Туркия мактабларидаги отишмалар ҳақида маълумот тарқатган 162 киши ҳибсга олинди

Ёш қурбонларни дафн қилиш учун пайшанба куни Қаҳраманмараш Жомеъ масжидига юзлаб одамлар йиғилди

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Ёш қурбонларни дафн қилиш учун пайшанба куни Қаҳраманмараш Жомеъ масжидига юзлаб одамлар йиғилди
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Туркия мактабларидаги отишмалар ҳақида маълумот тарқатган 162 киши ҳибсга олинди

Туркияда бу ҳафта юз берган иккита мактабдаги қонли отишмалар ҳақида интернетда зиддиятли контент чиқарган 162 киши ҳибсга олинди.

Адлия Вазири Акин Гурлек уларни ушбу ҳодисаларнинг видеоларини тарқатиш, ҳамда қўрқув келтириб чиқариш ва жиноятларни улуғлашда айблади.

Сешанба куни Туркиянинг жануби-шарқидаги Сиверек шаҳри мактабида юз берган қуролли ҳужумда камида 16 киши жароҳат олган. Унинг эртасига Қаҳраманмараш шаҳридаги мактабга ҳужумда эса тўққиз одам ҳалок бўлган.

Ёш қурбонларни дафн қилиш учун пайшанба куни Қаҳраманмараш Жомеъ масжидига юзлаб одамлар йиғилди.

Қурбонлардан бири 10 ёшли Зейнеп бўлган. Унинг тоғаси Маҳмут BBC га у барчани ҳурмат қиладиган ақлли қиз бўлганини айтди. «Энди у фаришта, учиб кетди», - деди у.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

У ҳужум ортидан энди мактабларда кўпроқ хавфсизлик чоралари кўрилишини исташини билдирди.

Яна бир қурбон – Шуранинг аммаси BBC га ўзининг 10 яшар қиз жияни нобуд бўлганини телевизион хабарларда қурбонлар исми ўқиб эшиттирилганида билганини айтди.

Қурбонлар ва яраланганлар яқинлари Қаҳраманмарашдаги касалхона қаршисига йиғилганлар

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Қурбонлар ва яраланганлар яқинлари Қаҳраманмарашдаги касалхона қаршисига йиғилганлар

Қаҳраманмарашдаги Айсер Чалиқ ўрта мактабида юз берган қуролли ҳужумда саккиз ўқувчи ва бир ўқитувчи ўлган. Туркия расмийлари яна 13 киши жароҳат олгани, олтисининг аҳволи оғир эканини айтди.

Ҳодиса чоғида 14 ёшли ҳужумчининг ўзи ҳам ўлдирилган.

"Рақамли маълумотларни ўрганаётганимизда, гумонланувчининг компютеридан 2026 йилнинг 11 апрелида яратилган ҳужжат топилди, бу унинг яқин орада йирик амалиётни қилишни истаганига ишора қилади», - дейилади маҳаллий прокуратура хабарида.

Полицияга кўра, гумонланувчи ўзининг WhatsApp профилида АҚШлик қотил Эллиот Рожерга ишора қилган. Рожер 2014 йилда Калифорнияда олти одамни ўлдириб, сўз ўз жонига қасд қилганди.

Туркия матбуотига кўра, мактаб ўқувчиси бўлган ҳужумчи бешта қурол ва еттита ўқдон билан иккита синфга кириб ўт очган.

Сешанба куни 16 кишини яралаган ҳужум эса Сиверек туманидаги Аҳмет Қўюнчу техник билимлар мактабида юз берган.

Ўсмир ёшида бўлган собиқ ўқувчи «сочма ўқли милтиқ билан одамларни танламасдан отган ва сўнг ўзини ўлдирган», - деди маҳаллий ҳоким Ҳасан Шилдақ.

Адлия вазири Гурлекнинг айтишича, ҳужумлар ортидан интернетда юзага келган ҳолат бўйича хавотирлар чиққач, ҳукумат 95 кишини қўлга олган.

Улар, тарқатиш ман этилишига қарамасдан, ҳужум видеоларини тарқатиш, одамлар орасида қўрқув ва саросимани келтириб чиқариш, жиноят ва жиноятчиларни улуғлаб яна шундай жиноятларни қилишга ундаш, ҳамда расмий баёнотларни обрўсизлантирувчи ёлғон маълумотларни тарқатишда айбланди.

Гурлекка кўра, ижтимоий тармоқлардаги 1 104 та саҳифаларга чекловлар киритилган.

Яна 67 киши бошқа мактабларда ҳам ўхшаш ҳужумлар бўлишини айтиб улашган постлари учун ҳибсга олинган.