|
'Бизнинг Тошкентимиз' хотирага айланмоқда | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
саҳифаларида қизғин муҳокама этилмоқда. Сквер, расман Амир Темур хиёбонида эса айни пайтда пойтахт ободонлаштириш хизматининг мингдан зиёд ишчилари тиним билмай меҳнат қилмоқда, тушлик ҳам шу ернинг ўзида, ёки автобусда ёки майса устида тарқатилмоқда. Алвон ранг камзулли ишчиларга тўла хиёбонга кириш йўллари милиция томонидан қўриқланмоқда, йўл-патрул хизмати ходимлари автомобиллар оқимини бошқариш билан овора бўлса, бир неча махсус машина тинимсиз асфалт йўлни ювиб турипти. Хиёбон жанубидаги "Пойтахт" меҳмонхонаси деярли бузиб бўлинди. Шимолий қисмидаги қовурдоқ жўжа, "табака"си билан машҳур "Уголок" ошхонасининг ташқи қисми пишиқ ғишт билан қоплаб чиқилмоқда. Юридик институти ва Адлия вазирлиги бинолари томига ўнлаб кишилар Амир Темур музейи гумбази рангига мос яшил бўёқ суртиш билан овора. Бу қадар жаддаллик шаҳар маъмурияти хиёбоннинг янги қиёфасини 8 декабрда нишонланадиган Ўзбекистон конституцияси кунига қадар президент Ислом Каримовга тақдим этиши ҳақидаги гап-сўзларда жон борлигини билдиради. Конституцияга бағишланган расмий тантана хиёбоннинг жануби-шарқ томонида қурилган Ўзбекистон анжуманлар саройида ўтказилиши кутилмоқда. Мустақил интенет нашрлари айни шу анжуманлар саройи ва хиёбон марказидаги Амир Темур ҳайкали кўринишини очиш учун юз йиллик чинорлар кесиб ташланганини айтади. Хиёбон Чор Россияси генерал-губернатори Черняевнинг буйруғи билан XIX аср охирида барпо этилиб, чинорлар ҳам ўша пайтда экилгани айтилади. Хиёбон атрофидаги маъмурий бинолар кўринишини очиш учун XIX аср охирида қурилган православ черкови биноси ҳам бузиб ташланди. Бино шўролар давридаёқ черковлик қиёфаси ва вазифасини йўқотган эди. Кескин муносабат ва буткул сокинлик Хиёбондаги азим чинорларнинг илдизи билан қўпориб ташлангани аксарият рус тилидаги мустақил интернет нашрларида қизғин ва кескин муҳокама этилиб, жиддий қораланди, шафқатсизлик ва вандализм деб аталди. Россия матбуоти ҳам бу масалани ёритиб, Ўзбекистон собиқ иттифоқ ҳақидаги хотирани буткул ўчирмоқда деб ёзди. Бир қанча аксари русийзабон бўлган ёшлар 21 ноябр куни қўпорилган чинорларни хотирлаб флешмоб ўтказди ва бу Тошкент тарихидаги илк бор интернет орқали уюштирилган мана шундай ҳаракат дея айтилмоқда. "Инқилоб хиёбони руслар томонидан асос солинган янги Тошкентнинг маркази эди ва балки шунинг учун ҳам бундай соя-салқин ва шинам гўшанинг барбод этилгани русийзабон аҳолига қандайдир кучли маънавий зарба бўлиб тушди," дейди тошкентлик русийзабон зиёли. Веб-саҳифаларнинг Ўзбекистонда очилмаслиги ва аксар ўзбек тилли аҳоли уларни ўқимаслиги туфайли хиёбон қиёфасини ўзгартириш ва чинорларнинг кесиб ташлангани ўзбек жамоатчилиги орасида очиқ муҳокама этилгани йўқ. Аксарият пойтахт аҳолиси бунга деярли бефарқ қолди. Расмийлар ҳам ҳеч қандай изоҳ бергани йўқ. Фақатгина ҳукуматпараст веб-нашри катта мақола ичида бир неча сўз билан бу мавзуга тегиб ўтди ва хиёбондаги баъзи дарахтлар "санитария талабларига жавоб бермаслиги ва кучли шамолда қулаш хавфи борлиги" учун ўрнига бошқа дарахтлар ўтқазилишини ёзди, холос. "Энди катталар бир нарсани биладики, шу ишга қўл урган. Бежизга бўлмаяпти-да бу ишлар," дейди ёши элликлардаги тошкентлик аёл хиёбондаги ўзгаришларни кузатар экан. "Лекин чинорларга одамнинг ичи ачийди," дейди у гапининг охирида. Лекин аксар одамлар бу ҳақда гапиришни хоҳламайди, елкасини қисиб "керак бўлгандан кейин қилади-да," деб қўя қолди. Ўта хос ҳолда гаплашишни истаган бир ҳамсуҳбат эса, "Одамлар қирилганда бир нарса демаган, чинорлар кесилганда гапирармиди," дея истеҳзо қилади 2005 йилги Андижон воқеаларига ишора этиб. Тошкентлик талаба йигитнинг айтишича, у ҳар куни хиёбон ёнидан ўтар экан, кесилган чинорларга чин дилдан ачинган. "Юз йилдан ошиқ яшаган чинорлар эди. Шундай дарахтлар ўстириш учун яна юз йил керак бўлади," дейди у. Талабага кўра, ёшлар, унинг танишлари орасида бу мавзу жуда кам муҳокама этилган, бу ҳақда гапирилганда ҳам фақат чинорларга ачинишдан ўзга сўз айтилмаган. Баъзи ҳамсуҳбатлар хиёбоннинг янги қиёфасини кўриб, "ёқа