Марказий Осиёга йўлбарслар қайтмоқда

Yo'lbars.

Сурат манбаси, Qozog‘iston Ekologiya va tabiiy zaxiralar vazirligi

Сурат тагсўзи, Ўтган асрда йўқолиб кетган Турон йўлбарслари яшаган минтақада Амур йўлбарслари кўпайишига умид қилинмоқда.
Published
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Қозоғистон ёввойи табиатга йўлбарсларни қайтаришни бошлади.

Россиядан келтирилган Умид исмли урғочи Амур йўлбарси очиқ табиатга қўйиб юборилди. Тўғри, у ҳозирча махсус кузатув остида, Или-Балхаш табиат қўриқхонасида яшайди.

Лекин келаси йилларда Марказий Осиёда йўқолиб кетган йўлбарслар яна "тирилиши" кутилмоқда.

Умид келди

Минтақада азалдан Турон йўлбарси яшаган. (Уни Мозандарон йўлбарси, Форс йўлбарси ёки Каспий йўлбарси, деб ҳам аташади).

Бироқ Марказий Осиёдаги Турон йўлбарси ўтган асрда йўқолиб кетган.

Шу боис Россиядан Амур йўлбарси келтирилди.

Минтақага йўлбарсларни қайтариш умидида Қозоғистонга келтирилган йўлбарс исми ҳам Умид, деб аталган кўринади.

"Бу тарихий кун" – ўз ҳаяжонини яширмайди Қозоғистон Экология ва табиий захиралар вазири Ерлан Нисанбаев.

"Биз Турон йўлбарсларини қайтариш лойиҳасини амалга оширишни бошладик. Тайёргарлик ишлари узоқ кечди, 10 йил давом этди".

Умид Россиядан келтирилган тўрт йўлбарснинг бири.

Унинг янги муҳитга ва табиатга қандай мослашиши кузатилади.

Шунга қараб, қолган учта йўлбарсни ҳам қачон табиатга қўйиб юбориш борасида қарор берилади.

"Бу йўлбарс яшаган Россиядаги муҳит бизникидан фарқ қилади, лекин айни шу жойларда қачонлардир шу йўлбарснинг қариндошлари, яъни Турон йўлбарслари яшашган" – дейди Ерлан Нисанбаев.

"Шу боис бу йўлбарслар айни ҳудудда ўзларини яхши ҳис қилишларига ишончимиз комил".

Йўқотилган йўлбарс

Reuters (screenshot)
Bu tarixiy kun. Biz Turon yo‘lbarslarini qaytarish loyihasini amalga oshirishni boshladik.
Yerlan Nisanbayev
Qozog‘iston Ekologiya va tabiiy zaxiralar vaziri
Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Турон йўлбарслари бугун йўқ.

Ҳали яқин-яқингача ҳам Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Эрон ҳудудларида Турон йўлбарслари яшаган.

Айрим маълумотларга кўра, тарихан шарқда Хитойдаги Шинжон-Уйғур бўлгасидан ғарбда Кавказ, Туркия ва Ироққача, шимолда Қозоғистондан жанубда то Афғонистонгача бўлган улкан ҳудудларда йўлбарслар бўлган..

Лекин йўлбарсларни овлаш, улар яшаган табиий муҳитнинг йўқолиши ё бузилиши ҳамда йўлбарслар овлайдиган ҳайвонларнинг камайиб кетиши ортидан Турон йўлбарси ҳам йўқолган.

Минтақа табиати энг йирик ва оғир йўқотишларга учраган 20-аср Турон йўлбарслари учун ҳам фожиали кечди.

Совет давридаги қишлоқ хўжалик сиёсати, яъни қўриқ ерларни ўзлаштириш ҳамда табиатга зарар етказадиган деҳқончилик юритиш минтақадаги ўсимликларга ва ҳайвонот дунёсига таъсир этмай қолмади.

Хусусан, минтақада қадимдан яшаб келган Турон йўлбарслари ҳам йўқолиб кетди.

Аммо Марказий Осиё, Эрон ва Афғонистон халқлари оғзаки ижодида ҳамда тарихий санъат ё ривоятларида йўлбарс тасвирлари ҳамда образлари ҳамон учрайди.

