Янгиланмоқда: АҚШ Эронни яна урди. Видео

АҚШнинг F-35 русумидаги қирувчи учоғи. Сурат шу йилнинг апрелида олинган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШнинг F-35 русумидаги қирувчи учоғи. Сурат шу йилнинг апрелида олинган.
Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Янги зарбалар

Америка Қўшма Штатлари яна Эронни ҳужумга тутди.

Бу гал Эроннинг ракета учирувчи сатҳлари ва мина ўрнатмоқчи бўлаётган кемаларига зарба берганлигини айтди.

Хабарларга кўра, АҚШнинг янги ҳужумлари Эрон жанубига тўғри келган.

АҚШ Марказий қўмондонлиги янги ҳужумлари юзасидан баёнот билан чиққан.

Қўмондонлик баёнотида айтилишича, зарбалар "ўзларини мудофаа қилиш" ва "АҚШ кучларини Эрондан келаётган таҳдидлардан ҳимоя қилиш мақсади"да берилган.

Американинг янги ҳужумлари юзасидан расмий Теҳрон ҳозирча жим, шу соатларда бирор бир расмий баёнот билан чиққани кўрилмаган.

Лекин Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби бундан аввал тинчлик музокараларида маълум ютуқларга эришилганини айтган.

У, шундай бўлса-да, ҳали бир битимга келишларига "бор" эканини таъкидлаганди.

Янги ҳужумларнинг бу жараёнга таъсири қандай бўлиши ҳозирча маълум эмас.

АҚШ томони сўз Эроннинг айнан қай бир таҳдиди ҳақида кетаётганлигини очиқламаган, уларнинг янги ҳужумлари натижасида Эронга етказилган талафот кўлами ҳам ҳозирча ноаён.

АҚШ ҳарбийлари
gettyimages/illyustrativ
AQSH ikki davlat o‘rtasida davom etayotgan otashkesim sharoitida vazminlik ko‘rsatgan holda o‘z kuchlarini himoya qilishda davom etadi.
Kapitan Tim Hokins
AQSH Markaziy qo‘mondonligi vakili (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Трамп ўтган ҳафта Эронга қарши янги ҳарбий ҳужум режасини тўхтатиб туришга қарор қилганликларини маълум қилган.

АҚШ президенти бунга қатор Форс Кўрфази давлатларининг илтимоси сабаб бўлганини айтган.

У "ҳозир жиддий музокаралар бораётир", деркан, агар мақбул келишувга эришилмаса, АҚШ, "исталган пайтда Эронга қарши кенг кўламли ҳужум бошлашга" тайёр эканидан ҳам огоҳлантирган.

Шундай деркан, Трамп, "ЭРОННИНГ ЯДРОВИЙ ҚУРОЛИ БЎЛМАЙДИ!", дея қўшимча ҳам қилган.

Эроннинг юқори мартабали ҳарбий қўмондони эса, АҚШга "бошқа стратегик хатога йўл қўймасликлари ва чамани янглиш олмасликлари"ни айтиб, жавоб берганди.

Қатар, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларининг воқеаларнинг сўнгги ривожи - АҚШнинг Эронга қарши янги ҳужумларига муносабати ҳозирча маълум эмас.

Шу ой бошида Ҳўрмуз бўғозида Эрон ва АҚШнинг ҳарбий кемалари ҳам тўқнашган.

Юз берган ҳодисада ҳар икки томон бир-бирини айблаган.

Алал-оқибат бунга Трампнинг ўзи муносабат билдириб чиқишга мажбур бўлган.

Трамп юз берган воқеага қарамай, томонлар ўртасидаги муваққат сулҳ ҳамон кучда эканини таъкидлаганди.

"Ню-Йорк Таймс" газетасининг ёзишича, АҚШ бу гал Эроннинг жанубий порт шаҳри - Бандар Аббос яқинидаги ҳудудни нишонга олган.

Бандар Аббосда Эроннинг Ҳўрмуз бўғозидаги ҳарбий-денгиз базаси жойлашган.

Эрон давлат матбуоти эса, портлаш садоларидан кейин Бандар Аббосдаги маҳаллий расмийлар воқеани ўрганаётганликлари ҳақида хабар берган.

Ҳали ҳам сулҳ имконияти борми?

АҚШ Давлат котиби Ҳиндистонда чиқиш қилаётган пайт.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШ Давлат котибининг айтишича, Трамп "келишишни истайди".

Янги ҳужумлари ортидан ҳам, АҚШ Давлат котиби ҳали ҳам келишув имконияти бор эканлигини айтган.

Бугун, сешанба куни Эроннинг бош музокарачиси ва Ташқи ишлар вазири Қатар Бош вазири билан музокаралар олиб бориши кутилмоқда.

"Қани, бир нарсага эриша оламизми ёки йўқми, кўрамиз. Ўйлашимча, ҳозир дастлабки ҳужжат аниқ нималарни кўзда тутиши ҳақида кўп музокаралар кетмоқда, шунинг учун бунга бир неча кун керак бўлади", деб айтган Рубио Ҳиндистонга расмий ташрифи чоғида журналистларга.

АҚШ Давлат котибининг айтишича, Трамп "келишишни истайди".

Аммо, "яхши келишувга эришилмаса, бундай битимнинг кераги йўқ", деган мавқеъда.

Марко Рубио шу куннинг ўзида яна мамлакатининг Эронга қарши янги ҳужумлари ҳақида саволга тутилган.

АҚШ Давлат котиби бу саволларга, "Бўғозлар очиқ бўлиши лозим"лигини айтиб, жавоб берган.

Рубиога кўра, "бўғозлар у ёки бу йўлда барибир очилади. Шу боис ҳам, очилиши зарур".

АҚШ Давлат котибининг айтишича, " у ерда бўлаётган ишлар ноқонуний, дунёга зарар етказувчи ва қабул қилиб бўлмас"дир.

Ҳўрмуз бўғози шунчалик муҳимми - видеони кўриш учун илова қилинган линкни босинг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Урушнинг қисқа тарихчаси

Эрон Олий руҳоний раҳбарлари акс этган плакат тасвири.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Американинг янги ҳужумлари юзасидан расмий Теҳрон ҳозирча жим, шу соатларда бирор бир расмий баёнот билан чиққани кўрилмаган.

Ҳужумлар эронлик юқори мартабали музокарачилар урушни тугатишга қаратилган мулоқотларни давом эттириш учун Қатарга етиб борган бир пайтга тўғри келган.

Урушаётган томонлар ўртасида 8 апрелдан буён муваққат сулҳ амалда.

Аммо Эрон Ҳўрмуз бўғозини ўз назорати остида ушлаб турибди.

АҚШ кучлари эса Эроннинг портларини тўсиб қўйишган.

АҚШ ва Исроил Эронга кенг кўламли ҳужумларини 28 феврал куни бошлашган.

Бу Яқин Шарқда кенг кўламли можарога сабаб бўлган.

Эрон фақат АҚШ ва Исроилгагина жавоб бермаган.

АҚШнинг Форс Кўрфазидаги иттифоқчиларини ҳам ҳужумга тутишга ўтган.

Стратегик аҳамиятга эга Ҳўрмуз бўғозини ёпиб қўйган.

Теҳроннинг бу қадами дунёда нефтни қимматлатган.

Бунинг ортидан жаҳонда бошқа маҳсулотларнинг ҳам баҳоси қимматлаган.

Нарх-наволар сезиларли кўтарилган.

Хабар тафсилотлари келишда давом этмоқда.

Мақола тўлдирилмоқда.