Ўзбекистон: Газга бой мамлакатда нега суюлтирилган газ ўз вақтида етказиб берилмаяпти?

Расмда цистерналар темир йўлда кетаётгани ва бир қизил рангли "Пропан" деган ёзуви бор суюлтирилган газ баллони ўнгда тургани тасвирланган.

Сурат манбаси, Hududgazta’minot/gazeta.uz

Сурат тагсўзи, Газ ресурслари ҳисобидан энергетик мустақилликка эришганига қарамай, Ўзбекистоннинг эскираётган инфратузилмаси ўсиб бораётган ички талабни қондиришда қийналмоқда., дея ёзади IEA.
Published
Ўқилиш вақти: 8 дақ

Газ ресурслари ҳисобидан энергетик мустақилликка эришганига қарамай, Ўзбекистоннинг эскираётган инфратузилмаси ўсиб бораётган ички талабни қондиришда қийналмоқда. Йўқотишлар, ортиқча истеъмол ва молиялаштириш билан боғлиқ муаммолар ҳамон долзарб қолаётир.

Энергетика соҳасини такомиллаштириш ва диверсификация қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, ҳукумат энергия самарадорлигини ошириш, янги қувватларни ишга тушириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенгроқ фойдаланишни назарда тутувчи 2017–2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилган. Ўзбекистон энергетика соҳасида далилларга таянган сиёсат юритишни қўллаб-қувватловчи EU4Energy дастурида иштирок этади.

Ўзбекистоннинг энергия балансида табиий газ устунлик қилади. 2023-йилда мамлакат умумий энергия таъминотининг 79 фоизи газ ҳиссасига тўғри келган. Шу билан бирга, нефт ва нефт маҳсулотлари улуши 11,4 фоиз, гидроэнергетика улуши эса атиги 1,2 фоизни ташкил этган.

Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш сохасида табиий газ ҳал қилувчи ўрин тутади. 2023-йилда бирламчи энергия ишлаб чиқаришнинг 85,7 фоизи табиий газ ҳиссасига тўғри келган, нефт улуши 8,7 фоизни, гидроэнергетика эса 1,3 фоизни ташкил этган.

Электр энергияси ишлаб чиқаришда ҳам Ўзбекистон асосан табиий газга таянади. 2023-йилда электр энергияси ишлаб чиқаришнинг қарийб тўртдан уч қисми - 75,9 фоизи табиий газ ҳиссасига тўғри келган, кўмир улуши 11,1 фоиз, гидроэнергетика 9,3 фоиз ва нефт маҳсулотлари 2,8 фоизни ташкил этган.

Табиий газ нафақат энергия ишлаб чиқаришида, балки истеъмолда ҳам асосий ўринни эгаллайди. 2023-йилда Ўзбекистон энергия истеъмолининг 62,5 фоизи табиий газ ҳиссасига тўғри келган, нефт маҳсулотлари улуши 14,6 фоиз, электр энергияси 13,7 фоиз ва иссиқлик энергия 7,2 фоизни ташкил этган.

Бу маълумотлар Халқаро энергетика агентлиги (International Energy Agency, IEA)нинг Ўзбекистон бўйича 2023-йилги ҳисоботидан олинган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Gazeta.uz нашрининг ёзишича, «Uzbekneftegaz» компанияси бошқарув раиси Баҳодиржон Сидиқов журналистлар билан учрашувда Ўзбекистон газ экспорт қилаётганини айтиб, маълумотларни очиқлаган. Унинг сўзларига кўра, мамлакат бир йилда 13 миллиард куб метр газ экспорт қилган бўлса, 2019-йил учун 15 миллиард куб метрдан ортиқ газ етказиб бериш бўйича шартномалар тузилган.

Газ экспорти таркибида Хитойга етказиб бериш ҳажми 8 миллиард куб метрни, Россияга - 4,5 миллиард куб метрни, Қозоғистоннинг жанубий ҳудудларига - 2,5 миллиард куб метрни, Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига эса 500-550 миллион куб метрни ташкил этади.

Газ қаерда қазиб олинади?

