Россияга ҳижрат қилаётганлар ким? Ғарблик муҳожирлар излаганларини топишдими?

Сурат манбаси, Ben/ BBC
- Author, Дан Ҳардун
- Role, BBC World Service
- Published
- Ўқилиш вақти: 7 дақ
Лео Ҳэр 2023 йил охирида бошпана олиб, Техасдан Россияга кўчиб келганида, у оиласи учун яхшироқ келажак қураётганига ишонган эди.
Уч фарзанднинг отаси бўлган Лео янги ҳаётга шўнғиб кетди: чучвара татиб кўрди, фермада эчки соғди ва Россиядаги ҳаёт ҳақида ижтимоий тармоқлардаги кузатувчилари учун видеолар тайёрлади.
Лео диндор насроний бўлиб, АҚШдаги сиёсий бўлиниш, генетик ўзгартирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва унинг фикрича ЛГБТҚ ҳаракатининг кенгайиб бораётгани каби масалалардан тобора кўпроқ кўнгли совиб бораётганди.
Ўшанда у Россияни жозибали муқобил деб биларди: насронийлик ва оилавий қадриятларга асосланган жамият. Бу қараш Россия давлати томонидан ҳам фаол тарғиб қилинади.
Бироқ вақт ўтиши билан у ахборот олиш имкониятларига қўйилган чекловлар каби жиҳатлардан ҳам тобора хавотирлана бошлади.
Ғайриоддий муҳожирлик
Лео ғайриоддий миграция тўлқинининг бир қисми ҳисобланади.
Россия халқаро майдонда яккаланиб бораётган бир пайтда, Канада, Британия, АҚШ ва Европанинг айрим мамлакатларидан бўлган бир неча минг киши бу ерга кўчиб келишни танламоқда.
Уларнинг Россия ҳақидаги тасаввури Ғарбдагилар яхши таниган манзарадан кескин фарқ қилади.
Ғарбда Россия Украинага бостириб кирган, унинг ҳудудларининг катта қисмини эгаллаб турган, сиёсий рақибларини йўқ қиладиган, фуқаролик эркинликларини чеклайдиган ва кўплаб халқаро санкциялар остидаги мамлакат сифатида кўрилади.
Россияга кўчишни истаганларнинг кўпчилигини мамлакатнинг "Умумий қадриятлар визаси" жалб қилиб келмоқда. У баъзан "анти-воук виза" деб ҳам аталади. Бу виза Леога бошпана берилганидан бир ой ўтиб жорий этилган.
Президент Владимир Путин томонидан 2024 йилда йўлга қўйилган мазкур виза Россия "дўст бўлмаган давлатлар" деб ҳисоблайдиган 47 мамлакат фуқароларига уч йилгача вақтинчалик яшаш ҳуқуқини беради.
Ариза топширувчилар сонига чеклов йўқ. Шунингдек, улардан одатда талаб қилинадиган рус тили, тарих ёки ҳуқуқ бўйича имтиҳонларни топшириш ҳам сўралмайди.
Бунинг ўрнига, аризачилар Россиянинг анъанавий маънавий ва ахлоқий қадриятларини қўллаб-қувватлашлари ҳамда ўз мамлакатларидаги Россия ҳукумати "вайронкор неолиберал мафкура" деб атайдиган ғояларни рад этишларини баён қилишлари керак.
Уч йилдан кейин мазкур виза эгалари ё доимий яшаш гувоҳномасини олишлари, ёки мамлакатни тарк этишлари лозим. Доимий яшаш учун тил ва тарих имтиҳонлари ҳамда кенгроқ ҳужжатлар тўплами талаб қилинади.

