ChatGPT'га ўхшаб туюлади: саволларга жавоб бера олади, код ёза олади ва ундан фойдаланиш бепул.

Энг муҳими, DeepSeek'ни яратиш ChatGPT ва Claude каби Америка LLMларига сарфланган маблағнинг жуда кичик бир қисмига тушгани тахмин қилинмоқда.

Бу катта зарба тўлқинларини юзага келтирди. 2025 йил 27 январда Nvidia АҚШ фонд бозори тарихидаги энг йирик бир кунлик бозор қиймати йўқотилишига учради: тахминан 600 млрд доллар.

"Бу Вашингтон учун жуда катта саросима бўлди", дейди сунъий интеллект журналисти Карен Ҳао. Унинг фикрича, АҚШнинг экспорт назорати сиёсати акс натижа берган бўлиши мумкин: хитойлик дастурчилар кучли чипларсиз ишлашга мажбур бўлган, ана шу ҳолат уларни ижодкорликка ундаган. "Бу, пировардида, Хитойнинг ўз кучига таянишини тезлаштирди", дейди у.

DeepSeek'нинг асосий хусусияти шундаки, у ўша вақтда "OpenAI" ва "Anthropic" каби Америка моделлариникига ўхшаш имкониятларга эга бўлган, аммо ушбу моделни ўргатиш учун анча кам компьютер чипларидан фойдаланган".

Parmy Olson Credit: Kim Farinha
Parmy Olson Credit: Kim Farinha
Xitoydagi tex-kompaniyalar yangi sun’iy intellekt modelini yaratayotganda ishni noldan boshlashi shart emas. Ular shunchaki tayyor modelga asoslanib yangisini qurishi mumkin.
Parmi Olson
Sun'iy intellekt eksperti (bbc.com/uzbek)

Бу орада Пекинда яққол руҳланиш ва кўтаринкилик кузатилди, дейди Google собиқ раҳбари Эрик Шмидтнинг офисида Хитойнинг сунъий интеллект сиёсати бўйича ишлайдиган тадқиқотчи Селина Сю. "Ҳамма "DeepSeek бунга қандай эришди?" деган саволга жавоб излаётганди. Бу, ҳақиқатан ҳам, Хитойнинг сунъий интеллект экотизими учун жуда ижобий туртки бўлди".

Бу, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги кескин фарқни ҳам кўрсатиб берди. АҚШда сунъий интеллект фирмалари ўз интеллектуал мулкини қаттиқ қўриқласа, Хитойда "очиқ кодли" ёндашув кенгроқ тарқалган. Оммалашиш ва инновацияларни жадаллаштириш мақсадида Хитой фирмалари ўз кодларини кўпинча интернетда эълон қилади, токи бошқа компаниялардаги дастурчилар ҳам уни ўрганиб чиқиши мумкин бўлсин.

"Бу шуни англатадики, Хитойдаги технология компаниялари янги сунъий интеллект моделини яратаётганда ишни нолдан бошлаши шарт эмас, – дейди Олсон. – Улар шунчаки тайёр моделни олиб, унинг асосида янгисини қуриши ва уни такомиллаштириши мумкин".

Натижада сунъий интеллект "мияси" учун кураш энди аввалгидек аниқ эмас. Америка LLMларни ўз қуроли ичидаги энг кучли восита деб ҳисоблаган эди, энди эса Хитой ҳам уларни ярата олади.

"Американинг ёпиқ-хусусий моделлари, эҳтимол, яхшироқдир, лекин унчалик катта фарқ билан эмас, – дейди Селина Сю. – Хитой модели, балки, 90 фоизга яхшидир, лекин нархи ўн баравар арзон".

Роботлар урушида Хитой устунлиги

Сунъий интеллект "танаси", яъни дронлар ва робототехника оламига келсак, бу борада Хитой устун бўлиб келган.

2010 йиллардан бошлаб Хитой ҳукумати роботлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашни кескин кучайтирди, тадқиқотларни молиялаштирди, робот ишлаб чиқарувчиларга миллиардлаб АҚШ доллари миқдорида субсидиялар ажратди. Бугунги кунда Хитойда икки миллионга яқин ишчи робот борлиги тахмин қилинади – бу дунёнинг қолган қисмидаги роботларнинг умумий сонидан ҳам кўп.