Россиянинг "Лукойл" компанияси томонидан ишга туширилган "Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси"нинг умумий кўриниши 2018-йил 19-апрел, Ўзбекистоннинг Бухоро вилояти.

Сурат манбаси, Uzbekistani Presidency/Handout/Anadolu Agency/Getty Images

Сурат тагсўзи, Россиянинг "Лукойл" компанияси томонидан ишга туширилган "Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси"нинг умумий кўриниши 2018-йил 19-апрел, Ўзбекистон, Бухоро вилояти.

Ўзбекистонда газ қазиб олиш тарихи 1953-йилда Қизилқум чўлидаги Сеталантепа конидан илк газ олиниши билан бошланган. 1962 йилда йирик Газли кони ишга туширилгач, Бухоро–Урал ва Ўрта Осиё–Марказ магистрал газ қувурлари барпо этилди. 1990-йилларнинг бошларида мамлакат нефт-газ саноатини бошқариш тизими қайта ташкил этилди. 1992-йилда Президент фармонлари билан "Ўзбекнефтгаз" давлат концерни аввал Миллий корпорацияга, кейинчалик Миллий холдинг компаниясига айлантирилди.

Кейинги йилларда соҳага йирик инвестициялар жалб қилинди. 1997-йилда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ишга туширилди, 1999-йилда эса Хўжаобод ер ости газ сақлаш омбори фойдаланишга топширилди. 2001 йилда Шўртан газ-кимё мажмуаси қурилди. 2002-йилда "Газпром" ва "Ўзбекнефтгаз" ўртасида газ соҳасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди, бу эса Шахпахта конидаги қолдиқ захираларни ўзлаштириш лойиҳаларига йўл очди. Кейинчалик, 2014-йилда Шахпахта конини ишлатиш бўйича "Uzbekneftegaz", "Zarubejneftegaz", "Газпром" ва Швейцариянинг "Gas Project Development Central Asia AG" компаниялари иштирокидаги маҳсулотни тақсимлаш келишуви имзоланди.

Шу билан бирга, газни қайта ишлаш ва кимё саноатини ривожлантиришга қаратилган йирик лойиҳалар ҳам амалга оширилди. 2014-йилда Муборак газни қайта ишлаш заводи базасида қиймати 2 миллиард доллардан ортиқ бўлган газ-кимё мажмуаси қурилиши бўйича Ўзбекистон ва Хитой ўртасида келишув имзоланди. Нефт-газ саноатидаги бу лойиҳалар Ўзбекистоннинг газ қазиб олиш, сақлаш ва қайта ишлаш инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим.

Расмий малумотларга кўра, 2011-йилда "Навоий" эркин индустриал-иқтисодий зонасида Ўзбекистон–Корея қўшма корхонаси "KO-UNG CYLINDER" МЧЖ ташкил этилди. Корхона йилига максимал қувватда 120 мингтагача газ баллони ишлаб чиқаришни режалаштирган.

Нефт-газ соҳасидаги йирик инвестиция лойиҳаларидан бири 2004-йилда Ўзбекистон Республикаси ҳамда Россиянинг "Лукойл" компанияси ва "Uzbekneftegaz" Миллий холдинг компаниясидан иборат инвесторлар консорциуми ўртасида имзоланган маҳсулотни тақсимлаш келишуви бўлди. Унга кўра, Қандим конлари гуруҳи, Хаузак, Шоди ва Қўнғирот участкаларини ўзлаштириш бўйича 35 йил муддатга мўлжалланган лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.

Ушбу маълумотлар «Uzbekneftegaz» расмий веб-сайтидан олинган.

Нега газ камаймоқда, нархлар эса ошиб бормоқда?

"Uzbekneftegaz"га тегишли газ ташувчи автотанкер. 2005-йил, Тошкент вилояти тоғли ҳудуди.

Сурат манбаси, DENIS SINYAKOV/AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, "Uzbekneftegaz"га тегишли газ ташувчи автотанкер. 2005-йил, Тошкент вилояти тоғли ҳудуди.

2024-йил март ойида gazeta.uz аҳолининг қарийб 47 фоизи суюлтирилган газ олади дея хабар берган эди. Шу билан бирга, Ўзбекистон аҳолисига суюлтирилган газ етказиб бериш учун хусусий секторни жалб этиш режалаштирилаётгани, Президент бу масалани ўрганиб, таклифлар киритишни топширгани ҳақида ёзган.

