Россияпарастлар Ўзбек, Қозоқ ва Қирғиз арбобларидан хафами?

Президентлар Путин, Тоқаев ва Мирзиёев

Сурат манбаси, rasmiy

Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда сиёсатчилар, ҳукумат идоралари ё атоқли шахсларнинг айрим амаллари ва фикрлари россияпараст саҳифалар, каналлар ва ОАВда норози муносабатлар уйғотмай қолмаяпти.

Тўғри, улар расмий баёнот сифатида янграётгани йўқ, балки кўпроқ кремлпараст платформаларда изҳор этилмоқда.

Булар кўпинча Россия ичидаги, баъзан эса ташқарисидаги каналлар ёки матбуот воситаларидир.

Марказий Осиё мамлакатлари вакилларининг сўнгги кунлардаги бир неча ҳаракат ва баёнотлари кремлпараст матбуот ё платформалар эътиборига тушмай қолмади.

Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёеванинг Лондонга сафари Қозоғистон президенти Тоқаевнинг Олтин Ўрда давлати ҳақидаги фикрлари, Россия ва Украина давлат нефт ширкатлари ўртасидаги баҳсни кўриб чиққан Қозоғистондаги халқаро маҳкаманинг Украина фойдасига қарор чиқаргани шулар жумласидан.

Олдинроқ Чор Россияси ва Совет даврининг Қирғизистонда "колониализм" сифатида таърифланиши ҳам россиялик айрим тарихчиларнинг норозилигига сабаб бўлганди.

Воқеаларнинг охирги ривожланишида Саида Мирзиёева Ҳиндистонда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан учрашгани ва икки мамлакат ўртасида савдо алоқаларини кучайтириш ҳамда сармояларни кенгайтиришга оид мулоқотларни давом эттириш имкониятидан мамнунлигини ёзди.

Матбуот Москва эмас, аммо...

Марко Рубио ва Саида Мирзиёева учрашуви сурати.

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Саида Мирзиёева АҚШ давлат котиби Марко Рубио билан учрашди.

Бироқ, муносабатлар Россия расмийлари тилидан эмас, балки матбуот орқали билдирилмоқда-ку, деган эътироз ҳам туғилиши табиий.

Гап шундаки, яқин ўтмишда Россия сиёсатчилари ва арбоблари тарафидан Марказий Осиёдаги муайян бир давлат тарихи, маданияти, ҳудудий яхлитлиги ҳамда меҳнат муҳожирларига оид билдирилган айрим фикрлар бу мамлакатларда жамоатчилик норозилигини уйғотган эди.

Украинага уюштирган босқини ортидан Россия халқаро саҳнада анча яккаланиб қолган ва бугун Президент Путин мезбонлик қиладиган аксар тадбирларда ёнида - Беларус ва Шимолий Корея каби саноқли давлатлар истисно - айнан Марказий Осиё раҳбарлари бўлишади.

Ҳаттоки Жанубий Кавказдаги яқин иттифоқчиси бўлган Арманистон ҳам эндиликда Европага яқинлашмоқда ва ўз қўшнилари - Туркия ҳамда Озарбайжон билан муносабатларни йўлга қўйишга мойиллик билдирмоқда.

Халқаро миқёсда эса Россия иттифоқчилари бўлган Ироқ ёки Сурия каби қатор давлатларда ички норозилик ва ташқи аралашувлар ортидан россияпараст тузумлар қулатилди.

Бундай шароитда Россия ўзининг сўнгги "дўстларини" ҳам расмий баёнотлар туфайли ўзидан узоқлаштиришни истамаслиги мумкин.

Россия матбуоти ва Кремлга хайрихоҳ каналлар орқали айтилган фикрлар эса бевосита Кремлнинг муждаси сифатида кўрилиши эҳтимоли катта.

Зотан, Украина босқини бошланганидан бери Россияда мустақил ё мухолиф фикрдаги матбуот деярли қолмагани айтилади.

