Instagram ва Facebook энди нима бўлади? АҚШда суд ва унинг Ўзбекистон учун аҳамияти

Сурат манбаси, Reuters
Ўзбекистонда 16 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тартибга солишга доир қонун лойиҳаси муҳокама қилинаётган бир пайтда, АҚШда Meta компаниясига қарши бошланаётган йирик суд ҳам худди бир саволни кун тартибига чиқармоқда.
Болаларни интернетда қандай ҳимоя қилиш мумкин?
Мақола BBC News материали асосида тайёрланди ва BBC Ўзбек аудиторияси учун қўшимча маълумотлар билан бойитилди. Асл мақолани инглиз тилида бу ерда ўқий оласиз.
Суд жараёни Instagram ва Facebook эгаси Meta учун сўнгги йиллардаги энг муҳим ҳуқуқий синовлардан бири бўлиши мумкин. Агар компания мағлуб бўлса, миллионлаб ўсмирлар ҳар куни фойдаланадиган баъзи функциялар бекор қилиниши ёки жиддий чекланиши эҳтимолдан холи эмас.
Калифорния ва Нью-Йоркни ўз ичига олган 30 та АҚШ штати 2023 йилда Meta устидан даъво аризаси киритган. Улар компанияни болалар махфийлигига оид федерал ва маҳаллий қонунларни бузишда ҳамда ёш фойдаланувчиларни платформаларда узоқроқ ушлаб туришга қаратилган механизмлардан фойдаланишда айбламоқда.
Meta бу айбловларни рад этади ва судда айнан шу даъволарнинг асосли ёки асоссиз экани кўриб чиқилади.
Штатлар нафақат 1 триллион доллардан ортиқ товон пули талаб қилмоқда, балки Instagram ва Facebook ишлаш тамойилларини ҳам ўзгартиришни сўрамоқда. Бу сумма дунёдаги энг йирик корпоратив даъволардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Агар Meta бундай кўламдаги ишда мағлуб бўлса, бу нафақат АҚШда, балки дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам ижтимоий тармоқлар қандай ишлаши ҳақидаги баҳсларга таъсир қилиши мумкин.
Қандай ўзгаришлар талаб қилинмоқда?
Даъвогарлар Meta'дан қуйидагиларни талаб қилмоқда:
- ўсмир фойдаланувчилар учун ота-она тасдиғи тизимини жорий этиш;
- "дофаминни рағбатлантирувчи" тавсия алгоритмларини қайта кўриб чиқиш;
- ташқи кўринишни ўзгартирувчи фотофилтрларни чеклаш;
- видеоларни автоматик қўйиш функциясини бекор қилиш;
- бир шахс томонидан бир нечта аккаунт очилишини тақиқлаш;
- Instagram Stories каби вақтинчалик постларни бекор қилиш;
- "лайк"лар ҳисоблагичини олиб ташлаш;
- чексиз янгиланувчи тасма (infinite scroll) функциясини тўхтатиш.
Даъвогарлар фикрича, мазкур функциялар фойдаланувчиларни, айниқса ўсмирларни, платформаларга тез-тез қайтишга ва уларда кўпроқ вақт ўтказишга ундайди. Шу билан бирга, судда бу даъволарнинг қай даражада асосли экани ҳам баҳс марказида бўлади.

