Эрон: Трампни ҳужумдан Форс Кўрфази давлатлари қайтардими?

Сурат манбаси, AFP/GETTYIMAGES
Трамп ўзининг қарорини айтди. Сўнгги тафсилотлар.
Унинг баён қилишича, АҚШ бугун Эронга ҳужум қилмайди.
Трампга кўра, янги ҳарбий ҳужум режаси ҳозирча тўхтатилган.
Бунга қатор Форс Кўрфази давлатларининг илтимоси сабаб бўлгани айтилган.
Бу давлатлар сирасида Қатар, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари тилга олинган.
Трампнинг айтишича, "ҳозир жиддий музокаралар бораётир".
АҚШ президенти бу ҳақда Truth Social да маълум қилган.
Унга кўра, АҚШ учун "жуда маъқул" битим тузилиши ҳақида хабардор қилинган.
Шундай деркан, Трамп, "ЭРОННИНГ ЯДРОВИЙ ҚУРОЛИ БЎЛМАЙДИ!", дея қўшимча қилган.
Аммо, шу билан бирга, у агар мақбул келишувга эришилмаса, АҚШ, "исталган пайтда Эронга қарши кенг кўламли ҳужум бошлашга" тайёр эканидан ҳам огоҳлантирган.
Эроннинг юқори мартабали ҳарбий қўмондони эса, АҚШга "бошқа стратегик хатога йўл қўймасликлари ва чамани янглиш олмасликлари"ни айтган.

Сурат манбаси, Tom Williams/CQ-Roll Call, Inc via Getty Images
Обрўси тўкилаяпти
64 foizga yaqin ishtirokchi Eronga qarshi urush boshlash qarorini yanglish, deb hisoblaydi. Bor-yo‘g‘i 37 foiz odam Tramp prezidentlikni uddalayapti, degan fikrda.
Эрон бўйича сўнгги баёноти Трампнинг ўз мамлакатида обрўси тушиб, сўровлар одамларнинг урушдан ўта безиб бораётганликларини кўрсатаётган бир пайтга ҳам тўғри келган.
Бунга New York Times/Siena душанба куни эълон қилган сўров натижалари ҳам далолат қилган.
Агар, ушбу сўров натижаларига таянилса, 64 фоизга яқин иштирокчи Эронга қарши уруш бошлаш қарорини янглиш, деб ҳисоблайди.
Бор-йўғи 37 фоиз одам Трамп президентликни уддалаяпти, деган фикрда.
Буларнинг барчаси оралиқ сайловларда Республикачиларга осон бўлмаслигини англатади.
Чунки одамларнинг фақат уруш эмас, яна бошқа кўплаби қаторида Трампнинг иқтисодий ва иммиграцион сиёсатидан ҳам норозилиги ортган.
Исроил ва АҚШ шу йилнинг 28 февралида Эронга қарши йирик ҳаво ҳужумларини бошлашган.
Эронга эса бунга жавобан ўзига қўшни қатор Форс Кўрфази давлатларига ҳам зарба беришга ўтган.
Форс Кўрфази давлатлари эса ҳозир АҚШ қайта ҳужум қилса, Эрон худди шундай қилиши мумкинлигидан хавотирда бўлишлари мумкин.
Эронда ҳалиям каттагина миқдорда дронлар ва ракеталар борлиги ишонилади.
Шу боис ҳам, янги ҳужум эҳтимолида ўзига қўшни давлатларнинг аэропортлари, нефт-кимё корхоналари ва ҳатто сувни чучуклаштирувчи қурилмаларига қарши кенг кўламли зарбаларини бошлаши эҳтимоли катта.
Форс Кўрфазида эса ёз пайти ҳаво ҳарорати ниҳоятда кўтарилиб кетади.
Охири нима бўлади?

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Трамп воқеаларнинг сўнги ривожига "ижобий ўзгариш", дея баҳо берган, аммо, "қани, кўрайлик-чи, охири нима бўларкан", дейишни ҳам унутмаган.
Кеча, душанба куни эрталаб Эрон АҚШнинг сўнгги таклифига ўз жавобларини айтганликларини, Покистон воситачилигида Вашингтон билан мулоқотда эканликларини билдирган.
Бундан аввал Эрон матбуоти АҚШ Теҳронга бирор бир аниқ ён беришларга бормагани ҳақида ҳам ёзган.
Эроннинг ярим-расмий "Fars" агентлиги якшанба куни Вашингтон таклифига жавобан ўзининг беш шартини илгари сургани ҳақида хабар берган.
Хабарларга кўра, АҚШнинг шартлари Эроннинг бор-йўғи битта ядровий сатҳга эга бўлиши ва барча тўйинтирилган уранини ўзларига жўнатилишини ҳам кўзда тутади.
Кеча кун охирида Эроннинг "Tasnim" ахборот агентлиги мамлакат янги Олий руҳоний раҳбариники, дейилган гапларни чоп қилган.
Унда рақибнинг тажрибаси кам ва ўта заиф нуқталарида янги жабҳалар очилиши ҳақида огоҳлантирилган.