Сафарлар ва баёнотлар

Президент Тоқаев.

Сурат манбаси, akorda.kz

Сурат тагсўзи, Президент Тоқаевнинг Олтин Ўрда давлати ҳақидаги фикрлари ҳам норозиликка сабаб бўлган.

Россияпараст матбуот ва каналларда танқид ё салбий фикрлар билан қарши олинган қатор ҳолатларни эътироф этиш мумкин.

Қозоғистон давлат раҳбарининг Олтин Ўрда давлати тарихига оид фикри Россияда айрим таҳлилчилар норозилигига сабаб бўлди.

Тоқаев Қозоғистонни Олтин Ўрданинг вориси сифати кўришига ишора қилган.

Бунинг ортидан Қозоғистон айни тарихий давлатчиликни "ўзиники қилиб олиши" эҳтимолидан хавотир билдирилган.

Айримлар, буни Россияга қарши қадам сифатида таърифлаб, Британия ва Туркиянинг таъсирини кўришларини билдиришган, бошқалар эса Қозоғистон йирик тарихий масалаларда Россияни четга сурмоқда, дея айблашган.

Шу каби чиқишларда охирги Ўзбекистон ҳам четда қолмаган.

Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг қатор сафар ва учрашувлари улар томонидан турлича талқин этилган.

Саида Мирзиёева шу ой Буюк Британияга ташриф буюриб, Лондон фонд биржасида (ЛСЕ) Ўзбекистон давлат облигацияларини савдога қўйиш маросимида иштирок этганди.

Ўтган апрел ойида эса АҚШга сафар қилган ҳамда америкалик юқори мартабали мулозимлар билан қатор учрашувлар ўтказиб, Тошкент ва Вашингтон ўртасида янада яқинроқ ҳамкорлик масалаларини мубояса этган.

Moskva
BBC (screenshot)
Rossiya matbuoti va Kremlga xayrixoh kanallar orqali aytilgan fikrlar bevosita Kremlning mujdasi sifatida ko‘rilishi ehtimoli katta.
bbc.com/uzbek

На Россия, на Украина

Қозоғистонда жойлашган халақаро маҳкама Россиянинг Газпром ва Укранининг Нафтоҳаз (Нефтогаз) йирик ширкатлари ўртасидаги 1.4 миллиард долларлик баҳс бўйича Украина фойдасига қарор чиқарган.

Россия ОАВ мазкур маҳкама қарори қонуний кучга эга эмаслигини айтишмоқда.

Қозоғистон ҳукумати эса Остона Халқаро Молиявий Маркази маҳкамасининг қароридан ўзини четга олган.

Orda.kz вебсаҳифасининг ёзишича, ушбу иш Россия табиий газининг Украина орқали ўтишига доир 2019 йил имзоланган шартномага оид бўлиб, Россиянинг Украинага қарши бошлаган уруши оридан газ тарқатувчи бир станциядаги ишлар тўхтаб қолишидан келиб чиққан баҳсдир.

Қарор ортидан изоҳ берган Қозоғистон расмийлари Остонанинг бу баҳсли маҳкама ишига мутлақо алоқаси йўқлигини таъкидлашган.

Яна бир ҳолат Россия ва Қирғизистон тарихчи олимлари ўртасида юзага келган.

Россия Фанлар академияси вакиллари Қирғизистон мактаб дарсликларида яқин ўтмиш қандай таърифланишидан норозилик билдиришган.

Хусусан, ўтган аср даврларининг мустамлакачилик сифатида ифодаланишини "далилий хато" сифатида қабул қилишмоқда.

Россия тарихчилари "колониализм" атамаси ёшлар орасида салбий қабул қилинишини урғулашган.

Айни пайтда Қирғизистон расман қабул қилган янгича талқиндаги тарих китобларидан "қарама-қаршилик келтириб чиқарадиган айрим баёнотларни" олиб ташлашни таклиф қилишган.