Янгиликлар: Оқ уй яқинида ўт очилди, Махфий хизмат гумонланувчини отиб ўлдирди – нималар маълум?

Сурат манбаси, Bloomberg via Getty Images
Нима бўлди?
Bugun kechqurun Oq uy yaqinida qurollangan shaxsga qarshi tezkor va professional choralar ko‘rgan buyuk Maxfiy xizmatimiz va huquq-tartibot idoramizga rahmat.
АҚШ Махфий хизматининг маълум қилишича, ҳодиса кеча, шанба куни юз берган.
Гринвич вақти билан кечки 23:00 лар атрофида номаълум шахс сумкасидан қуролини олиб, Оқ уй яқинида ўт очишни бошлаган.
Махфий хизмат ходимлари уни отиб ўлдиришган. Отишма чоғида бир киши яраланган. Унинг ҳозир оғир аҳволда касалхонада экани айтилмоқда.
АҚШ оммавий ахборот воситаларининг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, ўт очган шахс 21 ёшли Носир Бестдир.
Худди шу хабарларга кўра, у бундан аввал ҳам Махфий хизмат билан тўқнашган.
Терговдан хабардор манбанинг CBS телеканалига айтишича, Бест 2025 йилнинг июл ойида ҳам Оқ уйга киришга уринган ва унинг яқинида Махфий хизмат ходимлари томонидан ҳибсга олинган.
Шундан сўнг у бир мунча муддат руҳий хасталиклар шифохонасига ётқизилган.
Ўн саккиз ойдан бери Вашингтонда яшаётган бўлган.
Терговчилар ўтган йили содир бўлган воқеаларни тергов қилиш чоғида Бест ижтимоий тармоқларда турли баёнотлар, жумладан, ўзини "ҳақиқий" Усама бин Лодин деб даъво қилган, шунингдек, Доналд Трампга зарар етказиш истагини билдирувчи камида битта пост жойлаганини аниқлади, деб хабар берди CNN манбага таяниб.
Шу билан бирга, телеканал ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларга таянган ҳолда таъкидлашича, полиция илгари гумонланувчининг ўзини тажовузкор тутгани ёки қурол қўллагани ҳолатларига дуч келмаган.
Шанба кунги ҳодиса юзасидан тергов ишлари бошланган ва Оқ уй атрофидаги йўллар тун бўйи ёпиқ қолиши мумкин.
Нималар маълум?

Сурат манбаси, Getty Images
Оқ уй яқинидаги отишма садолари ҳақида CNN мухбирлари хабар беришган.
BBCнинг Америкадаги ҳамкори СBS News манбаларининг хабар беришича, 15 тадан 30 тагача ўқ узилган.
Уларга кўра, гап битта қуролли одам ҳақида бормоқда.
Афтидан, бу одам Махфий хизмат ходимларига яқинлашган. Уларга қарата бесамар ўт очган. Ходимлар ҳам унга жавоб қайтаришган, уни яралашган.
АҚШ Махфий хизматининг маълум қилишича, у кейин касалхонага етказилган ва ўша ерда вафот этган.
Айтилишича, Носир Бестнинг руҳий саломатлиги билан боғлиқ муаммолари бўлган.
Агар, уларнинг баёнотига таянилса, ҳодиса пайтида Доналд Трамп Оқ уйда бўлган.
Аммо юз берган ҳодисанинг "ҳимоя остидагиларга ҳам, амалиётларга ҳам бирор бир таъсири бўлмаган".
АҚШ Махфий хизмати ходимлари орасида ҳам жабрланганлар йўқлиги айтилмоқда.
Доналд Трамп Truth Social да пост қўйиб, Махфий хизматга "тезкор ва профессионал ҳаракатлари" учун миннатдорчилик билдирган.
Бундан бир ойча аввал ҳам худди шунга ўхшаш ҳодиса юз берган.
Ўшанда Доналд Трамп ва рафиқаси, АҚШ биринчи хоними ҳам қатнашаётган Оқ уйдаги зиёфат чоғида ўт очилганди.
Трампга кўра, бу "барча бўлажак президентлар учун Вашингтонда қурилган энг хавфсиз ва ишончли маконга эга бўлиш"нинг қанчалик муҳимлигини кўрсатган.