Яқинда ушбу нашриёт яна суюлтирилган газ масаласига эътибор қаратди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026-йилнинг январ-май ойларида мамлакатда 15,8 миллиард куб метр газ қазиб олинган, бу ўз ўринда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоизга ёки 2,6 миллиард куб метрга кам.

Газ қазиб олишдаги пасайиш узоқ йиллик тенденцияга айланмоқда. Таққослаш учун, 2019-йилнинг дастлабки беш ойида 25,9 миллиард куб метр газ қазиб олинган бўлиб, бу жорий йил кўрсаткичидан 10,1 миллиард куб метрга ёки 64 фоизга кўп.

Газ билан боғлиқ бошқа кўрсаткичлар ҳам пасаймоқда. Январ-май ойларида газ конденсати қазиб олиш 18,8 фоизга қисқариб, 391,7 минг тоннани ташкил этди. Май ойида эса қазиб олиш ҳажми 72,4 минг тонна бўлиб, бир йил аввалги кўрсаткичдан 16,7 фоиз кам бўлган.

Бу ҳақда gazeta.uz нашриёти ёзди.

Газ ишлаб чиқариш ҳажмларининг қисқариши ва таъминотдаги муаммолар манзарасида энергия ресурслари нархлари ҳам ўсиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитасининг 2026-йил 5-июл куни эълон қилинган ҳисоботига кўра, июн ойида нархлар ўсишига асосан уй-жой коммунал хизматлари, электр энергияси, газ, бошқа ёқилғи турлари ва транспорт харажатларининг қимматлаши таъсир қилган. Бу йўналишлар инфляция ўсишига энг катта ҳиссани қўшган.

Суюлтирилган газни кутиб, таппи ёқаётган қишлоқ

Расмда Азиза Қадам, чапда, Низомиддин Норқулов, ўнгда, орқа фонда Газ баллонлари ташийдиган юк машинаси, далаларда сигирлар ўтлаб юришибди, ва таппи ёнаётган ўчоқ.
Сурат тагсўзи, "Доимий равишда суюлтирилган газ кечикиб келади. Баъзан икки ойдан ошиб, 70-75 кунгача кечикиб келади", Низомиддин Норқулов, Сурхондарё вилояти Музработ тумани "Нурли ҳаёт" маҳалласи яшовчиси.

Бу рақамлар амалда қандай кўринишга эга? Суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ муаммодан шикоят қилиб, Би-би-сига мурожаат қилганлардан бири - Сурхондарё вилояти Музработ тумани "Нурли ҳаёт" маҳалласи яшовчиси Низомиддин Норқулов. Унинг айтишича, қишлоғига етказиб бериладиган суюлтирилган газ таъминотидаги узилишлар сабаб оиласи кундалик эҳтиёжларини муқобил ёқилғи турлари ёрдамида қондиришга мажбур.

Низомиддин Норқулов билан Азиза Қадам суҳбатлашди.

Низомиддин Норқулов: Оқма газ билан таъминланмаганмиз, шунинг учун суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланиб келмоқдамиз. Доимий равишда суюлтирилган газ кечикиб келади. Баъзан икки ойдан ошиб, 70-75 кунгача кечикиб келади.

Азиза Қадам: Суюлтирилган газ сизга қандай етказиб берилади?

Низомиддин Норқулов: Газ баллонларда етказиб берилади. Ўзлари олиб келиб уйма-уй тарқатиб чиқади. Лекин ўшани вақтида олиб келмайди, кечиктириб олиб келади. Яхши тўлдирмай олиб келади. Тез тугайди. Бу ҳам етмагандек, энди яқинда бир қарор чиқибди ки, энди ҳар бир хонадонга газни эгаси селфи қилса оларкан, бўлмаса олмас экан.