Қозоғистон бугун Амур йўлбарслари тимсолида ушбу пурвиқор жонзодларни табиатга қайтармоқчи.

Амур йўлбарси ҳам моҳир овчи ва минтақада унга етадиган бошқа рақиб ҳайвон йўқ.

Аммо инсон фаолияти туфайли йўлбарслар овлайдган жониворлар камайса, йўлбарслар ҳам яшай олмай қолиши мумкин.

Марказий Осиё тўқайзорлари, чўл, тоғ ва ўрмонларида ёввойи йўлбарслар яшаб кетиши, кўпайиши учун ҳали бир неча ўн йиллаб вақт керак бўлади.

Қозоғистон масъулларининг айтишича, йўлбарсларни қайтариш жараёни ҳали яна 25 йил давом этиши мумкин.

Табиатни тиклаш

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Қозоғистон Марказий Осиё табиати экостизимини тиклаш, йўқолиб кетган ҳайвонларни тарихий табиий муҳитида қайта кўпайтириш йўлида бир неча лойиҳаларга қўл урмоқда.

Мамлакат, масалан, ўтган йиллар давомида қарийб қирилиб кетаёзган сайғоқларни кўпайтиришга эришди, лочинларни қайтариш ишлари муваффақиятли кечаётгани айтилади.

Шунингдек, минтақада илгари яшаб, ўтган асрда йўқолиб кетган ёввойи отлар ҳам очиқ табиатга қўйиб юборилмоқда.

Яқинда ёввойи табиатда йўқолиб кетган иккита от 5000 километр узоқдаги ҳайвонот боғидан Қозоғистонга келтирилди.

Шара ва Тогс исмли бу икки Пржевалский оти Буюк Британиядаги Марвел ҳайвонот боғида ўсиб улғайган.

Уларнинг эндиликда Қозоғистон ёввойи табиатида ўз наслини давом эттиришига умид қилинмоқда.

Европа ҳайвонот боғлари ҳозир ёввойи табиатда йўқолган жонзодларни қайта урчишини истаб, бу йўлда саъй-ҳаракатлар олиб боришмоқда.

Қадимий отлар қайтди - 31 июл 2026

Otlar

Сурат манбаси, Marwell Wildlife

Бир пайтлар Осиё даштлари ҳамда кенгликларида яшаган Пржевалский отлари ёввойи табиатда охирги марта 1960 йиллари кузатилган.

Ўшандан бери фақат бир неча ўн нафари тутқунликда, яъни ҳайвонот боғларида қолганди, холос.

Пржевалский отлари йўқолиб кетиш хавфи остида бўлиб, 2014 йили уларнинг жами сони атиги 178 та эди.

Отлар узоқ йиллар Марвел ҳайвонот боғида ўрганилган.

"Бу ажойиб отларни ёввойи табиатга қайтаришга ҳисса қўшганимиздан жуда ҳам фахрланамиз" - дейди Британиядаги Марвел ҳайвонот боғи мутахассиси Иан Гудвин.

"Ҳайвонот боғи 1972 йили очилганда келтирилган илк жониворлардан бири бу отлар эди ва биз уларни ярим асрдан кўпроқ ўргандик".

Otlar

Сурат манбаси, Marwell Wildlife

Қозоғистон охирги йиллари сайғоқлар сонини кўпайтиришга муваффақ бўлди. Ва бу сайғоқлар бугун Ўзбекистон ҳудудларига ҳам ўтишади.

Лочинларни кўпайтириш йўлида ҳам самарали ишлар олиб борилган.

Ҳатто минтақа ёввойи табиатида йўқолиб кетган ва яқин-яқинда ҳам Ўзбек ёки Қозоқ халқ оғзаки ижодида ўрин тутган йўлбарслар ёввойи табиатга қайтарилмоқда.

Минтақада қор қоплони, оқ тирноқли айиқ, тоғ архари ҳамда тоғ ва саҳро ҳудудларида яшовчи оҳулар каби ноёб ҳайвонлар сақланиб қолган.

Marwell Wildlife
Bu ajoyib otlarni yovvoyi tabiatga qaytarishga hissa qo‘shganimizdan juda ham faxrlanamiz.
Ian Gudvin
Tadqiqotchi mutaxassis
Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Йўқотилган дунё

Qurigan dengiz tubidagi kema
Сурат тагсўзи, Орол денгизининг қуриши ҳам минтақадаги ёввойи табиатга салбий таъсир этган.

