Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 25 Март, 2008 - Published 19:01 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Гастарбайтерлар мамлакат фахрими ёки?..

Москвадаги меҳнат муҳожирлари
Ўзбек матбуоти меҳнат муҳожирларини “бойлик кетидан қувиб” ўз юртидаги нозу-неъматларга сабр қилмайдиган кишилар сифатида таърифлайди
Россия Федерацияси муҳожирлик хизматининг ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари бу мамлакатдаги энг кўпсонли гастарбайтерлар бўлиб, уларнинг сони икки миллионга яқин экани ҳақида эълон қилиши Ўзбекистон расмий доираларида нохуш кутиб олинган бўлса ажаб эмас.

Шу пайтгача Ўзбекистондан ташқарида мардикорлик қилиб юрган ўзбеклар сони ҳақида бирор бир
жўяли маълумот берилган эмасди.

Агар Россия муҳожирлик хизмати берган маълумот ҳам аслида тўкис бўлмай, бунга қўшни Қозоғистон, Қирғизистон ва ҳатто Тожикистонга чиқиб ишлаб келадиган мавсумий меҳнат муҳожирлари ҳам қўшилса, бугун Ўзбекистондан ташқарида ишлайдиганлар сони бир неча миллионга етиб қолиши мумкин.

Ўзбекистон матбуотида деярли ҳар куни мамлакатнинг иқтисодий равнақи ва ислоҳотлар самараси ҳақидаги хабарлар янграб, бу ютуқларнинг хорижда ҳам кенг тан олинаётгани чет эл экспертлари тилидан эътироф этилар экан, бегона юртларда дуч келган юмушни бажариб юрган миллионлаб шу мамлакат фуқаролари бу “гўзал манзарага” сира ёпишмаётгандек

Ўзбекистон раҳбарияти қўшни Тожикистон ва Қирғизистондан фарқли ўлароқ яқин-яқингача ноқонуний меҳнат муҳожирлари тақдирига бир қадар бефарқ қараб, таъбир жоиз бўлса, бундай ҳол мавжудлигини умуман рад этишга ҳаракат қилиб келиши сабаби ҳам эҳтимол шундадир.

Гарчанд ҳозирда мактаб дарсликларида Ўзбекистон тилла, газ ва пахта қатори ишчи кучи ҳам экспорт қилиши эътироф этилса-да, бунда фақат меҳнат вазирлиги орқали минг бир чиғириқ ва коррупция домидан ўтиб хорижга, аксар Жанубий Кореяга кетаётган меҳнат муҳожирлари назарда тутилади, холос

Бироқ юқори минбарларда ўз ҳолича четга кетаётган юз минглаб одамлар ҳақида лом-мим дейилмайди. Ўзбек матбуоти эса меҳнат муҳожирларини “бойлик кетидан қувиб” ўз юртидаги нозу неъматларга сабр қилмайдиган кишилар сифатида таърифлайди.

Яқинда бу танқидга мамлакатнинг кекса журналларидан бири “Муштум” ҳам қўшилиб, бир саҳифалик фельетон чоп қилди ва муқовасида “гастарбайтерлар” карикатурасини эълон қилар экан, меҳнат муҳожирининг салбий тимсолини яратишга уринган.

Муаллиф четга иш қидириб кетаётганларни маънавиятдан узоқ, борига шукур қилишни билмайдиган ва фақат пул ҳақида ўйлайдиган кишилар сифатида таърифлайди ва бир-икки киши мисолида уларнинг қиёфасини чизади. Лекин бошқа аксар мақолалар қатори журнал ҳам четга пул излаб кетаётганларни танқид қилар экан, уларни бу йўлга бошлаган асл мақсадлар ва мамлакатдаги ҳақиқий иқтисодий вазият ҳақида тўлақонли фикр юритмайди.

Камина билан суҳбатда кичик бир ўзбек мулозими матбуотдаги танқидларга қўшилар экан, гастарбайтерларни руҳан “мардикор қолипига” тушиб бўлган одамлар сифатида тасвирлайди.

“Менинг бир гектарга яқин боғим, бир электр тегирмоним ва ойжувозим бор, лекин ишлатиш учун одам топа олмайман. Баъзи ҳамқишлоқларим қўшни тумандаги мардикор бозорига бориб эртаю кеч туради, лекин менинг боғимда ишлашни хоҳламайди. Зотан мен ҳам ўша пулни бераманку?! Ишлайман деса иш кўп, Ўзбекистонда,” дейди у.

Турли катта-кичик лавозимларда ишлаган собиқ мулозим, ҳозирда ишсиз бошқа бир суҳбатдош эса бу фикрни рад этиб, қишлоқ жойлардаги мавжуд иш ўринларини эгаллаган одам бир ойда нари борса бир қоп уннинг пулини топишини айтади.

“Бу билан оила боқиб бўладими? Ҳозир юз минглаб кишилар четда ишлаб юрибди. Тасаввур қилинг, агар бу одамларнинг ҳаммаси Ўзбекистонда ишсиз ва оч ўтирса, юртнинг тинчлиги нима бўларди?” дейди у.

Бугун ўзбек меҳнат муҳожирлари мамлакатга миллионлаб доллар олиб кирмоқда. Кимнингдир уйи таъмирланган ва ёки янгитдан солинган бўлса, кимдир дўкон ва ёки хизмат кўрсатиш шохобчаси очган бўлса, кимдир кўчаларни тобора тўлдириб бораётган автоуловлардан бирини сотиб олган бўлса, билиш мумкинки, ўша оила аъзоларидан бири четда ишламоқда.

Ўзбекистонга катта пул киритаётган ўзбек меҳнат муҳожирлари мамлакат иқтисодининг юксалишига жиддий улуш қўшаётган кишилар бўлиб, уларнинг ҳар қандай қийинчиликдан тап тортмай бу ишни уддалаётганидан ҳамюртлари фахр туйиш керакми...

Ёки бу пул илинжида узоқ-яқин хорижда мардикор ишлаб, турли қора ишларни бажариб, гоҳо қул каби сотилиб, “буюк келажак” сари интилаётган миллатга иснод келтирмоқдами...

Балки бугун ўзбек жамиятида меҳнат муҳожирига расмий муносабатнинг шаклланиши ана шу икки омилнинг қай даражада эътироф этилишига боғлиқдир.

Тошкентдаги "Эски Жўва" бозориBBC Гаштак
'Отим ориқ, манзил йироқ...' ёки нарху наво ҳақида ўйлар
Тошкентдаги "Эски Жўва" бозориBBC Гаштак
'Дарс ўтилди деб журнал тўлдиринглар, барака топгурлар!'
Сэм тоғаBBC Гаштак
'Британиядан кўринган яна бир қора доғ'
Тошкентдаги "Эски Жўва" бозориBBC Гаштак
Тошкент бозорида қоғоздаги гўштни қидириб
Андижондаги Бобур ҳайкалиМуҳожир кундалиги
ВВС Гаштакда Нодир Шамс блоги
BBC GashtakВВС Гаштак
Подшоҳ кимнинг сояси дедингиз?Лаббай?..
ВВС ГаштакИнтернет блог
BBC Гаштакда Бунёд Бек блоги
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy