"Тарбияли ва билимли". Нега Қозоғистон президенти ўз қўриқчиларини юқори лавозимларга тайинлаяпти?

Сурат манбаси, akorda.kz
- Author, BBC Monitoring
- Published
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Мудофаа вазирлигида кадрлар ўзгаришини амалга ошириб, раҳбарлик лавозимларидаги тажрибали генералларни Давлат қўриқлаш хизмати офицерлари билан алмаштирди.
Қозоғистоннинг янги мудофаа вазири Айдос Мирзахметов ва унинг ўринбосари Айткурман Омарбеков президент хавфсизлиги учун масъул элита идора — Давлат қўриқлаш хизматидан юқори давлат лавозимларига кўтарилган навбатдаги кадрлар бўлди. Уларнинг карьераси сўнгги йилларда Тоқаев касбий тажрибадан кўра садоқатни устун қўяётганини, фуқаролик ва стратегик аҳамиятга эга раҳбарлик лавозимларига куч ишлатар тузилмалар вакилларини тайинлаётганини яққол кўрсатади.
2022 йилдаги, расмийлар давлат тўнтаришига уриниш деб атаган воқеалардан омон чиққан Тоқаев мамлакатда ички сиёсий барқарорликни таъминлашга қатъий бел боғлаган. Бироқ танқидчилар шахсий ишончга асосланган бундай кадрлар сиёсати узоқ муддатда ҳукуматнинг касбий салоҳиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Бундан ташқари, бу ёндашув ҳокимиятнинг Тоқаевга яқин доира қўлида янада кўпроқ тўпланишига олиб келиши мумкин. Бу эса ўз ҳокимиятини куч ишлатар тузилмаларнинг садоқатли вакилларига таяниб мустаҳкамлаган Россия президенти Владимир Путин амалиётини эслатади.
Нима бўлди?
Тоқаев президентлиги даврида Давлат қўриқлаш хизматидан раҳбарлик лавозимига кўтарилган биринчи шахс Ермек Сагимбаев бўлди. У 2022 йил 6 январда, мамлакатни ҳукуматга қарши намойишлар қамраб олган пайтда Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) раиси этиб тайинланди. Кейинчалик расмийлар бу намойишларни давлат тўнтаришига уриниш деб атади.
Сагимбаев ушбу нуфузли махсус хизматга унинг аввалги раҳбари Карим Масимов давлатга хиёнат қилишда айбланиб ҳибсга олинганидан сўнг бошчилик қилди. Масимов собиқ президент Нурсултон Назарбоев тарафдори эди. У 2022 йил январь воқеалари чоғида давлатга хиёнат қилишда айбланган.
Сагимбаев бунга қадар Давлат қўриқлаш хизматида турли лавозимларда, жумладан, унинг раҳбари ва хизмат таркибидаги иккита бўлинмадан бири бўлган Президентни қўриқлаш хизмати бошлиғи сифатида ишлаган.
2024 йил бошида Чингис Аринов Президентни қўриқлаш хизмати раҳбари лавозимини тарк этиб, Фавқулодда вазиятлар вазирлигига бошчилик қила бошлади. 2026 йил сентябрда эса у Олма-ота вилояти ҳокими этиб тайинланди. Ариновнинг касбий йўл айниқса эътиборга молик, чунки Қозоғистонда куч ишлатар тузилмалар ходимларининг фуқаролик соҳасидаги лавозимларга тайинланиши камдан кам учрайди.
Янги мудофаа вазири Айдос Мирзахметов ҳам Давлат қўриқлаш хизматида унган. Унинг 2022 йил мартгача бўлган фаолияти ҳақида кўп маълумот йўқ. Ўша пайтда у хизматнинг ички бўлинмаларидан бирига раҳбар этиб тайинланган. 2024 йилда эса Қуролли кучлар Махсус операциялар кучлари қўмондони бўлган.
Мирзахметовнинг шу йил сентябрда мудофаа вазири этиб тайинланиши Каспий денгизидаги ҳарбий машғулотлар вақтида 14 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган ҳодисадан кейин юз берди. Бу воқеа вазирликда кенг кўламли кадрлар алмашинувига сабаб бўлди.
Мудофаа вазирлигида Мирзахметов собиқ ҳамкасби Айткурман Омарбеков билан яна бирга ишлай бошлади. Омарбеков 5 октябрда вазирнинг биринчи ўринбосари ва Қуролли кучлар Бош штаби бошлиғи этиб тайинланган эди. Бунга қадар у Давлат қўриқлаш хизмати раҳбарининг ўринбосари лавозимида ишлаган.
Нега бундай бўлди?
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Давлат қўриқлаш хизматидан раҳбарликка кўтарилган айрим шахслар янги лавозимларига тайинланган пайтда тегишли соҳада бевосита иш тажрибасига эга эмас эди. Уларнинг юқори лавозимларга кўтарилиши Қозоғистонда давлат идоралари раҳбарларини, одатда, шу идоранинг ўз ходимлари орасидан танлаш амалиётига ҳам зид келади.
Бу ҳолат хавфсизлик хизмати собиқ ходимларининг лавозимга кўтарилишида президентга садоқат асосий омил бўлганини кўрсатади. Тоқаев йиллар давомида шахсий хавфсизлиги учун масъул бўлган одамларга ишонч билдирган.
2024 йилда Ulysmedia.kz нашри Чингис Ариновнинг тезкор карьерасига эътибор қаратган ва унинг Фавқулодда вазиятлар вазири этиб тайинланишига президентга яқинлиги сабаб бўлган бўлиши мумкинлигига ишора қилган эди.