Аммо 20-асрда бу ҳайвонлар ёки йўқолиб, ёки ўта камайиб кетди.

Нафақат аҳоли масканлари кенгайиши, балки Орол денгизи қуриши, жониворлар яшайдиган ва ов қиладиган ҳудудларнинг пахтазорларга айлантирилиши ҳамда табиат шароитларининг ўзгариши ҳам бунга сабаб бўлгани эҳтимоли катта.

Иқлим исиши эса ёввойи табиатга, хусусан, жонзодларга янада кучлироқ тарзда салбий таъсир қилиши хавотирларини уйғотмай қолмайди..

Чунки об-ҳаво жадал ўзгариб борса, ҳайвонлар ҳам, улар истеъмол қиладиган ўсимликлар ҳам янги иқлим шароитларига мослашишга улгурмай қолиши эҳтимоли йўқ эмас.

Масалан, Шимолий-Шарқий Африка ҳамда Яқин Шарқда об-ҳаво исиши ортидан ҳатто жазирамага чидамли жонивор саналмиш туялар ҳам иссиққа дош беролмай қолмоқда.

Африканинг айрим давлатларида эса қорамол, қўй-эчки янгича иссиқ шароитга мослаша олмаётгани боис, чорвадорлар кўпроқ туя боқишга ўтаётганди.

Ёввойи ҳайвонлар яшаб қолиши, асосан, табиатдаги шарт-шароитга боғлиқ бўлади.

Кимсасиз кенг чўллари ёки баланд тоғлари боис Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистонда ёввойи ҳайвонлар ҳанўз тез-тез учрайди.

Дейлик, Бишкек шаҳрида ҳалигача ёввойи қизил олмахонни учратиш мумкин.

Аммо аҳолиси зич, улкан ёввойи ҳудудлари пахтазорларга айлантирилган ва Орол денгизи қуришидан ҳудудининг (фоиз ҳисобида) салмоқли қисмлари азият чеккан Ўзбекистонда аҳвол бошқача.

Ўтган аср ўрталарида ҳам Ўзбекистоннинг кичик шаҳарларида чиябўри, бўри, тулки, тошбақа ёки ёввойи ўрдакларни учратиш мумкин бўлган.

Бугун айни ҳайвонларни нафақат шаҳарлар, ҳатто қишлоқларда ҳам кўришингиз даргумон.

Муҳофаза қилинадиган жониворлар, асосан, қўриқхоналарда қолган.

Қайта "тирилаётган" жонзодлар

Ohular

Сурат манбаси, Rasmiy/screenshot

Ayiq

Сурат манбаси, Rasmiy/screenshot

Худди шундай вазиятда, Қозоғистон табиатни қайта тиклашга интилмоқда.

Ўтган йиллари Қозоғистонда юз минглаб сайғоқлар ўлганди, бироқ уларнинг сонини кўпайтириш имкони бўлди.

Булар орасида энг йирик лойиҳалардан бири - ёввойи йўлбарсларни Қозоғистонда қайта "тирилтириш" саъй-ҳаракатлари.

Хусусан, сайғоқларни асраш ва кўпайтириш йўлида ўзбеклар ҳам қозоқ қўшнилари билан бирга иш олиб боришмоқда. Бу оҳулар тарихан Ўзбекистон ҳудудларида ҳам яшаган.

Қозоғистон кенг далаларини Африка саванналари каби турли ёввойи жониворларга бой табиатга айлантира оладими? Ўзбекистоннинг бу борадаги ҳаракатлари қанчалик самара бера олади?

Бу саволларнинг жавоблари биргина бу давлатлар бошлаган лойиҳаларга боғлиқ бўлмаслиги мумкин.

Иқлим ўзгариши аллақачон сезилаётган, Орол денгизи қуриши асоратлари билан курашишга маҳкум бўлган минтақа учун қадимий ёввойи табиатни тиклаш осон кечмаслиги ҳам аниқ.

Бу учун режали мақсад, кўп маблағ, кучли истак-ирода, узоқ вақт ва жамиятда қўллов ҳам зарур.