Сурат манбаси, Reuters
АҚШ президенти Доналд Трамп Эроннинг ядровий дастурини 20 йилга тўхтатиб туришини қабул қилишини маълум қилди, бу эса унинг аввалги - дастурни бутунлай тўхтатиш талабидан воз кечганини кўрсатади.
Трамп бу тўхтатиш тўлиқ 20 йил давом этиши кераклигини таъкидлади. Аввалроқ у Эронни уранни бойитишни бутунлай ва доимий равишда тўхтатишга чақирган, шунингдек, Эрон ҳеч қачон ядровий қуролга эга бўлмаслиги зарурлигини айтган эди.
Шу билан бирга, у Эронга нисбатан сабри тугаб бораётганини ҳам қайд этди, музокараларда эса ҳеч қандай ўзгариш белгиси кўринмаётганини айтди.
Исроил ва АҚШ кучлари 28 феврал куни Эронга қарши кенг кўламли ҳаво ҳужумларини бошлаган эди. Ўтган ойдан бери амал қилиб келаётган ва музокараларни осонлаштиришга қаратилган ўт очишни тўхтатиш келишуви айрим отишмаларга қарамай, кўп жиҳатдан сақланмоқда.
Покистон воситачилик ролини ўйнаб келмоқда.
Бироқ, ҳар икки томон ҳали ҳам келишувдан анча йироқ кўринади: улар урушни тугатиш бўйича охирги таклифларини ўзаро рад этган.
Эрон оммавий ахборот воситаларига кўра, Теҳроннинг таклифи барча фронтларда дарҳол урушни тўхтатишни ўз ичига олган - бу, эҳтимол, Исроилнинг Ливандаги шиа иттифоқчиси "Ҳизбуллоҳ"га қарши ҳужумларига ишора. Шунингдек, АҚШнинг Эрон портларига қўйган денгиз блокадасини бекор қилиш ва Эронга қарши кейинги ҳужумлар бўлмаслиги бўйича кафолатлар ҳам талаб қилинган.
Пекинда Хитой раиси Си Цзинпин билан учрашувдан сўнг Air Force One самолётида журналистлар билан суҳбатда Трамп икки томон Эронга ядровий қуролга эга бўлишга йўл қўйиб бўлмаслиги ва у ҳозир тўсиб турган Ҳурмуз бўғозини қайта очиши кераклиги борасида келишиб олганини айтди. Бу бўғознинг ёпилиши жаҳон нефт нархларининг ошишига олиб келган.
Журналистлардан бири Эрон ядровий дастурини 20 йилга тўхтатиб туриш етарли эмаслигини айтганида, Трамп шундай жавоб берди:
"Йигирма йил етарли, лекин улар берадиган кафолат даражаси муҳим - бошқача айтганда, бу ҳаққоний 20 йил бўлиши керак".
У бу фикрига батафсил изоҳ бермади.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
АҚШ оммавий ахборот воситалари хабар беришича, апрел ойида Покистон пойтахти Исломободда бўлиб ўтган музокаралар чоғида вице-президент Жей Ди Вэнс Эроннинг уран бойитишни беш йилга тўхтатиш ҳақидаги таклифига жавобан, бу муддат камида 20 йил бўлиши кераклигини билдирган.
Бироқ, 20 йиллик муддатни шахсан Трампнинг ўзи илк бор тилга олаётгани айтилаяпти.
Трамп президентлик лавозимидаги биринчи муддатида Обама маъмурияти томонидан 2015 йилда Эрон билан эришилган ядровий келишувдан чиққан эди. Бу қарорга сабаб сифатида, жумладан, "sunset clauses" - яъни айрим чекловлар вақт ўтиши билан кучини йўқотиши мумкин бўлган шартларга қаршилиги кўрсатилган.
Исроил ҳозирча Трампнинг бу баёнотларига муносабат билдиргани йўқ. Бош вазир Бинямин Нетаняху эса Эроннинг бойитилган уран захиралари тўлиқ йўқ қилиниши кераклигини, шундан кейингина Эронга қарши уруш тугади, деб ҳисоблаш мумкинлигини айтган.
Нетаняху 2015 йилги ядровий келишувга қатъий қарши чиққан. Унинг фикрича, айнан шу "sunset clauses" Эроннинг келажакда ядровий қуролга эга бўлиш эҳтимолини сақлаб қолади ва бу Исроил учун жиддий таҳдид бўлиб қолаверади.