Сурат манбаси, PA
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Бу функцияларнинг барчаси ҳозирда Meta платформаларидаги фойдаланувчи тажрибасининг марказий қисми ҳисобланади.
Штатлар фикрича, мазкур функциялар фойдаланувчиларни, айниқса ўсмирларни, платформаларга қайта-қайта киришга ва уларда кўпроқ вақт ўтказишга ундайди. Даъво ҳужжатларида айтилишича, тез-тез келадиган билдиришномалар ёшларни платформадан камроқ фойдаланишини қийинлаштиради ва уларни яна қайтишига хизмат қилади.
Штатлар Meta ёшлар аудиториясини онгли равишда "эксплуатация қилишни танлаган" - уларни платформаларга "илинтириш" орқали бизнесини кенгайтириш ва фойдаланувчилар базасини ўстириш мақсадида, деб таъкидламоқда. Ҳозирда Meta'нинг фонд бозоридаги қиймати тахминан 1,5 триллион долларни ташкил этади.
Компания бу айбловларни рад этган.
"Биз бу айбловларга қатъий қўшилмаймиз ва далиллар ёшларни қўллаб-қувватлашга бўлган узоқ йиллик саъй-ҳаракатларимизни кўрсатишига ишонамиз", дейилади Meta вакилининг баёнотида.
Штатларнинг даъволарини Калифорниядаги федерал судя Ивонн Гонзалес Роджерс кўриб чиқмоқда. У деярли 20 йиллик суд амалиёти давомида кескин ва тўғри қарорлари билан танилган, шунингдек яқинда Илон Маск билан Сэм Алтман ўртасидаги юқори резонансли суд ишига ҳам раислик қилган.
"Лайк"лар нега баҳс марказида?
Бугунги кунда "лайк"лар деярли барча ижтимоий тармоқларнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Фойдаланувчилар матн, сурат ва видеоларга муносабатини айнан шу орқали билдиради.
Бироқ сўнгги йилларда олимлар ва психологлар уларнинг ёшлар руҳий саломатлигига таъсири ҳақида кўпроқ гапира бошлади.
Жорий йил бошида Meta'га қарши алоҳида суд ишида ғалаба қозонган Калей исмли ёш аёл судда Instagram ва YouTube'да ўнлаб аккаунтлар очганини айтган. У ушбу аккаунтлар тизими орқали ўз постларига қўшимча лайклар бериш йўли билан бошқа фойдаланувчилар эътиборини қозониш ва ўз қадрини ҳис қилишга ҳаракат қилган. Ўша пайтда у атиги тўққиз ёшда бўлган ва, унинг сўзларига кўра, ўзини депрессияда ҳис қилган - кейинчалик, 10 ёшида, унга расман депрессия ташхиси қўйилган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Сўнгги бир неча йиллик тадқиқотлар лайклар сони каби иштирок кўрсаткичлари ўсмирларда рад этилганлик ва депрессия ҳиссини кучайтириши мумкинлигини кўрсатган.
Штатларнинг Meta'га қарши даъвосида, компания ушбу иш давомида 2 миллиондан ортиқ ҳужжатни судга топширгани маълум қилинган, адвокатлар Meta'нинг ички тадқиқотларига ишора қилишган. Ушбу тадқиқотлар лайклар сони "ижтимоий солиштириш" ҳиссини, яъни ўзини бошқа кимнингдир образи билан қиёслаш орқали ўз қадрини баҳолаш ҳолатини кучайтиришини кўрсатган.
Meta'нинг ички тадқиқотига кўра, Instagram орқали юзага келадиган бундай солиштириш қуйидагилар билан боғлиқ:
- ёлғизлик ҳиссининг кучайиши;
- ташқи кўринишдан норозилик;
- салбий кайфият;
- ўз қадрини паст баҳолаш.
Судья Meta'ни "жамоат учун зарарли омил" деб атади
Яқинда Ню-Мексико штати суди Meta компаниясини жами 942 миллион доллар жаримага тортди ва уни бир қатор ўзгаришлар киритишга мажбур қилди - бу ўзгаришлар ҳозир қўшимча 30 штат талаб қилаётган ўзгаришларга кўп жиҳатдан ўхшаш.
Суд қарорига мувофиқ:
- 18 ёшга етмаганлар учун лайклар кўрсатилмаслиги;
- ўсмирларнинг яланғоч тасвирлар юбориши ёки қабул қилиши тақиқланиши;
- push - билдиришномалар маълум вақтлар билан чекланиши лозим.
Судья Брайан Бидшайд Meta фаолиятини атроф-муҳитни ифлослантирувчи заводга қиёслаб, компанияни "жамоат учун зарарли омил" деб атади. Бу ижтимоий тармоқ компаниясига нисбатан биринчи марта чиқарилган шундай ҳукм эди. Унинг фикрича, платформаларнинг салбий таъсири фақат фойдаланувчиларнинг ўзигина эмас, балки бутун жамиятга, Ню-Мексико ва бошқа жойлардаги ўсмирлар руҳий саломатлиги инқирозининг ўсишига дахл қилади.
Meta мазкур қарор устидан шикоят қилишини билдирган.
Судя Бидшайднинг қарори фақат Ню-Мексико штатида амал қилса-да, агар ҳозирги ишда иштирок этаётган 30 штат ҳам ғалаба қозонса, компания деярли бутун АҚШ бўйлаб ўз платформаларида ўзгариш қилишга мажбур бўлиши мумкин. Чунки даъвода қатнашган штатлар мамлакат аҳолисининг қарийб учдан икки қисмини қамраб олади.
Бу баҳс Ўзбекистонда ҳам долзарб
АҚШдаги суд иши марказида турган масала, яъни болалар ва ўсмирларнинг интернетдаги хавфсизлиги, Ўзбекистонда ҳам тобора кенгроқ муҳокама қилинмоқда.
Яқинда мамлакатда 16 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тартибга солишга доир қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа муаллифлари халқаро тажриба ва Ўзбекистон шароитини ҳисобга олишга ҳаракат қилинганини билдирган.

Сурат манбаси, Getty Images
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримовага кўра, мақсад болаларни интернетдан тўлиқ узиб қўйиш эмас, балки хавфсиз фойдаланиш маданиятини шакллантиришдир.
Бу ёндашув маълум маънода АҚШдаги баҳсларга ҳамоҳанг. У ерда ҳам гап ижтимоий тармоқларни тақиқлаш ҳақида эмас, балки уларни болалар учун хавфсизроқ қилиш ҳақида кетмоқда.
Ўзбекистон Болалар омбудсмани институти ўтказган ва 245 минг нафар 10-17 ёшли ўқувчини қамраб олган сўров, эҳтимол, мамлакатдаги болаларнинг интернетдан фойдаланишига оид энг йирик тадқиқотлардан биридир.
Shtatlar nafaqat 1 trillion dollardan ortiq tovon puli talab qilmoqda, balki Instagram va Facebook ishlash tamoyillarini ham o‘zgartirishni so‘ramoqda.
Сўров натижаларига кўра, болаларнинг 94 фоизи интернетдан фойдаланади, уларнинг ярми эса мунтазам интернетга киради. Респондентларнинг 66 фоизи интернетдан асосан билим олиш ва чет тилларини ўрганиш мақсадида фойдаланишини билдирган.
Бироқ тадқиқот айрим хавотирли жиҳатларни ҳам аниқлаган. Болаларнинг 16 фоизи ижтимоий тармоқлардан хавфсиз фойдаланиш қоидаларини билмаслигини, 9 фоизи эса онлайн зўравонлик хавфи ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигини айтган.






