Мен расмга тушмайман десам, унда газ бермайман деди. Қаердан чиқди бу қонун, бу қанақа гап десам, "бизга шундай буюрилган" деб газ баллонимни ташлаб кетишди. Ҳар сафар газ балон берадиган вақтда, расмга тушириб олиб кетар экан. Телефон қилиб вазирликка чиқдим, "Бизда ҳақиқатдан ҳам шунақа қоида жорий қилинди, энди бундан буёғига газ баллон топшириб кетар вақтида, ҳар бир газ баллон эгасини расмга тушириб кейин газ баллонини берамиз" деб айтган эди.

Бемор бўлиб қолган ҳолатда, ёки ўқишга кетган вақтда, пойтахтга, узоқ жойга ишга кетган пайти уни ўрнига ким расмга тушади ёки газсиз қоладими деганимда, "Унақа ҳолатда биз бермаймиз" деб айтди. Ўшаниси аҳолига жуда қаттиқ ноқулайлик туғдиради деб ўйлайман.

BBC
Doimiy ravishda suyultirilgan gaz kechikib keladi. Ba’zida ikki oydan oshib, 70-75 kungacha kechikib keladi.
Nizomiddin Norqulov
Surxondaryo viloyati (Batafsil BBC.COM/UZBEK da o‘qing)

Азиза Қадам: Демак маҳаллий аҳоли селфига тушиб кейин газга эга бўлмоқда, шундайми?

Низомиддин Норқулов: Албатта, газсиз шундоқ ҳам қийналгандан кейин, у ўзи хоҳламаса ҳам шундай қилишга мажбур бўляпти.

Азиза Қадам: Суюқ газ таъминотида FACE ID тизимини қўллаш балки ноқонуний таъминотни олдини олиш учун, газни олиб қайта сотишнинг олдини олиш учун қўлланаётгандир?

Низомиддин Норқулов: Ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш учун қилаётган бўлиши мумкин, лекин паспортда ҳам расм бор. Биометрик паспортлар ҳозир чиққан. ID карталарда ҳам.

Азиза Қадам: Сиз айтдингизки, сиз яшайдиган қишлоқда, Сурхондарё вилояти Музработ туманидаги қишлоқда, қувурлардан табиий газ келмаган, шундай эмасми?

Низомиддин Норқулов: Табиий газ йўқ, ҳамма аёллар, қизлар, бундай, сигирларни тапписидан ясаб олиб, қишда... ҳозирги кунда бошлаган, анча йиғиб қолган, ўша таппи ясаб совуқ кунларнинг ғамини кўриб бошлаган.

Қишлоқ кўчаларининг бирида қуриган ва янги тайёрланган таппилар, ерга тахланган ҳолда ётибди, қуёш чарақлаган кун.

Сурат манбаси, Nizomiddin Norqulov

Сурат тагсўзи, "Табиий газ йўқ, ҳамма аёллар, қизлар таппи ясаб совуқ кунларнинг ғамини кўриб бошлаган", Низомиддин Норқулов.

Азиза Қадам: Бутун бир қишлоқ аҳолиси қилдими буни, ёки маълум бир кам таъминланган оилалар?

Низомиддин Норқулов: Бутун бир қишлоқ шундай қилади, чунки бугунги кунда кўмир олиш муаммо. Ўтин топиш қийин шу кунларда. Шунинг учун энг ҳамёнбоп бўлиб тушадигани шу сигирнинг тапписи бўлиб келмоқда. Қиш тугаган кунларданоқ улар ғамини еб, таппиларни ясаб бошлаганлар.

Азиза Қадам: Кундалик ҳаётда, овқат қиласиз, инсонда бошқа эҳтиёжлар бўлади. Бундай ҳолатларда қишлоқ аҳолиси нималардан фойдаланишади?

Низомиддин Норқулов: Туманимизда пахта етишритиш камайиб кетганлиги сабабли, нафақат қишда печкани иситишда, балки, ўчоқларда овқат қилишдан тортиб, тандирга нон ёпишгача сигирнинг тапписидан фойдаланиб келадиганлар талайгина.

Азиза Қадам: Газ етказиб бераётган ходимга нима учун газ таъминоти кечикди деб айтганмисиз?