Хитойда робот озиқ-овқат ташувчилар тез оммалашди

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Хитойда робот озиқ-овқат ташувчилар тез оммалашди

Олсоннинг айтишича, бу муваффақиятнинг асосий сабаби Хитойнинг ишлаб чиқаришга асосланган иқтисодиёт эканлигидир. "Демак, сизда электроника яратиш бўйича катта тажриба бўлса, бундан унумли фойдалана оласиз ва натижада ақлбовар қилмас робототехника стартапларини қурасиз".

Шенчжен ёки Шанхайга келган халқаро меҳмонлар кўпинча роботларнинг кундалик ҳаётга бунчалик чуқур сингиб кетганидан ҳайратланишади, дейди Сю. Масалан, озиқ-овқат буюртмасини дрон орқали етказиб бериш каби ҳолатлар.

Хитой, айниқса, "гуманоид" роботлар, яъни ташқи кўриниши ва ҳаракатлари одамларга ўхшатиб ясалган машиналар соҳасида катта ютуқларга эришди.

АҚШдаги таҳлил маркази бўлган Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази мамлакат жанубидаги Чунцин шаҳрида жойлашган "қоронғи завод" ҳақида маълумот берди. Заводда 2000 та робот ва автоном транспорт воситаси бўлиб, улар биргаликда ҳар дақиқада битта янги автомобиль етказиб бера олади, деб даъво қилинади. У тўлиқ автоматлаштирилгани ва назарий жиҳатдан қоронғида, инсон иштирокисиз ҳам ишлай олиши сабабли "қоронғи завод" деб аталади.

Пекин мамлакат аҳолисининг тез қариб бораётганини билади, дейди Сю. Ҳукумат фикрича, ишчилар, айниқса, парваришлаш соҳасидагилар нафақага чиққанда юзага келадиган бўшлиқни гуманоидлар тўлдириши мумкин. "Тахминан 2035 йилга бориб [Хитойда] 60 ва ундан катта ёшдагилар сони бутун АҚШ аҳолисидан ошиб кетиши кутилмоқда", дейди у.

Хитой нафақат ўзининг улкан аҳолисига хизмат кўрсатиш учун роботлар қурмоқда, балки айни пайтда барча гуманоид роботлар экспортининг 90 фоизи ҳам унинг ҳиссасига тўғри келади.

Машинадаги арвоҳ

Хитой робот танасини ясаш бўйича дунёда етакчи. Аммо бу таналарнинг ҳар бирига ҳали ҳам мия – турли металл қисмларга нима қилиш кераклигини буюрувчи операцион тизим ёки дастурий таъминот керак.

Агар робот фақат такрорланувчан вазифани бажариши керак бўлса (масалан, ўша Чунциндаги автомобиль заводида) оддий робот мияси кифоя қилади. Хитой буни ўзи ярата олади.

Аммо роботнинг турли-туман, мураккаб вазифаларни бажариши учун унга автоном сунъий интеллект деб аталувчи СИнинг бошқа бир шаклига асосланган ақлли мия зарур. Бу мустақил ҳаракат қилувчи, бир неча босқичдан иборат топшириқларни бажарувчи сунъий интеллект дастуридир.

Шундай экан, гап юқори қувватли миялар ҳақида кетганда, устунлик ҳамон Америкада.

"Робот мияси борасида... Қўшма Штатлар шубҳасиз ҳали ҳам олдинда, – дейди UCL тадқиқотчиси Райт. – Булар роботга амалий вазифаларни бажаришда ёрдам берадиган чиплар ва сунъий интеллект дастурий таъминотидир. Шуни ҳам ёдда тутиш керакки, робот қийматининг қарийб 80 фоизи унинг миясига тўғри келади".

Робот-итлар ва дронлар

Ҳозир АҚШ ҳам, Хитой ҳам роботларни автоном сунъий интеллект билан бирлаштириш пойгасига киришган. Бир АҚШ ширкати эса муваффақиятли роботларни фақат Хитой компаниялари ярата олмаслигини кўрсатиб қўйди. Бу пойгада ким ғолиб бўлиши муҳим: бу ҳам ҳайратланарли, ҳам қўрқинчли технологиядир.

