
Паралимпиа ўйинлари тобора оммалашиб бормоқда
Паралимпиаданинг саккизинчи кунида ўзбекистонлик спортчилар совринли ўринларни қўлга кирита олишмади. Ядро улоқтириш бўйича ўз тоифадларида иштирок этган Ҳусниддин Норбеков ва Иван Панафидинлар финалда 12 спортчининг орасида сўнгги ўринларни эгаллашди.
Ушбу спорт тури бўйича олтин хитойлик спортчига насиб этди. Иккинчи ва учинчи ўринларни мисрлик ҳамда эронлик спортчилар эгаллашди.
Ядро улоқтириш бўйича ушбу спортчиларимизнинг жаҳон миқёсида кўрсатгичлари паралимпиадагача ҳам унчалик яхши бўлмаган.
Ҳусниддин Норбеков ядродан кўра диск улоқтиришда имкониятлари юқори эканлигини Би-би-сига айтганди.
Гуанчжодаги параосиё ўйинларида ядро улоқтириш бўйича кумуш медал совриндори Ҳусниддин ушбу ўйинлардан кейин диққат эътиборини диск улоқтиришга қаратаётганини айтган эди.
Ҳусниддин Норбековнинг диск улоқтириш бўйича шу вақтгача қайд этган кўрсатгичлари бўйича паралимпиада иштирокчилари орасида яхши ўринларда турибди.
У 7 сентябр куни диск улоқтириш бўйича курашларга киришади.
6 сентябр куни Миран Сахатов уч хатлаб сакраш ва Равил Диганшин ядро улоқтириш бўйича мусобақаларни бошлайди.
Лондонга 10 нафар спортчи билан ташриф буюрган Ўзбекистон жамоаси шу вақтгача 1 кумуш медал билан 60 чи ўринда турибди. Марказий Осиёнинг бошқа иштирокчиларида ҳозирча бирорта ҳам медал йўқ.
Эътиборли томони Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган 10 спортчининг 9 нафари да паралимпиада ўйинларида иштирок этиш тажрибаси йўқ.
Шундай бўлсада, 73 кило вазнгача дзюдо мусобақаларида қатнашган Шариф Халилов кумуш медални ютиб Ўзбекистон паралимпиада тарихидан ўрин олган илк совриндор спортчи бўлган эди.

