"Чингис Сайрановичнинг аввалги касбий фаолияти фуқаролик мудофааси, ёнғин хавфсизлиги ёки қутқарув операцияларига мутлақо алоқадор эмас. Албатта, агар у бизга номаълум бирор ҳодиса пайтида президентни қутқармаган бўлса. Лекин ҳазилни бир четга суриб қўйсак, унинг бутун карьера йўли Шаолин роҳибининг бамбук таёғи каби тўғри чизиқдан иборат", — деб ёзган эди нашр.
Ulysmedia.kz шунингдек, Тоқаев Давлат қўриқлаш хизмати ходимларида бўлишини истаган фазилатлар ҳақида гапирганида "мутлақ садоқат" ва вафодорликни алоҳида таъкидлаганини эслатган.
Россия президенти Владимир Путин ҳам ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун шунга ўхшаш стратегиядан анчадан бери фойдаланади. Қозоғистонлик ҳамкасби каби Путин ҳам ўз қўриқчилари ва шахсий хавфсизлиги учун масъул бўлган Федерал қўриқлаш хизмати (ФҚХ) ходимларини юқори раҳбарлик лавозимларига тайинлаши билан танилган.
Россиядаги "иноагентлар" реестрига киритилган "Настоящее время" телеканали 2024 йилда эълон қилган суриштирувда ФҚХнинг собиқ етти нафар ходими ҳақида сўз боради. Кейинчалик улар губернаторлар, вазирлар ва президент маслаҳатчилари лавозимларини эгаллаган.
Улар орасида энг машҳури — Путин мудофаа саноатига масъул ёрдамчиси этиб тайинлаган Алексей Дюмин. 2024 йилда Дюмин Россия Давлат кенгаши котиби ҳам бўлди. Бу эса унинг келажакда Путиннинг эҳтимолий вориси бўлиши мумкинлиги ҳақидаги муҳокамаларга сабаб бўлди.
Муносабат қандай бўляпти?
Қозоғистонда оммавий ахборот воситалари қаттиқ назорат қилинади ва ўзини ўзи цензура қилиш кенг тарқалган. Шу сабабли мустақил нашрлар президент хавфсизлиги хизмати ходимларининг давлат бошқарувидаги таъсири ортиб бораётгани ҳақида асосан фикр билдиришдан тийилди.
Натижада ахборот майдонидаги бўшлиқни ҳукуматни қўллаб-қувватловчи таҳлилчилар тўлдирди. Улар Тоқаевнинг кадрлар бўйича қарорларини, айниқса Мудофаа вазирлигидаги ўзгаришлардан кейин, юқори баҳолади.
Ҳарбий таҳлилчи Эмин Жаббаров хавфсизлик хизмати ходимларини у "бақироқ" деб таърифлаган тажрибали генералларга қарама-қарши қўйди.
"Давлат қўриқлаш хизмати одамлари бутунлай бошқача. Улар билан мулоқот қилиш ёқимли. Мен армиямизда ҳам шундай одамларни кўришни истардим. Улар тарбияли ва билимли. Давлат қўриқлаш хизматида маънавият ва офицерлик шаънига эътибор берилиши кўриниб турибди. Уларни ҳалол ва билимли бўлишга ўргатишган. Армиямизда айнан шу етишмайди. Умид қиламанки, улар таҳқирлаш, қўрқитиш ва ҳақоратлашга асосланган ҳарбий маданиятни ўзгартириб, тўғри қадриятлар ва ахлоқий тамойилларни сингдира олади", — деди у Instagram'да блогер Тимур Балимбетовга берган интервюсида.
Ҳукуматни қўллаб-қувватловчи сиёсатшунос Адил Сейфуллин ҳам Мирзахметовнинг мудофаа вазири этиб тайинланишини маъқуллади.
"Давлат раҳбари ва мамлакатнинг юқори лавозимли амалдорлари ўз ҳаётини ишониб топширадиган одамлар ўзларининг муносиб эканини амалда бир неча бор исботлаган... Бугун офицер, бенуқсон обрўга эга инсоннинг мудофаа вазири этиб тайинланиши президентнинг меритократия тамойилига содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди", — деб ёзди у Telegram'да.
Меритократия — лавозимларга шахсий алоқалар ёки садоқатга эмас, балки қобилият ва хизматларга қараб тайинлаш тамойили.
Энди нима бўлади?
Тоқаев куч ишлатар тузилмалар вакилларини муҳим лавозимларга тайинлашда давом этиши мумкин. Чунки бу унинг бошқарув моделидаги ажралмас хусусиятга айланиб бормоқда.
2022 йилда собиқ президент Назарбоевнинг ҳокимиятдан четлаштирилишига эришганига қарамай, Тоқаев ўз мавқеини мустаҳкамлаш учун ҳали узоқ йўл босиши керак, деб ҳисоблаётган кўринади. Бу йил бошида ҳукмрон партияни тубдан қайта ташкил этгани ҳам шундан далолат беради.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Бундай стратегия Тоқаевга ҳукумат устидан тўлиқ назорат ўрнатишга ёрдам бериши мумкин. Бироқ унинг шахсий қўриқчилари вазирликлар, армия ва разведка идораларига раҳбарлик қилиш учун зарур малакага эга эканини кафолатламайди.
"Ҳокимиятнинг садоқатли куч ишлатар тузилмалар вакиллари қўлида тўпланиб бораётгани жиддий хавотир уйғотади. Давлат раҳбарининг қарор қабул қилишдаги тизимли хатолари мамлакатга алоҳида бир мудофаа вазирининг хатоларидан кўра анча қимматга тушади. Бунинг яққол далили — 2022 йил январдаги фожиали воқеалар. Ўшанда куч ишлатар тузилмалар ҳукумат буйруғига амал қилиб, кўзига кўринган ҳар қандай одамга қарата ўт очган", — деб ёзган эди мухолифатдаги Respublika.kz сайти 28 сентябрда.