Сурат манбаси, Russian Ministry of Internal Affairs
"Умумий қадриятлар визаси"
Айрим миграция дастурларидан фарқли равишда, "Умумий қадриятлар визаси" давлат томонидан уй-жой ёки молиявий ёрдамни назарда тутмайди.
Ариза берувчилар 1600 рубль (22 доллар атрофида) миқдорида маъмурий йиғим тўлашлари ҳамда тиббий ва жиноий текширувлардан ўтишлари керак.
Россия маълумотларига кўра, 2026 йил баҳорига келиб дастур бўйича қарийб 3400 киши ариза топширган. Бироқ бу рақамларни мустақил равишда тасдиқлаш қийин ва аризаларнинг қанчаси маъқуллангани маълум эмас.
Бу виза Кремлнинг Россияни Ғарбнинг маънавий инқирозига қарши турувчи анъанавий қадриятлар ҳимоячиси сифатида намоён этишга қаратилган кенгроқ саъй-ҳаракатларининг бир қисми ҳисобланади.
Путин 2022 йилда имзолаган фармонда Ғарб мафкуравий таъсири никоҳ ва анъанавий оила каби рус қадриятларига таҳдид солаётганини таъкидлаб, Россиянинг халқаро майдондаги ижобий қиёфасини тарғиб қилишга чақирган эди.
Орадан икки йил ўтиб, "Умумий қадриятлар визаси" ана шу ғоянинг амалий ифодаси сифатида пайдо бўлди.
Кўчиб келиш бўйича агентликлар ва интернетдаги тарғиботчилар Россияни оилавий қадриятлар мустаҳкам сақланиб қолган ва кундалик ҳаёт хавфсизроқ туюладиган давлат сифатида тарғиб қилмоқда.
Хорижликларга Россияга кўчиб келишда ёрдам берувчи Move To Russia компаниясининг бошқарувчи ҳамкори Илжа Белобрагиннинг айтишича, мижозларидан у тез-тез эшитадиган гаплардан бири: "Мен энди атрофимдаги жамиятни танимаяпман".
Унинг сўзларига кўра, айримлар ўз мамлакатларидаги юқори миграция даражасидан ёки турмуш сифати пасайиб бораётганидан норози.
2022 йилдан бери халқаро майдонда Россия ҳақидаги тасаввурларни белгилаб келаётган Украинадаги уруш эса кўчишга қарор қилганлар учун ҳал қилувчи омил бўлиб кўринмайди.
Уларнинг айримлари Россияни очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлайди, бошқалари эса қарорларига геосиёсат эмас, маданий қадриятлар сабаб бўлганини айтади.

Сурат манбаси, Philip Hutchinson
Британия Консерватив партиясининг собиқ номзоди бўлган ва ҳозир Москвада яшаб, бошқа ғарбликларга Россияга кўчишда ёрдам бераётган Филип Ҳатчинсон уруш ҳақида гапиришдан қочишини айтади.
"Бу ҳақдаги фикрим қандай? Ростини айтсам, мен бу масалага аралашмайман", дейди у. "Мен бу ерга сиёсатчи бўлиб келмаганман. Оилам билан тинч ва яхши ҳаёт кечириш учун келганман".
Ундан "Умумий қадриятлар визаси" орқали ғарбликларни Россияга кўчиришнинг ўзи сиёсий ҳаракат эмасми, деб сўралганда, у бундай фикрга қўшилмайди.
"Биз кўп одамларга айнан шу визани тавсия қиламиз, чунки ҳозир Россияда тўлақонли резидент бўлишнинг энг осон йўли шу. Одамларга Россияга кўчишда ёрдам бериш сиёсий иш эмас", дейди у.