ушлаб қолганини" айтар экан, бу ишни оқлаш ва қоралашдан ҳам тийилади. Ёши олтмишларга бориб қолган университет ўқитувчисининг айтишича, пойтахт маркази тобора ўзгариб кетяптики, бу ерда оддий файздан кўра, ҳашаматга кўпроқ ўрин бериляпти. "Бизнинг ёшлигимизда хиёбон, умуман, марказ зиёлилар ва талабаларга тўла файзли жой бўларди. Зиёлибоп кафелар, чучварахоналар бўларди. Энди олий ўқув юртлари четга чиқарилиб ташлангандан кейин, мана энди хиёбон ҳам, чинорлар ҳам йўқ бўлди. Файз кетди-да," дейди кекса ёшли домла ачиниш билан. Таҳлилчилар назарида Бир неча йиллар ичида юз берган пойтахт қиёфасида ўзгаришларни кузатиб келаётган таҳлилчиларнинг айтишича, Сквердаги чинорларнинг кесилиши ва атрофидаги биноларнинг бузилиши бир кунда, мустақил интернет нашрлари таъкидлангандек, президент Халқаро анжуманлар саройига келган кунида қилинган қарор бўлмай, анча аввал режаланган бўлиши мумкин. Яъни, бу режа президент бир неча йил аввал Мустақиллик майдонига келгандан сўнг, кутилмаганда пиёда Сайлгоҳ кўчасига қараб йўл солгани ва эртасигаёқ халқ тилида "Бродвей" деб аталган кўчадаги барча ошхонаю ресторанлар кўчириб ташланган пайтда бошланган. Фақат бу режани амалга ошириш босқичма босқич кечди. Эндиликда Мустақиллик майдони, Сайлгоҳ кўчаси, Амир Темур хиёбони ва Халқаро анжуманлар саройи яхлит бир марказий ва маъмурий ландшафтга айланди. Мустақиллик майдонидан тушиб келаётган киши Сайлгоҳ кўчаси, Амир Темур ҳайкали ва унинг ортидаги улкан саройга кўзи тушади. Шарқий, яъни, анжуманлар саройи томондан қаралганда ҳам шундай бир яхлитлик ва узвийликни кўриш мумкин.
Худди шу фикрни қўлловчи яна бир кузатувчининг айтишича, хиёбонда Карл Маркс ҳайкали турганда ҳам унинг атрофида фоҳишалар йиғиларди. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг бу ерда Амир Темур ҳайкали қад ростлаши, милиционерлар сонининг кўпайтирилиши ҳам вазиятни жиддий ўзгартира олмади. Қолаверса, Сквер деган номнинг ўзи айрим тоифа одамлар орасида енгилоёқлар йиғиладиган жой тушунчасини ҳам берарди. Шу сабаб, мустақилликнинг илк йилларида кутилганидек, хиёбон, хусусан, Амир Темур ҳайкали расмий делегациялардан тортиб, келин-куёвларгача келиб гулчамбар қўядиган, тантанали йиғинлар ўтадиган жойга айланмади. Эндиликда хиёбон шип-шийдам очилиб, ўртада Амир Темур ҳайкали, бир томонда "Ўзбекистон" меҳмонхонасию-анжуманлар саройи, яна бир ёнда эгизак курантлар ва шаҳар ҳокимияти биноси, бошқа томонда Амир Темур музейи қад ростлаб турар экан, бу ер мустақиллик майдони каби ўта расмий кўриниш олди. "Энди Амир Темур ҳайкали пойига расмий меҳмонлардан тортиб ўзимизнинг "камалакчилар" ва "камолотчиларни" истиҳоласиз сайрга олиб келиш мумкин," дейди бу кузатувчи. Ички шаҳар юзага келадими? Кейинги ўн йил ичидаги ўзгаришлар, марказга кириб келувчи асосий йўлларнинг ёпилиши, хавфсизлик чораларини кучайтирувчи иншоотлар қурилиши ҳамда маиший ва маданий ҳордиқ жойларининг марказдан чиқариб ташланиши Тошкентда шаҳар ичида шаҳар барпо этилаётганидан дарак беради. Кичик халқа йўли ичида бой ва хос кишиларга мослаб қурилаётган турар жой бинолари "ички шаҳар" аҳолиси ким бўлишини ҳам белгилаб берадигандек. Президент Ислом Каримов Тошкентнинг 2200 йиллиги тантанасида сўзлаган нутқида кўпчиликни ҳайрон қолдириб, кўнгил торларини чертадиган лирик сўзларни айтганди. Тошкентнинг тандирдан чиққан иссиқ нон ҳидига тўла эски шаҳар кўчаларини, шарқираб оққан ариқ сувларию зилол ҳовузларини тилга олганди. Президентнинг Тошкент ўтмиши, хусусан, 1960-, 1970-йиллардаги пойтахт руҳини соғинишга йўғрилган нутқидан руҳланган бир маҳаллий журналист "президент Тошкентнинг ўзига хос эски шаҳар кўчаларини шу қадар қадрлашини билмаган эканман, энди шаҳарда одамларнинг уйи бузилиши, шаҳар қиёфасини бир кечада ўзгартириш ҳоллари барҳам топса керак", деган эди умидвор оҳангда. Тошкент ҳақидаги ширин хотираларга берилган президент ўша нутқида ҳаяжон билан "...ҳар биримизнинг ўз Тошкентимиз бор десам тўғри бўлади" дея айтар экан, унинг айнан нимани назарда тутганини энди ҳар ким хоҳлаганча талқин қилиши мумкин. |
| |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||