Spot ўз патрул хизматини олиб бориш учун сунъий интеллектдан фойдаланади

Сурат манбаси, WEB SUMMIT VIA GETTY IMAGES

Сурат тагсўзи, Spot ўз патрул хизматини олиб бориш учун сунъий интеллектдан фойдаланади

АҚШдаги Boston Dynamics муҳандислик фирмаси аллақачон ундан фойдаланмоқда. Уларнинг итга ўхшаш "Spot" номли роботи миллионлаб YouTube томошалари билан технология ишқибозлари орасида онлайн рамзга айланиб улгурди. Робот-итда кучли "кўзлар" (термал тасвирга эга юқори технологияли камера) ва "қулоқлар" (акустик мониторинг) бор.

Spot энди компания омборларини айланиб текшириши, ускунанинг ҳаддан ташқари қизиши, газ сизиши ёки тўкилиши каби ҳолатларни аниқлаши, сўнг бу маълумотни саноат сунъий интеллекти дастурий таъминоти провайдери бўлган IFSга узатиши мумкин. Шундан сўнг сунъий интеллект уларни таҳлил қилади ва муаммони ҳал қилиш учун (эҳтимол, инсон аралашувисиз) қарорлар қабул қилади.

Райтнинг айтишича, бунинг қўрқинчли томони шундаки, робототехника ва автоном сунъий интеллект уйғунлигини кўриш мумкин бўлган яна бир соҳа бор: бу – жанг майдонидаги дронлардир.

Ўтган ёзда Украина "Гогол-М" номли ҳаво "она кема" дронини ишга туширди. У Россия ҳудудига юзлаб километр ичкарига кириб, иккита кичикроқ ҳужумчи дронни қўйиб юборишга қодир. Бу дронлар инсон назоратисиз ўзининг сунъий интеллект миясидан фойдаланиб, нишонларни аниқлаш учун ерни сканерлайди, сўнг уларга қараб учиб, портловчи моддаларни ишга солади.

Ким зафар қучади?

Марра чизиғи қаердалигини билмас эканмиз, пойгада ким ғолиб бўлишини башорат қилиш қийин, дейди Лондон Қиролича Мери университети компьютер нигоҳ ва сунъий интеллект профессори Грег Слабо.

"Ғалаба Ойга ким биринчи қўниш каби якка бир лаҳза бўлиши даргумон, – дея қўшимча қилади у. – Аксинча, доимий устунлик муҳим: ким салоҳиятда етакчи, ким сунъий интеллектни ўз иқтисодиётига энг самарали татбиқ этади ва ким глобал стандартларни белгилайди".

Профессор Слабонинг таъкидлашича, электр ва компьютер технологияларида тизимларни ким биринчи қургани эмас, балки уларни иқтисодиётга ким энг самарали жорий этгани муҳимроқ бўлган: "Худди шу ҳолат сунъий интеллект учун ҳам тўғри бўлиши мумкин".

Сунъий интеллект бизни қаерга олиб бораётганини билмаймиз. АҚШнинг йирик технология ширкатлари бу номаълум келажакка чекловларсиз югуришни истайди; Хитой Коммунистик партияси эса тадқиқотларни давлат назорат қилиши тарафдори.

Биринчи йўл истеъмол капитализмининг гиперверсиясини ваъда қилса, иккинчиси – давлат технология билан нима қилиш мумкину нима мумкин эмаслигини белгилайдиган дунёни таклиф этади.

"Ҳар бир томон ўз ўйинида ғалаба қозониш учун қулай мавқега эга, – дейди Оксфорд университетининг Саид бизнес мактабидан Мэри Сако. – Икки ўйинчи турли қоидалар билан курашганда, менимча, кенгроқ аудиторияни – фойдаланувчилар, ўзлаштирувчилар ва ҳоказоларни ўзига жалб қила олган томон ғолиб чиқади".

Бу ўйинда тикилган нарса катта. XXI асрдан АҚШ ёки Хитой қудратлироқ бўлиб чиқиши ҳали ҳам аниқ эмас. Сунъий интеллект пойгаси эса ҳал қилувчи омил бўлиши мумкин.