Аввалида Путинга шон-шарафлар ва кейин…
Россияга кўчиб келганидан кейин Леонинг оиласи Ғарбдан кўчиб келганлар орасидаги энг кўзга кўринган мисоллардан бирига айланди.
Россия давлат ОАВлари уларнинг бошпана олиш маросимини тасвирга олди, Лео эса Россияга қабул қилингани учун Путинга омма олдида миннатдорлик билдирди.
Ўшанда Лео ўзини, унинг таъбири билан айтганда, "мисли кўрилмаган миграция қонунчилиги"нинг пешқадамларидан бири деб ҳисоблаган.
Аммо ҳақиқат у кутгандан анча мураккаб чиқди.
Россияга келганидан бир неча ҳафта ўтиб, Леонинг айтишича, ишонч билдирган таниши уларни 5 миллион рубл — тахминан 66 минг доллар — миқдоридаги маблағдан маҳрум қилган. Натижада оила уйсиз қолган.
Мен бу йил бошида Лео билан гаплашганимда, у Иваново шаҳрида рафиқасидан алоҳида яшар, катта фарзандлари эса АҚШга қайтиб кетган эди.
Россия унинг кутганларига жавоб бердими, деган саволга Лео сўнгги икки йилни ҳаётидаги энг яхши ва энг оғир давр деб атади.
У Россиянинг турли жиҳатларини кўрганини айтади: православ монастирида ишлаган, кўп қаватли уйда яшаган, кейинчалик совет давридан қолган кичик квартирага кўчиб ўтган. Кейин эса инглиз тили ўқитувчиси бўлиб иш топган.
У оддий россияликлар ҳақида ҳануз илиқ фикрда. Уларни саховатли ва меҳмондўст инсонлар деб таърифлайди.
Лео оила жамғармасидан айрилганидан кейин уларга ёрдам берган черков аъзоларини алоҳида эслайди. Шунингдек, кичик ўғлини уйига чақириб, унга бепул рус тили ўргатган аёл ҳақида ҳам миннатдорлик билан гапиради.
"Юрагим бу инсонларга нисбатан меҳрга тўла", дейди у.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Бироқ у Россия иқтисодиёти аҳволи ва ахборот олиш ҳуқуқига қўйилган чекловлар ҳақида ҳам хавотирлари ортаётганини айтади.
Энди Лео Ғарбдан Россияга кўчишни тарғиб қилишда ўзи ўйнаган ролни қайта кўриб чиқмоқда.
"Мен тарғиботга ишонганман", дейди у ва олдинлари "айнан шу сценарийни ёзадиган одам" бўлганини тан олади.
У тақдир сабаб Россияда қолишга қарор қилганини айтса-да, Америка жамияти шакллантирган эркинликларни соғинишини ҳам яширмайди.
"Россияда инсон ҳуқуқлари қадриятлари йўқ", дейди у.
Россияга кўчиб келган бошқа ғарбликлар эса "Умумий қадриятлар визаси" қандай тарғиб қилинаётганидан норози.
Фақат исми келтирилишини истаган Бен 2023 йилда Британиянинг Дерби шаҳридан Россияга кўчиб келган. У тил ўрганиш сайти орқали танишган россиялик аёлга ошиқ бўлган. Ҳозир улар Украина чегараси яқинидаги Курск шаҳрида яшайди.
Оиласи унинг уруш ҳудудига кўчиб кетиш қарорини "бироз ақлсизлик" деб баҳолаган.
Беннинг Россия ҳақидаги қарашлари мамлакат тарафдорлари чизадиган манзарадан кўра мураккаброқ.

Сурат манбаси, Ben/ BBC
У россияликларнинг самимийлигини мақтайди ва ўзини кундалик ҳаётда хавфсизроқ ҳис қилишини айтади. Шу билан бирга Россияни қандайдир консерватив жаннат сифатида кўрсатиш ғоясини рад этади.
Бен тўлиқ бўлмаган оилалар кўплиги, абортнинг кенг қабул қилингани ва ажримлар даражаси жуда юқорилигини мисол келтиради.
"Россия қандайдир утопия эмас", дейди у.
У мамлакатга "Умумий қадриятлар визаси" эмас, балки хусусий оилавий виза орқали келган. Бироқ ўзининг YouTube каналида Россияни Ғарб учун мукаммал муқобил сифатида тасвирлайдиган айрим ғарблик блогерларнинг бўрттирилган даъволарини танқид қилиб келади.
"Айрим одамлар маълум бир ғояни илгари суришга ҳаракат қилмоқда", дейди у.
"Умумий қадриятлар визаси" жорий этилганига қарийб икки йил бўлган бўлса-да, Россиянинг мафкуравий қарашлари ўхшаш мигрантларни жалб қилиш бўйича тажрибаси ҳали ҳам чекланган миқёсда қолмоқда.
Дастур "анти-воук" мигрантларининг катта тўлқинини жалб эта олмади, у айрим ғарбликларга муҳаббат, эътиқод ёки ҳаёт йўлини ўзгартириш истаги билан Россияда янги ҳаёт бошлаш жараёнини осонлаштирди,холос.





