Низомиддин Норқулов: Мен айтганман, кўплаб айтганман. Президент порталига мурожаат қилганман. Улар кўплаб баҳоналарни топади. Президентга мурожаат қилганда ҳам ҳеч қандай ўрганмасдан, кўрмасдан, сўрамасдан, битта хат билан, бизнинг иштирокимизсиз ҳам ёпиб ташлайди. Бир неча марта мурожаат қилганман, президент порталига. Баъзан телефон қилиб, буни тўғрилашини айтади. Баъзан телефон қилмасдан, почта орқали бир мактуб билан ҳал бўлди деган жавоб. Ўрганмасдан туриб, ўрганиб чиқдик, гаплашдик аҳоли билан суҳбатлашдик деган жавоб хатлари келади. Лекин аслида ҳеч қанақа биз билан боғланмасдан, ёлғон-яшиқ қилиб жавоб ёзади.

Расмда ўчоқнинг тагида таппи ёнаётгани кўридани

Сурат манбаси, Nizomiddin Norqulov

Сурат тагсўзи, "Нафақат қишда печкани иситишда, балки, ўчоқларда овқат қилишдан тортиб, тандирга нон ёпишгача сигирнинг тапписидан фойдаланиб келадиганлар талайгина", Низомиддин Норқулов.

Азиза Қадам: Қандай тушунтириш беради сизга, нима сабабдан кечикдик дейди?

Низомиддин Норқулов: Газ ташийдиган машиналарда Қашқадарё вилоятидан олиб келади. "Газ беришмади, маълум муддатга кечикдик", унақа бунақа деб, ўз пулимизга сотиб олаётган газимизни, Ўзбекистондан чиқаётган газни, бепул бераётгани йўқ ўзи... Вақтида етказиб беришини хоҳлаймиз. Қачонгача бу таппидан фойдаланиш давом этади? Сигири йўқлар қандай қийинчиликда яшаяпти. Ўшаларни ҳам инобатга олиш керак. Ўзимизнинг мустақиллик давримизда, ўзимизнинг халқимиз, ўзимизда чиқаётган газни, пулига бўлса-да, таъминлаб беришини истаган бўладим. Халқ ҳам ўшани умидлар билан кутмоқда. Ҳар бир фуқаро, Ўзбекистоннинг табиий бойликларидан белгиланган миқдорда бўлса-да фойдаланиш ҳуқуқига эга деб ҳисоблайман. Мен мутасаддилардан, давлат ташкилотлардан бизга камчилик бўлиб қолаётган, орзу бўлиб қолаётган десам ҳам муболаға бўлмайди, газ, свет, ичимлик суви, ўшаларни вақтида узлуксиз етказиб беришларини, таъминлашларини ҳам, тегишли ташкилотлардан - бир сўз билан айтганда қонун устуворлигини, Ўзбекистонда адолат бўлишини, Амир Темур бобомиз давридагидек адолат бўлишини хоҳлардим.

BBC News Uzbek мазкур масала юзасидан "Ҳудудгаз Сурхондарё газ таъминоти" филиалига сўров юборди. Жавоб олингач, мақолага қўшимча киритилади.

Марғилон шаҳридаги кўчалардан бирида ер устидан ўтказилган газ қувури.

Сурат манбаси, Andia/Universal Images Group via Getty Images

Сурат тагсўзи, Марғилон шаҳридаги кўчалардан бирида ер устидан ўтказилган газ қувури. Ўзбекистонда миллионлаб аҳоли хонадонлари табиий ва суюлтирилган газ таъминотига таянади.

Мутахассислар қайд этганидек, муаммо фақат газ ишлаб чиқариш ҳажмлари билан чекланмайди. Ресурсларнинг тақсимланиши, инфратузилма имкониятлари ва ички бозорни таъминлаш механизмлари ҳам жуда муҳим. Шу боис суюлтирилган газ танқислиги нафақат қишда, балки йилнинг бошқа мавсумларида ҳам кузатилмоқда. Айрим ҳудудларда аҳоли суюлтирилган газ таъминотини ҳафталаб кутишга мажбур бўлаётгани бу муаммо ҳануз тизимли ечимини топмаганини кўрсатади. Натижада, газга бой мамлакатда аҳолини суюлтирилган газ билан ўз вақтида ва барқарор таъминлаш масаласи ҳал қилинмаганлигича қолмоқда.